Жума 3 Май 2024 | 24 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳақиқатни излаб

2506 марта кўрилган

Ҳаётда ҳамма ҳам давлатманд, келишган, обрўли бўлишни истайди. Буни катта бахт деб билади. Хақиқатдан ҳам шундайми? Келгуси қаҳрамонимизда бу имкониятлар барчаси муҳайё – ёш, келишган, бадавлат, обрў ҳам етарли. Анча мунча шохлар етиша олмаган даража, ўша даврларда шарқнинг бепоён ўлкаларида энг кўп тарқалган дин -оташпарастликнинг атболари муқаддас санаган олов қўриқчиси. Олов қўриқчисини ҳам олов каби муқаддас ҳисоблашади. Оддий бир инсон орзу қиладиган ҳамма нарса мавжуд. Бизнинг қаҳрамонимиз шу оиланинг ягона фарзанди, ёш Салмон.

Салмон ўзининг жамиятдаги ўрнини яхши билади. Шунинг учун ҳам тенгдошларидан кўра муқаддас саналмиш оловга исхлосмандроқ. Албатта бунда отасининг ўрни катта. Ёшлигига қарамай унинг қулоғига оловнинг аҳамиятини, оиланинг обрўси шу оловнинг сўнмай ёниб туришида эканини уқтирган.

Кунларнинг бирида отаси уни шаҳар ташқарисидаги боғдан хабар олиш учун жўнатди. Кетиб бораркан, йўл бўйига қурилган ибодатхонадан келаётган дуо уни ўзига жалб қилди. Бунақасини эшитмаганди. Яқинроқдан танишишни хоҳлади.

Ибодатхона ичкариси оташпарастларникидан фарқли, олов ҳам йўқ демак, улар бошқа динда. Роҳибларни узоқ кузатди. Роҳиблар унга бепарво узундан узун дуолар билан овора эдилар. Кечга яқин ибодатдан тўхтаган бир роҳиб олдига бориб ўзини таништирди ва динлари ҳақида сўради. Роҳиб ўзини насроний динида экани ва бу дин оташпарастликдан тубдан фарқ қилиб, ҳар нарсага қодир Аллоҳ томонидан туширилганини айтиб берди. Баъзи диний таълимотларни тушунтирди.

Бу маълумотлар уни жуда қизиқтирди. Ўзларининг динидан тубдан фарқ қилишини англади. Кунни шу ерда кеч қилиб уйига қайтди. Кеч қолганидан хавотирда ўтирган отаси дарров сўроққа тутди. Салмон ўзини қаерга борганини, кимларни кўрганини бирма-бир яширмасдан, айтиб берди.

– Уларнинг дини бизнинг динимиздан яхши экан. Уларнинг динида фақат эзгуликларга чақирилган экан.

– Жим! Бу нима деганинг?! Ота-боболаринг дини яхши, шуни ёдингда тут! Энди бориб дамингни ол!

– Йўлдан озиб, ота-боболари динидан қайтсачи?! Мен ким деган одам бўламан? Бунга йўл қўйиб бўлмайди!

Эртаси тонг саҳарда отасининг овозидан уйғонган Салмон устида отасининг темирчи қулларидан бирини кўриб ажабланди. Қул қўлида кишан ушлаб олган эди. Забардаст қўл эпчилгина экан. Кўз очиб юмгунча навниҳол қўл-оёқ кишанбанд бўлди.

Отасининг фикрини тўғри тушунди. Бу тутқинликдан бира тўла қочиб қутулишдан ўзга чора йўқлигини тезда англади. Ишончли қуллардан бирини кечагина танишган роҳиб олдига жўнатди. Ўзини насроний динига ишонгани, шу динга кириш нийятини айтиб, насроний динининг маркази бўлмиш Шом юртига кетадиган карвон бўлса, хуфия хабар қилишларини илтимос қилди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бир савдогар келиб ўзини Шомдан деб таништирди. Эртасига тонг саҳарда сафарга чиқажагини, карвонига қўшилмоқчи бўлган бир роҳиб илтимоси билан келганини айтди. Салмон хабарни хурсандлик ила қабул қилди. Мана, ваниҳоят у ўзи хоҳлаганича эркин бўлади.

