Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

043. Қазои ҳожат одоби (1)

2045 марта кўрилган

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай деди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам халога кирмоқчи бўлсалар:{اللهم إني أعوذ بك من الخبث و الخبائث}

“Аллоҳумма иннии аъузу бика минал хубси вал хобаиси” дер эдилар. Маъноси: “Эй Аллоҳ, мен сендан эркак ва урғочи жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.

Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар халодан чиқсалар: “­Ғуфронака” дер эдилар. Маъноси "мағфиратингни сўрайман" дегани.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қазои ҳожат учун чиқсанглар қиблага қараб ўтирманглар, орқангларни ҳам – қиблага – қилманглар, лекин шарқ ёки ғарбга қаратинглар дедилар.

*Изоҳ: ҳадисдаги шарқ ва ғарбдан мурод Мадина шаҳри ва қибласи Мадинаникига ўхшаш бўлган диёрларга нисбатан айтилган. Аммо қибласи (бизнинг юртлар каби) шарқ ёки ғарб томонда бўлганлар жануб ёки шимол томонга юзланишлари керак.

Мутафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Бир куни бир иш билан –синглим - Хафсанинг уйига киргандим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом томонга қараб, орқасини Каъбага қилиб қазои ҳожат қилаётганини кўрдим.

Шарҳ

Ислом Буюк дин бўлиб, у мусулмоннинг ҳаётидаги каттаю кичик, ҳамма ишларни тартиблайди, унга дунё ва охиратда фойдали бўлган одобларни беради. Шу одоблардан бири қазои ҳожат одобидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон риоя қилиши керак бўлган, қазои ҳожат учун суннат бўлган одобларни таълим бердилар. Улар мана булардир: ҳожатхонага киришдан аввал — уларнинг макони бўлгани учун — жинлар ва уларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраш, чап оёқ билан кириш, ҳожатхонадан чиқаётганда ўнг оёқ билан чиқиш ва мағфират талаб қилишдир. Мағфират сўрашнинг ҳикмати, озиқ-овқат топиш йўлларини қулай қилиш, унинг фойдасини баданда қолдириб, зарарини осонлик билан чиқариб юборишдек улуғ неъматнинг шукрини адо қилишга ожиз эканлигидан мағфират сўралади.

Қибла мусулмонлар ибодатларида юзланадиган тараф бўлгани учун унинг ўзига хос ҳурмати бор. Шунинг учун қиблага қараб қазои ҳожат қилишдан қайтарилганмиз. Юқорида зикр қилинган икки ҳадисни уламолар жамлашиб, очиқ, дала жойларда қиблага қараб ҳам орқасини қилиб ҳам ўтиришдан қайтарилган, аммо берк ўринлар (ҳожатхона)да қиблага орқасини қилса бўлади дейишган. Лекин бу хусусда уламолар айтган сўзларнинг энг тўғриси, ҳамма ўринда қиблага олди ёки орқасини қилишдан таъқиқланганлигидир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Ҳожатхонага киришдан аввал маъсур дуони ўқиш суннат.
  2. Халодан чиқишда “Ғуфронака” дейиш суннат.
  3. Қазои ҳожатда олди ёки орқа билан қиблага қараб ўтириш ҳаром.