асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Тавҳид китоби (10)2971 марта кўрилган Тўртинчи боб: БидъатларҚуйидаги бўлимларни ўз ичига олади: Биринчи бўлим: Бидъатнинг таърифи, турлари, ҳукмлари. Иккинчи бўлим: Мусулмонлар ҳаётида бидъатнинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар. Учинчи бўлим: Ислом умматининг бидъатчиларга муносабати, аҳлус-сунна вал-жамоанинг уларни рад қилишдаги манҳажи. Тўртинчи бўлим: Замонавий бидъатлардан намуналар: 1) Мавлудхонлик маросимлари; 2) Жойлар, қадамжолар ва дунёдан ўтиб кетганлардан барака тилаш. 3) Ибодатлар ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган ишлардаги бидъатлар. Бидъатнинг таърифи, турлари, ҳукмлари1) Таърифи: Бидъат – илгари бўлмаган нарсани ихтиро қилиш маъносидаги «бадъ» сўзидан олинган. Аллоҳ таоло деди: «(У) Еру осмонларни пайдо қилган зотдир.» (Бақара: 117) яъни илгари бўлмаган ҳолда уларни янгидан пайдо қилган. Аллоҳ таоло деди: «(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен пайғамбарлардан янги — биринчи эмасман (яъни, мендан аввал ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари ўтган-ку, нега сизлар менинг пайғамбарлигимга ҳайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!) (Аҳқоф: 9) «Фалончи бир бидъатни чиқарди» дегани илгари бўлмаган бир янги йўлни биринчи бўлиб бошлаб берди, деганидир. Бидъат чиқариш икки хил бўлади: 1) Дунё ишларида бидъат чиқариш, янги ихтиролар яратишга ўхшаш. Бу мубоҳдир. Чунки одатлардаги асл-асос мубоҳликдир. 2) Динда бидъат чиқариш. Бу ҳаромдир. Чунки дин ишидаги асл-асос тавқиф (Аллоҳу Расулининг амрларига чекланиш)дир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)».[1] Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» деганлар.[2] 2) Бидъатнинг турлари: Диндаги бидъат икки турли: Биринчи тур: Эътиқод ва сўздаги бидъат. Жаҳмия, муътазила, рофиза (шиа) ва бошқа адашган фирқаларнинг сўзлари ва эътиқодлари каби. Иккинчи тур: Ибодатлардаги бидъат. Аллоҳга У машруъ қилмаган ибодатлар билан ибодат қилиш каби. Бунинг ўзи бир неча қисмдир: Биринчи қисм: Ибодатнинг аслида бўладиган бидъат. Шариатда асли бўлмаган янги бир ибодат пайдо қилиш билан бўлади. Масалан, аслида шаръий бўлмаган бирор намозни янгидан пайдо қилиш ёки мавлуд ва бошқа ношаръий байрамларни пайдо қилиш каби. Иккинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатга зиёда орттириш билан бўладиган бидъат. Масалан, пешин ёки аср намозига бешинчи ракъатни зиёда қилиш каби. Учинчи қисм: Машруъ бўлган ибодатни адо этиш кайфиятида бўладиган бидъат, бу машруъ бўлган ибодатни машруъ бўлмаган кайфиятда адо этиш билан бўлиши мумкин. Масалан, машруъ зикрларни жўр бўлиб, оҳанг билан айтиш каби ёки ибодатларда ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан чиқариб юборадиган даражада қаттиқ қийнаш каби. Тўртинчи қисм: Машруъ ибодат учун шариат белгиламаган бир вақтни белгилаш билан бўладиган бидъат. Масалан, Шаъбоннинг ўртасидаги бир кечани намозга, кундузини рўзага хослаш каби. Чунки, рўза ва тунги намоз аслида машруъ, бироқ уларни махсус вақтларга белгилаш далилга муҳтождир. 3) Динда бидъат чиқаришнинг ҳукми: Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар! Чунки (динда) янги пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъат ва ҳар бидъат залолатдир»[3]. Бир ривоятда: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» деганлар.