Эртаси саҳарда айтилган жойга бориб карвонга қўшилди.

Анча кунлик оғир сафар ортда қолди. Мана бир неча кун бўлди Салмон янги юртда, янги дин таълимотларини ўрганмоқда. Йўлда эканлар у карвондаги роҳибдан Шомдаги энг катта роҳибнинг исмини билиб олганди. Шомга келгач машҳур роҳибни топиш қийин кечмади. Шаҳарда уни ҳамма билар экан. Унинг ҳузурига шошилди. Ёши улуғ роҳибга ўзининг кимлигини ва динга янги кирганини, шунингдек хаётини роҳибга бағишлаганини, бунинг эвазига насроний дини таълимотларини ўрганса бўлганини айтди.

Роҳибга мусофирнинг одоби ёқиб тушиб уни ўзига шогирд қилиб олди. Бу воқеага мана бир неча кун бўлди.

Салмон роҳибга сидқидилдан хизмат қиларди. Яна ўз юртидаги роҳибларга ўхшашга тиришиб кўп ибодат қилар, роҳибнинг юмушларидан бўшади дегунча дуога бериларди.

Кунлар ўтиб роҳибнинг баъзи сирларини билиб олди. Бу роҳибнинг ибодати ҳудди ясамага ўхшарди. Бундан ташқари одамларни худо йўлида садақа қилишга чақирардида тўпланган пулларни муҳтожларга бериш ўрнига хумларга солиб йиғарди. Хар бир тўлган хумнинг оғзини хафсала билан беркитиб, ертўлага кўмиб қўярди. Буни кўрган Салмоннинг роҳибдан хафсаласи пир бўлди, лекин унинг илмини олиш учун тишини тишига қўйди.

Кунлар ўтиб роҳиб вафот қилди. Шаҳар аҳли йиғлаб келишди. Тўпланганлардан баъзи кўзга кўринганларини ўзига чорлади, ертўлага йўл бошлади. Қоронғи ертўладаги ачимтир бўғиқ хаводан тезроқ қутулиш мақсадида Салмонни шоштиришди: - хўш нима демоқчисан? Қисқа қил гапни! Мен сизларга айтсам сизлар менга ишонмайсизлар! Шунинг учун ўз кўзларинг билан кўринглар деб чақирдим. Сизлар шаҳарнинг оқил кишиларисиз, тўғри хулоса чиқарасиз деган умиддаман. Хуллас, сизлар ихлос қилган роҳиб асли дунёнинг қули эди. Мен буни йиллар давомида унинг хизматида бўлиб билганман.

Салмон атрофдан отилаётган норози чақириқларни енгиб чиқарди.

– Ишонмасангиз оёқларим остини кавланглар, роҳиб бойликларини шу ерга кўмар эди!

Енглар шимарилиб, билаклар ишга тушди. Салмоннинг сўзи тезда тасдиғини топди. Озгина олдин роҳибга йиғлаётган кўзлар ғазабдан ёнди. Бойликларни кўтаришиб одамлар олдига чиқишди. Ҳақиқатни эшитиб, далилни кўрган халойиқ роҳиб мурдасини ёғочга михлаб тошбўрон қилишди.

– Бу риёкорни кўмманг, жасади кафансиз қолсин буни! – хар тарафдан чақириқлар янграрди.

Алданган халқ эски роҳибнинг мансаби – шаҳар бош роҳиблигига танлаб-танлаб, тақвоси билан машҳур бир кишини келтиришди.

Янги роҳиб танлашганда адашишмаган экан. У чиндан ҳам тақводор ва ибодатли эди. Унинг суҳбатидан Салмон лаззатланарди. У билан ибодат қилганда руҳи бошқа оламларда сайр қиларди. Кейинчалик Салмон ўша роҳибни эслаб айтарди: ўша вақтларда унингдек чиройли намоз ўқиган кишини кўрмаганман. Дунёда унингдек зоҳидни ҳам кўрмаганман. Ўша вақтгача ҳеч кимга унчалик ихлос қилмагандим.

