Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Масбуққа доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3347 марта кўрилган

Уламолар сўзларининг саҳиҳроғига кўра, масбуқ (яъни, жамоат намозига кейин қўшилган одам) энг камида намознинг бир ракъатига етган бўлса жамоатга етган ҳисобланади. Агар ундан камига етса, жамоатга етган саналмайди. Бироқ, шундай бўлса-да, етган жойидан имомга иқтидо қилиб ўқийверади ва ниятига кўра жамоатнинг ажрига эришади. Мабодо, масжидга кирганида намоз ўқиб бўлинган бўлса ҳам, ниятига кўра жамоат билан намоз ўқиганнинг ажрига эга бўлаверади. Ҳадисларда ворид бўлганидек, кимда-ким яхшиликни ният қилган бўлса-ю, уни қилолмаган бўлса, унга ўша яхшиликни қилгандек ажр ёзилади[1].

Саҳиҳ сўзга кўра, рукуъга етиш билан ўша ракъатга етган бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким рукуъга етган бўлса, ўша ракъатга етибди», деганлар (Абу Довуд (893) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъда эканлар. Шунда у сафга етмасдан рукуъ қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўша ракъатни қайта ўқишга буюрмадилар (Имом Бухорий (783) ривояти). Бу эса унинг шу ракъатга етганига далолат қилади.

Агар имомни рукуъда топса, аввал тик турган ҳолида такбиратул иҳромга такбир айтади (яъни, қўлларини кўтариб, «Аллоҳу акбар» деб намозга киради), сўнг иккинчи такбир билан рукуъга боради, мана шу афзал. Агар такбиратул иҳром такбирига чекланиб, рукуъга такбир айтмаса ҳам кифоя қилади. Бироқ, такбиратул иҳромни тик турган ҳолида қилиши шарт.

Масбуқ имомни намознинг қаерида топса ҳам унга эргашиб, намозни давом эттираверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда келганидек: «Агар намозга келсангизлар, биз саждада бўлсак, сизлар ҳам сажда қилинглар ва (лекин) у (сажда)ни ҳисоб қилманглар» (Абу Довуд ривояти: 893).

Имом иккинчи саломни берганидан кейин масбуқ туриб кетиб, қолдирган ракъатларини тўла қилади, иккинчи саломдан олдин туриб кетмайди.

Саҳиҳ сўзга кўра, масбуқ имомга намознинг қайси қисмида қўшилган бўлса, унинг намозининг аввали ўша ердан бўлиб, саломдан кейин туриб ўқиб қўйган қисми намозининг охири саналади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Етган жойингиздан ўқийверинглар, улгурмаганингизни кейин тўлдириб қўйинглар», деганлар (Муттафақун алайҳ). Бир нарсани тўлдириб қўйиш учун унинг аввали муқаддам қилинган бўлиши керак. «Улгурмаганингизнинг қазосини қилинглар» ривояти «тўлдириб қўйинглар» ривоятига зид келмайди. Қазо деганда адо этиш маъноси кўзда тутилади. Чунки, Аллоҳ таолонинг қуйидаги: «Энди қачон намоз адо қилингач» (Жумъа: 10), «Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач» (Бақара: 200) оятларида ҳам ушбу калима шу маънода келган. Демак, «қазосини қилинглар» ибораси «адо қилинглар» маъносида тушунилади, валлоҳу аълам.

Намоз жаҳрий бўлса, маъмум имомнинг қироатига қулоқ солиши вожиб. Имом қироат қилаётганида у на сураи Фотиҳани, на бошқасини қироат қилиши жоиз бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар» деган (Аъроф: 204).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Ушбу оят намоз ҳақида эканига ижмоъ қилганлар», дейди (Ал-муғний: 1/636).

Агар қироат қилиш маъмумга ҳам вожиб бўлса эди, қулоқ солиб туриш суннати учун у вожибни тарк қилишга буюрилмаган бўларди. Чунки, маъмум қироат билан машғул бўлса, имомнинг жаҳрий ўқишининг фойдаси бўлмайди. Имомнинг қироатига омийн дейиш билан маъмум ҳам қироат қилгандек бўлади. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга: «Икковингизнинг дуоларингиз ижобат бўлди» (Юнус: 89), деди. Ҳолбуки, Мусо алайҳиссалом бир ўзлари дуо қилгандилар: «Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришлари учун шундай қилдинг. Парвар­дигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар» (Юнус: 88), Ҳорун алайҳиссалом эса омийн деб тургандилар, у кишининг омийн деб туришлари дуо манзилатида бўлди ва гўё икковлари дуо қилгандек бўлдилар. Демак, дуога омийн деб турган киши ўша дуони қилган ўрнида бўлади.

