Душанба 25 Сентябрь 2017 | 4 Муҳаррам 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Занжирбанд асир қиссаси... Сийратдан сабоқлар

4506 марта кўрилган

شيخ محمد حسان

أسير في قيد.. دروس وعبر

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Занжирбанд асир қиссаси... Сийратдан намуналар».. Бугунги суҳбатимизни шундай деб атадик. Одатимизга кўра, уни бир неча қисмга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Ҳалимлик ва одамларга чиройли муомала қилиш нафратни муҳаббатга айлантиради.
  2. Иккинчи: Ибрат намуналарига тўла сийрат.
  3. Учинчи: Унга қайтмоқ зарурдир.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Ҳалимлик ва одамларга чиройли муомала қилиш нафратни муҳаббатга айлантиради

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажд томонга бир неча отлиқларни юбордилар. Яъни, Муҳаммад ибн Маслама бошлиқ бир сарийя (ҳарбий бўлинма)ни Наждга юбордилар. Улар йўл-йўлакай Бану Ҳанифа қабиласилик, Ямоманинг саййиди Сумома ибн Усол номли бир кишини қўлга тушириб келдилар. Улар унинг кимлигини билмас эдилар. Уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўйдилар. Улар Сумомани Маккага, умра сафарига кетаётган чоғида ушлаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб, уни танидилар. Ибн Ҳишом ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Биласизларми, бу ким?! Бу Ямоманинг саййиди Сумома ибн Усол», дедилар ва асҳобларига унга яхши муомала қилишни буюрдилар.

«Саҳиҳайн»даги ривоятга қайтамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига чиқиб: «Нима мақсадингиз бор эди эй Сумома?», деб сўрадилар. У: «Ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ, эй Муҳаммад. Агар ўлдирсангиз, бир тирик жонни ўлдирасиз. Агар марҳамат кўрсатсангиз, яхшиликни билган одамга марҳамат кўрсатган бўласиз. Агар мол истасангиз, истаганингизча молга эга бўласиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан кетдилар. Кейин эртасига унинг ёнидан ўтаётиб, яна ўша саволларни қайтардилар. У ҳам аввалги жавобни қайтарди. Учинчи марта ҳам юқоридаги савол-жавоб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сумомани бўшатиб юборинглар», дедилар. Уни бўшатиб юборишди. Шунда Сумома масжидга яқин бир хурмозорга бориб, ғусл қилди, сўнг қайтиб келиб, Исломни қабул қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг юзингиздан кўра ёқимсизроқ юз йўқ эди, энди сизнинг юзингиз мен учун энг суюмли юзга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг динингиздан кўра ёқимсизроқ дин йўқ эди, энди сизнинг динингиз мен учун энг суюмли динга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун сизнинг шаҳрингиздан ёмонроқ шаҳар йўқ эди, энди сизнинг шаҳрингиз мен учун энг суюмли шаҳарга айланди Сизнинг отлиқларингиз мени умра учун бораётганимда қўлга олишган эди, энди мени нима қилишга буюрасиз?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга хушхабар бердилар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дунё ва охират яхшилиги билан хушхабар бердилар ёки унга жаннат билан хушхабар бердилар ёки гуноҳлари кечирилиши билан хушхабар бердилар. Чунки, Ислом ўзидан олдинги гуноҳларга каффорат бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муборакбод этдилар ва умра сафарини давом эттиришга буюрдилар. У Қурайш олдига келганида улар: «Сен ҳам йўлдан озибсан-да, эй Сумома?!», дейишди. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Балки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, мусулмон бўлдим. Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!», деди.

Ибн Ҳишом ривоятига кўра, Сумома Батни Маккага етганида баланд овозда талбия (лаббайка) айтди. У Маккада биринчи бўлиб баланд овозда талбия айтган одам бўлди. Мушриклар бундай баланд овозда талбия айтаётган одамни кўришгач: «Ким бўлди бизнинг юртимизда бундай баланд овозда талбия айтадиган ва Муҳаммад асҳобларига ўргатадиган сўзларни такрорлайдиган?!», дейишди. Сўнг уни ушлаб, бошини танидан жудо қилмоқчи бўлишди. Шунда ичларидан бир киши: «Бу одамнинг кимлигини билмайсизларми?! У Ямома қабиласининг саййиди Сумома ибн Усол-ку! Сизлар озиқ-овқатларингизда Ямомага муҳтожсизлар-ку!», деди. Шундан сўнг уни қўйиб юбордилар. Сумома уларга қараб: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!», деди.

Севикли дўстларим!

Бу ғоят гўзал бир манзара, эътироф этишим мумкинки, ҳатто тасаввур қилиб бўлмас даражада гўзал ва ажойиб бир манзарадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат мусулмонларга, балки бутун оламга юборилган раҳмат ва ато этилган неъмат эдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши-ю ёмонга раҳмат эдилар. Ким у зотга иймон келтирса, унга дунё ва охиратда неъмат мукаммал бўлар, ким кофир бўлса, то охиратда Аллоҳга йўлиққунича дунё азобидан қутулар эди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас» (Анфол: 33).

«Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, бошингизга Уҳуд кунидан кўра ҳам оғирроқ кун келганми?», деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар:

«Қавмингиздан кўп нарса кўрдим. Уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган эди. Мен ўзимни (ҳимоя қилиши учун) Ибн Абдиёлил ибн Абдикулолга рўпара қилдим...»

