Жума 17 Ноябрь 2017 | 27 Сафар 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Динда фақиҳ (олим) бўлишнинг фазли

5416 марта кўрилган

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавоту саломлар бўлсин.

Дарҳақиқат, динда фақиҳ (яъни, чуқур илмга эга) бўлиш энг афзал амаллардан ва яхшилик белгиларидан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди» (Муттафақун алайҳ). Боиси, солиҳ амалнинг пойдевори бўлмиш фойдали илм динда фақиҳ бўлиш билан ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «У Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган зотдир» (Тавба: 33, Фатҳ: 28, Саф: 9). Ҳидоят – фойдали илм, ҳақ дин эса солиҳ амалдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни илмини зиёда қилишни сўрашга буюрган: «Айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин»» (Тоҳа: 114). Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мана шунинг ўзи ҳам илмнинг фазилатига кифоя қилади. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни илмдан бошқа бирон нарсани зиёда қилишни сўрашга буюрмаган». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдали илм ўрганиладиган илм мажлисларини «жаннат боғчалари» деб атаганлар, уламоларни пайғамбарларнинг ворислари деб эълон қилганлар.

Шубҳасиз, инсон ҳар қандай амалга қадам қўйишидан олдин ўша амали тўғри ҳамда унинг ортидан кўзланган мақсадга етказувчи бўлиши учун уни тўғри адо қилиш йўлини билиб олиши зарур. Шундай экан, қандай қилиб ўзининг дўзахдан қутулиб, жаннатга кириши унга боғлиқ бўлган амалга – Парвардигорининг ибодатига илмсиз қадам қўйиши мумкин?! Шу жиҳатдан олиб қараганда, инсонлар илм ва амалга нисбатан уч гуруҳга бўлинадилар:

Биринчи гуруҳ: Фойдали илм ва солиҳ амални жамлаган кишилар. Улар Аллоҳ томонидан пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга инъом этилган ҳақ йўлга ҳидоятланган кишилардир.

Иккинчи гуруҳ: Фойдали илмни ўрганган, бироқ унга амал қилмаганлар. Улар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган яҳудийлар ва уларнинг йўлини тутган тоифалардир.

Учинчи гуруҳ: Илмсиз равишда амал қиладиганлар. Улар насронийлар ва уларга эргашган бошқа залолат аҳлларидир.

Сиз билан биз намозларимизнинг ҳар бир ракъатида ўқийдиган Фотиҳа сурасининг қуйидаги оятлари мазкур уч гуруҳнинг барчасини ўз ичига олган: «Бизларни ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан». Шайхулислом Муҳаммад ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ ибораси билан айтганда: «Ғазабга дучор бўлган кимсалар – илмларига амал қилмаган кишилар, ҳақ йўлдан тойган кимсалар эса илмсиз равишда амал қилувчилардир. Биринчиси яҳудларнинг сифати, иккинчиси насронийларнинг сифатидир. Тафсирларда ғазабга дучор бўлган кишилар яҳудийлар, адашган кишилар эса насронийлар эканини ўқиб олган илмсиз киши буни фақат ўшаларнинг ўзига хос деб ўйлаб қолади. Ваҳоланки, Парвардигори унга мана шу дуо билан дуо қилишни ва мазкур сифатлар аҳлининг йўлидан паноҳ тилашни фарз қилмоқда!! Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг Ўзи унга қандай сўзлар билан давомий равишда дуо қилишни таълим берса, ихтиёр қилса, фарз қилса-ю, у буни ўзига тааллуқли деб билмаса, бу қилиғи Аллоҳга нисбатан ёмон гумонда бўлиш эканини тасаввур ҳам қилмаса!!» (иқтибос тугади).

Бу сўзлари билан у ушбу улуғ суранинг – Фотиҳа сурасининг – фарзу нафл намозларимизнинг ҳар бир ракъатида ўқишга буюрилишимиз остидаги ҳикматни баён қилиб бермоқда. Зотан, ушбу сура буюк сир-асрорларни ўз ичига олган бўлиб, мана бу улуғ дуо – яъни, Аллоҳ бизларни дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот йўли бўлмиш фойдали илм ва солиҳ амал эгалари йўлига муваффақ этишини ҳамда фойдали илм ва солиҳ амални қўлдан бой берган ҳалок бўлувчилар йўлидан узоқ қилишини сўраш ҳам мана шу сирлар жумласидандир.

Азиз ўқувчи! Билингки, фойдали илмга фақат Китобу Суннатни тўғри тушуниш ва тафаккур қилиш орқали эришилади ва бунда холис насиҳатгўй устозлар ёрдамига, тафсир китоблари, ҳадисларнинг шарҳлари, фиқҳ китоблари, наҳв китоблари ҳамда Қуръон нозил бўлган араб тилини ўргатувчи китобларга муҳтож бўлинади. Зеро, Китобу Суннатни мана шу китоблар орқали тушунилади.

Мусулмон биродар! Амалингиз дуруст ва тўғри бўлиши учун динингизнинг ўзагини ташкил этувчи намоз, рўза, ҳаж ва закот каби фарз амаллар аҳкомларини ўрганмоғингиз, кундалик ҳаётингизда Аллоҳ рухсат берган ишларни қилиш ва У ман қилган ишлардан тийилиш учун, касбингиз ва емак-ичмагингиз ҳалол бўлиши, ўзингиз эса дуоси ижобат бўладиган кишилардан бўлишингиз учун зарур бўлган муомалот аҳкомларини ўрганмоғингиз фарз бўлади. Азму қарорингиз саҳиҳ ва ниятингиз тўғри бўлса, Аллоҳнинг изни билан, буларнинг ҳаммасини керакли даражада билиб олишингиз мумкин.

Бинобарин, фойдали китобларни мутолаа қилишга ҳаракат қилинг, уламоларга яқинлашинг, билмаган нарсаларингизни улардан сўранг, динингиз аҳкомларини улардан ўқиб-ўрганинг, масжидларда ва бошқа зиё масканларида ўтказилувчи диний суҳбат ва йиғилишларда иштирок этинг, радиодан берилувчи диний барномаларни тингланг, диний масалаларни ёритиб берувчи газета-журналлар ва варақаларни ўқиб боринг. Тома-тома кўл бўлур деганларидек, битта-биттадан маълумот олганингизда ҳам анча-мунча билимга эга бўласиз, онгингиз нурафшон бўлиб боради.

Шуни ҳам унутмангки, илмнинг зиёда бўлиши ва ўсишига амалнинг ҳам жуда катта таъсири бор. Билган нарсангизга амал қилиб бораверсангиз, Аллоҳ таоло илмингизни зиёда қилади. Ҳикматларда айтилганидек: «Ким билган нарсасига амал қилса, Аллоҳ таоло уни билмаган нарсаларини билишга етказади». Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шу маънога далолат қилади: «Аллоҳдан тақво қилингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақни) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Бақара: 282). Илм ўрганиш – вақтлар сарфланиши учун энг муносиб ишдир, оқиллар унга эришиш йўлида мусобақага киришадилар, қалбларнинг ҳаёти ва амалларнинг тўғриланиши у биландир.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Китобида амалли олимларни мақтади, уларнинг шаънларини юксакларга кўтарди: «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар: 9), «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мужодала: 11). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло иймон билан бирга илм ато этилган зотларнинг даражаларини баён қилиб берди, сўнг илм билан амал чамбарчас боғлиқ бўлиши зарурлигини ҳамда илму амал иймондан келиб чиқиши лозимлигини англатиш маъносида Ўзининг бизларнинг ҳар бир амалларимиздан огоҳ ва хабардор эканини билдирди.

Биз ҳам яхшилик ва тақво ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш мажбуриятига амал қилиб, Аллоҳнинг мадади билан ушбу китобимиз орқали сиз азизларга уламоларимиз Китобу Суннатдан чиқариб олган ва китобларида ёзиб қолдирган улкан фиқҳий жамғарма ичидан айрим маълумотларни тақдим этамиз, шояд бу маълумотлар сизнинг фойдали илмингиз зиёдаланишига сабаб бўлса.

Аллоҳ таолодан барчамизга фойдали илм ато этишини ва солиҳ амалга муваффақ қилишини сўраймиз, бизларга ҳақни ҳақ қилиб кўрсатишини ва унга эргашиш бахтига муяссар этишини, ботилнинг ботиллигини билдириб, ундан сақланишга муваффақ этишини сўраймиз. Зотан, У дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.