Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Коинотнинг ибодати (2)

2367 марта кўрилган

Ўтган жума сизларга айрим махлуқотларнинг ибодатларидан баъзи кўринишларни тақдим этган эдик. Яъни, ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа жонзотларнинг ибодатлари ҳақида, шунингдек еру осмон, тоғ ва денгизлар ибодатлари ҳақида, хуллас бутун коинотнинг ўзига хос қандай ибодатлари борлиги ва уларни қандай гўзал суратда адо этаётгани ҳақида мавзуга муқаддима ўлароқ мухтасар сўзлаган эдик. Энди асосий мақсадимизга – инсоннинг қандай ибодат ва бандалик қилиши ва бу хусусда унга вожиб бўлган нарса нима экани ва нима учун инсон кўп ҳолларда энг тўғри убудият – бандалик чизиғидан оғиб кетаётгани ҳақида сўзлашга етиб келдик. Аллоҳ таоло: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56) деди. Албатта, биз эй ёронлар, ибодат учунгина яратилдик, вужудга келдик. Қайсики банда жидди жаҳд, ҳаракат қилса, ижтимоий ё моддий ё ҳиссий ҳолатидан ёки қайси давлатга тобеълигидан қатъий назар, бошқалардан устун бўлиб, бандалик поғоналарида кўтарилиб бораверади.

Бинобарин, инсонларнинг тоат-ибодатда бўлганлари убудиятда ўзаро бир-бирларидан катта тафовутга эгалар. Уларнинг бир неча даражалари, яъни ҳаммалари учун амалларига яраша даражалар борки, уларнинг миқдорини фақат бандаларнинг Раббигина билади. Бандалик поғонасида юқори кўтарилган инсонларнинг баъзилари солиҳлар даражасига, баъзилари шаҳидлик даражасига, баъзилари эса сиддиқлик даражасига етиб бордилар. Бу даражалар орасида шунчалар кўп даражалар борки, уларнинг саноғи фақат Аллоҳнинг ўзига аён. Улар орасида: «(Барча яхши амалларга) пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилингувчилардир (Воқеа: 10-13).

У ерда яна: «Бас, ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!» (Воқеа: 8).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу қисмларнинг ҳар бири учун ўзига муносиб бўлган мукофот ва неъматларни ҳозирлаб қўйган.

Яна такрор айтаман, бандаларнинг бандалик даражаларидаги мартабалари саноғини фақат бандаларнинг Раббигина билади. Муҳтарам биродарлар, энди ушбу мартабалардан баъзиларини ҳамда улардан ҳар бирининг Аллоҳ таоло ҳузурида тутган манзилатини эътиборингизга ҳавола қиламан.

Мусулмон биродарим, ўзингизга қаранг, сиз ўзингизни бу синфлардан қай бирига кирита оласиз, улардан қайси қисмга тўғри келаман деб ўйлайсиз, қайсинисига лойиқман деб ҳис қиласиз. Шулардан келиб чиқиб биз бу мартабаларга қай даражада яқин ё узоқлигимизни билиб оламиз. Сизга ҳавола қилаётганим бу мартабалар барча мартабаларни қамраб олган эмас, албатта, балки улардан айрим мисоллар, холос.

Биринчи мартаба: Бандалик мартабаларининг энг олийси набийлик ва расуллик мартабаси бўлиб, буларнинг эгалари танланган бандалардир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир». (Ҳаж: 75).

Сиз билан мен бу мартабадан эмасмиз, чунки бу мартаба фақат Аллоҳнинг Ўзи танлаган бандаларга насиб қилган. Бу мартаба аҳллари ҳам ўзаро бир-бирларидан имтиёзлидирлар. Барчалари пайғамбар бўлсалар-да, баъзилари баъзиларидан афзал бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253).

Уларнинг энг аввалида пайғамбарлар ичидан «улул-азм» бўлганлари, сўнг расуллар, сўнг набийлар турадилар. Дарҳақиқат, барчалари Аллоҳ таолога бандалик мақомини тўлақонли адо этганлар, тирикликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам бу борада ўз қавмларига намуна бўлганлар.

Иккинчи мартаба: Расуллар ва набийларнинг издошлари мартабаси бўлиб, улар пайғамбарларнинг ворислари, ўринбосарларидир. Улар Аллоҳнинг Ўз пайғамбарлари орқали буюрган амрларини онгли равишда амалга оширувчилар. Улар мазкур амру фармонларни расуллардан сўнг умматга етказишда воситадирлар. Улар раббонийлар, улар ҳаворийлар, улар ўзларига юборилган пайғамбарларга тириклик пайтида иймон келтирганлар, ёрдам берганлар, уларни қўллаб-қувватлаганлар. Саҳобалар мартабаси халқлар ичида пайғамбарликдан кейинги энг афзал мартабадир. Уларни ҳам Аллоҳ таоло расул ва набийларига издошликка танлаган. Одамлар инкор қилган пайтда улар ишондилар, одамлар ёлғончи деган пайтда улар тасдиқладилар. Улар Аллоҳнинг дини йўлида кўплаб азоб-уқубатларни бошдан кечирдилар, Аллоҳнинг динига нусрат бериш учун молларини ва жонларини қурбон қилдилар, Аллоҳнинг расуллари билан елкама-елка туриб курашдилар, шу йўлда ўлдирдилар, шу йўлда ўлдилар. Аллоҳ уларга дунё ва охират яхшиликларини ато этди. «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

Биз бу мартабадан ҳам ортда қолдик ва унга эришолмадик.

Учинчи мартаба: Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчиларнинг мартабаси. Улар Аллоҳ азза ва жалланинг аскарлари бўлиб, Аллоҳ улар сабаб динини қоим қилади ва душманларнинг ёвузлигини даф қилади. Мужоҳидлар Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши ва дин бутунича Аллоҳники бўлиши учун жанг қиладилар. Уларга ўзлари сарфлаган молларию жонлари муқобилида Аллоҳ билан қилган тижоратларидан олган фойдалари кифоя қилади. «Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир)— Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирасизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қиласизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир» (Саф: 10-11).

Дарҳақиқат, жонлари ва молларини Аллоҳга сотдилар, уларнинг бу савдолари қабул бўлди ва жаннат уларга мукофот қилиб берилди. «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир» (Тавба: 111).

Имом Бухорий «Саҳиҳ»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисни келтирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда юзта даража бор. Аллоҳ уни мужоҳидлар учун тайёрлаб қўйган. Ҳар икки даражанинг ораси ер билан осмон оралиғичадир». Мужоҳидлар бу қадар юксак даража-ю мартабаларга нега ҳам эришмасинлар. Ахир улар ўзлари чақирилган ҳар бир чақириққа лаббай деб жавоб бердилар, тезлик билан етиб келдилар. Бир қарасангиз, уларни Афғон тупроқларида кўрасиз, у ернинг тоғ-адирларини покиза қонлари билан суғораётган бўладилар. Гоҳо уларни Чеченистон минтақаларида байроқ кўтарганларини, кофирларни ер тишлатганларини эшитасиз. Гоҳо Болқон ерларида мусулмон биродарлари билан елкама-елка туриб, серб кофирларига қарши жанг қилаётганлари хабари келади. Қаерда жиҳод байроғи кўтарилмасин, бу мартаба соҳиблари ўша ердадирлар. Эл-юрт ва дўст-ёрлари билан видолашиб, оила ва фарзандларини ташлаб, икки яхшиликнинг бирини: нусрат ёки Аллоҳ йўлидаги шаҳидлик талабида ўша жойларга қараб йўл оладилар.

Билмадим, мен ва сиз қиёматда улар жумласидан бўламизми, улардан деб эътибор қилинамизми ёки йўқми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки ғазот қилмаса ва бу ишни дилига тугмаса, мунофиқликнинг бир бўлагида ўлади». (Муслим ривояти).

Бунинг муқобилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай дедилар: «Кимки Аллоҳдан сидқидил билан шаҳидликни сўраса, гарчи тўшагида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар манзилатига етказади» (Муслим ривояти).

Тўртинчи мартаба: Олимлар мартабаси. Бу мартаба ўз соҳибларига қутлуқ бўлсин! Улар бу майдонда умматнинг ҳақиқий эрлари, улар чавандозлар, улар паҳлавонлар.

Уларнинг убудият поғоналарида етарли улушлари бор. Зеро улар илм омонатини ўз зиммаларига олмоқдалар, Аллоҳнинг динини зое бўлишдан сақламоқдалар, одамларга етказмоқдалар, ваъз-насиҳатлар қилмоқдалар, амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқдалар. Олимлар жоҳилларга таълим берадилар, адашганларни йўлга соладилар, бидъатчилар ва ҳавои нафсга берилганларга раддиялар бериш билан Аллоҳнинг динини ҳимоя қиладилар. Подшоҳларга, давлат бошлиқларига юзма-юз турадиганлар, уларни зулмдан қайтарадиганлар ҳам олимлардир. Улар пайғамбарларга ворис, чуқур илм эгаларидир. Ҳаётларининг гўзал даврини, ёшликларининг авжини илм ҳалқаларида, том-том (жилд) китоблар орасида ўтказдилар, кечаю кундузларни матнлар ёдлаш-у, шарҳларни ўқиш билан ўтказдилар. Улардан бошқалар худди шу пайтда вақтларини соҳилларда, боғларда, телевизор олдида ўтказган эди. Олимлар доимо ҳаракатда, ижтиҳодда бўлганларидан шу даражаларга етдилар. Уларнинг фазилатлари улуғ, манзилатлари олий. «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).

Бизнинг устимизда уларнинг ҳақлари катта, биз Аллоҳ таолодан уларни ўз ҳифзи ҳимоясида сақлашини, умрларини узоқ қилишини сўраймиз. Ахир олимлар кетса, одамларга ким жон койитади, агар олимлар жим турса, одамларга ким таълим беради?! Шунинг учун денгиздаги балиқлар, инидаги чумолилар уларга истиғфор айтиб туришларидан ажабланмаса ҳам бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, «олимнинг обидга нисбатан афзаллиги ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Албатта олимлар пайғамбарларниннг меросхўрларидир, пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қолдирганлар. Ким уни олса мўл улушни олибди». (Абу Довуд ва Термизий ривояти).