Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳид китоби (4)

4840 марта кўрилган

Қабрлар ва зиёратгоҳларга қурбонлик, назр ва ҳадялар келтириш ва уларни улуғлаш

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкка олиб борувчи барча йўлларни тўсганлар ва улардан ғоят қаттиқ огоҳлантирганлар. Қабрлар масаласи ҳам шулар жумласидан бўлиб, уларга сиғинишдан ва уларнинг эгалари хусусида ғулув кетишдан сақловчи қоидаларни тузиб бердилар. Жумладан:

1) Авлиёлар ва солиҳлар ҳақларида ғулув кетишдан огоҳлантирдилар. Чунки бу уларга сиғинишга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган».[1] Яна айтганлар: «Мени худди насоролар Ибн Марямни кўкка кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бор йўғи бир бандаман. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар».[2]

2) Қабрлар устига бино қилишдан огоҳлантирдилар. Абул Ҳайёж ал-Асадий ривоят қилади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан».[3] Қабрларни гипслаб сувашдан ва улар устига сағаналар бино қилишдан қайтардилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни сувашдан, унинг устида ўтиришдан ва унинг устига бино қилишдан қайтардилар.[4]

3) Қабрлар олдида намоз ўқишдан қайтардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шундан қўрқмаганларида у зотнинг қабрлари очиққа чиқариб қўйиларди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар».[5] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтганлар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман».[6] Қабрларни масжид қилинишининг маъноси – гарчи устига масжид қурилмаган бўлса ҳам улар олдида намоз ўқишдир. Намоз ўқиш қасд қилинган ҳар бир жой масжид ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда таяммум билан) покловчи қилинди».[7] Устига масжид қуриб олинса, иш яна ҳам қаттиқлашади.

Кўпчилик одамлар бу қайтариқларга зид иш қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ишларга қўл урдилар ва бунинг ортидан катта ширкка кириб қолдилар. Қабрлар устига масжидлар, сағаналар, чиллахоналар қурдилар, уларни ҳар турли ширк амаллари – қурбонлик ва назрлар сўйиш, уларда ётган маййитларга дуо қилиб, улардан мадад сўраш каби ишлар адо этиладиган зиёратгоҳларга айлантирдилар.

Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатлари, у зот буюрган ва қайтарган ишлар ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олишди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўпроқ одамлар тўпланадиган бўлди. Қабрларни текислашга буюрганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»да келтирганидек, Абул Ҳайёж ал-Асадий айтади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан».[8] Имом Муслим яна ривоят қилади: «Сумома ибн Шуфай айтади: Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман», деди». Улар эса мазкур икки ҳадисга қаттиқ хилоф иш тутишади, қабларни ердан уй баландлигида кўтаришади, уларга қуббалар қуришади... Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалари билан ҳозирги одамлар қилаётган ишлар ўртасида нақадар катта фарқлар бор! Шубҳасиз, бу ишларда санаб адоғига етиб бўлмайдиган кўп ёмонликлар бор. (Бу бузилишларни айтиб ўтаркан, жумладан шундай дейди:) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларни зиёрат қилишдаги кўрсатмалари – охиратни эслаш, маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, унга раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсаднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфорлардан маҳрум қилишди».[9]

Юқоридагилардан маълум бўладики мозорларга қурбонликлар ва назрлар келтириш катта ширк экан. Бунинг сабаби эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига зид иш тутилганидир. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги кўрсатмалари уларнинг устига бино қурмаслик ва уларни масжид қилиб олмаслик эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хилоф ўлароқ қабрлар устига қуббалар қилиниб, масжидлар қурилгандан кейин жоҳиллар бу қабр соҳиблари фойда ва зарар беришга қодир, мадад сўраганларга ёрдам беришади, ҳожатмандларнинг ҳожатларини раво қиладилар деб эътиқод қилдилар ва уларга қурбонлик ва назрлар келтирдилар. Бориб, бориб эса бу қабрлар Аллоҳдан ташқари ибодат қилинадиган санамларга айланди. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ қабримни сиғиниладиган санам қилиб қўйма», деб дуо қилгандилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларининг баракотлари билан қабрларини бундай бўлишидан сақлади ва уни уч девор ичида муҳофаза қилди. Бироқ Ислом оламининг кўплаб мамлакатларида бу нарса содир бўлди, буни кўрганлар кўриб, билганлар билиб турибдилар.

Ҳайкалларни ва хотира учун ўрнатилган тошларни улуғлаш ҳукми ҳақида

Тимсол ёки ҳайкал – инсон ё ҳайвон ё бошқа бирон жонзот гавдасининг тасвири. Насб – хотира тоши эса аслида мушриклар бирон улуғ ёки пешво кишиларининг хотирасини тирилтириш учун унинг олдида жонлиқ сўйиб, қонини оқизадиган тошдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жозотларни тасвирлашдан қайтарганлар. Айниқса улуғ одамларнинг – олимлар, подшоҳлар, обидлар, лашкарбошилар, пешволарнинг сиймоларини тасвирлаш қаттиқ қайтарилган ишлардан. Уларни тасвирлаш бирон лавҳага ё қоғозга ё деворга ё кийимга суратларини тушириш йўли билан бўлсин ёки ҳозирги замонда машҳур бўлган фотосуратларини олиш йўли билан бўлсин ёки тош ё бошқа нарсани йўниб ҳайкалларини ясаш йўли билан бўлсин, бари бирдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам девор ва шу каби жойларга суратлар осишдан, тош-тимсоллар ўрнатишдан, шу жумладан хотира тошлари ўрнатишдан қайтарганлар. Чунки бу нарса ширкка олиб борадиган воситадир. Аслида, ер юзида илк пайдо бўлган ширк сурат ва ҳайкаллар тасвирлаш ва уларни ўрнатишдан келиб чиққан. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида солиҳ кишилар бўлган эди. Улар вафот этишгач, қавмлари кўп маҳзун бўлишди. Шунда Шайтон уларнинг ҳайкалларини ясаб, жамланиб ўтирадиган жойларига ўрнатиб қўйишни ва ҳайкалларни уларнинг номлари билан аташни қавмнинг кўнглига солди. Улар шундай қилишди, бироқ уларга ибодат қилишмади. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, илм унутилгач (яъни, бу ҳайкалларнинг қўйилишидан мақсад нима экани унитилди), келгуси авлодлар секин аста уларга сиғина бошладилар.[10] Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди, у зот қавмини суратлар сабабли келиб чиққан ширкдан қайтарди, бироқ қавми унинг даъватини қабул қилмади ва бутларга айланиб улгурган ўша ҳайкалларга сиғинишдан қайтишмади: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар!» «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Мазкур исмлар хотиралари ўчиб кетмасин деб ўрнатилган ўша ҳайкаллар эгаларининг исмлари эди.

Қаранг, хотира тошлари сабабли қандай қилиб Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг расулларига бўйсунмаслик келиб чиқди ва бу нарса уларнинг тўфон сабабли ҳалок қилинишларига сабаб бўлди. Бу эса ҳайкаллар ясаш ва уларни ўрнатишнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дарак беради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусаввирларни лаънатлаганлар, уларни қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар бўлишини айтганлар, суратларни ўчириб ташлашга амр қилганлар, сурат бор уйга фаришта кирмаслигини хабар берганлар. Буларнинг ҳаммаси бу ишнинг ёмонлигидан ва умматнинг ақийдасига хатари кучлилигидан шундай бўлди. Зеро, ер юзидаги биринчи ширк суратлар ўрнатиш туфайли бошланган эди. Сурат ва ҳайкалларни хонадонларга ўрнатиладими, майдон ё боғларгами, барчаси шаръан ҳаромдир. Чунки бу нарса ширкка восита, ақийданинг бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда кофирлар маҳкам тутишадиган ақийдалари йўқлигидан шу ишни қилаётган бўлсалар, мусулмонлар ўз куч-қувватлари ва бахт-саодатлари манбаи бўлган ақийдалирини сақлаб қолиш учун бу ишда кофирларга шерик бўлмасликлари лозим.

Динни масхара қилиш, унинг ҳурматларини поймол қилиш

Динни масхара қилиш – Исломдан муртад бўлиш ва диндан тамоман чиқиш демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66).

Бу оят Аллоҳни масхара қилиш куфр эканига, пайғамбарни масхара қилиш куфр эканига, Аллоҳнинг оятларини масхара қилиш куфр эканига далолат қилмоқда. Ким бу ишлардан биттасини масхара қилса, ҳаммасини масхара қилган бўлади. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва саҳобаларини масхара қилганларида шу оят нозил бўлган эди. Бу ишлардан бирини масхара қилиш бошқасига ҳам уланиб кетади. Аллоҳнинг тавҳидига бепарво қарайдиган ва ўликларга дуо қилишга қаттиқ аҳамият қиладиганлар агар тавҳидга чақирилсалар ва ширкдан қайтарилсалар, бунга камситиш назари билан қарайдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад,) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», деб сизни масхара қилурлар» (Фурқон: 41-42). Қалбларида ширкни улуғлаш бўлгани учун мушриклар доим ўзларини тавҳидга чорлаган пайғамбарларни айблаб, ақлсизлик, адашганлик ва мажнунлик билан сифатлаб келганлар.

Аллоҳ таоло деди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Ким бир махлуқни Аллоҳни яхши кўрганича яхши кўрса, мушрик бўлади. Аллоҳ учун яхши кўришни Аллоҳ билан бирга яхши кўришдан фарқлай билиш лозим. Қабрларни муқаддас санаб сиғинадиган кишиларни Аллоҳнинг тавҳиди ва ибодатига доир нарсаларни масхара қилаётганларини, қабрда ётган ҳомийларини эса ғоят улуғлашаётганларини кўрасиз. Улар Аллоҳ номига бемалол ёлғон қасам ичишлари мумкин, бироқ ўзи сиғинадиган азиз-авлиё номига ёлғон қасам ичишдан қўрқади.

Баъзи тоифаларни кўрасизки, азиз-авлиёдан хоҳ қабри ёнида, хоҳ бошқа жойда бўлсин мадад сўрашни саҳар пайти масжидда Аллоҳга дуо қилишдан кўра фойдалироқ санашади ва уларнинг йўлидан тавҳидга бурилган кишиларни масхара қилишади. Кўплари масжидларни хароб қилиб, машҳадларни обод қилишади. Бу Аллоҳни, Унинг оятларини ва пайғамбарини менсимаслик ва ширкни улуғлашдан бошқа нарса эмас.[11] Бу ишлар бугунги кунда қабрпараслардан жуда кўп содир бўлмоқда.

Истеҳзо – масхара икки хил бўлади:

Биринчи: У ҳақда оят нозил бўлган ишлар каби очиқ масхаралаш. Бунга мисол мунофиқларнинг Табук йўлида айтганлари: «Бу қориларимиздан кўра қорнини ўйлайдиганроқ, ёлғончироқ, душманга рўпара келганда қўрқоқроқ одамни кўрмадик» ёки: «Бу динингиз бешинчи дин», ёки «динингиз тентаклар дини» ёки яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган одамларни кўришса масхараомуз: «Ана, диндорлар келди» деганга ўхшаш сон-саноқсиз гаплар.

Иккинчи: Очиқ бўлмаган масхаралаш. Аллоҳнинг Китоби ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ўқилганда ёки амри маъруф ва наҳий мункар қилинганда кўз қисиш ё қовоқ учириш, тил чиқариш, лаб чўччайтириш, қўл билан ишора қилиш кабилар билан масхаралаш.[12]

Баъзилар айтадиган: «Ислом йигирманчи асрга ярамайди, у фақат ўрта асрларга яроқли дин. У қолоқ ва реакцион дин, унинг таъзир ва жазоларида ўта қаттиққўллик ва ваҳшийлик бор, у талоққа ва кўпхотинликка рухсат бериши билан аёлнинг ҳуқуқига зулм қилган» деган гаплар, ёки: «инсон томонидан жорий қилинган қонунлар одамлар учун Ислом ҳукмларидан яхшироқ» деган гап, тавҳидга чақирадиган, қабр ва мозорларга сиғинишдан қайтарадиган одамни «бу экстремист» деб аташ, ёки «мусулмонлар жамоатини бўлиб ташлашни истайди,» дейиш ёки «бу ваҳҳобий», «бешинчи мазҳабдаги одам» деган гаплар, буларнинг ҳаммаси динни ва дин аҳлини сўкиш, соғлом ақийдани масхара қилишга киради. Ёки бўлмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тутмоқчи бўлган одамнинг соқолини мазах қилиб: «дин соч-соқол билан ўлчанмайди» дейиш ҳам шу қабилдаги гаплардандир.

[1] Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари.

[2] Бухорий ривояти.

[3] Муслим ривояти.

[4] Муслим ривояти.

[5] Муттафақун алайҳ.

[6] Муслим ривояти.

[7] Муттафақун алайҳ.

[8] Муслим ривояти.

[9] Иғосатул-лаҳфон (1/214-217).

[10] Бухорий ривояти.

[11] Мажмуъул фатово (15/47-49).

[12] Мажмуатут-тавҳидин-наждия (409-с).