Шанба 18 Май 2024 | 10 Зулқаъда 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайғамбар хонадонидан намуналар (3)

2474 марта кўрилган

Ота солиҳ кишига: «Қизимга уйланинг», деб таклиф қилиши

Солим ибн Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан эшитганини ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу айтади: Ҳафса эри Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийдан — у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан эди. Бадрда қатнашган. Мадинада вафот қилган — тул қолган пайтда мен Усмон ибн Аффонга учрадим ва унга қизим Ҳафсани таклиф қилиб, агар хоҳласангиз Ҳафса бинт Умарни сизга никоҳлаб бераман, - дедим. У: «Ўйлаб кўраман»,- деди. Бир неча кун кутганимдан сўнг у шу кунларда уйлана олмаслигини айтди. Абу Бакрга бордим, унга: «Хоҳласангиз, қизим Ҳафсани сизга никоҳлаб берай»,- дедим. Абу Бакр бирон нарса демади. Мен Усмондан ҳам кўра Абу Бакрдан кўпроқ хафа бўлдим. Орадан бир неча кун ўтгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйдилар. Сўнг Ҳафсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга никоҳлаб бердим. Абу Бакрни учратиб қолдим. Абу Бакр: «Менга қизингиз Ҳафсани таклиф қилганингизда, ҳеч нарса демаганимга хафа бўлгандирсиз?»- деди. «Ҳа», - дедим. Абу Бакр: Сизга жавоб беришимдан қайтарган нарса, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳафсани тилга олганларини билгандим. Мен ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларини фош этмайман. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланмаганида, мен албатта уни қабул қилар эдим»,- деди. Бухорий ривояти.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Бу ҳадисдан ота қизини солиҳ кишига таклиф қилиши мумкинлиги маълум бўлади. Бу унинг ўз қизига қилган яхшилигидандир.

Ота қизини солиҳ кишига, гарчи у оилалик бўлса ҳам таклиф қилишида айб йўқ. Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиққа қизини таклиф қилди. Ҳолбуки, Абу Бакрнинг бошқа хотини бор эди. Ҳафсанинг ёши ҳам Абу Бакрдан йигирма ёшлар чамаси фарқ қилар эди. Чунки Ҳафса рисолатдан беш йил олдин туғилган.

Баъзи аёлларнинг «Хотин устига яна бошқасини олишни истаган кишига турмушга чиқиш яхши эмас. Чунки бу олдинги хотинига нисбатан зулмдир», деган тушунчалари хатодир. Умар розияллоҳу анҳу қизи Ҳафсани Абу Бакр ва Усмондек турмуш қурган кишиларга таклиф қилди-ку!

Мусулмонларнинг бири-бирига совчи қўйиш ёки уйлантириб қўйиш каби солиҳ амалларни қилиши Аллоҳ изни билан савобли ишдир.

«(Эй мўминлар), яхшилик ва тақво ишларида бир-бирларингга ёрдам беринглар». (Моида: 2)

Ҳозирги фитналар авжига чиққан бир даврда уйланиш шартларини енгиллаштириш лозим. Чунки кундан кунга аёллар сони кўпайиб бормоқда.

Кўп кишиларнинг бева аёлларга -хоҳ эри ўлган, хоҳ ажрашган бўлсин- уйланишдан бош тортишлари катта хатодир. Чунки бу аёллар оилавий ва ижтимоий ҳожатларини адо этадиган кишиларга муҳтожлар.

Шунингдек аёллар ҳам ўзларига совчи кўяётган кишилардан динига ва хулқига рози бўлганига — гарчи оилали бўлса ҳам — рози бўлишлари керак. Улар ўзларини ҳимоя қиладиган ва оилавий муаммоларини ҳал қилиб берадиган солиҳ кишининг қўл остида бўлишлари мақсадга мувофиқдир. Эрлари уйланаман деяётган аёллар ҳам инсоф қилсинлар, турмуш ўртоғи бутунлигича уники эмас. У эрининг ярмига, учдан бирига ёки тўртдан бирига эга бўлиши мумкин. Қолаверса, унга солиҳ эрни насиб қилган Аллоҳга ҳамдлар айтиб, эрсиз ўтирган дугонларидан солиҳ кишини дариғ тутмасинлар.

