Шанба 27 Апрель 2024 | 18 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

20.2 Ҳайвонларнинг ҳақлари

2931 марта кўрилган

Ҳайвонларни лаънатлаш мумкин эмаслиги

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эканларида ансорлардан бир аёлнинг туяси қайсарлик қилганида у туясини лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб қолиб: «Туянинг устидаги юкларни олинглар ва ўзини қўйиб юборинглар, чунки у малъун бўлди», дедилар. Имрон айтади: «Ҳали ҳануз кўз олдимда, ўша туя одамлар ичида юрар, унга ҳеч ким тегмас эди» (Имом Муслим ривояти).

Абу Барза ал-Асламий ривоятида: Бир жория туя устида борар, туяга қавмнинг баъзи матолари юкланган эди, тоғ оралиғида қисилиб боришаркан, бирдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қолди ва (у зотга йўл бўшатиш учун туяни тезлаб): «Чу, Аллоҳнинг лаънатига йўлиққур», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лаънатга дучор бўлган туя бизга ҳамроҳ бўлмасин!», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайвонларни уриштириш ёки бичишдан қайтаришлар

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши ҳайвонларни уриштиришни макруҳ кўрардилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 936).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонзотни нишон қилишдан ва ҳайвонларни бичишдан қайтарганлар» (Байҳақий «Сунан»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 6960).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам отларни ва чорва ҳайвонларини бичишдан қайтарганлар» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6956).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонзотларни нишон қилишдан ва чорва ҳайвонларини бичишдан қаттиқ қайтарганлар» (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да айтади: Баззор ривоят қилган, ровийлари саҳиҳ ровийларидир).

Одамзотнинг гуноҳу маъсиятларининг ҳайвонот оламига салбий таъсири[1]

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қавм молларининг закотини бермас экан, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5204).

Абул-Аҳвасдан ривоят қилинади: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгилаган муддатгача (яъни қиёмат кунигача) қолдирур» (Фотир: 45) оятини ўқиб туриб: «Одамзотнинг гуноҳи сабабли инидаги гўнгқўнғиз ҳам азоб тортишига оз қолди», дедилар (Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2477. Мунзирий айтади: Ҳоким ривоят қилиб: «исноди саҳиҳ», деган).

Одамларга яхшиликни таълим берувчи олимни барча ҳайвонлар, ҳатто балиқлару чумолиларгача дуо қилишлари[2]

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат олимга осмонлару-ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам дуо-истиғфор айтадилар» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 70).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхшиликни таълим берувчи кишига барча нарсалар, ҳатто денгизлардаги балиқлар ҳам дуо-истиғфор айтиб турадилар» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3024).

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло, Унинг малоикалари, самовоту ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли-ю, (сувдаги) балиқлар одамларга яхшиликни таълим берувчи кишига дуо қилиб турадилар» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1838).

Отнинг фазли, от боқишга тарғиб, от чоптириб мусобақа қилишнинг машруълиги

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отнинг пешонасидан яхшилик аримайди» (Сўзма-сўз таржимаси: «Яхшилик отнинг пешонасидаги ёлига тугиб қўйилган») (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отнинг пешонасида то қиёмат яхшилик бор» (Муттафақун алайҳ).

Урва ал-Бориқий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Туя ўз эгаларига иззат, қўй баракадир, отнинг пешонасидан то қиёмат яхшилик аримайди» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1763).

Урва ал-Бориқий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отнинг пешонасидан то қиёмат яхшилик – ажр-савоб ва ғанимат (жиҳодда қўлга киритилган ўлжа) аримайди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «От уч кишига (уч нарса олиб келади): бир кишига ажр, бир кишига (гуноҳдан) тўсиқ, яна бир кишига эса гуноҳ. Ажрга эга бўладиган киши уни Аллоҳ йўлида (ги жиҳодда миниш учун) боғлаб қўйган (асраган) киши бўлиб, уни ўтлоқ ёки боққа арқонини узун қилиб тушовлаб қўйган. У мана шу тушови ичида туриб шу ўтлоқ ёки боғдан қанча нарса еган бўлса, эгасига шунча савоб бўлади. Мабодо у арқонини узиб, бир-икки марта айланган бўлса, унинг излари ва тезаклари ҳам эгаси учун ажрга айланади. Агар бирор ариқ олдидан ўтиб, унинг сувидан ичган бўлса, эгаси уни суғормоқчи бўлмаган бўлса ҳам бу унга ажр бўлади. Яна бир киши уни бировлардан беҳожат бўлиш, сўранишдан покланиш ва тўсилиш учун боғлаган (асраган), унга нисбатан Аллоҳнинг ҳаққини (яъни ундан яхши ишларда фойдаланиш, ем-хашагидан бохабар бўлишни) ҳам унутмаган, бу от унинг учун (гуноҳдан) парда-тўсиқ бўлади. Яна бир киши уни мақтаниш, риё ва ислом аҳлига душманлик қилиш учун асраган, у унга гуноҳ бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отни чопишга тайёрлаб боқардилар[3] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2246).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусобақалашиш фақат панжа (яъни туя) ё туёқ (яъни от) ё камон ўқи (отиш)дадир»[4] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2244).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отлар ўртасида мусобақа ташкил қилдилар ва ғолибга мукофот бердилар (Аҳмад ривояти, Албоний «Ирвоъ» 1507 да саҳиҳ санаган).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Азбоъ» номли туялари бўлиб, ундан бирон туя ўзиб кетолмасди. Бир аъробий ўзининг қаъудида (икки ёшдан олти ёшгача бўлган эркак туяни шундай номланади) келиб, ундан ўзиб кетди. Мусулмонлар бундан хафа бўлиб: «Азбоъ орқада қолди-я!», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ таоло дунёдан бирон нарсани баланд қилган бўлса, (бир куни) албатта уни пасайтиради», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

От чоптириш мусобақасида гаров ва қимор ўйнашдан қайтариш

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «От уч хилдир: Раҳмоннинг оти, инсоннинг оти, шайтоннинг оти. Раҳмоннинг оти Аллоҳ йўлида (яъни жиҳод учун) боғланган (боқилган) от бўлиб, унинг еми ҳам, тезаги ҳам, сийдиги ҳам – ва Аллоҳ хоҳлаганча бошқа нарсаларини ҳам айтдилар – ажрдир. Инсоннинг оти – қорнидагини (яъни боласини олиб кўпайтиришни) истаб боқилган от бўлиб, у фақирликдан тўсиқ-пардадир. Шайтоннинг оти эса унинг устида қимор ва гаров ўйналадиган отдир» (Аҳмад, Байҳақий ривоятлари, Албоний «Ирвоъ»да (1508) саҳиҳ санаган).

Мусобқада отни қийнаб қўйиш ва уни куч-тоқати етмайдиган нарсага мажбурлаш мумкин эмаслиги[5]

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совутилган (чиниқтирилган) отлар ўртасида Ҳайфодан мусобақа уюштирдилар, марра чизиғи Санийятул-вадоъ бўлди. Совутилмаган отлар ўртасида эса Санийядан Бани Зурайқ масжидигача мусобақа уюштирдилар. Абдуллоҳ ибн Умар шу мусобақада қатнашган эди» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг Термизий келтирган ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совутилган отлар ўртасида Ҳайфодан Санийятул-вадоъгача мусобақа уюштирдилар, ўртадаги масофа олти мил эди. Совутилмаган отлар ўртасида эса Санийятул-вадоъдан Бани Зурайқ масжидигача мусобақа уюштирдилар, ўртадаги масофа бир мил эди»[6] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1389).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусобақа пайтида отининг ортидан бировни жалб қилган (яъни отининг ортидан бировни югуртириб, уни тезлатишга ундаган) одам биздан эмас (яъни бизни ишни қилмабди)» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2331).

Аллоҳ йўлидаги жиҳодга тайёрланаётган отга пул-мол сарфлашнинг фазли

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отнинг пешонасидан то қиёмат яхшилик аримайди, отга пул сарф қилувчи киши худди қўлини тинимсиз нафақа қилиш билан очувчи кишига ўхшайди» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 3349).

Саҳл ибн Ҳанзалия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ йўлидаги отга пул сарф қилувчи киши қўлларини тинимсиз садақа билан очувчи кишига ўхшайди» (Табароний ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 1964).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «От уч киши учун (уч нарса келтиради): у бир киши учун ажр, бир киши учун (камбағалликдан) тўсиқ, бир киши учун гуноҳдир. От у учун ажр бўладиган киши – уни Аллоҳ йўлида (яъни жиҳод учун) боқаётган ва унга тайёрлаётган кишидир. У унга ажр бўлиб, қорнига киритган (яъни едирган) ҳар бир нарса учун Аллоҳ унга ажр битади» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1336).

Отни эшакдан қочириш (урчитиш)дан қайтариш[7]

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир хачир ҳадя қилинди. У зот уни миниб юрдилар. Мен: «Биз ҳам отни эшакдан қочирсак-да, худди шунга ўхшаш хачиримиз бўлса», деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билимсиз одамларгина бундай қилишади», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2236).

Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Биз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳузурларида ўтирган эдик, у киши дедилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни (яъни аҳли байтни) фақат уч нарсада бошқа одамлардан хослаганлар: таҳоратни тўкис-мукаммал қилишимизга, садақа емаслигимизга ва отни эшакдан қочиртирмаслигимизга буюрганлар» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 137).

Отнинг пешона ва бўйнидаги ёлларини ҳамда думини қирқишдан қайтариш

Утба ибн Абд ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Отларнинг пешона ва бўйнидаги ёлларини ҳамда думларини кесманглар. Чунки, думлари уларнинг (ҳашоротлардан) қўриқчилари, бўйинларидаги ёллари иситкичлари, пешоналаридаги ёлларига яхшилик тугиб қўйилгандир», деганларини эшитган экан (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2217).

Абу Ваҳб ал-Жушамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «От асранглар, уларнинг пешона ва орқаларини силанглар, бўйниларига (зеб-зийнат) тақинглар, уларнинг бўйинларига камон илиб қўйманглар»[8] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2226).

Арабий от ҳар куни эгаси ундан бехабар ҳолида ўз эгасига садоқатини изҳор қилади

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир арабий отга ҳар саҳар: «Эй Парвардигор, мени одамзотдан Ўзинг истаган кишининг қўлига мулк қилиб бердинг, энди мени унинг энг суюмли аҳли ва моли – ёки энг суюмли аҳлидан ва молидан – қилгин» деган калималар билан дуо қилишига изн берилади»[9] (Насоий ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1251).

Ит сақлаш ҳақида

Абу Талҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ит ва сурат бор уйга фаришталар кирмайди», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Чўпонлик, овчилик, экин-тикин қилиш ва қўриқлаш ишларида ишлатиш мақсадида ит асраш мумкинлиги

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким овчи ёки подачи итдан бошқа ит асраса, ҳар куни унинг ажридан икки қийрот (миқдорида) камайиб боради» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ит асраса, унинг амали (ажри)дан ҳар куни бир қийрот камаяди, экин-тикин ёки чорва ити бундан мустасно» (Муттафақун алайҳ).

Бир ривоятда: «Қўй ё экин-тикин ё ов ити бундан мустасно» (Муттафақун алайҳ).

Суфён ибн Аби Зуҳайр аш-Шанъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким на экинига, на чорвасига фойдаси тегмайдиган ит асраса, амали (ажри)дан ҳар куни бир қийрот камаяди» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинган ҳадисда: «Сўнг экин-тикин ва қўриқчилик итига рухсат бердилар» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2592).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирортангизнинг идишидан ит ичса, уни етти марта ювсин» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар идишни ит яласа, уни етти марта ювинглар, саккизинчисини тупроқ билан ишқаланглар», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Мушук асраш ҳақида

Довуд ибн Солиҳ ибн Динор ат-Таммордан ривоят қилинади, у онасидан ривоят қилади: У жориясини ҳарис (ҳалимга ўхшаш таом) билан Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига юборди. Жория борса, Оиша розияллоҳу анҳо намоз ўқиётган эканлар. Унга: «Ўша ерга қўй» деб ишора қилдилар. Шунда бир мушук келиб, ундан еди. Намозларини тугатгач, мушук еган жойдан едилар, сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мушук нажас эмас, у олдиларингизга кириб-чиқиб турувчи (жонивор)лардан», деганлар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мушук теккан сувдан таҳорат қилганларини кўрганман» дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 69).

Кабша бинт Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: – У Абу Қатоданинг келини эди – Абу Қатода келдилар, мен у кишига таҳорат учун сув қўйдим. Шунда бир мушук ўша сувдан ичгани келди. Абу Қатода идишни энгаштириб турдилар, мушук ундан ичиб олди. Менинг қараб турганимини кўриб: «Ҳа, қизим, ажабланяпсанми?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа», дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мушук нажас эмас, у сизларга кириб-чиқиб турувчи (жонивор)лардан», деганлар», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 68).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта идишдан таҳорат қилардик, бундан аввал унга мушук теккан ҳам бўларди» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 295).

Омонлик ҳукм сурадиган, ҳатто йиртқич ҳайвонлар хонаки ҳайвонлар билан тинч-тотув яшайдиган, бир-бирига зиён етказмайдиган кун ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир. Мен одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг яқин кишиман, иккаламизнинг ўртамизда пайғамбар йўқ. У осмондан тушиб келади. Уни кўрганда таниб олинглар, у ўрта бўйли, оқ-қизилдан келган, эгнида сарғиш кийим бўлади. Бошига сув тегмаса ҳам, ундан сув томчилаётгандек кўринади. У Ислом устида одамлар билан жанг қилади, салибни (хочни) парчалайди, хинзирни (чўчқани) ўлдиради, (кофирлардан) жизяни бекор қилади[10], унинг даврида Аллоҳ таоло Исломдан бошқа барча миллатларни ҳалок қилади, ал-Масиҳ ад-Дажжолни ҳалок қилади, ерга омонлик нозил бўлади, ҳатто шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан ўтлайдиган бўлади, ёш болалар илонлар билан ўйнайдилар, илонлар уларга зарар етказмайди. У (яъни, Ийсо) ерда қирқ йил туриб, сўнг вафот этади, жанозасини мусулмонлар ўқийдилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 218).

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

* * *

[1] Ҳайвонлар ва чорва молларининг ҳаётига одамзотнинг гуноҳу маъсиятлари салбий таъсир кўрсатиши боис улар бу ҳайвонлар хусусида Аллоҳдан қўрқишлари, барака ва раҳмат ёғилишига сабаб бўлувчи тоат-ибодатларни лозим тутишлари, шунингдек, барча нарсанинг, шу жумладан ҳайвонот оламининг ҳам ҳалокатига сабаб бўлувчи гуноҳ ва маъсиятлардан тийилишлари уларнинг одамлар зиммасидаги ҳақларидандир.

[2] Одамларга яхшиликни таълим берувчи олим кишига барча махлуқотларнинг дуо ва истиғфорлари яхшиликка яхшилик қайтариш, маъруфга маъруф билан жавоб бериш қабилидаги ишлардандир. Олим киши яхшиликни таълим бериши, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши сабабли одамзотнинг гуноҳ ва маъсиятлари камаяди, бунинг самараси ўлароқ бутун ер юзига, шу жумладан ҳайвон ва жонзотлар ҳаётига яхшилик, ризқу-рўз ёғилади.

[3] Отни боқиш – уни аввал яхшилаб емлаб семиртириб, сўнг енгил чопадиган бўлиши учун емдан қолдириш маъносида.

[4] Замонавий ўқ отувчи қуроллардан отишни ҳам камон отиш маъносига ҳамл қилиш мумкин.

[5] Кўпинча мусобақада ғолиб чиқиши учун чавандознинг қаттиқ қисташи ва қамчилаши сабабли ҳаддан ташқари тез югуриб юбориши оқибатида ўлган отларни эшитамиз. Бундай қилиш жоиз эмас!

[6] Масофаларнинг фарқлилиги сабаби – совутилган (чиниқтирилган) от совутилмаган отдан кўра кучлироқ ва чопқирроқ бўлади. Шундай экан, совутилмаган отга совутилган отга юкланган вазифани юклаш жоиз бўлмайди.

[7] Эшакдан қочирилган отдан хачир туғилади, хачир эса оғир юк ва сафар машаққатларини кўтаришга отдан кўра чидамлироқ бўлади. Лекин, у отдан кўра секинроқ ҳаракат қилувчи ва анча кўримсиз бўлади. Бу иш жоиз эмас. Чунки, бундан қайтариқ келган. Ундан ташқари, бунда от учун озор ва хорлик, унинг асосий вазифаси бўлмиш Аллоҳ йўлидаги жанг ва жиҳод майдонларида ишлатишни йўққа чиқариш бор.

[8] Яъни, отларнинг бўйинларига зеб-зийнат ва зирҳ осишга чорлаб, камоннинг ипидан осиб қўйишдан қайтаришларига сабаб, камон уларга озор бериши ва бўғилишларига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, жоҳиллар кўз тегишдан сақлайди деб эътиқод қиладиган ҳар хил тумор ва кўзмунчоқларни тақиш ҳам жоиз эмас.

[9] Ҳар тонг ўз эгасига садоқатини ана шундай изҳор қиладиган жонивор эгаси томонидан меҳр-шафқат ва яхшиликка қандай сазовор бўлмасин?! Қанчадан-қанча от эгалари бўладики, бу маънолардан бегона, қўли остидаги отларга худди жонсиз ва ҳиссиз нарсаларга қарагандек муомала қилади!

[10] Яъни, кофирлардан жизяни (яъни, ўлпон, солиқ) қабул қилмайди, кофирлар ё Исломни қабул қилишлари, ё эса жанг ва ўлимни танлашлари лозим бўлади. У кишининг замонларида жизя ҳукми бекор қилинади.