Жума 1 Ноябрь 2024 | 28 Рабиул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Топилдиққа доир ҳукмлар ҳақидаги боб

2978 марта кўрилган

Луқата – топилдиқ деб эгасидан тушиб қолган ва эгаси йўқотиб қўйган жонсиз нарсага айтилади.

Бизнинг олийжаноб динимиз молни асраш ва ҳимоя қилишни, мусулмон кишининг молини муҳофаза қилишни буюради. Топилдиқ ҳақидаги ҳукмлар ҳам шунга далолат қилади.

Агар бировнинг моли йўқолиб қолса, у учта ҳолатдан бирида бўлишдан холи бўлмайди:

Биринчи ҳолат: Ўртача одамларнинг назарига илинмайдиган қамчи, ҳасса, кулча, (бир-икки дона) мева каби нарса бўлиши. Бундай нарсани топиб олган киши бемалол ишлатиб, фойдаланиб юраверади. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳасса, қамчи, арқон ва шу кабиларни топиб олган киши ундан фойдаланишига рухсат берганлар» (Абу Довуд (1717) ривоят қилган).

Иккинчи ҳолат: Майдароқ йиртқич ҳайвонлардан ўзини ҳимоя қила оладиган туя, от, қорамол, хачир каби йирик ҳайвонлар ёки учар қушлар ёки тез югурадиган кийик кабилар ё ўзини тишлари билан ҳимоя қилишга қурби етадиган қоплон кабилар. Бундай жонзотларни топилдиқ сифатида олиш мумкин эмас, (эгаси чиққунича) танитиш учун ҳам олиб турмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан йўқолиб қолган туя ҳақида сўралганда: «Сенинг у билан нима ишинг бор?! Суви ўзи билан (яъни, бир неча кунлаб сувсиз юра олади), оёғи ўзи билан, (чанқаса) сувга боради, ўт-ўланларни ейди. То эгаси топгунича уни тек қўй» деганлар (Бухорий (91) ва Муслим (1722) Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Умар розияллоҳу анҳу: «Адашиб қолган нарсани олган одам адашибди», деганлар (Молик «Муваттоъ»да (2/759, №1448) ва Абдурраззоқ «Мусаннаф»да (10/133, №18611) ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида туяни топилдиқ сифатида олинмаслигини, балки то эгасига йўлиққунича ўтини еб, сувини ичиб юраверишига ҳукм қилдилар.

Катта жисмларни, масалан, катта қозон, хода-ёғоч, темир ва турган жойидан қимирламайдиган, ўзича йўқолиб қолмайдиган нарсаларни ҳам топилдиқ сифатида олиш ҳаромдир.

Учинчи ҳолат: Йўқолган, яъни топиб олинган мол юқорида айтилганлардан бошқа мол бўлиши, масалан пуллар, матолар ва ўзини йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қилишга қурби етмайдиган бўталоқ, қўй-эчки, бузоқлар бўлиши. Бундай нарсаларни топиб олган одам агар ўзидан кўнгли хотиржам бўлса, уни топилдиқ сифатида олиши жоиз бўлади. Бу уч турли бўлади:

Биринчи тур: Бўталоқ, қўй-эчки, товуқ каби ейиладиган ҳайвон. Бу турдаги нарсани топиб олган киши зиммасига учта ишдан бири лозим бўлади:

  1. Сўйиб ейди ва зиммасига ўша пайтдаги унинг қиймати лозим бўлади.
  2. Сотиб юборади ва пулини сақлаб, эгаси чиққач беради.
  3. Ўзининг молидан сарфлаб, боқиб туради ва унга эгалик қилмайди. Эгаси чиққач, ундан ўзи сарфлаган молини қайтариб олади, сўнг уни эгасига топширади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам адашиб қолган қўй ҳақида сўралганларида: «Уни олавер, чунки у ё сенга, ё биродарингга, ё бўрига» деганлар (Юқоридаги Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний ҳадисининг давоми). Яъни, қўй-эчки заиф, ҳалокатга нишон бўлиши осон, сен олишинг ё бошқа биров олиши ё бўрига ем бўлиши ўртасида бўлади.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шариф ҳақида сўз юритиб, шундай дейди: «Бунда қўй-эчкини топилдиқ сифатида олиш жоизлиги ва қўйни эгаси чиқмаса, топган кишининг мулкига айланиши бордир. Баъзи соҳибларимиз қўй-эчки кабиларни топилдиқ сифатида олиш жоизлигига шу ҳадисни далил қилганлар, топиб олган киши уни ўша пайтда сўйиб ейиши ва қийматини зимасига олиши ё бўлмаса сотиб, пулини сақлаб қўйиши ё эса ўз молидан сарфлаб, боқиб туриши ўртасида ихтиёрли бўлади» (Зодул-маъод: 3/659).

Уламолар агар топилдиқнинг эгаси уни топиб олган одам ейишидан олдин келса, уни олишга ҳақдор бўлади, деганлар (Фатҳул Борий: 5/82).

Иккинчи тур: Бузилиш ва айниш хавфи бўлган тарвуз, мева-чева каби нарсаларни топиб олган киши уни ейди ва қийматини эгасига беради ёки сотиб, эгаси чиққунича пулини сақлаб қўяди.

Учинчи тур: Юқорида айтилган икки турдагидан бошқа моллар, яъни пул ёки идиш кабиларни топиб олган одам қўлида омонат сифатида сақлаб туриши ва жамоат жойларида одамларга танитиб, эълон қилиши лозим.

* Барча турдаги топилдиқларни фақат ўзи(нинг омонатдорлиги)га ишонган ва қанча керак бўлса, шунча танитиб, эълон қилишга қурби етган одамгина олиши жоиз бўлади. Чунки, Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан топиб олинган нарса ҳақида сўради. «Тугунини – ёки идишини ё боғичини – таниб ол, сўнг бир йилгача уни (одамларга) билдир, шундан сўнг ундан фойдаланавер. Агар қачондир эгаси келса, унга қайтариб бер» дедилар. «Адашиб қолган туяни-чи?» деб сўраган эди, у зот (унинг бу гапидан) ғазабландилар, ҳатто юзлари қизариб кетди. «Сенинг у билан нима ишинг бор?! Суви ўзи билан, оёғи ўзи билан, (чанқаса) сувга боради, ўт-ўланларни ейди. То эгаси топгунича уни тек қўй» дедилар. «Адашиб қолган қўйни-чи?» деб сўради. «У ё сенга ё биродарингга ё бўрига» дедилар (Бухорий (91) ва Муслим (1722) ривоят қилганлар).

«Сўнг бир йилгача уни одамларга билдир», деган сўзларининг маъноси – одамлар йиғиладиган бозорларда, масжидларнинг эшиги олдида, йиғинларда тўла бир йил муддат уни эълон қил, деганидир. Топиб олганининг биринчи ҳафтасида уни ҳар куни эълон қилади, чунки эгаси дастлабки ҳафтада излаб келиши кўпроқ бўлади. Бир ҳафта ўтганидан кейин эса одамларнинг бу борадаги одатларига кўра эълон қилиб туради.

Ҳадис топилдиқни билдириб туриш фарзлигига далолат қилади. «Тугунини – ёки идишини ё боғичини – таниб ол» деган сўзлари унинг белгиларини билиб олиш лозимлигига далил бўлади. Чунки, эгаси келиб, у нарсанинг белгиларини тўғри айтиб берса, унга қайтариб берилади. Агар бошқача айтса, унга бериш жоиз бўлмайди.

«Шундан сўнг ундан фойдаланавер» деган сўзлари бир йил билдириб турганидан кейин эгаси чиқмаса, у топган одамнинг мулкига айланишига далил бўлади. Лекин, у ўша нарсанинг белгиларини – идишини, боғичини, миқдорини, жинсини, сифатини яхши таниб олмагунича уни тасарруф қилмайди. Агар бир йилдан кейин эгаси чиқса ва унинг белгиларини тўғри айтиб берса, унга қайтариб беради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачондир эгаси келса, унга бергин», дедилар.

Юқорида ўтганлардан маълум бўлдики, луқата-топилдиқ хусусида бир неча ишлар лозим бўлади:
  • Топиб олган одам то эгаси чиққунича уни сақлаб туришга ўзида омонатдорлик ва жамоат жойларида одамларга эълон қилиб туришга қувват бор деб билсагина, уни олиши мумкин бўлади. Ўзида бундай омонатдорлик ва қувват бор деб билмаган одам уни олиши жоиз бўлмайди. Агар олса, ғосиб (талончи)дек бўлиб қолади. Чунки, у бировнинг молини олиши жоиз бўлмаган йўл билан олган бўлади ва уни олишида бировнинг молини зое қилиш вужудга келади.
  • Олишидан олдин унинг белгиларини, яъни идиши, тугуни, миқдори, жинси ва турини яхшилаб билиб олиши лозим. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилишга буюрганлар, у зотнинг буйруқлари вожибликни тақозо қилади.
  • Тўла бир йил мобайнида уни билдириб ва эълон қилиб туриш зарурдир. Билдириш дастлабки ҳафтада ҳар куни, кейинроқ эса одатга кўра бўлади. Эълон қилишда, масалан: «Ким нарса йўқотди?» дейди ё шунга ўхшаш гап айтади. Эълон жамоат жойларида, яъни, масалан, бозорларда, намоздан сўнг масжидларнинг киравериш жойида бўлади. Масжид ичида эълон қилмайди, чунки, масжидлар бундай ишлар учун бино қилинмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир кишини йўқолган нарсасини масжидда эълон қилаётганини кўрса: «Аллоҳ таоло (йўқотган нарсангни) сенга қайтармасин», десин. Чунки, масжидлар бунинг учун қурилмаган», деганлар (Муслим (568) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
  • Агар бирон киши топилдиқни қидириб келса ва унинг белгиларини тўғри айтиб берса, ҳеч қандай қасам ва ҳужжатсиз унга ўшани бериш лозим бўлади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилишга буюрганлар, белгисини тўғри айтиши қасам ва ҳужжат ўрнига кифоя қилади. Балки, белгисини билиши қасам ва ҳужжатдан кўра ҳам қувватлироқ ва тўғрироқ бўлади. Ўша топилдиқнинг униб-ўсган ва кўпайган фойдасини ҳам қўшиб беради. Аммо, агар белгисини тўғри айтиб беролмаса, унга бермайди. Чунки, у унинг қўлида омонатдир, омонатни эгадорликни исбот қилолмаган кишига берилмайди.
  • Эълон қилиб турилган ҳолда бир йилдан кейин ҳам эгаси чиқмаса, у топган одамнинг мулкига айланади. Лекин, белгиларини яхши эсда сақлаб қолмасдан туриб, унда тасарруф қилмаслиги лозим бўлади. Чунки, қачон бўлмасин, эгаси чиқса ва белгиларини тўғри айтиб берса, агар бўлса ўзини, бўлмаса, ўрнига бадалини қайтариб бериши лозим. Чунки, унга бўлган эгадорлиги мутлақ эгадорлик бўлмасдан, эгаси чиқиши билан зойил бўлади.
  • Уламолар Ҳарамдаги луқата – топилдиқ ҳақида: у ҳам бошқа жойлардаги топилдиқлар каби бир йил эълон қилиб, кейин топган одамнинг мулкига айланадими ёки мутлақо бировга мулк бўлмайдими, деган масалада ихтилоф қилганлар. Баъзилари: шу йўл билан мулкка айланади, чунки ҳадислар умумий келган, деганлар. Баъзилар эса унинг бировнинг мулкига айланмаслигини, балки давомий равишда уни эълон қилиб турилиши лозимлигини айтганлар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи Мушаррафа ҳақида: «Унинг луқатаси(ни олиш) фақат эълон қилувчи учунгина ҳалол бўлади», деганлар. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам шу сўзни ихтиёр қилган ва: «Ҳарамнинг луқатасига ҳеч қачон эгалик қилинмайди ва уни доим эълон қилиш фарз бўлади», деган (Ал-фатавал-кубро: 5/423).
  • Ким чўлда бирон ҳайвонни юришдан ожиз бўлгани ёки эгаси уни олиб кетишга ожиз бўлгани сабабли қолдириб кетган бўлса, топиб олган одам уни ўзига мулк қилиши мумкин. Чунки, хабарда ворид бўлганки: «Кимда-ким эгаси боқишга ожизлик қилиб, қўйиб юборган ҳайвонни топиб олиб, жонлантирса, у ўша одамники бўлади» (Абу Довуд (3524) Шаъбийдан мурсал йўл билан ривоят қилган). Чунки, эгаси ундан воз кечиб ташлаб кетган бўлиб, бошқа воз кечиб ташлаб кетилган нарсаларга ўхшаган бўлади.

    Кимнинг оёқ кийими ё шунга ўхшаш бирон нарсаси матолари орасидан олиниб, ўрнига бошқаси қўйиб қўйилган бўлса, унинг ҳукми ҳам луқата ҳукмидек бўлади ва топиб олиши билан – гарчи ўзиникига ўхшаган бўлса ҳам – унга эгалик қилолмайди, балки уни эълон қилиши лозим бўлади. Эълондан кейин эгаси чиқмаса, ўзининг ҳаққига ярашасини олиб қолиб, қолганини эгаси номидан садақа қилиб юборади.

  • Агар ёш бола ёки ақлсиз киши бирон нарса топиб олса, валийси унинг ўрнига эълон қилиб туриш вазифасини ўз зиммасига олади ва ўша нарсани ундан олиб қўйиши лозим. Чунки, ундай кишилар омонатдорлик ва асрашга лаёқатли эмаслар. Агар ўша нарсани уларнинг қўлларида қолдирса ва у нарса талафотга учраб, йўқ бўлиб кетса, валий унга зомин бўлади (тўлайди). Агар валий уни билдириб, эълон қилиб турганидан кейин биров талаб қилиб келмаса, у ўша (ёш бола ё ақлсиз киши) мулкига айланади.
  • Агар бир жойдан олиб, сўнг яна ўша жойга қайтариб олиб бориб қўйса, унга зомин бўлади. Чунки, у унинг қўлига келган омонат бўлиб, уни бошқа омонатларни асраганидек асраши лозим эди. Уни ташлаб қўйиши омонатни зое қилиш бўлади.

Эслатма: Исломнинг топилдиқ борасида тутган йўлидан унинг молларни нақадар асраб-авайлашга бўлган эътибори ва мусулмон кишининг молининг Исломдаги ҳурмати даражаси маълум бўлади. Умуман олганда, буларнинг ҳаммасидан биз Исломнинг яхшилик устида ҳамкорлик қилишга ундашини билиб оламиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимизни Исломда собитқадам қилишини ва мусулмон ҳолда дунёдан ўтишимизга муваффақ қилишини сўраймиз.