Аммо, агар намоз махфий (яъни қироат ошкор ўқилмайдиган) бўлса, ёки маъмум имомнинг қироатини эшитмаса, бу ҳолда унга Фотиҳа сурасини ўқиши фарз бўлади ва шу билан маъмум махфий намозда Фотиҳа сурасини ўқиши фарзлиги ҳақидаги далиллар жамланади, валлоҳу аълам.

Жамоат намозига доир муҳим ҳукмлардан бири шуки, маъмум имомга тўла эргашиши ва ундан олдинга ўтиб кетиб қолмаслиги лозим. Чунки, маъмум имомга иқтидо қилувчи деганидир, иқтидо қилувчи ўзи иқтидо қилган кишидан ўзиб кетиши ҳаромдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз, бошини имомдан аввал кўтарса, Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига айлантириб қўйишидан – ёки унинг шаклини эшакнинг шаклига айлантириб қўйишидан – қўрқмайдими, ахир?!» деганлар (Бухорий (691), Муслим (427) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Имомидан ўзиб кетган одам қилаётган амалининг маъносини тушунмайдиган эшакка ўхшаган бўлади ва бу амали учун жазога лойиқ бўлади.

Саҳиҳ ҳадис борки: «Имом унга эргашилиш учун имом қилинган. Шундай экан, то у рукуъ қилмагунча рукуъ қилманглар, то у сажда қилмагунча сажда қилманглар» (Бухорий (371), Муслим (411) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Имом Абу Довуд ва имом Аҳмад келтирган ҳадисда айтилган: «Имом унга эргашилиши учун қилинган. У рукуъ қилса, рукуъ қилинглар, то у рукуъ қилмагунича рукуъ қилманглар! У сажда қилса, сажда қилинглар, то у сажда қилмагунича сажда қилманглар!» (Абу Довуд (603), Аҳмад (2/341, №8502) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ал-Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан кейин, то саждага бормагунларича бизлардан бирон киши ҳам (сажда учун) белини букмас эди. Сўнг у зотнинг ортларидан саждага борар эдик» (Бухорий (690), Муслим (474) ривоят қилганлар).

Умар розияллоҳу анҳу бир кишини имомидан ўзиб кетаётганини кўриб, урдилар ва: «На ўзинг ёлғиз намоз ўқидинг, на имомингга иқтидо қилдинг», дедилар (Шайхулислом «Мажмуъул-фатово»да (23/292) келтирган, «Муғний»: 1/601).

Бу айрим намозхонлар енгил санайдиган ва бепарво қарайдиган ишлар жумласидан бўлиб, улар кўпинча имомдан ўзиб кетадилар ва бу билан азобга лойиқ бўладилар. Қолаверса, уларнинг намозлари дуруст бўлмаслиги хавфи бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рукуъ-сужудда ҳам, намоздан чиқишда ҳам мендан ўзиб кетманглар», деганлар (Имом Муслим (426) Анас розияллоҳу анҳудан ривояти).

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Имомдан ўтиб кетиш дин имомлари иттифоқига кўра ҳаромдир. Ҳеч бир кишига имомидан олдин на рукуъ қилиши, на рукуъдан бош кўтариши ва на сажда қилиши жоиз эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан қайтарувчи кўплаб ҳадислари мавжуд» (Мажмуъул-фатово: 23/336).

Имомдан ўзиб кетиш айрим намозхонларнинг намозини бузиш мақсадида шайтон томонидан қилинадиган найранглардандир. Аслида, имомдан ўзиб кетиш билан нима ҳам фойда топади. Барибир то имом салом бермагунича намоздан чиқиб кетолмайди-ку!

Мусулмон киши бундан огоҳ бўлиши, имомга эргашиш ва иқтидо қилиш аҳкомларига мудом риоя қилиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Унинг динини тушунишга ва дин аҳкомларига онгли равишда ёндошишга муваффақ қилсин. У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир. Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди.

[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким таҳорат қилса, таҳоратини чиройли қилса, сўнг (масжидга) борса ва одамларни намоз ўқиб бўлган ҳолда топса, унга Аллоҳ азза ва жалла ўша намозни ўқиган ва унда ҳозир бўлган кишилар ажрини ато этади, бу уларнинг ажридан бирон нарсани камайтирмайди», деганлар (Абу Довуд (564) ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирганлар).