Сешанба 3 Декабрь 2024 | 1 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳид китоби (7)

3561 марта кўрилган

Руқя ва тумор

1) Руқя

Руқя деб истма, шайтонлаш каби бирон касалликка йўлиққан одамга ўқиладиган дам-дуога айтилади. Уни «азайим» деб ҳам номлайдилар. У икки хил бўлади:

Биринчи: Қуръон оятлари ўқиш ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан паноҳ сўраш каби ширкдан холи бўлган руқялар. Руқянинг бу тури мубоҳдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам руқя қилганлар, руқя қилишга буюрганлар ва унга ижозат берганлар.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Биз жоҳилиятда руқя қилар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўраган эдик: «Ўқийдиган руқяларингизни менга эшиттиринглар. Модомики, ширк бўлмаса, руқяларнинг зарари йўқ», дедилар.[1]

Имом Суютий айтади: Уламолар руқя учта шарт жамланганда жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар: 1) Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан бўлиши; 2) Араб тилида ва маъноси тушунарли бўлиши; 3) Руқянинг (мустақил) ўзи ҳеч қандай таъсир қилмайди, у фақат Аллоҳнинг тақдири билан таъсир қилади деб эътиқод қилиш.[2]

Ўқилиш кайфияти: Касалга ўқиб дам солинади ёки сувга дам солиб, уни беморга ичирилади. Собит ибн Қайс ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳондан тупроқ олиб, уни бир (ичида суви бор) қадаҳга солдилар, сўнг унга дам уриб, унинг устидан қуйдилар».[3]

Иккинчи: Ширкдан холи бўлмаган, яъни дуо, мадад сўраш, паноҳ тилаш билан Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраладиган руқялар. Жинларнинг исмлари билан, малоикаларнинг, анбиё ва солиҳларнинг исмлари билан руқя қилиш каби.

Бу – Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бўлиб, катта ширк ҳисобланади. Ёки араб тилида бўлмаган ва маъноси тушунарсиз бўлган сўзлар билан руқя қилинганда билмаган ҳолда ширк ва куфр аралашиб қолиш хавфи бўлади. Руқянинг бу тури ман қилинган.

2) Тумор

Тумор – болаларнинг, баъзан катта ёшли эркак ва аёлларнинг бўйнига тақиладиган нарса бўлиб, у икки турли бўлади.

Туморнинг биринчи тури:

Туморга Қуръон оятлари ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари битилган бўлади ва шифо талабида тақиб олинади. Уламолар бу хил туморлар тақишнинг ҳукми тўғрисида икки хил фикрда бўлганлар:

Биринчи фикр: Бундай туморларни тақиш жоиз. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган сўзнинг зоҳири ҳам шу. Абу Жаъфар ал-Боқир ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бир ривоятда шу фикрда бўлганлар ва тумор тақишдан ман қилиб келган ҳадисни ширк аралашган туморга йўйганлар.

Иккинчи фикр: Тақиш мумкин эмас. Бу Ибн Масъуд ва Ибн Аббос, шунингдек Ҳузайфа, Уқба ибн Омир ва Ибн Укайм розияллоҳу анҳум фикрларидир. Тобиинлардан бир жамоаси, жумладан Ибн Масъуднинг асҳоблари, бир ривоятда кўпчилик асҳобларининг сўзларига кўра имом Аҳмад ҳам шу фикрда бўлганлар. Бу фикрга ҳужжат қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Руқялар, туморлар ва иситма-совутма қилиш ширкдир»[4] ҳадисини келтирадилар.

Бу фикр уч жиҳатдан тўғридир:

1) Ҳадисдаги қайтариқ умумий бўлиб, умумдан бирон нарсани хосланмаган.

2) Олдини олиш бор, чунки бу (туморга рухсат бериш) рухсат берилмаган туморларни тақишга олиб бориши мумкин.

3) Қуръон оятлари ёзилган нарсани тақиб олган одам у билан иложсиз ҳожатхонага ҳам киради ва бу билан Қуръоннинг хорланишига сабаб бўлади.

Туморнинг иккинчи тури:

Мунчоқ, суяк, чиғаноқ, ип, оёқ кийими, ҳар хил михлар, жин ва шайтонларнинг исмлари, тилсимлар каби Қуръон оятларидан бошқа тақиб олинадиган нарсалар бўлиб, булар қатъан ҳаром ва ширкдир. Чунки бу Аллоҳ субҳанаҳудан, У зотнинг исмлари, сифатлари ва оятларидан бошқа нарсаларга боғланишдир. Ҳадисда: «Ким бирон нарсани боғлаб олса, ўша нарсага топшириб қўйилади»[5] дейилган. Яъни, Аллоҳ таоло уни ўзи боғлаган нарсага топшириб қўяди. Ким Аллоҳга боғланса, Унга илтижо қилса, ишини Унга топширса, Аллоҳ унга кифоя қилади, узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Ким Ундан бошқага – махлуқларга, туморларга, дори-дармонларга, қабрларга суянса, Аллоҳ уни мана шу – ундан бирон нарсани беҳожат қилолмайдиган, унга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга топшириб қўяди-да, натижада ақийдасини бой беради, Парвардигори билан бўлган алоқаси узилади ва У зот уни ёрдамсиз қолдиради.

Мусулмон киши ақийдасини зарарлантирадиган ва бузадиган нарсалардан муҳофаза қилиши, ножоиз бўлган даволарни қабул қилмаслиги, дарддан халос бўлиш мақсадида турли сафсатабоз ва алдоқчи кимсалар ҳузурига бормаслиги лозим. Чунки улар унинг қалбини ва ақийдасини касаллантирадилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.

Баъзи одамлар бирон бир ҳиссий касаллик бўлмаса-да, ваҳмий касалликдан - кўз тегиши ёки ҳасаддан қўрқиб тумор тақади ёки машинасига, от-уловига, уйи ёки дўконининг эшигига тумор осиб қўяди. Бу ишлар ҳаммаси ақийданинг бўшлигидан, Аллоҳга бўлган таваккулининг заифлигидандир. Агар ақийда заифлашса, у ҳақиқий касаллик-ки, уни тавҳид ва саҳиҳ ақийдани ўрганиш орқали даволаш лозим бўлади.

Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш, махлуқни Аллоҳга восита қилиш, Аллоҳ қолиб махлуқдан мадад тилашнинг ҳукми

а) Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш:

Қасам – муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) нинг номини зикр қилиш билан сўзни муайян кўринишда таъкидлаш демакдир. Таъзим (улуғлаш) – ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, Унигина улуғланади, Ундан бошқаси билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақатгина Аллоҳ билан ёки Унинг исмлари ёки сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқаси билан қасам ичишдан ман қилинишига ижмоъ қилганлар.[6] Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса у кофир ёки мушрик бўлибди».[7] У кичик куфр ва кичик ширк саналади, бироқ унинг номига қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади. Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳолига ўхшашки, улар қабрда ётган улуғларидан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, улардан бировидан ўзи улуғ санайдиган азиз-авлиё номига қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, фақат гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.

Қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётганни улуғлаш бўлиб, у Алоҳдан бошқа ҳеч кимга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10).

«Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз» (Моида: 89).

Яъни фақат зарурат юзасидан, ростлик ва яхшилик ҳолатида қасам ичингиз! Чунки, кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Алоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳурматсизлик ва У зотни улуғламасликка далолат қилади. Бу эса тавҳидни нуқсонли қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир» дедилар ва жумладан: «Бир кишики, Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичади, олишда ҳам қасам ичади» дедилар.[8] Шу қадар қаттиқ огоҳлантиришларидан маълум бўлмоқдаки, кўп қасам ичиш Аллоҳнинг номини беҳурмат қилишдан сақлаш мақсадида ҳаром қилинган. Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқларни улар билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.

Хулоса:

1) Аллоҳдан бошқа билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.

2) Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.

3) Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳанаҳу номини беҳурмат қилишдир.

4) Зарурат тушганда ва айтаётган сўзи рост бўлса Аллоҳнинг номига қасам ичиш жоиз.

б) Тавассул – махлуқни Аллоҳга восита қилиш:

Тавассул – бирон нарсага яқинлашиш (қурбат ҳосил қилиш) ва унга боғланиш маъносидадир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (итоат қилиш ва розилигини излаш билан) яқин бўлингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!» (Моида: 35).

Тавассул икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм – шаръий тавассул бўлиб, у ўзи бир неча хил бўлади:

1) Аллоҳ таолога У зот Ўзи буюрганидек, исмлари ва сифатлари билан тавассул қилиш: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» (Аъроф: 180).

2) Аллоҳ таолога иймон ва солиҳ амаллар билан тавассул қилиш. Аллоҳ таоло иймон аҳлларининг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Роббимиз, албатта биз: «Роббингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!» (Оли Имрон: 193).

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда уч киши ғорда эканида катта харсангтош ғор оғзини тўсиб қўйгани, шунда улар Аллоҳ таолога солиҳ амаллари билан тавассул қилганларида Аллоҳ уларни ғордан халос қилгани айтилган.

