Якшанба 28 Апрель 2024 | 19 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (2)

3482 марта кўрилган

Сафар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйи томон сафар қилиш, ул зотнинг ҳаётининг икир-чикирлари ва муомала санъанити кўриш аслида ўта қизиқарли иш. Энди биз шу иш ортидан ажру-савобни умид қилсакчи?! Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти насиҳат ва ибрат, сийрат ва намуна, эргашиш ва ўрнак олишдир. Бу сафаримиз китоблар ва саҳобалар тилидан нақл қилинган ривоятлар воситаси ила бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилинганларидек, учта масжиддан бошқа ҳар қандай қабр, пайғамбарнинг уйи ва ундан бошқа жойларга (ибодат мақсадида) қасд билан сафар қилиш мумкин эмасдир: «Фақат Масжидул-Ҳаром, менинг масжидим ва Масжидул-Ақсогагина (ибодат мақасдида) сафар қилинади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу амрларига бўйсунишимиз ва уч масжиддан бошқа ҳеч бир ерга (ибодат ниятида) қасдли сафарга чиқмаслигимиз керак. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «Пайғамбар олиб келган нарсаларни маҳкам ушланглар ва қайтарган нарсалардан тийилинглар!», демоқда (Ҳашр: 7).

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадамжоларини ҳам қасд қилмаймиз. Ибн Ваззоҳ раҳимаҳуллоҳ деди: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу остида Расулулох соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилинган дарахтни кесиб ташлашга амр қилди. Чунки, одамлар у жойга бориб, дарахт остида намоз ўқир эдилар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу одамлардан ширк амали содир бўлиб қолишидан қўрққан эдилар»

Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ Ҳиро ғори ҳақида шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишдан аввал у ғорда ибодат қилганлар ва ўша ғорда биринчи ваҳий нозил бўлган. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий нозил бўлгандан сўнг, у ғорга ҳатто унинг яқинига ҳам қайтиб бормадилар, шунингдек асҳоблари ҳам яқин йўламадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг ўн йилдан кўпроқ Макка шаҳрида қолганларига қарамай, бирон марта ҳам Ҳиро ғорини зиёрат қилмадилар ва унга чиқмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган бирон бир саҳоба ҳам, у ғорга бормади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан сўнг Ҳудайбийя ва Жиъиррона ҳамда Фатҳ йилидаги умраларида Маккага бир неча марта келдилар ва Фатҳ йилида йигирма кунча қолдилар аммо Ҳиро ғорига бормадилар ва уни зиёрат қилмадилар»(Ибн Таймийя, «Мажмуъул-фатава»:27/251).

Мана биз Мадинаи Мунавварага нигоҳ ташлаймиз. Унинг катта белгиларидан бири – Уҳуд тоғи рўпарамизда кўрина бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд тоғи ҳақида: «Бу тоғ бизни севади ва биз ҳам уни севамиз», - деган эдилар (Мутттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига қадам ранжида қилишдан аввал, уйнинг қурилиши ва шаклига разм соламиз. Агар кичикинагина уй соддагина ётоқ-жойни кўрсак бундан ажабланмайлик. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдаги одамларнинг энг зоҳиди, дунёвий нарсаларни озайтирувчи, дунёнинг зийнат ва бойликларига кўз тикмаган, балки «қувончи намозда қилинган» зот эдилар (Насоий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ҳақида: «Менинг дунё билан ишим нима! Мен билан дунёнинг мисоли иссиқ кунда сафарга чиққан, бир дарахт остида озгина салқинлаб, сўнгра уни тарк қилиб йўлида давом этган отлиққа ўхшайди», - деган эдилар (Имом Термизий ривояти).

Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйи томон Мадина кўчаларида илдам қадам ташлаб кетмоқдамиз. Ана, баъзилари хурмо барглари устини лой билан суваб, баъзилари эса тош териб қурилган, ҳаммасининг томлари хурмо барглари билан тўсилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқаларининг уйлари кўринди.

Ҳасан разияллоҳу анҳу шундай дер эди: «Мен Усмон разияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқаларининг уйларига кирардим ва унинг томларини (пастлиги сабаб) қўларим билан ушлардим» (Ибн Саъд «ат-Табақотул-Кубро»: 1/274)

У камтарона уй ва кичик ҳужралардан иборат эди. Бироқ, иймон, итоат, ваҳий ва рисолат билан обод эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўринишлари

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига яқинлашиб, кириш учун рухсат сўраб эшикларини қоқамиз. Сўнгра, хаёлимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган одамлар билан қўйиб юборамиз.. У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ташқи кўринишлари ва табассумли юзларини кўриб турганимиздек таърифлаб беради.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида юзи чиройлироғи, ахлоқи гўзалроғи ва ўрта бўйли эдилар» (Имом Бухорий ривояти)

Бошқа ривоятда деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрта бўйли, кенг елкали бўлиб, сочлари қулоқларининг юмшоқлари қадар тушар эди. Мен қизил чизиқли кўйлак кийган пайтларида у зотдан кўра чиройлироқ одамни кўрмадим» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Исҳок Сабиий раҳимаҳуллоҳ деди: «Бир одам Баро ибн Озибдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қилич каби эдими?» — деб сўраганида: «Йуқ, Ой каби эди» — деб жавоб берди» ( Имом Бухорий ривояти).

Анас разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларидан кўра мулойимроқ бўлган на ипак на бошқа нарсани ушламадим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйидан кўра хушбўйроқ ҳидни топмадим» (Муттафақун алайҳ)

Ҳаё ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бири эди. Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чимилдиққа кирган бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Агар бирон нарсани ёқтирмасалар, биз уни юзларидан ўқир эдик» (Имом Бухорий ривояти).

Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хилқати ва хулқи ҳақида нақл қилинган баъзи сифатлар, холос. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хилқати ва хулқини мукаммал қилиб яратгандир. Ота–онам унга –соллаллоҳу алайҳи ва саллам- фидо бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапиришлари

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у зотнинг баъзи сифатларини кўрдик. Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бизга гапиришларидан аввал, гапиришлари ва гапириш услубларини бир кўрайлик.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлар каби тез гапирмас, балки, равон ва дона–дона гапирар ва атрофидагилар унинг сўзларини ёдлаб олар эдилар» (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойим, атрофдаги одамларнинг тушунишларини севар, Умматига ҳарис бўлганларидан одамлар ўртасидаги фарқларни, тушуниш ва англаб олиш даражаларини риоя қилар эдилар. Бу эса унинг сабрли ва ҳалим бўлиши кераклигини тақозо қилар эди.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари уни эшитган ҳар бир киши тушуна оладиган дона–дона эди» ( Абу Довуд ривояти).

Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари яхши тушунилиши учун бир неча марта такрорлаётгандаги сабри ва юрагининг кенглигини мулоҳаза қилинг!

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши англаниши учун бир сўзни уч марта такрорлар эдилар» — деди (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида унинг ҳайбатидан қўрқувга тушар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга мулойим гапириб, юракларидаги қўрқувни кетказар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига бир одам келди, у билан гаплашдилар. У одамнинг оёқ-қўли титрай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Тинчлан, мен подшоҳ эмасман. Мен қуритилган гўшт ейдиган хотиннинг фарзандиман, холос» — дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Уй ичида

Бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига киришга изн берилди, мана биз уйнинг ўртасида турибимиз. Келинг, уйга бир назар ташлайлик. Саҳобалар бизга бу уйда бўлган кўрпа-тўшак ва бошқа жиҳозлар ҳақида сўзлаб берсинлар.

Табиийки, биз хоналар ва ховлиларга изнсиз нигоҳ ташлаш мумкин эмаслигини биламиз. Бироқ, бу муборак уйнинг баъзи нарсаларига намуна бўлиши ва ўрнак олиш учун қарайимз. Дарҳақиқат, бу уйнинг пойдевори камтарлик, сармояси эса иймондир. Унинг деворларига боқинг, унда бугунги кундаги кўплаб мусулмонлар осиб қўядиган жонли нарсаларнинг суратлари йўқ! Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари: «Ит ва суратлар бўлган уйга фаришталар кирмайди», - деган эдилар ( Имом Бухорий ривояти). Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг кундалик ҳаётида истеъмол қилган буюмларга бир назар ташланг.[1]

Собит раҳимаҳуллоҳ деди: «Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу бизга ёғочдан қилинган, қўпол ва белидан темир «белбоғ» билан боғланган қадаҳни кўрсатди ва: «Эй Собит, бу — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадаҳлари» — деди» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу қадаҳда сув, ивитилган хурмо шарбати, асал ва сут ичар эдилар (Имом Термизий ривояти).

Анас разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичар эканлар уч марта нафас олар эдилар» — деди ( Муттафақун алайҳ).

Яъни, идишдан оғзини узоқлаштириб нафас олар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идиш ичида нафас олиш ёки идишга пуфлашдан қайтарганлар ( Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳод, ҳарбий тўқнашувлар ва жанговар кунларида кийган совут ҳозир уйда йўқ бўлса керак. Оиша разияллоҳу анҳонинг айтишига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир яҳудийдан қарзга олган ўттиз соъ арпа эвазига унинг олдига гаровга қўйган эканлар (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар, совут эса яҳудий олдида гаровлигича қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласи олдига қўққисдан бостириб келмас, балки, киришларини оиласига билдириб кирардилар. Кирганларида уларга салом берар эдилар (Ибн Қоййим «Зодул–Маод»: 2\381).

Диққат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларида фикр юритинг: «Исломга ҳидоятланган, ҳаёти кундалик тирикчилигига етадиган даражада бўлиб, шунга қаноат қилган кишига хушхабарлар бўлсин!» (Имом Термизий ривояти). Мана бу улуғ ҳадисга ҳам қулоқ солинг: «Кимки жони омонда, жасадида саломатлик, ҳузурида кундалик озуқаси билан тонг оттирган бўлса, гўё унга дунёнинг барчаси жам бўлибди» (Имом Термизий ривояти).

Қариндошлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлик алоқаларига қанчалик эътибор берганини сифатлашга тил ожизлик қилади. Чунки, у зот бу бобда башариятнинг энг комили эдилар. Ҳатто, у зотни пайғамбар бўлишларидан аввал Қурайш кофирлари ҳам мадҳ этишган ва «Содиқул-Амийн» (Омонатдор ростгўй) деб таърифлашган, муҳтарама онамиз Хадижа разияллоҳу анҳо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сиз қариндошлик алоқаларини қиласиз ва тўғри сўзлайсиз», - деган эдилар.

Мана қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вазифаларнинг энг олийси ва ҳақларнинг энг буюгини адо этмоқдалар: етти ёшларида айрилган оналарининг қабрини зиёрат қилмоқдалар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онасининг қабрини зиёрат этиб йиғладилар ва атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар, сўнгра дедилар: «Раббимдан онамнинг ҳаққига истиғфор айтишни сўрадим, У менга рухсат бермади. Унинг қабрини зиёрат қилишни сўрадим, менга рухсат берди. Қабрларни зиёрат этингиз! Чунки, қабрлар ўлимни эслатади» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошларига бўлган меҳри, уларни (Исломга) даъват этиш, тўғри йўлни кўрсатиш ва жаҳаннамдан қутқариш учун қанчалар тиришганлари ва бу йўлда оғир машаққатларни кўтаргани ҳақида ўйлаб кўринг...

