Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Намознинг шартлари ҳақидаги боб

6851 марта кўрилган

Шарт – луғатда белги ва аломат маъносини англатади. Шариатда эса – унинг йўқлигидан йўқлик лозим келадиган, лекин борлигидан борлик ҳам, йўқлик ҳам лозим келмайдиган нарсага айтилади. Намознинг шартлари – намознинг яроқли бўлиш-бўлмаслиги имкониятга қараб унга боғлиқ бўладиган нарсалардир.

Намознинг ўзига хос шартлари бўлиб, ўша шартлар ёки уларнинг баъзилари топилмаганда намоз яроқли бўлмайди. Жумладан:

Биринчи: Вақти кириши

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103). Яъни, унинг фарзлиги муайян вақтларга чекланди. Аллоҳ таоло унинг вақтларини белгилаб, чегаралаб қўйди, мусулмонлар беш вақт намозга махсус вақтлар тайин қилинганига ва уларни вақтидан олдин ўқиш кифоя қилмаслигига ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

Амирул-муъминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Намознинг вақти бор, Аллоҳ унга ўша вақтни шарт қилган, усиз яроқли бўлмайди» (Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да (2/239) келтирган).

Намоз вақти кириши билан фарз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир» (Исро: 78).

Уламолар ушбу оятдан ва қуйидаги бошқа оятлардан келиб чиқиб, намозни аввалги вақтида ўқишнинг афзаллигига ижмоъ қилганлар: «Яхши ишларга шошилингиз!» (Бақара: 148), «Ва Парвардигорин­гиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!» (Оли Имрон: 133), «(Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир» (Воқеа: 10-12). «Саҳиҳайн»да келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўралганда У зот: «Вақтида ўқилган намоз» деб жавоб бердилар (Бухорий (527), Муслим (85) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Аллоҳ таоло деди: «Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар ўз вақтларида адо қилинглар!» (Бақара: 238).

Бир кеча-кудузда беш вақт намоз фарз қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло улардан ҳар бирини бандаларнинг ҳолатларига муносиб равишда тайин қилди, шу вақтларда ўқиш уларни бошқа ишларидан тўсмайди, балки ўша ишларига ёрдам ҳам беради ва қилиб қўядиган хатоларига каффорат ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни оқиб турган анҳорга ўхшатганлар ва унда кунига беш марта чўмилиб турган одамда кир қолмаслигини айтганлар (Бухорий (528), Муслим (667) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ушбу вақтлар қуйидаги вақтлардир:

1) Пешин намозининг вақти кун тиккадан ботиш томонга мойил бўлганидан бошланади, «Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг» оятида (Исро: 78) айтилган دلوك (қуёш оғиши) шудир. Куннинг мойил бўлиши ҳар нарсанинг сояси ғарб томонда йўқолиб, шарқ томонда пайдо бўлиши билан билинади. Пешин намози вақти то ҳар нарсанинг сояси узунликда ўзи баробарича бўлгунича давом этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пешиннинг вақти қуёш тиккадан ботиш томонга оғгач, кишининг сояси бўйи баробари бўлиб, аср вақти киргунга қадар», деганлар (Имом Муслим (612) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривояти).

Уни аввалги вақтида ўқиш мустаҳабдир. Аммо, кун қаттиқ қизиган кунларда иссиқнинг тафти пасайгунича кечиктирса яхши бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳарорат кучайганида намозни (яъни пешинни) салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг уфуришидандир», деганлар (Бухорий (536), Муслим (615) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

2) Аср намози вақти пешин вақти тамом бўлганидан, яъни ҳар нарсанинг сояси ўзининг узунлигига тенг бўлганидан бошлаб, уламоларнинг бу ҳақда айтган сўзларининг кучлироғига кўра, то қуёш қизаргунича (яъни нурсизлангунича) давом этади. Уни аввалги вақтида ўқиш суннатдир. У фазилатли бўлгани туфайли Аллоҳ таоло алоҳида зикр қилган ўрта намоздир: «Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар ўз вақтларида адо қилинглар!» (Бақара: 238). Ҳадисларда ўрта намоздан мурод аср намози экани таъкидланган (Бухорий (2931), Муслим (627) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

3) Шом намози вақти қуёш ботганидан, яъни қуёшнинг гардиши текислик жойдан ҳам, тоғ устидан ҳам батамом кўринмай қолганидан бошланади. Қуёшнинг ботгани кунчиқиш томондан тун қоронғилиги кириб келишидан ҳам билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тун мана бу тарафдан келса, кун анави тарафдан (кўринмай) кетса ва кун ботса, рўзадор оғзини очади», деганлар (Бухорий (1941), Муслим (1100) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шом вақти қизил шафақ ғойиб бўлгунича давом этади. Шафақ – қизиллик аралаш оқлик бўлиб, аввал қизиллик кетади, сўнгра унинг ортидан оқлик ҳам ғойиб бўлади. Оқликнинг ғойиб бўлишидан қизил шафақ йўқ бўлганига далил қилинади.

Шом намозини аввалги вақтида ўқиш суннатдир. Чунки, «Саҳиҳайн»да Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомни қуёш ботиб, парда билан ўралган вақтда ўқирдилар (Бухорий (561), Муслим (636) ривоят қилганлар). Имом Термизий ушбу ҳадисни саҳиҳ санаб: «Бу саҳобалар ва улардан кейингилардан бўлган аҳли илмларнинг сўзидир», дейди (Сунануи-Термизий: 1/304).

4) Хуфтон намозининг вақти шом намози вақти тугаганидан, яъни, қизил шафақ йўқолганидан бошлаб, тонг отгунича давом этади. Хуфтон вақти икки қисмга бўлинади: биринчи қисми ихтиёр вақти[1] бўлиб, туннинг учдан биригача давом этади, иккинчи қисми изтирор (мажбурлик) вақти бўлиб, кечанинг учдан бири ўтганидан тортиб тонг отгунича давом этади.

Имкони бўлса, намозни ихтиёр вақтининг охиригача (яъни, кечанинг учдан бирига) кечиктириш афзал, бироқ намозхонларга оғирлик қилса, уни аввалги вақтида ўқиш мустаҳаб бўлади.

Қаттиқ ухлаб қолиб, намоз ўтиб кетиб қолмаслиги учун хуфтон намозидан олдин ухлаш макруҳдир. Хуфтондан кейин гаплашиб ўтириш ҳам макруҳ, чунки, бу нарса эртароқ ухлаб, эртароқ туришга тўсқинлик қилади. Хуфтондан кейиноқ ётиб ухлаш, кечанинг охирида туриб, таҳажжуд намози ўқиш ва бамдодни тетиклик билан ўқиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни кариҳ кўрардилар (Бухорий (568), Муслим (647) Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Хуфтондан кейинги бедорлиги бефойда ишлар билан ўтадиган кишига нисбатан шундай, аммо бедорлиги яхши ғараз ва фойдали эҳтиёж учун бўлса, зарари йўқ.

5) Бамдод намози вақти иккинчи тонг, яъни, субҳи содиқдан бошлаб, кун чиққунича давом этади. Тонг отгани аниқ бўлса, эртароқ ўқиш мустаҳабдир.

Булар беш вақт намознинг Аллоҳ фарз қилган вақтларидир. Сиз уларга қаттиқ риоя қилинг, вақтидан олдин ҳам ўқиманг, кечиктириб ҳам юборманг. Аллоҳ таоло айтади:

«Намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозҳон»ларга ҳалокат бўлгай» (Моъувн: 4,5). Яъни, намозларини вақтидан кечиктирадиган намозхонларга ҳалокат бўлгай.

«Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59). Намозни зое қилиш уни вақтидан кечиктиришдир. Намозни вақтидан кечиктириб юборадиган одамни Аллоҳ таоло «намозни унутадиган» ва «уни зое қиладиган кимсалар» деб атади ва уларни ҳалокат ва ёмон жазо билан огоҳлантирди. Намозни унутган ёки ухлаб қолган инсон унинг қазосини ўқишга ошиқмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир намозни унутса (ёки ундан ухлаб қолса), эсига тушган пайт ўқиб олсин. Бунинг шундан бошқа каффорати йўқдир», деганлар (Бухорий (597), Муслим (684) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шундай экан, қолиб кетган намозни дарҳол ўқиб олишга ошиқиш керак, баъзи авом кишилар ўйланидек, уни айни ўзига ўхшаш намоз вақти киришини кутиб, кечиктириш ярамайди, намоз ўқишдан қайтарилган вақт чиқиб кетишини ҳам кутиб ўтирмасдан дарҳол ўқиб олиш лозим.

Иккинчи: Сатри аврат

Намознинг шартларидан яна бири – сатри аврат, яъни ёпиш лозим бўлган, очилиб туриши уят саналадиган аъзоларини яширишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, ҳар бир намоз чоғида зийнатланингиз (яъни тоза, авратларингизни ёпадиган либосда бўлингиз)» (Аъроф: 31). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳайз кўрувчи (яъни, балоғатга етган аёл)нинг рўмолсиз ўқиган намозини қабул қилмайди» (Абу Довуд (641) ва Термизий (377) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган).

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кийинишга қодир бўла туриб, кийимни тарк қилиб, яланғоч намоз ўқиган одамнинг намози фосид бўлишига ижмоъ қилганлар» (Ал-истизкор: 2/197, Ат-тамҳид: 6/379). Намозда ва одамлар олдида – ва саҳиҳ қавлга кўра ёлғизликда ҳам – сатри аврат қилиш вожиблигида хилоф йўқ. Муовия ибн Ҳайдадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Авратингни аёлинг ва қўл остингдаги чўриларингдан бошқа барчадан яширгин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси, кўпчилик одамлар аралашиб юрган (авратларни тўла яшириш қийин бўлган) ҳолда-чи?», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имкони борича авратингни ҳеч ким кўрмаслигига урингин», деб жавоб бердилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси, агар киши ёлғиз бўлсачи?», деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ инсонлардан кўра ҳаё қилинишга ҳақлироқ», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд (4017), Термизий (2769), нас «Ал-кубро»да (8972) ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло авратни очишни фаҳш – бузуқлик деб номлади: «Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган, дейдилар. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?!» (Аъроф: 28). Мушриклар Байтуллоҳни яланғоч тавоф қилишар ва буни диндан деб санашарди. Авратни очиш ва унга қараш хатарли ёмонликка олиб келади ва бу бузуқлик ва ахлоқан тубанлашишга восита бўлади. Бу нарсага ҳозирда ахлоқи бузилган, разолат кенг тарқалиб, фазилатлардан мосуво бўлган жамиятларда гувоҳ бўлиб турилибди.

Авратни ёпиш фазилат ва ахлоқни сақлаб қолиш демакдир. Шунинг учун ҳам шайтон одамзотни авратларини очишга қизиқтиради. Аллоҳ таоло бизни ундан огоҳлантирган: «Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!» (Аъроф: 27). Авратни очиш шайтоний фириб-найранг бўлиб, бугунда кўплаб инсоний жамиятлар бунга гирифтор бўлганлар ва кўп ҳолларда буни маданият ва тараққиёт деб атайдилар. Яланғоч юрувчилар нодийлари (клублари) ташкил этилган, аёллар ичида шармсизлик авж олган, уларнинг баданлари эркаклар олдида беҳаё суратда тобора кўпроқ намоён бўлмоқда.

Мусулмон биродар! Авратни кўрсатмай ва билдирмай турадиган кийим воситасида тўсиш вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик» (Аъроф: 26). Авратни яшириб турувчи либос кийиш матлуб ва вожиб ишдир.

Эркак кишининг аврати киндикдан тиззагачадир. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Сонингни кўрсатма, тирик ё ўлик одамнинг сонига қарама!» (Абу Довуд (3140), Ибн Можа (14600 ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда айтилади: «Сонингни ўра, чунки сон авратдир» (Молик, Аҳмад, Термизий ривоятлари, Термизий ҳасан деган). Шундай бўлгани ҳолда, минг афсуски, кўп эркакларни спорт ўйинлари пайтида сонларини очиб юришларини ва фақат кучли (қўпол) аврат жойларинигина тўсиб юришларини кўрасиз. Бундай қилиш мазкур ояту ҳадисларга очиқдан-очиқ хилоф қилишдир. Бундан огоҳланишлари, динлари аҳкомларига риоя қилишлари ва унга хилоф бўлувчи нарсалардан сақланишлари вожибдир.

Аёл кишининг бутун бадани авратдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши авратдир», деганлар (Имом Термизий (1173) Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган). Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аёл киши изорсиз (яъни лозимсиз), диръ (устки кийим) ва рўмол билан намоз ўқиса бўладими?» деб сўраганида «Агар кўйлаги қадами устини ёпиб турса (бўлади, деб жавоб берганлар (Абу Довуд (640) ривояти). Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳайз кўрувчи (яъни, балоғатга етган аёл)нинг рўмолсиз ўқиган намозини қабул қилмайди» (Абу Довуд (641), Термизий (377) ривояти, Термизий саҳиҳ санаган ва: «Аҳли илмлар наздида шунга амал қилинади, аёл киши балоғатга етган ҳолида авратидан бирор жойи очиқ ҳолда намоз ўқиса, намози яроқли бўлмайди», деган).

Ушбу ҳадислар ва Аллоҳ таолонинг: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур: 31), «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» (Аҳзоб: 59) деган оятлари ҳамда Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эҳромда эканимизда ёнимиздан эркаклар ўтиб қолса, рўмол-чимматимизни юзимизга ташлаб олар, ўтиб кетгач, юзимизни очиб олар эдик» деган сўзлари (Абу Довуд (1833) ривояти), мана шу далил-ҳужжатлар ва шу маънода Китобу Суннатда келган бошқа кўплаб далиллар аёл кишининг бутун бадани бегона эркаклар учун аврат эканига, хоҳ намозда, хоҳ бошқа ўринда бўлсин, бегоналар ҳузурида баданининг бирон аъзосини очиши жоиз эмаслигига далил бўлади. Аммо, бегона эркаклардан холи ўринда намоз ўқиса, намозда юзини очиб олади, юз намозда аврат эмас. Лекин, номаҳрам эркаклар олдида юз ҳам аврат саналади ва уларнинг кўзи тушиши жоиз бўлмайди.

Ҳозирги замонда кўплаб муслима аёллар кофир ва муртад аёлларга тақлид қилиб очиқ-сочиқ юришлари, сатр масаласига бепарво қарашлари, баданларининг мафтункор ўринларини кўрсатишда кимўзарга мусобақа қилишлари, авратни ёпмайдиган кийимлар кийишлари ғоят ачинарли ва кишини ғамга солувчи ҳолатлардандир. Аллоҳ Ўзи тавфиқ берсин.

Аллоҳ таоло намозда сатри авратдан кўра ортиқроқ миқдорда кийинишга, яъни, зийнатли бўлиб, яхши кийимлар кийишга буюрди: «Эй Одам болалари, ҳар бир намоз чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз)» (Аъроф: 31). Бу эса мусулмон киши намозда Парвардигор таборака ва таоло олдида туриш учун энг яхши ва чиройли кийимларини кийиши лойиқлигига ҳамда мана шундай улуғ ўринда ҳам зоҳиран, ҳам ботинан энг комил кўринишда бўлиши лозимлигига далолат қилади.

Учинчи: Нажосатдан сақланиш

Намознинг шартларидан яна бири – нажосатдан сақланиш, яъни намозхон нажас-нопокликдан эҳтиёт бўлиши, бадани ҳам, кийими ҳам, намоз ўқийдиган жойи ҳам ундан тамомила пок бўлишидир.

Нажосат – намознинг яроқли бўлишига монеълик қиладиган ўлимтик, қон, ароқ, сийдик, ахлат (нажас) каби нарсалардир. Аллоҳ таоло айтади: «Либосларингизни пок тутинг!» (Муддассир: 4). Ибн Сийрин айтади: «Яъни, уни сув билан ювинг» (Тафсир Ибн Касир: 4/442). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бавлдан покланинглар! Зеро, қабр азоби кўпинча шундан бўлади», деганлар (Дорақутний (1/127, 128) Анас ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Ҳофиз «Булуғул-маром»да (28-б): «Исноди саҳиҳ, бошқа шоҳидлари ҳам бор, асли «Саҳиҳайн»да мавжуд», деган, яъни Бухорий (218) ва Муслим (292) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини кийимига теккан ҳайз қонини ювиб ташлаб, унда намоз ўқийверишга буюрганлар, оёқ кийимларни ишқалаб ташлаб, уларда намоз ўқишга буюрганлар, масжидга қилинган бавл устига сув қуйиб юборишга буюрганлар. Нажосатдан сақланишга далолат қилувчи бундан бошқа ҳам кўплаб далиллар бор. Намоз ўқувчининг баданида ё кийимида ё жойнамозида нажосат бўлса, шунингдек, нажосат илашган бирон нарсани ўзи билан олган бўлса, унинг намози яроқли бўлмайди.

Ким намоздан кейин ўзида нажосат борлигини кўриб қолса, унинг қачон илашганини билмаса, намози дуруст бўлаверади. Шунингдек, намоздан олдин уни кўрган бўлса-ю, кетказиш эсидан чиққан бўлса ҳам, саҳиҳ қавлга кўра, намози дуруст бўлади.

Агар намози асносида нажосатни билиб қолса ва амали касир (яъни, ортиқча кўп ҳаракат) қилмасдан уни кетказиш имкони бўлса, масалан, нажосат илашган оёқ кийим, салла ё устки кийимини ечиб ташласа, намози яроқли бўлади. Агар уни кетказиш имкони бўлмаса, намози яроқли бўлмайди.

Қабристонда жаноза намозидан бошқа намоз ўқиш дуруст бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ер юзининг ҳаммаси намозгоҳдир, фақат қабристон ва ҳаммом бундан мустасно», деганлар (Термизий (317), Абу Довуд (492), Ибн Можа (745), Аҳмад (3/83, №11801) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган), «Қабрларга юзланиб намоз ўқиманглар, улар устига ўтирманглар», деганлар (Муслим (972), Термизий (105010, Абу Довуд (3229), Насоий (760), Аҳмад (4/135, №17215) Абу Марсад ал-Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), «Қабрларни масжид қилиб олишдан эҳтиёт бўлинглар, мен сизларни бундан қайтараман», деганлар (Имом Муслим (532) Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривояти).

Қабристонда ёки қабрлар ёнида намоз ўқишдан қайтариш сабаби – нажосат хавфи бўлгани учун эмас, балки уларни улуғлаш ва сиғиниш моддасига айлантириб олиш хавфи борлиги эди. Сабаб – қабр эгаларига сиғинишнинг олдини олиш эди. Жаноза намози бундан мустасно бўлиб, уни қабристонда ўқиш жоиз. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар, у зотнинг феъллари наҳийни (яъни қайтариқни) хослаб қўяди. Қабрлар ёнидагина эмас, балки умуман қабристон ичида намоз ўқилмайди, чунки наҳий қабристонга умумий бўлган.

Шайхулислом Ибн Таймия қабр устига қурилган масжид ҳақида айтади: «Унда на фарз, на нафл намози ўқилади. Агар масжид қабрдан олдин ҳам мавжуд бўлган бўлса, ё қабрни текислаб ташлаш ёки қабр янги бўлса, уни қазиб чиқариш ташлаш билан ўзгартирилади. Агар қабр масжиддан олдин бўлган бўлса, ё масжидни жилдирилади ё эса қабр кўриниши кетказилади» (Мажмуъул-фатава: 22/195).

Қибласи қабрга қараган масжидда ҳам намоз ўқиш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрларга юзланиб намоз ўқиманглар», деганлар (Муслим (972), Термизий (105010, Абу Довуд (3229), Насоий (760), Аҳмад (4/135, №17215) Абу Марсад ал-Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ҳожатхоналарда намоз ўқиш мумкин эмас, чунки улар нажосат учун махсус қилинган жойлардир. Қолаверса, шориъ (шариат соҳиби) уларда Аллоҳни зикр қилишдан қайтарган, шундай экан, намоздан албатта қайтарганлик маълум бўлади. Ундан ташқари, ҳожатхоналарда жин-шайтонлар ҳозир бўлишади.

Ҳаммомда ҳам намоз ўқиш дуруст эмас. Чунки, ҳаммом ювиниш ва чўмилиш ўрни бўлиб, авратлар очиладиган ва шайтонлар бор бўладиган жойдир. Қайтариқ ҳаммом эшиги ичкарисидаги ҳамма ўринни ўз ичига олади ва у ерда намоз ўқиш жоиз бўлмайди.

Туялар ётадиган қўраларда ҳам намоз ўқиш дуруст бўлмайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Туяхоналарда намоз ўқишдан қайтарилди, чунки улар шайтонларнинг маъволаридир. Ҳаммомда намоз ўқишдан ҳам қайтарилган, чунки улар ҳам шайтонларнинг маъволаридир. Хабис-нопок арвоҳларнинг маъволарида намоз ўқишдан сақланиш лойиқдир» (Мажмуъул-фатава: 25/240).

Суратлар бор жойда намоз ўқиш макруҳдир. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «У ҳаммомда намоз ўқишдан кўра макруҳликка лойиқроқ. Чунки, ҳаммомда намоз ўқишнинг кароҳати ё унинг нажосат ўрни экани гумони билан ё эса – саҳиҳроқ сўзга кўра – шайтонлар маскани экани сабаблидир. Энди суратлар бор бўлган жой ҳам ширк гумон қилинадиган ўринлардандир. Халқларнинг аксарият ширкка ботиши суратлар ва қабрлар орқали бўлган» (Зодул-маод: 3/458).

Мусулмон биродар! Намозингизга қаттиқ эътибор беринг, намоз бошлашдан олдин нажосатлардан яхшилаб покланганингизга ишонч ҳосил қилинг, намоз ўқишдан қайтарилган жойлардан четланинг, токи намозингиз Аллоҳнинг шариатига мувофиқ, саҳиҳ бўлсин. Намоз аҳкомларидан бирортасига ҳам бепарво қараманг ва сустлик қилманг. Чунки, намозингиз динингизнинг устунидир. Қачон намоз тўғри бўлса, шундагина дин ҳам тўғри бўлади, намозга халаллик етса, динга халаллик етади.

Аллоҳ таоло барчамизни яхшилик ва тўғрилик бор бўлган ишларга муваффақ этсин.

Тўртинчи: Қиблага юзланиш

Намознинг шартларидан яна бири – қиблага юзланишдир. Қибла – Каъбаи мушаррафа бўлиб, одамлар унга иқбол қилганлари ва намоз ўқувчи унга қараб тургани учун қибла (юзланиш ўрни) деб ном олган. Аллоҳ таоло айтади: «Юзингизни Масжидул Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара: 144, 150). Намоз ўқувчи киши Каъба яқинида бўлса ва уни кўриб турган бўлса, бутун бадани билан Каъбанинг ўзига юзланиши вожиб бўлади. Чунки, у айнан Каъбага юзланишга қодир, ундан бошқа томонга бурилиши жоиз эмас. Агар Каъба яқинида бўлса-ю, ўртада тўсиқ борлиги учун уни кўрмаётган бўлса, имкони борича унга юзланиш ва уни топишга ҳаракат қилади. Энди ким Каъбадан узоқда бўлса, ер юзининг қаерида бўлмасин, намозида Каъба жойлашган томонга қараб туради, хиёл ўнгроққа ё чапроққа қараб қолишининг зарари йўқ. Чунки, ҳадисда келганидек: «Қибла шарқ ва ғарб оралиғидадир» (Термизий (344), Ибн Можа (1011) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган, яна бир неча саҳобалардан ҳам ривоят қилинган). Бу Мадина аҳлига ва қиблада уларга мувофиқ келувчи жойлар аҳолисига нисбатан айтилган сўздир. Лекин, машриқ тарафда турувчилар қибласи шимол билан жануб оралиғидадир, мағриб тарафдагилар қибласи ҳам шундай.

Қибладан бошқа томонга қараб ўқилган намоз яроқли бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара: 144, 150) деб буюрган. Яъни, ердами, осмондами, қуруқликдами, денгиздами, машриқдами, мағрибдами, қаерда бўлманг, у тарафга юзланинг, деди. Фақат қиблага юзланишдан ожиз бўлган, мисол учун, қиблага тескари қилиб боғлаб қўйилган ё осиб қўйилган одам, бурилишга қодир бўлмаса, қибладан бошқа томонга қараб ҳам қодир бўлганича ўқийверади. Чунки, уламолар ижмоъларича, ожизлиги сабабли ундан ушбу шарт соқит бўлади. Уруш қизиган пайтда ҳам шундай. Шунингдек, сел, ўт, йиртқич ҳайвон ёки душмандан қочиб кетаётган одам ёхуд қиблага юзланишга қодир бўлмайдиган касал, булар ҳаммаси ҳолатлари кўтаришича, қибладан бошқа томонга қараб бўлса ҳам ўқийверадилар ва намозлари саҳиҳ-дуруст бўлади. Чунки, ожизликлари сабабли шарт улардан соқит бўлади. Аллоҳ таоло: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар», дейди (Тағобун: 16). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Бухорий (7288) ва Муслим (1337) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда келганки, улар (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари) хавф-хатар ғоят кучайган пайтда қиблага юзланиб ҳам, юзланмай ҳам намоз ўқирдилар (Бухорий (4535), Муслим (839) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Қиблани топишнинг йўллари кўп. Жумладан, хабар бериш. Агар қибланиниг қайси томонда эканини аниқ билувчи ишончли ва адолатли киши қибланинг хабарини берса, унинг хабарига амал қилинади. Шунингдек, (масжидлардаги) исломий меҳробларга қараб ҳам амал қилинаверади. Чунки, ўша меҳробларга давомий равишда юзланиб келиш унинг йўналиши тўғрилигига далолат қилади. ундан ташқари, юлдузларга қараб ҳам қиблани топиш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «(Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар» (Наҳл: 16).

Бешинчи: Ният

Намознинг шартларидан яна бири ниятдир. Ният – луғатда қасд қилиш маъносида, шариатда эса Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилиш учун ибодатга азм қилиш маъносида тушунилади. Унинг ўрни қалб бўлиб, тил билан талаффуз қилишга ҳожат йўқ, балки ундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари қилмаган бидъатдир. Ўзи ўқимоқчи бўлаётган намозга дили билан пешин ё аср деб ният қилади. Чунки, ҳадисда айтилгани каби: «Амаллар фақат ниятлари билан эътиборлидир» (Бухорий (1), Муслим (1907) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). (Имом Бухорий ривояти). Ниятни такбиратул иҳром (яъни намозга қулоқ қоқиш) пайтида қилади, шунда ният ибодат билан боғланган бўлади. Бироқ, бироз олдинроқ ният қилса ҳам зарари йўқ.

Ният намознинг бошдан охиригача давом этиши шарт қилинади. Агар намоз ўртасида ниятни узса, намози бекор бўлади. Фарз намозга деб ният қилган (яъни, қулоқ қоққан) киши хоҳ маъмум (яъни, имомга эргашган), хоҳ ёлғиз ўқиётган бўлсин, дуруст ғараз билан намозини нафлга айлантириб олиши жоиз. Яъни, масалан, ёлғиз ҳолда намозни бошлаган бўлса ва кейин жамоат билан ўқишни истаб қолса, (ўқиётган намозини нафлга айлантириб, фарзни жамоат билан ўқиши мумкин.)

Айрим одамлар ният хусусида шариатда бўлмаган бидъат ва қаттиқликни пайдо қилишган бўлиб, намоздан олдин: «Фалон намознинг шунча ракъат фарзини мана шу имом ортида холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим» каби сўзларни айтишади. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган иш бўлиб, у зот тарафларидан ниятни хоҳ махфий, хоҳ ошкор талаффуз қилганликлари ва бунга амр этганликлари нақл қилинмаган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имомлар (яъни, дин ва мазҳаб имомлари) ниятни жаҳрий (овоз чиқариб) қилиш ва уни такрор-такрор қилиш машруъ эмаслигига иттифоқ қилганлар, балки шундай қилишни одат қилиб олган одамнинг адабини бериш керак бўлади, ниятни жаҳрий қилувчи киши унга ҳақни билдирилгандан сўнг энди таъзирга лойиқдир. Айниқса, бу иши билан (ёнидагиларга) озор берса ва такрор-такрор қилса...» (Сўзида давом этиб, кейин шундай дейди:) «Айрим мутааххирлар (салафлардан кейинги даврдаги одамлар) бу ҳақда Шофеий мазҳабидан бир важҳни келтирганлар. Буни имом Шофеийнинг жумҳур асҳоблари ғалат-хато санаганлар. Имом Шофеий: «Намознинг аввалида нутқ лозим», деган, буни хато тушуниб олганлар нутқдан мурод ният деб гумон қилдилар, аслида у киши такбирни кўзда тутган эдилар» (Мажмуъул-фатава: 22/218).

Ниятни талаффуз қилиш бидъат бўлиш билан бир қаторда риёга ҳам киради. Чунки, амални Аллоҳ учун холис ва махфий қилиш матлубдир. Фақат ошкор қилиш лозимлигига далил келган амаллар бундан мустасно. Мусулмон киши суннатга амал қилиб ва бидъатни – қайси турда ва ким томонидан чиқарилган бўлишидан қатъий назар – тарк қилиб, шариат ҳад-ҳудудларида туриши муносибдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир!» (Ҳужурот: 16).

Аллоҳ диллардаги ниятлару мақсадларни яхши билувчи Зотдир. Бинобарин, намозда ва бошқа барча ибодатларда ниятни тил билан айтишга ҳожат йўқ. Валлоҳу аълам.

[1] "Ихтиёр вақти" нинг маъноси: мукаллаф инсон намозни ўша вақтнинг охиригача узрсиз кечиктирса бўлаверади.