Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Офат етган ҳосилнинг байъини бекор қилиш ҳақидаги боб

2603 марта кўрилган

Агар ҳосил етилиши кўзга кўринганидан кейин, яъни, сотиш жоиз бўлгач сотилган бўлса, кейин бирон самовий офат етиб талафотга учраса – самовий офат деб инсонниг алоқаси йўқ бўлган шамол, жазирама, сувсизлик, ёмғир, дўл, чигиртка кабиларга айтилади – шу офатлар етиб, ҳосилни талафотга учратган бўлса, ушбу ҳосил сотилган-у, бироқ ҳали харидор унга эга бўлишга улгурмасидан талафотга учраган бўлса, харидор уни сотувчига қайтариб беради ва у учун тўлаган пулини қайтариб олади. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича:

عَنْ جَابِرٍ، «أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِوَضْعِ الْجَوَائِحِ» رواه مسلم.

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам офат етган ҳосилни қўйишга (яъни, байъини бекор қилишга) буюрдилар» (Муслим (1554) ривояти).

Ушбу ҳадис далолатига кўра, талафот етган ҳосил сотувчининг мулкидан саналади ва у ўша ҳосил учун харидор берган пулга ҳақли бўлмайди. Агар ҳосилнинг ҳаммаси талафотга учраган бўлса, харидорга ҳамма пулини қайтариб беради, агар бир қисми талафотга учраган бўлса, ўша қисмига тегишли пулни қайтариб беради.

Бу ҳолда байъ ҳосилнинг етилиши кўзга кўринганидан кейиин бўлганми, олдин бўлганми, фарқсиздир. Чунки, ҳадис умумий келди. Ундан ташқари бошқа ҳадис ҳам борки:

عن جَابِر بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ بِعْتَ مِنْ أَخِيكَ ثَمَرًا، فَأَصَابَتْهُ جَائِحَةٌ، فَلَا يَحِلُّ لَكَ أَنْ تَأْخُذَ مِنْهُ شَيْئًا، بِمَ تَأْخُذُ مَالَ أَخِيكَ بِغَيْرِ حَقٍّ؟»

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биродариннга мева сотсангу унга офат етса, сен учун ундан бирон нарсани (ҳақни) олишинг ҳалол бўлмайди. Биродаринг молини нима эвазига ноҳақ оласан?!» (Бухорий (2197) ва Муслим (1555) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Агар оз миқдорда талафот етган бўлса, у харидорнинг зиммасига бўлади, сотувчининг масъулиятидан бўлмайди. Чунки, бу одатда бўлиб турадиган ҳолат саналади ва уни офат деб номланмайди, ундан сақланишнинг имкони ҳам йўқ бўлади. Масалан, қушлар еб кетиши, ерга тўкилиб кетиши ва ҳоказолар. Баъзи уламолар буни учдан биридан камига чеклаганлар. Тўғрироғи, бу билан чекланмайди, балки бу урфга кўра билинади. Чунки, чеклаш далилга муҳтождир.

Уламолар раҳимаҳумуллоҳ офат етган ҳосилни сотувчининг зиммасига қўйишларига сабаб – дарахт шохида тургизиб сотилган ҳосилнинг қабзи тўла бўлмаган қабз (қабул қилиш)дир ва харидор гўёки уни ҳали қабз қилмаган бўлади.

Бу айтилган ҳукмлар самовий офат етиши туфайли талафотга учраган ҳосил ҳақида эди.

Аммо, энди одамзотнинг феъли туфайли, масалан, ёнғин сабабли талафотга учраган бўлса, бундай ҳолда харидор ихтиёрли бўлади. Яъни, хоҳласа, байъни бузиб, сотувчидан ўзи тўлаган пулни қайтариб беришини талаб қилади, сотувчи эса талафот етказган шахсдан талафот зарарини тўлашини талаб қилади. Ёки харидор байъни бузмайди ва талафот етказган шахсдан етказган талафоти зарарини тўлашини талаб қилади.

Хурмодан бошқа мева ҳосилининг етилиши ва сотиш жоиз бўлишининг аломати ўша меванинг дарахтига қараб турлича бўлади.

Узумнинг етилиши унга сув югуриб, маза кириши билан бўлади. Чунки, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича:

عَنْ أَنَسٍ، «أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ بَيْعِ العِنَبِ حَتَّى يَسْوَدَّ...»

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам узумни қораймасидан туриб сотишдан қайтардилар» (Абу Довуд (3371), Термизий (1228), Ибн Можа (2217), Аҳмад (3/221, №13314) ривоятлари).

Олма, анор, тарвуз, ўрик, шафтоли, ёнғоқ каби меваларнинг етилиши ва сотишга яроқли бўлиши уларга маза кириши ва ейиш мумкин бўлишидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мевани хушхўр бўлишидан илгари сотишдан қайтарганлар (Бухорий (2196) ва Муслим (1536) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Тарра (бодринг) кабиларнинг етилиши уларни одатда ейиладиган бўлишидир.

Доннинг етилиши аломати – қотиши ва оқаришидир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам доннинг қотишини уни сотиш дуруст бўлишига чегара қилганлар (Юқорида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис).