Душанба 20 Ноябрь 2017 | 1 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

05.2 Фарзандларнинг оталар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқлари

1681 марта кўрилган

Нафақа ва совға-саломда болалар орасида адолат қилиш ва вафоти олдидан улардан бирортасига васият қилмаслик[1] ҳам фарзандларнинг оталар зиммасидаги ҳақларидан

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: (Болалик пайтимда) отам менга бир нима ҳадя қилди. Шунда онам Амра бинт Равоҳа отамга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, у зотни гувоҳ қилинг», деди. Отам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Мен ўғлим Нўъмонга ҳадя берсам, Амра сизни бунга гувоҳ қилишимни сўради», деди. У зот: «Ҳамма болаларингизга Нўъмонга берганча нарса бердингизми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деган эди, «Бундай қилиш зулм», дедилар.

Муғийра ривоятида: «Сизга меҳр-мурувват кўрсатишда барчалари баробар бўлишини истайсизми?», дедилар. «Ҳа», деган эди, «Бу ишингизга мендан бошқасини гувоҳ қилинг», дедилар.

Мужолид ривоятида: «Сизга яхшилик қилишлари улар зиммасидаги сизнинг ҳаққингиз бўлганидек, улар ўртасида адолат қилишингиз сизнинг зиммангиздаги уларнинг ҳаққидан», дедилар.

Жобир ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг ака-укалари борми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Ҳаммасига унга берган нарсани бердингизми?» деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Бундай қилиш ярамайди, мен фақат ҳаққа гувоҳ бўламан», дедилар (Муслим, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3029).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Болаларингиз ўртасида адолат қилинглар, ўғилларингиз ўртасида адолат қилинглар» (Муслим ривояти).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Болаларингиз меҳр-муувват кўрсатишда сизларнинг ўртангизда адолат қилишларини истаганингиз каби сизлар ҳам ҳадя беришда болаларингиз ўртасида адолат қилинглар» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1046).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини бериб қўйди, ворисга васият қилиш мумкин эмас» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 2494).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эди, ўғли кириб келди. Уни ўпиб, тиззасига ўтиргизди. Кейин қизи келган эди, уни ёнига ўтиргизди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ўртасида адолат қилмадингиз-ку?!», дедилар[2] (Таҳовий «Шарҳул-маоний»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3098).

Қизларни тарбия қилиш, уларга яхшилик қилиш ва меҳр кўрсатишнинг фазилатлари

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки қизлар (дан бир нечтасини кўриш билан) имтиҳонга солинса, бас, у уларга яхшилик қилса улар у учун дўзахдан парда бўладилар (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким учта қизни таъминлаб, уларга раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват кўрсатиб, парвариш қилса, у одам жаннатда бўлади» (Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти, Силсилатул-аҳодисис-саҳиҳа: 2492).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким иккита қизни бўйига етгунича парвариш қилса, мен ва у жаннатга мана бундай кирамиз» деб бармоқларини бирлаштирдилар (Муслим, Термизий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6391).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмоннинг иккита қизи бўлса-ю, уларни чиройли тарбия қилса, улар уни албатта жаннатга олиб кирадилар» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 57).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Ҳадя беришда болаларингизни тенг кўрингиз, агар бировни афзал кўрсам аёлларни (қизларни) афзал кўрган бўлардим» (Ибн Ҳажар «Фатҳ»да (5:23) айтади: Саид ибн Мансур ва Байҳақий ривоят қилган, исноди дуруст).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қизларни ёмон кўрманглар, улар қимматли ва мунисалардир» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3206).

Қизига солиҳ-яхши куёв танлаш қизнинг ота зиммасидаги ҳақларидан[3]

Аллоҳ таоло айтади: «Шубҳасиз, озод мушрикдан гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан жаннатга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади» (Бақара: 221).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агaр xулқи вa дини сизни қoниқтирадиган киши сoвчи юбoргaн бўлса унгa (қиз-жувонларингизни) турмушгa узатинг. Шундaй қилмaсaнгиз, ер юзидa фитна вa кенг қамровли фасод вужудга келади» (Саҳиҳу сунани Ибн Можа: 1601).

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир бадавлат одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан ўтган эди, у зот: «Бу одам ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Совчи қўйса куёв қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати мақбул саналишга, гапирса гапига қулоқ солинишга муносиб одам», деб жавоб беришди. У зот индамадилар. Кейин мусулмонларнинг камбағалларидан бўлган бир одам ўтиб қолди. У зот: «Бу одам ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. «Совчи қўйса рад қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати мақбул саналмасликка, гапирса гапига қулоқ солинмасликка лойиқ одам», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мана бу ҳалигидақалардан ер юзи тўласидан кўра яхшироқдир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг яхши никоҳ (маҳр ва сарфлари) энг енгил бўлганидир» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1859).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўз тенгингизга уйланинг ва (қизларингизни) ўз тенгига узатинг» (Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2928).

Фарзандларни дуоибад қилишнинг ёмонлиги

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзингизни баддуо қилманглар, фарзандларингизни баддуо қилманглар, молларингиз зиёнига дуо қилманглар, Аллоҳдан бирор ато сўралса ижобат қиладиган соатга тўғри келиб қолишингиз мумкин» (Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўз зиёнингизга дуо қилманглар, фарзандларингиз зиёнига дуо қилманглар, ходимларингиз зиёнига дуо қилманглар, молларингиз зиёнига дуо қилманглар, Аллоҳдан ато этиш соатига тўғри келиб қолсангизлар, дуоингиз ижобат бўлиб кетади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1356).

Ота овқатига шерик бўлишидан қўрқиб ўз фарзандини ўлдириши энг катта гуноҳлардан[4]

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир» (Исро: 31).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Энг улкан гуноҳ нима?», деб сўрадим. «Аллоҳ таоло сени яратган бўлса-ю, сен У Зотга (бировларни) шерик қилишинг», дедилар. «Сўнг қайси гуноҳ?», деб сўрадим. «Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб ўз болангни ўлдиришинг!», дедилар. «Сўнг қайси гуноҳ?», дедим. «Қўшнингнинг жуфти-ҳалоли билан зино қилишинг», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Миқдод ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Болангга едирган таоминг ҳам сен учун садақадир» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 60).

Ота фарзандларига меҳр кўрсатиши ва уларни ўпиб, эркалатишининг фазли

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган бир аъробий: «Сизлар болаларингизни ўпасизларми?! Биз ўпмаймиз!», деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ дилингдан меҳр-шафқатни олиб қўйган бўлса, мен сенга нима ҳам қилиб бера оламан?!», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Алийни ўпдилар, олдиларида Ақраъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор, улардан бирортасини ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб: «Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўғиллари) Иброҳимни қўлларига олиб, ўпдилар ва ҳидладилар (Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Фотима розияллоҳу анҳодан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшовчироқ бирон инсонни кўрмадим. Қачон ҳузурларига у кирса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, унга пешвоз чиқар, қўлидан ушлаб, ўпиб, ўз ўринларига ўтқизар эдилар. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирса, у ҳам ўрнидан туриб, у зотга пешвоз чиқар, қўлларидан ушлаб, ўпиб, ўз ўрнига ўтқизар эди (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4347).

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр Мадинага янги келган пайтларида у билан бирга уйларига кирдим. Қизлари Оиша иситмалаб ётган экан, Абу Бакр унга яқинлашиб: «Тузикмисан, қизалоғим?», деб юзидан ўпиб қўйдилар (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4351).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Алийга тилларини чиқарар, шунда бола тилларининг қизиллигини кўриб, уни ушламоқчи бўлиб интилар эди (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 70).

Умму Холид бинт Холид ибн Саиддан ривоят қилинади: Мен отам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганман, эгнимда сариқ кўйлак бор эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «сана, сана» – яъни, ҳасана, ҳасана (чиройли, чиройли) – дедилар. Мен у зотнинг нубувват муҳрини ўйнай бошладим. Шунда отам мени койиган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Майли, қўявер», дедилар (Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига кириб турардилар, менинг кичик укамга: «Эй Абу Умайр, не бўлди Нуғайр», деб ҳазиллашардилар[5] (Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли-аёлу болаларга энг меҳрибон киши эдилар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2089).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалар олдидан ўтсалар уларга салом берар ва барака тилаб дуо қилар эдилар (Ибн Асокир ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1278).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб турган эдилар, Ҳасан ва Ҳусайн эгниларида қизил кўйлак, қоқилиб-туриб, қоқилиб-туриб, чиқиб келдилар. Шунда у зот (минбардан) тушиб, уларни қўлларига олдилар, сўнг яна кўтарилиб: «Аллоҳ таоло тўғри айтади: «Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос» (Тағобун: 15), мана бу иккаласини кўриб, сабр қилолмадим», дедилар, сўнг хутбада давом этдилар (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 981).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турган эдилар, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо кириб келишди, эгниларидаги қизил кўйлакларига ўралашиб йиқилишарди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини бўлиб, (минбардан) тушиб, уларни қўлларига олдилар, сўнг минбарга кўтарилиб: «Аллоҳ таоло тўғри айтади: «Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос» (Тағобун: 15), мана бу иккаласини кўйлакларига ўралашиб йиқилишларини кўриб, сабрим чидамай, сўзимни бўлиб, уларни кўтариб олдим», дедилар[6] (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 1340).

Шаддод ибнул Ҳод ал-Лайсийдан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечки намозлардан бирида Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтарган ҳолда олдимизга чиқиб келдилар-да, олдинга ўтиб, болани ерга қўйдилар ва такбир айтиб намозга киришдилар. Саждаларидан бирида узоқ туриб қолдилар. Мен одамлар орасидан секин бошимни кўтариб қараган эдим, бола Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига чиқиб олган экан, яна саждага қайтдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тамомлагач, одамлар: «Ё Расулаллоҳ, намозингиз ичида бир саждани жуда узоқ қилдингиз, ҳатто биз бирор ҳодиса юз бердимикин ё сизга ваҳий тушаяптими, деб ўйлаб қолдик» дейишди. «Айтганларингиздан ҳеч бири бўлгани йўқ, фақат ўғлим устимга миниб олган эди, ўзи тушмагунича уни шошилтиргим келмади» дедилар (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 1093).

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларида кўтарганча: «Эй Аллоҳ, мен буни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргайсан», деяётганларини кўрдим (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 63).

Яъло ибн Муррадан ривоят қилинади: Таомга таклиф қилинган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чиқдик. Қарасак, Ҳусайн йўлда ўйнаётган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлардан тезроқ юриб бориб, қўлларини ёздилар. Шунда бола уёқ-буёққа қоча бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазиллашиб-қувлашиб бориб, уни ушлаб олдилар. Бир қўлларини унинг иягига, бир қўлларини бошига қўйдилар, сўнг қучоқлаб туриб: «Ҳусайн мендан, мен Ҳусайнданман, Ҳусайнни яхши кўрганни Аллоҳ яхши кўрсин, Ҳусайн умматлар ичра бир умматдир», дедилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 279).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хуфтон намозини ўқиётган эдик. Сажда қилганларида Ҳасан ва Ҳусайн у зотнинг устиларига чиқиб олар, бошларини кўтарганларида қўллари билан уларни секин ушлаб, аста устиларидан тушириб қўяр, яна сажда қилганларида яна чиқиб олишар эди. Намозларини тугатгач, иккаловини икки тиззаларига ўтиргизиб олдилар. Шунда мен бориб: «Ё Расулуллоҳ, уларни оналарига олиб бориб берайми?», деб сўрадим. «Йўқ», дедилар. Кейин чақмоқ чақиб қолган эди: «Онангиз олдига боринглар», дедилар. Улар чақмоқ ёруғида юриб бориб, оналари олдига кириб кетишди[7] (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3325).

Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Юсуф деб номладилар, қучоқларига ўтиргизиб, бошимни силадилар» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 282).

Қурра ибн Иёс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши ўғли билан бирга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб турарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Уни яхши кўрасанми?», деб сўрадилар. У: «Ҳа, ё Расулуллоҳ, мен уни қандай яхши кўрсам Аллоҳ сизни шундай яхши кўрсин», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни уни йўқлаб: «Фалончининг ўғли кўринмай қолдими?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у вафот этди», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг отасига: «Жаннат эшикларидан қай бирига бормагин, у ўша ерда сени кутиб турган бўлиши сен учун яхши эмасми?!», дедилар. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, бу башорат фақат унга хосми ё ҳаммамиз учунми?», деб сўраган эди: «Йўқ, ҳаммангиз учун», дедилар. (Аҳмад, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2007).

Насоийнинг бир ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирсалар, бир қанча саҳобалар у зот ёнларига келиб ўтиришар, улар ичида бир киши ҳам бўлиб, унинг кичик ёшли ўғли орқасига келиб турар, шунда у уни олдига ўтиргизиб оларди. Ўша бола вафот қилиб қолди. Отаси ўғлининг ёди билан овора бўлиб, ҳалқага келмай қўйди ва у учун кўп маҳзун бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни йўқлаб: «Фалончи нимага кўринмай қолди?», деб сўрадилар. «Ё Расулуллоҳ, унинг сиз кўрган ўғилчаси вафот қилди», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан кўришиб, ўғли ҳақида сўрадилар. Вафот этганини айтгач, унга таъзия билдирдилар, сўнг: «Эй фалончи, қай бири сенга яхшироқ, умрингни у билан шод-хуррам ўтказишингми ёки эртага жаннат эшикларидан бири ёнига борсанг у сендан аввал у ерга бориб, сенга эшикни очиб турган бўлишими?!», дедилар. У: «Ё Набийяллоҳ, жаннат эшигига мендан олдин бориб, уни мен учун очиб туриши мен учун албатта яхшироқ», деди. «Сенга худди шу нарса берилади», дедилар.

Аллоҳ таолодан барчаларимизни фарзандларга инсоф кўзи билан қарайдиган, улар улғайгач бизга инсоф қилишлари учун ва қиёмат куни биз учун ажру-савобга айланишлари учун кичикликларидан уларга чиройли таълим-тарбия ва одоб берадиган кишилардан қилишини сўраймиз. У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин.

[1] Чунки шариат вориснинг ҳаққини кафолатлаб қўйган, бундан қўрқмаса ҳам бўлади. Васият қилинган тақдирда ворислардан бошқасига қилинади. Фарзандларга васият қилиш – хусусан баъзиларига жабр бўладиган суратда – мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг ака-ука ва яқинлар ўртасида ихтилоф ва нафрат келтириб чиқарган бўларди.

[2] «Улар ўртасида адолат қилмадингиз-ку» деган сўзларининг маъноси – ўғлингиз билан қизингизга бир хил муомала қилмадингиз, қизингизни ҳам худди ўғлингиз каби ўпиб, иккинчи тиззангизга ўтиргизишингиз керак эди, деганидир. Демак, ота ҳар бир нарсада, ҳатто ўпиш ва меҳр кўрсатишда ҳам ўғил-қизлари ўртасида адолат қилиши, бирини бошқасидан ажратмаслиги лозим бўлади.

[3] Кўпчилик оталарни бўлғуси куёвнинг дини ва хулқ-атворидан кўра унинг бойлиги ва мол-дунёси кўпроқ қизиқтиради, улар қизларининг бахтини шунда кўришади. Натижа эса улар кутганидан бошқача бўлиб чиқади ва охир-оқибат қизларининг ва набираларининг дину ахлоқларини бой бериб қўйишади.

[4] Камбағалликдан қўрқиб ва оиланинг кирими яна бир фарзандга етмаслигини важ қилиб ҳомиланинг олдини олиш ва уни тушириш махфий ўлдириш кўринишларидан биридир.

[5] Нуғайр – Абу Умайрнинг қушчаси эди, у ўлиб қолганди.

[6] Ҳозирги замонда жума хатибларидан биронтаси гўдак болалари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн билан қилган ишни қиладиган бўлса, одамлар бунга қандай қарашларини ва жазавага тушиб, шовқин кўтаришларини ўзингиз тасаввур қилаверинг!!!

[7] Ҳозирги асрдаги мусулмонлардан кўплари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёш болаларга бўлган муомаладаги бундай юксак ахлоқларидан нақадар узоқлашиб кетишган!! Битта-яримта бола масжидда бироз шўхлик қилиб, ўйнаб қолса, ўша заҳоти унга бақириб беришади ва уни ҳам, уни олиб келган одамни ҳам масжиддан қувиб солишади. Ҳатто мусулмонларнинг масжидларидан кўпларида – айниқса Покистон (ва Ўзбекистон (тарж.)) каби ажам диёрларидаги масжидларда – ёш болалар умуман кўзга кўринмайди. Бу эса ўша масжидлар мутасаддиларининг ёш болаларга қўпол муомала қилишлари натижасидир. Натижада болалар масжиддек тарбия ва маърифат ўчоқларидан узоқда улғайишади ва ҳар хил бузуқликларга гирифтор бўлишади, кейинги пушмон эса ўзингга душмандир!