[4] Мазкур икки ҳадис шунга далолат қиладики, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат рад этилажак залолатдир. Бунинг маъноси шуки, ибодат ва эътиқодлардаги бидъатлар ҳаром қилинган. Бироқ, ҳаромлик бидъатнинг навига қараб фарқли бўлади. Улардан очиқ куфр бўлганлари ҳам бор, қабрларни уларда ётганларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида тавоф қилиш, уларга жонлиқ ва назрлар келтириш, қабрдагиларга дуо қилиш ва улардан мадад сўраш каби ёки жаҳмия ва муътазилаларнинг ғулув кетганлари айтадиган сўзлар каби. Улардан ширкка восита бўладиганлари бор, қабрлар устига бино қуриш, улар олдида намоз ўқиш ва дуо қилиш каби. Улардан эътиқодий фисқ бўлганлари бор, хавориж, қадария ва муржиъаларнинг шаръий далилларга зид сўз ва эътиқодларидаги бидъатлари каби. Улардан маъсият бўлганлари бор, тарки дунёчилик, рўзасини офтоб тиғида туриб ўтказиш, жимоъ шаҳватини кесиш мақсадида ўзини бичиш каби. Эслатма:Кимки бидъатни бидъати ҳасана ва бидъати саййиъага (яхши бидъат ва ёмон бидъатга) бўлса, у хато қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларига қарши чиққан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча бидъатни залолат деб ҳукм қилган ҳолларида бу одам: йўқ, барча бидъат залолат эмас, балки ҳасана бидъат ҳам бор деган бўлади. Ҳофиз Ибн Ражаб «Арбаъийн» шарҳида айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавомиъул калимдан саналувчи «ҳар бир бидъат залолатдир» деган сўзларидан ҳеч бир нарса истисно этилмайди. Бу дин асосларидан бир буюк асл-асосдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир» деган сўзлари ҳам айни шу маънони ифодалайди. Демак, кимки бир янгилик пайдо қилиб, уни динга нисбатласа, динда унинг қайтадиган асли бўлмаса у залолатдир. Эътиқод масалалари бўладими, амалларми, зоҳирий ишлар бўладими, ботинийми, фарқсиз, дин ундан покдир.».[5] Бидъати ҳасана дейдиганларнинг сўзларига ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фақат Умар розияллоҳу анҳунинг таровеҳ намози ҳақида: «Бу нақадар яхши бидъат» деган сўзини ҳужжат қиладилар. Ва яна салафларнинг Қуръонни битта китоб қилиб жамланишини ҳамда ҳадисларни ёзиб, девон қилинганини инкор қилмаганларини айтиб, бу ҳам бидъат-ку, дейдилар. Бунга жавоб шуки, бу ишлар шариатда асли бор бўлиб, янги пайдо қилинган эмас. Умар розияллоҳу анҳу «нақадар яхши бидъат» деган сўзлари билан луғавий бидъатни назарда тутган, шаръий бидъатни эмас. Шариатда қайтадиган асли бор бўлган ҳар қандай нарсага бидъат дейилса ундан луғавий бидъат тушунилади, шаръий бидъат тушунилмайди. Чунки шаръий бидъат деб шариатда қайтадиган асли бўлмаган нарсага айтилади. Қуръонни битта китобга жамлашнинг шариатда асли бор. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзиб қўйишга буюрар эдилар, лекин қўлёзмалар тарқоқ эди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни сақлаш мақсадида битта мусҳафга жамладилар. Таровеҳни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун саҳобалари билан ўқигач, уларга фарз қилиниб қолишидан хавф қилиб чиқмай қўйганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида ёлғиз-ёлғиз ўқиб юрганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу худди Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида ўқиганларидек ҳаммани битта имом ортига жамлади. Бу диндаги бидъат эмас. Ҳадисларни ёзиб қўйиш ҳам шариатда асли бўлган ишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобаларнинг илтимосларига кўра айрим ҳадисларни ёзишга буюрган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида умумий тарзда ҳадис ёзишдан эҳтиёт бўлишнинг сабаби - ҳадис билан Қуръоннинг аралашиб кетиши хавфи эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач бу қўрқув барҳам топди. Яъни, Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан илгари мукаммал ва аниқ-тиниқ бўлган эди. Шундан сўнг мусулмонлар ҳадисни зое бўлиб кетишидан сақлаш учун йиғиб китоб ҳолига келтирдилар. Уларни Аллоҳ таоло яхши мукофотлар билан мукофотласин. Улар Раббиларининг китоби ва набийлари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини зое бўлишдан сақлаб қолдилар. Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши ва унга олиб келган сабаблар:1) Мусулмонлар ҳаётида бидъатларниннг пайдо бўлиши. Бунинг остида иккита масала бор: Биринчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш даври. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади[6]: «Билингки, илмлар ва ибодатларга тааллуқли бўлган аксари бидъатлар уммат ичида хулафои рошидийнларнинг охирги даврларида содир бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Шунда сизлар менинг суннатимни ҳамда хулафои рошидийн ва маҳдиййин (ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар) суннатини маҳкам ушланглар»[7]. Биринчи бўлиб қадар бидъати, иржоъ бидъати, ташайюъ ва хаворижлар бидъати пайдо бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу вафотидан кейин фирқалар пайдо бўлгач ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Саҳобалар даври охирларида, яъни Ибн Умар, Ибн Аббос ва Жобир каби саҳобалар даврининг охирларида қадария пайдо бўлди. Муржиалар ҳам шунга яқинроқ даврда пайдо бўлди. Жаҳмия эса Умар ибн Абдулазизнинг ўлимидан сўнг тобиийнлар даврининг охирларида пайдо бўлди. У киши бу фирқадан огоҳлантирганлиги ривоят қилинган. Жаҳм Ҳишом ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Хуросонда чиққан эди. Бу бидъатлар иккинчи асрда пайдо бўлди, у даврда саҳобалар бор эди, улар бидъат аҳлига қарши наҳий мункар қилдилар. Асри муфаззаладан сўнг иътизол бидъати пайдо бўлди, мусулмонлар орасида фитналар юз берди, фикрларнинг хилма-хиллиги, бидъат ва хоҳиш-ҳавога мойиллик кучайди, сўфийлик бидъати, қабрларга сағана қуриш бидъати вужудга келди. Шундай қилиб вақт ўтган сари бидъатлар кўпайиб, хилма-хил тус олди. Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш ўрни. Бидъатларнинг пайдо бўлиши жиҳатидан исломий диёрлар фарқли бўлган. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари яшаган ва улардан илм ва иймон тарқалган катта шаҳарлар бешта: икки ҳарам (Макка ва Мадина), икки ироқ (Куфа ва Басра) ва Шом. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ибодат ва улар ортидан келувчи исломий ишлар барчаси шу диёрлардан чиққан. Асосий бидъатлар ҳам Мадинаи Набавиядан ташқари шу тўрт шаҳардан чиқди. Куфадан ташайюъ (шиалик) ва иржоъ (муржиалик) чиқди, кейин бошқа жойларга тарқалди. Басрадан қадар (қадарийлик), иътизол (муътазилалик), бузуқ носиклик-таркидунёлик чиқди, кейин бошқаларга тарқалди. Шомда носибийлик ва қадарийлик тарқалди. Бидъатларнинг энг ёмони бўлмиш тажаҳҳум (жаҳмиялик) Хуросон томонда пайдо бўлди. Бидъатларнинг пайдо бўлиши набавий диёрдан (Мадинадан) узоқлик миқдорига қараб бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг бўлининш пайдо бўлгач, ҳарурия бидъати пайдо бўлди. Аммо Мадинаи Набавия гарчи унда бидъатни дилларида сақловчи кимсалар бўлган эса-да, бундай бидъатлар тарқалишидан саломат эди. Унда қадария ва бошқа бидъат аҳллари бўлган, бироқ улар хорланган, мазамматланган, Куфадаги, Басрадаги, Шомдаги бидъатчиларнинг акси ўлароқ мағлуб ва хор бўлганлар, мазкур шаҳарлардаги бидъатчилар эса кўзга кўриниб анча кенг тарқалгандилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадисда собит бўлганки, Дажжол Мадинага кира олмайди. Дарҳақиқат, тўртинчи асргача, яъни имом Моликнинг асҳоблари давригача унда иймон ва илм устун бўлди».[8] Муфаззал уч аср ичида Мадинаи Набавияда бошқа шаҳарларда бўлгандек бидъат зоҳир бўлмади ва унда диннинг аслларида бидъат чиқмади. 2) Бидъатларнинг чиқишига олиб келган сабаблар: Шубҳасиз, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлашда бидъату залолатларга тушишдан омонлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг устида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр».[9] Ким Китоб ва Суннатдан юз ўгирса, уни адаштирувчи йўллар, пайдо қилинган бидъатлар ўз домига тортиб кетади. Бидъатлар келиб чиқишига олиб келган сабаблар қуйидаги ишларда умумлашади: Дин ҳукмларини билмаслик, хоҳиш-ҳавога эргашиш, фикр ва шахсларга таассуб қилиш, кофирларга ўхшашга уриниш, уларга тақлид қилиш. Мазкур сабабларни бирма-бир батафсил кўриб чиқамиз: а) Дин ҳукмларини билмаслик: Даврлар ўтиб, одамлар рисолат осорларидан узоқлашган сари илм озайиб, жаҳолат тарқала борди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради»[10]. «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади».[11] Бидъатларга фақат илм ва уламолар қарши тура олади. Агар илм ва уламолар йўқолса, бидъатлар ёйилишига, бидъатчилар фаоллашувига қулай фурсат вужудга келади. б) Хоҳиш-ҳавога эргашиш: Ким Китобу Суннатдан юз ўгирса, ҳавосига эргашиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?!» (Жосия: 23). Бидъатлар хоҳиш-ҳаволарга эргашиш самарасидан бошқа нарса эмас. в) Фикрларга ва шахсларга таассуб қилиш: Фикр ва шахсларга таассуб қилиш ҳам кишини далилга эргашиш ва ҳақни танишдан тўсади. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинггиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170). Ҳозирги даврдаги баъзи сўфий мазҳаблар ва қубурийларга эргашган кишилар ичидаги мутаассибларнинг ҳоли айни шуки, агар уларни Китобу Суннатга чақирилса, бу иккисига хилоф келувчи барча нарсаларни тарк қилишга чорланса, ўз мазҳаблари, машойихлари, ота-боболарини ҳужжат қилишади. г) Кофирларга ўхшашга уриниш: Кофирларга ўхшашга уриниш ҳам кишини бидъатлар комига тортадиган сабаблардан. Абу Воқид ал-Лайсий шундай ҳикоя қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга қараб отландик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушриклар унинг олдига бориб сиғинишадиган ва (ирим қилиб) қуролларини унга осиб қўйишадиган дарахт бўларди, уни «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахтлардан бири бўлган сидр дарахти ёнидан ўтиб қолдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, мушрикларники бўлгани каби бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз» дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бану Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар» (Аъроф: 138). Илгари ўтган умматларнинг йўлларини тутмоқдасизлар!» дедилар.[12] Ҳадисдан маълум бўладики, Бану Исроилни ўз пайғамбарларидан шундай қабиҳ талабни қилишга – уларга худди мушрикларнинг олиҳалари каби олиҳа ясаб беришни сўрашга олиб борган нарса – уларнинг кофирларга ўхшашга уринишларидан бошқа нарса эмасди. Айни шу нарса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан баъзиларини у зотдан ўзларига табаррукланадиган бир дарахт қилиб беришларини сўрашга олиб борди. Бу эса бугунги воқеъликнинг айни ўзидир. Зеро, ҳозирда мусулмонлардан кўплари бидъат ва ширк амалларида, чунончи туғилган кунларни нишонлаш, махсус ишлар учун кунлар ва ҳафталиклар уюштириш, диний ва хотирлаш муносабатлари билан йиғилиш, ҳайкал ва хотира тошлари ўрнатиш, мотам маросимлари ўтказиш, жанозалардаги бидъатлар, қабрлар устига сағаналар қуриш ва шу кабиларда кофирларга тақлид қилишга ўтиб кетдилар. [1] Бухорий ва Муслим ривоятлари. [2] Муслим ривояти. [3] Муслим ривояти. [4] Муслим ривояти. [5] Жомеъул улум вал-ҳикам. [6] Мажмуъул фатово (10/354). [7] Абу Довуд, Термизий ривоятлари. [8] Мажмуъул фатово (20/300-303). [9] Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоятлари. [10] Абу Довуд, Термизий ривоятлари. [11] Бухорий ривояти. [12] Термизий ривояти. |