Одамлар ёмон хаёлларга бориб қолишининг олдини олиш

Алий ибн Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёли Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Софийя розияллоҳу анҳо Рамазоннинг охирги ўн кунида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофдалик пайтларида, зиёрат қилгани келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хуфтондан кейин бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Сўнгра уйга қайтмоқчи бўлиб ўринларидан тургандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйиш учун бирга турдилар. Софийя Умму Салама розияллоҳу анҳумони маскани олдидаги масжид эшиги ёнига етган эдилар Ансорлардан икки киши ул зотнинг ёнларидан ўтиб қолишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериб (тез) ўтиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қараб: «Шошманглар, бу Софийя бинти Ҳуяй»,- дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ! Ё Расулуллоҳ» - дейишди. Ул зотнинг бу сўзлари уларга оғир ботганди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон одам фарзандининг қон оқадиган жойларида юради, шунинг учун сизларнинг қалбингизга ёмон гумонни солиб қўйишидан қўрқдим»- дедилар. Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Мусулмон киши бошқаларнинг у ҳақда ёмон гумонга бориб қолишидан эҳтиёт бўлиши лозим. Шунинг учун шубҳа уйғотадиган жойларда юрмаслиги керак. Баъзи оилаларнинг кўпчилик олдида ўзларини тута олмасликлари кишини ёмон гумонга олиб боради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадони нақадар пок ва шарафли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Софийя бинти Ҳуяй»,- деб икки ансорнинг ёмон гумонга бориб қолишидан эҳтиёт бўлиб, вазиятни аниқ тушунтиришга ҳаракат қилдилар. Бу ҳадис шубҳали ва одамлар ёмон гумонга бориб қолишлари мумкин бўлган ўринлардан узоқ бўлишимизга катта далилдир. Агар ҳадисдаги каби ҳолат бўлиб қолса, шубҳага ўрин қўймаслик учун, сўралмаган ҳолатда ҳам баён қилиб қўйган яхши.

Қизларга яхшилик қилиш

Оиша розияллоҳу анҳодан: «Бир бечора аёл икки қизчасини кўтариб ҳузуримга келди. Мен аёлга учта хурмо бердим. У қизларига биттадан хурмо берди, ўзи учинчисини емоқчи бўлиб энди оғзига олиб борган эди, қизлари унга яна қўл чўзишди. Шунда аёл ўзи емоқчи бўлиб турган учинчи хурмони иккига бўлиб уларга берди. Мен аёлнинг қилган ишидан жуда ажабландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида бу воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло аёлга ана шу иши сабабли жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан қутқарди»,- дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Ким мана шу қизлар билан имтиҳон қилинса (синалса), бас, уларга яхшилик қилса, улар у учун дўзахдан парда бўладилар»,- дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти. (Одатда қиз фарзанд ўғилга нисбатан унчалик суюкли бўлмагани учун ҳадисда қизларга нисбатан "имтиҳон қилинса, балоланса" калималари истеъмол қилинган ва уларга яхшилик қилишнинг ажри ҳам баён қилинган).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1) Оиша розияллоҳу анҳо раҳм-шафқатли ва эҳсон қилишни яхши кўрадиган аёл эдилар. Бошқа бир ривоятда уйида фақатгина бир дона хурмо бўлгани ва уни ўзига қолдирмай бечора аёлга илиниб бергани зикр қилинади. Бир сафар Муовия розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳога юз минг дирҳам жўнатди. Оиша розияллоҳу анҳо уни қўлига ҳам олмасдан туриб мискину муҳтожларга тарқатиб юбордилар.

2) Фарзандларга -хусусан қизларга- яхши муомалада бўлмоқ фазилатли амалдир. Баъзилар қиз туғилса, хафа бўладилар. Бу нотўғри. Аллоҳ таоло қиз туғилишини ёмон кўрган жоҳилият аҳлини қоралади:

«Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва У (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроқка қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хабар берилган нарсанинг (яъни қизнинг), ёмонлигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, (улар бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни ноҳақ) ҳукм чиқарурлар». (Наҳл: 58, 59)

Восила ибн Асқаъ деди: «Аллоҳ таолонинг аёл зикрини эркакдан олдин келтириши аёлларнинг баракотли ва бахтли эканига далолат қилади:

«У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур». (Шўро: 49)

«Абу Ҳамза деган киши бир аёлга уйланади. Аёлдан қиз туғилади. Бунга Абу Ҳамзанинг жаҳли чиқиб, уйдан чиқиб кетади. Орадан бир йил ўтгач аёлининг уйи ёнидан ўтиб кетаётиб аёлининг қизига айтаётган хиргойисини эшитиб қолади.

«Абу Ҳамзага нима бўлди, бизникига келмайди, унга ўғил туғиб бермаганимиз учун ғазаб қилиб қўшни уйда яшайди. Ахир бизда ихтиёр йўқ-ку. Биз Аллоҳ нимани берса, шуни оламиз. Бизнинг мисол ер кабидир. Экилган нарсани ўстирамиз, холос». Буни эшитган, Абу Ҳамзанинг оталик меҳри тутиб кетди. Уйга кириб, қизининг ҳам, хотинининг ҳам пешонасидан ўпди.

3) Баъзи ота-оналарнинг ўғилни афзал кўришларига сабаб, ўғил бола қиздан кўра фойдалироқ деб ўйлайдилар. ҳар доим ҳам шунака бўлавермайди. Баъзан ўғил боладан кўра қиз боланинг ота-онага яхшилиги кўп бўлади.

«Ота-оналарингиз ва фарзандларингиз қайси бири сизга фойдаси тегувчироқ эканини билмайсиз». (Нисо: 11)

Исломдан олдин арабларда қизларга адолатсизлик билан муомала қилинарди. Ислом қизларни ҳурмат қилишга тарғиб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки қизни балоғатга етгунга қадар қарамоғига олса, қиёмат куни мен ва у мана бундай деб икки бармоқларини бирлаштирдилар». Муслим ривояти.

Қизларга қилинган энг катта яхшилик - уларни иффатли, пок ва хаёли қилиб тарбиялаш, уларга солиҳ куёвларни танлашдир. Жаннат ваъдаси ана шундай ота-оналаргадир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг никоҳ хусусида ва аҳли-аёл билан муомала қилишдаги йўлланмалари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунёдан менга уч нарса яхши кўрсатилди: Аёллар, хушбўйлик ва хурсандчилигим намозда қилинди»,- дедилар. Аҳмад ва Насоий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳо бир кечада ҳамма аёлларини айланиб чиқар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўттиз кишининг қуввати берилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у кишига ҳеч кимга бермаган рухсатни (яъни кўп хотинликни) берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ўртасида кунларини тақсимлаб қўйганлар. Бироқ, муҳаббат масаласида бундай дер эдилар:

«Эй, Аллоҳим, бу менинг қўлимдан келган нарсада қилган тақсимотим, қўлимдан келмаганига мени маломат қилмагин». Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.

Баъзи ривоятларда бу тақсимотдан мурод «Жимоъ» ва «Муҳаббат» дейилган. Шунинг учун ҳам бу икковида адолат қилиш вожиб эмас. Чунки бу одамнинг қўлидаги нарса эмас.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умматнинг энг кўп хотинли кишиларидир. Ибн Аббос: «Уйланинглар! Чунки бу Умматнинг энг яхшиси - кўп хотинлиларидир»,- дерди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларидан бирини талоқ қилиб, сўнг қайтариб олган, «ийло»[2] ҳам қилган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Зиҳор»[3] қилган эмаслар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари билан чиройли хулқ ва гўзал муомалада бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорларнинг қизларини Оиша розияллоҳу анҳо ёнига киргизиб юборар эди. Агар улар ўйнаётган ўйин ёмон бўлмаса Оиша розияллоҳу анҳога ҳам рухсат берардилар. (Чунки, Оиша онамиз ёш қизча бўлганлар)

Агар Оиша розияллоҳу анҳо бир идишдан ичса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша лабини қўйган жойга лабини қўйиб ичар, гўшт есалар Оиша тишлаган жойдан тишлар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўрганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кучоғига бош қўйиб Қуръон ўқир эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўрганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қучоқларига олиб ётганлар.

Масжиддаги ҳабашларнинг ўйинини томоша қилдиришлари, сафарга чиққанларида Оиша билан икки марта чопишда мусобақа қилганлари буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари билан чиройли муомалада бўлганиларига далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар қилсалар хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қуръа қайси аёлларига чиқса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафар қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қилувчингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчиман»- дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан кейин аёлларининг уйига кириб ҳаммаларидан ҳол сўраб чиқар эдилар. Кеч киргач, кимнинг навбати келган бўлса, ўшаникида қолар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммамизни бирдек кўрар эдилар, баъзан ҳаммамизни бир кунда айланиб чиқар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо учун бир кун ажратган эдилар. Савда ёши ўтиб қолганлиги учун ўз навбатини Оишага берганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари билан кечанинг аввалида ёки охирида яқинлик қилардилар. Кўпинча ғусл қилиб, баъзан таҳорат қилиб ётар эдилар.

Гоҳида бир ғусл билан ҳамма хотинларини айланиб чиқар, гоҳида эса ҳар бирининг ҳузурида ғусл қилар эдилар.

Агар сафардан қайтсалар, уйга тунда кирмас эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафардан келсалар) аҳлларига кечаси кирмасдилар. Кечаси келсалар, эртасига кирардилар». Бухорий ривояти.

«Агар сизлардан бирингиз сафардан тунда келса, уйига кирмасин. Аёли ювиниб тараниб олишга улгурсин». Муслим ривояти.

Яъни киши уйига тўсатдан кирмасин. Аёлининг хушбўйланиб, тайёрланиб туришга вақти бўлсин.

Аллоҳ таоло мени ҳам, сизларни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхши намуна олишга насиб этсин ва Ўзининг улуғ ховлиси - Жаннатда барчамизни жамласин. Омийн.

آخِرُ دَعْوَانَا أَنِ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

[2] Ийло – киши ўз хотинига маълум муддатга яқинлик қилмасликка аҳд қилишидир. Агар ийло тўрт ойдан ошса, бир талоқ тушади.

[3] Зиҳор – киши хотинининг баданини онасининг бадани каби ҳаром қилиб олиши.