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Яқин қариндошларингизни (жаҳаннам азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуаро:214) ояти нозил бўлганида Қурайш қабиласини чақирдилар, улар жамланишгач, уларга қарата умумий ва хусусий хитоблар қилдилар: «Эй Бану Абду Шамс, эй Бану Каъб ибн Луай, ўзингларни жаҳаннамдан қутқаринлар! Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингларни жаҳаннамдан қутқаринлар! Эй Бану Абду Маноф, Эй Бану Ҳошим, ўзингларни жаҳаннамдан қутқаринлар! Эй Бану Абдулмутталиб, ўзингларни жаҳаннамдан қутқаринлар! Эй Фотима, ўзингни жаҳаннамдан қутқар! Мен сизлар учун Аллоҳ ҳузурида бирон нарсага эга эмасман, бироқ, ўртамизда қариндошлик бўлиб, у билан сизларга (дунёда) алоқа қиламан, холос» (Имом Муслим ривояти).

Қаранг, севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиси Абу Толибни Исломга даъват қилишда малол олмай давом етдилар. Уни қайта-қайта даъват қилдилар. Ҳатто, у ўлим тўшагида ётганида ҳам унинг олдига келиб даъват этдилар.

«Абу Толиб ўлар вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Унинг олдида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Аби Умайя бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) деб атинг, бу калимани Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида сиз учун ҳужжат қилай» — дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Аби Умайя эй Абу Толиб, Абдулмутталибнинг миллатидан воз кечасанми?!» — дедилар. У иккиси гапиравердирлар, гапиравердилар ва охири Абу Толиб уларга: «Мен Абдулмутталибнинг миллатидаман» — деди».

Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики, мен қайтарилмас эканмас, сиз учун истиғфор айтаман» — дедилар. Шунда: «Пайғамбар ва иймон келтирганларнинг, жаҳаннам аҳлидан эканлиги маълум бўлганидан сўнг қариндошлари бўлсада, мушриклар учун истиғфор айтишлари мумкин эмасдир» (Тавба:113) ва «Сиз яхши кўрган одамларингизни тўғри йўлга йўллай олмайсиз» (Касас:56) оятлари нозил бўлди» (Имом Аҳмад ва Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилиш учун Абу Толибни тириклик пайтида ҳам кўп даъват қилган, ҳатто ҳаётининг охирги лаҳзаларида ҳам Ислом динига чақирган ва ўлганидан сўнг истиғфор айтган эдилар. Оят нозил бўлиши билан Алохга итоат қилдилар-да, мушрик қариндошлари учун дуо қилишдан тўхтадилар. Бу — Уммат учун катта меҳрнинг кўринишларидан, қолаверса, Ислом учун дўстлашиш ва гарчи қариндошлар бўлсада, кофир ва мушриклардан безор бўлиш кўринишларидан биридир.

[1] - Абдуллоҳ ибн Аббос Умар ибн Хаттобдан ривоят қилади. Умар деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим, ул зот бўйра устида ётибдилар. Олдиларига ўтирдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгнида фақат изор-лунги (белдан пастга кийиладиган матоҳ) бор эди, холос. Бўйра ёнбошларига ботиб кетибди, уйдаги нарсаларга назар ташладим. Уйнинг бир четида уч-тўрт ховуч арпа, акас кўзоғи ва деворда осиғлик мешни кўриб кўзимдан ёш қуйилди. Эй Умар нимага йиғлаяпсиз деб сўрадилар? Эй Набиюллоҳ нега йиғламас эканман, бўйра ёнбошингизга ботиб кетган бўлса, уйингизда нима борлигини ҳам кўриб турган бўлсам! Кисро ва Қайсарларни қаранг, мевалар, анҳорлар ичра бўлишса-ю, сиз Аллоҳнинг пайғамбари, танлаганининг ҳоли бу бўлса!» «Эй Хаттобнинг ўғли, охират бизга ва дунё уларга бўлишига рози эмасмисан» — дедилар. Ибн Можа ривояти.