Кунлар шу зайлда ўтиб бу роҳибнинг ҳам ажали келди. Салмон қаттиқ қайғурди. Кўз ёшлар тўкиб устози бошида ўтирди.

– Эй устоз кўриб турибсиз, бошингизга Аллоҳнинг ёзиғи келиб турибди. Менга бирор кишини айтинг, ўшани хизматида ўтай!

– Эй болам! Дунё ўзгарди. Менга ўхшаган одамлар қолмаган. Ҳамма динни бузиб, ўзи хоҳлагандек ўзгартириб ётибди. Лекин ноумид бўлма! Мавсилга борсанг, ўша ерда менинг дўстим бор, унинг олдига бор! У ҳам мендек ҳақиқий динга амал қилади.

Мавсиллик роҳиб исмини дилига жо қилиб, устози билан овора бўлди. Устози вафот қилгач Ироққа йўл олди. Мавсиллик роҳибнинг ҳузурида узоқ қололмади. У ҳам вафот этди. Ўлими олдидан Салмонга Насийбинлик бошқа роҳибни тайинлади. Бу роҳиб ҳам ҳақиқий динга амал қиларкан. Салмон яна Шомга йўл олди. Насийбинлик роҳиб хизматида узоқ йиллар қолди. Кўп фойдаланди. Бу роҳиб ҳам Аллоҳ чақириғига лаббай деганда Салмон Аммурияни қасд қилганди. Ўлими олдидан бу устози ҳам ҳақ дин соҳибини айтган эди.

Аммурияда, роҳиб хизматида экан озроқ чорва орттирди. Бу эса роҳиб хизматидан чалғитмасди. Йиллар ўтиб бу устозининг ҳам бошига ўша кўргулик тушди, ўлими яқинлашди.

– Эй устоз, менга васият қилинг! Йўл кўрсатинг кимга борай?

– Эй Салмон! Аллоҳга қасамки, одамлар бузилиб бўлди. Ҳақ динни ушлаган киши қолмади. Мен сенга ҳеч кимни кўрсата олмайман.

Лекин Иброҳим алайҳис-саломнинг ханифийя динини олиб келадиган пайғамбар замони яқинлашди. У араб яриморолидан чиқади. Икки томони қора тошлар билан ўралган хурмозорлари бўлган юртга ҳижрат қилади. Унинг очиқ белгилари бор: ҳадядан ейди, садақадан емайди, икки кураги ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Кўрсанг дарров биласан. Агар имкон қилсанг шундай юртни изла!

Аммурияда Салмон бир мунча вақт қолиб кетди. Ахийри Калб қабиласидан бўлган савдо карвонига йўлиқди. Улардан юрти ҳақида сўраганди улар араб юртидан эканини айтишди. Жавобни эшитиб ичига сиғмай кетди. Ваниҳоят у яна ўзига устоз топади.

– Агар мени ўзинглар билан ола кетсангизлар мен сизларга бор мол-қўйларимни бераман!

Савдогарлар ҳам дарров рози бўлишди. Бир неча кундан кейин йўлга тушишди. Водий Қурога етганларида савдогарларнинг кўзига пул кўриниб, хиёнат йўлига ўтишди. Салмонни оёқ-қўлидан боғлашиб, ўша ерлик бир яҳудийга қул деб пуллаб юборишди.

Салмон исботи йўқ, бегона юртда қул бўлиб қолаверди. Яҳудий ўзининг янги чаққон қулидан хурсанд эди.

Кунларнинг бирида хўжайинининг ясриблик амакиваччаси келиб қолди. Бани Қурайза яҳудийларининг бойларидан ҳисобланмиш бу амакивачча доимо яхши қулларга муҳтож эди. Кўп йиллик тажриба эгаси яхши қулни узоқдан танийди. Салмонни бир кўрди-ю, шуни менга сотасан деб туриб олди. Мезбон меҳмонни хафа қилмади. Салмон эса узоқ сафарга отланди.

Ясрибга кириб келганларида у ердаги хурмозорларни, хурмозорлар атрофида ёйилиб ётган қора тошли майдонларни кўриб юраклари хапқирди, оёқлари ошиқди.

