Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

233. Рибо-судхўрлик ва ундан огоҳлантириш

1785 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Бай (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?» деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга парвардигоридан мавъиза насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди» (Бақара: 275, 276).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўладиган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз» (Бақара: 278, 279).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ» قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ؟ قَالَ: «الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلاتِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!» «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ آكِلَ الرِّبَا وَمُؤْكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ وَقَالَ: «هُمْ سَوَاءٌ» (رواه مسلم)

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибони еювчини ҳам, рибо берувчини ҳам, котиби-ёзиб қўювчини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатладилар ва «Улар барчаси (гуноҳда) баробардир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Рибо – кишини ҳалокатга олиб борувчи гуноҳи кабиралар жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло судхўрни дўзах азоби билан огоҳлантирган ва судхўрликни ташламаган одамга Аллоҳ ва Расули томонидан уруш эълон қилинишини билдирган. Чунки, судхўрликда ҳожатманд ва камбағал кишиларнинг муҳтожлигидан фойдаланиб, уларга зулм ўтказиш бор. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам судхўрларни лаънатлаганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Судхўрлик ҳаром ва ҳалок қилувчи гуноҳи кабиралардан;
  2. У баракани ўчиради, уни ейишда давом этувчи кимса Аллоҳ ва Расулининг душманидир;
  3. Судхўрлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларида лаънатланганлар.