3) Юнус алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳга Унинг тавҳиди билан тавассул қилиш: «Бирон (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Ўзинг ҳақдирсан, эй пок Парвардигор» (Анбиё: 87).

4) Айюб алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳ таолога ўзининг заиф ва муҳтожлигини изҳор қилиш билан тавассул қилиш: «(Роббим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё: 83).

5) Тирик солиҳ кишиларнинг дуолари билан тавассул қилиш. Саҳобалар қурғоқчилик пайтларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога ёмғир сўраб дуо қилишларини сўрардилар. У зотнинг вафотларидан сўнг амакилари Аббос розияллоҳу анҳудан дуо талаб қилганлар ва у киши дуо қилганлар.[9]

6) Гуноҳни эътироф қилиш билан Аллоҳга тавассул қилиш: (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: «Роббим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин» (Қасас: 16).

Иккинчи қисм – ношаръий тавассул:

Юқорида шаръий тавассулда зикри ўтган турлардан бошқа нарсалар билан тавассул қилиш. Чунончи, дунёдан ўтиб кетган кишилардан дуо ва шафоат сўраб тавассул қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳ (ҳаққи-ҳурмат)лари билан тавассул қилиш, махлуқларнинг ўзи ёки уларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш каби. Бу ҳақда қуйида батафсил баён қилинади:

1) Ўликлардан дуо талаб қилиш жоиз эмас:

Чунки, ўлик одам ҳаётлик пайтида қодир бўлгандек дуо қилишга қодир эмас. Ўликлардан шафоат сўраш мумкин эмас. Умар ибн Хаттоб, Муовия ибн Аби Суфён ва уларнинг ҳузурларида бўлган бошқа саҳобалар ҳам, уларга яхшилик билан эргашган кишилар (тобиинлар) ҳам қурғоқчилик пайтларида Аббос, Язид ибн Асвад каби тирик кишиларни тавассул қилиб дуо қилардилар, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳам, қабрларидан бошқа жойда ҳам у зот билан тавассул қилиб, ёмғир сўраб дуо қилмаганлар, балки у зотнинг ўринларига Аббос ва Язид каби кишиларни восита қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу дуо қилиб айтардилар: «Эй Парвардигор! Биз Сенга пайғамбаримизни восита қилиб сўрардик, шунда Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Мана энди пайғамбаримизнинг амакиларини восита қилиб сўраймиз, бизларга ёмғир ёғдиргин». Улар шаръий йўсинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш имкони қолмагани учун ҳам шундай қилганлар. Йўқса, агар жоиз бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, у зотни восита қилишга бемалол имконлари бор эди.[10] Бундай қилмаганликлари ўликларни на дуолари билан, на шафоатлари билан восита қилишнинг жоиз эмаслигига далил бўлади. Агар у зоти шарифдан вафотларидан кейин ҳам худди тирикликларида бўлганидек дуо ва шафоат сўраш бир хилда мумкин бўлса эди, у зотни қўйиб бошқаларга асло мурожаат қилмаган бўлардилар.

2) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини ёки бошқа бировнинг ҳаққи-ҳурматини восита қилиш жоиз эмас:

«Агар Аллоҳдан сўрасангизлар, менинг жоҳим (ҳурматим)ни восита қилиб сўранглар, чунки Аллоҳнинг ҳузурида менинг жоҳим буюкдир» дейилган ҳадис ёлғон тўқима ҳадисдир. У мусулмонлар эътимод қиладиган бирон китобда келмаган, ҳадис илми олимларидан биронтаси зикр қилмаган.[11] Модомики бир ишнинг далили саҳиҳ бўлмас экан, уни қилиш жоиз бўлмайди. Чунки ибодатлар фақат саҳиҳ ва очиқ далиллар билангина собит бўлади.

3) Махлуқотларнинг зоти билан тавассул қилиш жоиз эмас:

Чунки, «Фалончининг зоти билан» дейилганда «билан» калимаси агар қасам учун бўлса, Аллоҳга ўша фалончи билан қасам ичган бўлади. Агар махлуққа махлуқ билан қасам ичиш жоиз эмас ва ҳадисда айтилганидек ширк бўлар экан, Холиқ азза ва жаллага махлуқ билан қасам ичиш қандай жоиз бўлсин?!

Агар «билан» сабаб маъносида бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло махлуқ билан сўрашни дуонинг ижобат бўлишига сабаб ҳам, бандаларига шаръий восита ҳам қилмаган.

4) Махлуқнинг ҳаққи билан тавассул қилиш икки сабабдан жоиз эмас:

Биринчи: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зиммасига бирон кимсанинг ҳаққи вожиб эмас. Балки аксинча, махлуққа бу билан фазлу марҳамат кўрсатадиган зот Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзидир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

Итоат қилувчи банданинг мукофотга ҳақдор (сазовор) бўлиши Аллоҳ тарафидан фазлу марҳамат ва инъом қилиш туфайли бўлган ҳақдорликдир. Бу бир махлуқнинг бошқа бир махлуқ устида бўлган ҳақдорлигига ўхшаган яхшиликка яхшилик қабилидаги сазоворлик эмас.

Иккинчи: Аллоҳ таоло бирон бандасига фазлу марҳамат кўрсатган бўлса, бу ҳақ унинг ўзига хос ва бошқага алоқаси йўқ бўлган ҳақдир. Агар унга ҳақли бўлмаган одам ўша билан тавассул қилса, ўзига алоқаси йўқ бегона нарса билан тавассул қилган бўлади ва бу унга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

Аммо, «Сендан барча сўровчиларнинг ҳаққи билан сўрайман» деган сўзларни ўз ичига олган ҳадис собит (саҳиҳ) бўлмаган ҳадисдир. Чунки унинг иснодида Атийя ал-Авфий бор, баъзи муҳаддисларнинг сўзларига кўра унинг заифлигига иттифоқ қилинган. Шундай экан, бу каби заиф ҳадислар ақийда ишларидан бўлган ушбу муҳим масалада ҳужжат қилинмайди. Қолаверса, бу ҳадисда муайян бир шахснинг ҳаққи билан тавассул қилиш эмас, балки умуман сўровчиларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш айтилмоқда. Сўровчиларнинг ҳаққи эса ижобатдир, Аллоҳнинг ваъдаси шундай.

Бу улар учун Аллоҳ Ўзига Ўзи вожиб қилган ҳақдир, У зотга буни ҳеч ким вожиб қилган эмас. Демак, бу У зотга махлуқнинг ҳаққи билан эмас, балки Ўзининг содиқ ваъдаси бўйича қилинган тавассулдир.

в) Махлуқ билан истиъонат ва истиғоса қилиш ҳукми:

Истиъонат – бирор ишда ёрдам ва мадад сўрашдир.

Истиғоса – машаққат ва қийинчиликни кетказишни сўрашдир.

Махлуқ билан истиғоса ва истиъонат қилиш икки хил:

Биринчи: Махлуқдан у қодир бўлган ишларда ёрдам ва мадад сўраш жоиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!» (Моида: 2).

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айтади: «(Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15).

Шунингдек, уруш ва шу кабиларда одам ўзининг ёру дўстларидан ёрдам олиши ҳам махлуқ қодир бўладиган ишлардандир.

Иккинчи: Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигина қодир бўладиган ишларда махлуқдан ёрдам ва мадад сўраш. Ўликлардан ёрдам сўраш ёки тириклардан касалларга шифо бериш, мусибатларни аритиш ва зарарни даф қилиш каби Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда мадад сўраш каби. Бу хил мадад сўрашлар ножоиз ва катта ширкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида бир мунофиқ мўминларга озор етказиб юрарди. Баъзилар: «Юринглар, бу мунофиқнинг ёмонлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўрайлик» дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёрдамни мендан сўралмайди, ёрдамни фақат Аллоҳдан сўралади», дедилар.[12] У зот тавҳидни ҳимоя қилиш ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш учун ҳамда Парвардигорларига нисбатан одоб ва тавозеъда турганларидан, шунингдек умматни сўз ва феъллардаги ширк воситаларидан огоҳлантириш мақсадида ҳаётликларида ўзлари қодир бўлган ишларда ҳам мазкур калиманинг ўзларига нисбатан ишлатилишини кариҳ кўрдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида қодир бўлган ишларидаки шундай бўлса, вафотларидан кейин Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда қандай у кишидан ёрдам ва мадад сўраш жоиз бўлсин?![13]

Агар бу нарса у зотнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаки жоиз бўлмас экан, бошқаларнинг ҳаққида албатта жоиз бўлмайди.

[1] Муслим ривояти.

[2] «Фатҳул мажид» (135-б).

[3] Абу Довуд ривояти.

[4] Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари.

[5] Аҳмад, Термизий ривоятлари.

[6] Ҳошияту ибн Қосим ала китабит-тавҳид (303-б).

[7] Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари.

[8] Табароний ривояти.

[9] Бухорий ривоят қилган.

[10] Мажмуъул фатово (1/318,319).

[11] Мажмуъул фатово (10/319).

[12] Табароний ривояти.

[13] Фатҳул мажид (196,197 б).