– Пайғамбар юрти!

Йиллар ўтди ҳар куни қулоғи одамларнинг оғзида. Бирор янгилик эшитишга интиқ кутади.

Кунларнинг бирида одатича хурмо тепасига чиқиб олиб хурмо паравариши билан банд эди. Боғга хўжасининг қариндошларидан бири кириб келди.

– Ҳой, сизларнинг боғингиздан бошқа ғамингиз борми ўзи!?

– Нима гап тинчликми!?

– Бу дейман, бани қайланинг куни туғди чоғи. Ҳаммаси байрам қилябди. Ишларини ташлаб Қубога тўпланиб байрам қилиб ётишибди!

– Нимага? Тушунтириб айтгин!

– Нимамиш - биз кутаётган пайғамбар улардан чиққанмиш! Ўша одам ҳозир Қубога тушган, шунга улар хурсанд!

Бу сўзларни эшитиб Салмон ўзини йўқотди, хурмо устидан қандай тушиб, қандай ҳалиги одам олдига келганини сезмай қолди.

– Нима? Ростдан ҳамми? Қаерда экан у?

– Сенга нима? Бор ишингни қил, эй қулбачча! – деб хўжаси унинг чаккасига бир туширганди йиқилиб тушди. Усти бошини қоқиб, секин хурмога чиқиб ишини давом эттирди.

Лекин хаёл бошқа ёқда - Қубода.

– У қандай одам экан? Тезроқ бир бахона топиб кўриб келишим керак.

Бахтига эртасига тонгда хўжаси унга Олияга ўтиб келишни буюрди. Асраб юрган яхши хурмолардан озроқ олиб Олияга йўл олди. Йўл-йўлакай Қубога кириб, у ерда дуч келган кишидан пайғамбар дейишаётган кишининг қаердалигини сўради.

Айтилган жойга яқинлашган сари оёқлари.. йўқ, бутун бадани ҳаяжондан титрарди. Шу лаҳза сабабли неча йилдан бери қулликни бўйнига олган. Қанча хўрликларни кўтарди. Ҳаммаси шу зотга етишиш учун. Шу зотга етиш умиди унга куч бераётганди.

– Ишқилиб ўзи бўлсин!

Етиб келганда халқа бўлиб ўтирган кишиларни кўрди. Улар орасида бир киши ажралиб турарди. Юзидаги нур, чирой ва вақор уни бошқалардан ажратиб турарди. Тўппа-тўғри ўша киши олдига борди.

- Сиз мусофир меҳмон экансиз, озроқ хурмо садақа қиламан деб ният қилгандим, шу.. озроқ бўлса ҳам қабул қилсангиз!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофидагиларни хурмодан тановул қилишга чақирдилар, ўзлари эса қўл узатмадилар. Буни узоқдан кузатиб турган Салмон бир, деб қўйди.

Эртасига пайт пойлаб яна Қубога отланди.

– Кеча садақа деб олиб келганимга емадингиз шекилли, шунга бугун ҳадя ниятида келтирдим. Қўлидаги хурмони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига қўяркан: олинг, бу хурмоларни мен сиз учун саралаб терганман.

Ҳадя эканини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмога қўлини чўзиб, ҳамсуҳбатларини ҳам хурмога чақирдилар. – Икки! - деди Салмон ҳеч кимга эшиттирмай.

Лекин у узоқ қола олмасди. У қул, ишида бўлмаса хўжаси аямай жазолайди. Шунинг учун тез қайтиши зарур. Ишда экан хаёли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлди. Вақт топди дегунча Ясрибга келиб жойлашган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига чопади.

Учинчи белгини кўриш ҳам қийин бўлмади. Иккинчи ё учинчи борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақийъул Ғарқадда эканлар. Ансорлардан бирининг дафн маросими учун келган эканлар. Эгнларида ҳожилар эҳромида киядигандек икки матони бирини изор ўраб иккинчисини елкасидан ташлаб олган эканлар. Кўмиш билан овора бўлиб елкаларидаги мато бироз пастга тушиб қолди. Буни кўрган Салмон дарров шу томонга айланиб қарай бошлади. Унинг ҳаракатларидан воқиф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг нимани излаётганини сезиб, бир елкаларини сал пастлатгандилар ридолари тушиб, кураклари орасидаги катта хол – пайғамбарлик белгиси кўринди. Белгини кўрган заҳоти Салмон ўзини тута олмай йиғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасидан қучиб, ўпа бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : олдимга ўтинг!- дедилар.

Салмон бошидан кечирганларини бирма-бир, батафсил айтиб берди. Қандай қилиб бой–бадавлат хонадон фарзанди қулга айланганини қисса қилди.

Салмон ҳикоясини тамомлар экан кўзларида жиққа ёш – хурсандлик ёшлари билан шаҳодат калимасини келтирди. Узоқ йиллар кутган бахтга эришди.

Лекин ҳали унинг бахти чекли - у қул. Хўжаси эса унинг Исломга кирганини эшитиб ғашланди ва одатдагидан кўп иш юклай бошлади. Натижа эса хўжаси кўзлагандек Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бора олмай қолди. Бошқа барча саҳобийлар қатори Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан баҳраманд бўлолмаётгани қалбини эзарди. Бир куни хўжаси йўқлигидан фойдаланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борди ва ичидагиларини айтди.

– Ўзингизни сотиб олишга келишинг, биз ёрдам берамиз!

Бу сўзлар унинг дардига малҳам бўлди. Ўша куниёқ хўжасига таклифни айтди.

– Яхши, 40 уқийя кумуш ва яна уч юз туп хурмо экиб берасан. Шарт шуки ҳар бир хурмо кўкарсин.

Хўжасининг қалбидаги хасад ўшанда очиқ равшан бўлди. Ўша замонда қулларнинг нархи роса борса 10 уқийя бўларди. Баъзи саҳобаларни тўққиз уқийяни тўққиз йилда ўташга келишилгани ривоятларда келган. 40 уқийя бугунги кунда 1 кило 497 граммга тўғри келади дегани. Яна бунинг устига уч юз туп хурмо ва барчаси кўкариши шарт қилинган.

Ҳақ хўжа тарафда эмасми, шартни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: биродарларингга хурмо кўчатлари билан ёрдам қилинглар деб эълон қилдилар. Саҳобийлар боғларига отланишди. Ким бир дона, ким бир жуфт ва яна кимдир бир неча хурмо кўчатини кўтариб келаверди. Тезда айтилган хурмо кўчатлари йиғилди.

– Салмон, сиз бориб чуқурларни қазийверинг. Ишни битиргач мени чақиринг. Ўзингиз экманг!

Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандай қилди. Чуқурларни саҳобалар ёрдамида ҳозирлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб ҳамма нарса таёрлигини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бориб, саҳобийлар чуқурлар чеккасига келтириб турган кўчатларни олиб, чуқурга ўзлари қўйиб, дуо қилиб тупроқ тортардилар. Ҳар бир кўчатни ўзлари экиб чиқдилар.

– Аллоҳга қасамки ўша кўчатларнинг ҳаммаси кўкарди – эслайди Салмон розияллоҳу анҳу.

Кўчатларни топшириб бўлгач, кумушнинг навбати келди. Ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тилло келтирилди.

– Форисий нима қилди? Кумушларни бера олдими?

Саҳобийлар дарров Салмон розияллоҳу анҳуни чақиришди. – Эй Салмон! Мана буни олиб яҳудийга беринг!

Салмон розияллоҳу анҳу молни олиб хўжаси олдига чопди. Унга ҳаққини бериб озод бўлди.

Бу воқеа ҳижратнинг учинчи йилида хандақ жангидан аввалроқ бўлганди. Ўша кундан бошлаб Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларигача у зотнинг ёнларидан кетмади.

Ҳижратнинг қириқ иккинчи йилида вафот топган Салмон Форисий розияллоҳу анҳу она юртининг пойтахти бўлмиш Мадоин ҳокими эди. Отаси ихлос қилган олов эса аллақачон сўнган эди.