У Тоифнинг улуғзодаларидан бири эди. Лекин, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини рад этди ва нодон кимсаларни ва ёш болаларни у зотга қарши гиж-гижлади. Улар у зотга тош ота бошладилар, ҳақоратлар қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларини тош билан уриб қонатдилар, ҳатто оёқ кийимлари қонга бўялди...

«... У мен истаган нарсага жавоб бермади. Ғамга тўлиб йўлимга кетдим. Ўзимга келсам, Қорнус-Саъалибда (яъни, Қорнул-Манозилда) эканман. Бошимни кўтарсам, бир булут устимга соя ташлаб турибди. Қарасам, унда Жибрил бор. Жибрил менга нидо қилиб шундай деди: «Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзини ва берган жавобини эшитди. Аллоҳ улар хусусида истаган нарсангизни буюришингиз учун сизнинг ҳузурингизга Малакул Жибални (тоғлар фариштасини) жўнатди». Малакул Жибал ҳам менга нидо қилиб салом берди, сўнг деди: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзларини эшитди. Мен Тоғлар фариштасиман. Роббингиз мени сизнинг ҳузурингизга истаган нарсангизга буюришингиз учун юборди. Нима истайсиз? Истасангиз, уларнинг устига икки ахшабни (Макканинг бир-бирига қараб турган Абу Қубайс ва Қуайқион номли икки тоғини) қоплаб қўяман».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, балки мен Аллоҳ азза ва жалла уларнинг пушти камарларидан ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», дедилар.

Бир ривоятда: «Мушрикларни дуоибад қилинг», дейилганида у зот: «Мен лаънат айтувчи қилиб юборилмадим, балки раҳмат қилиб юборилдим», дедилар.

Эй мусулмонлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан кўрилган мулойимлик ва яхши муомала Сумоманинг қалбидаги чуқур нафратни қандай қилиб тўлиб-тошган меҳр-муҳаббатга айлантириб қўйганини ўзингиз бир фикр қилинг!! Қалблар Қўлида бўлган Зотни поклайман! У қалбларни Ўзи истаган томонига ўзгартириб қўяди! «Билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўяди» Анфол: 24).

Эй мусулмонлар! Бу сиз билан бизга асло унутмаслигимиз зарур бўлган жуда катта дарсдир. Қўполлик вайрон қилади, бунёд этмайди! Шиддатлилик бузади, ислоҳ этмайди! Ҳалимлик ва одамларга яхши муомала қилиш диллардаги нафрат ва адоватни тошқин меҳр-муҳаббатга айлантириб қўяди. Биз бу дарсни англашга нақадар муҳтожмиз!

Бир ёш йигитнинг дилини Аллоҳ очиб, соқол қўйиб, кийимини тўпиғидан қуйига ўтказмасдан киядиган, илм мажлисларига қатнашадиган бўлди. Йигитнинг ота-онаси Аллоҳнинг йўлидан бегона, Исломдан узоқда экан. Ўша йигит уйини гўё дўзахга айлантирибди. Отасига қўпол гапирган, онасини уришган, уларни аҳмоққа чиқарган, ака-укаларига ёмон муомала қилган, сингилларини урган.. Унинг бу қилиғидан хонадон аҳли мусулмонлик дегани қаҳр-ғазабдан иборат, деган тасаввурга келиб қолишибди.

Йўқ, эй биродар! Сиз ўзингиз билмаган ҳолда Исломга ёмонлик қилдингиз.. Ўзингиз сезмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватда тутган йўлларига қарши иш тутдингиз!

Эй ёшлар, эй мусулмонлар! Сизлар қўполлик, қаттиқлик ва тошбағирлик қилиш керак бўладиган жиҳод майдони билан мулойимлик, ҳикмат ва раҳм-шафқат талаб қилинадиган даъват майдони ўртасини яхши ажратиб олмоғингиз зарур бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингизнинг йўли динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Аллоҳ таоло Ўзининг икки улуғ пайғамбарига – Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга шундай хитоб қилган: «Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа: 43-44).

Қатода раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни ўқиб, йиғлаган ва: «Сени поклайман эй Парвардигор! Сен нақадар ҳалимсан! Сен Мусо ва Ҳорунни Фиръавнга юмшоқ сўз айтишга буюрдинг. Агар «Мен сизларнинг энг олий парвардигорингизман» деб айтган Фиръавнга нисбатан ҳалимлигинг шу қадар бўлса, «Олий парвардигоримни поклайман» деб, Сенга ибодат қилган кишиларга нисбатан ҳалимлигинг не қадар бўлар экан?!», деган эканлар.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Нафрат Сумоманинг қалбига чуқур ўрнашган эди..

Биласизларки, ҳозирда шарқу ғарбдаги жуда кўпчиликнинг қалбига нафрат чуқур илдиз отган..

Нафрат Сумоманинг қалбига жуда чуқур илдиз отганди.. Ундаги нафрат нафақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсларига, балки у зотнинг динларига ва у зотнинг шаҳарларига нисбатан ҳам қаттиқ эди.

Ана шундай чуқур нафрат ва адоват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мулойимликлари, чиройли муомалалари, ҳикмат ва раҳм-шафқатлари сабабли муҳаббатга айланди.

Аллоҳга даъват қилиш мақоми талаб қиладиган талаблардир бу!

Ҳозирда шарқу ғарбдагилар қалбида Исломга бўлган нафрат илдиз отган, Исломнинг сурати булғанган, сохталаштирилган, ўзгартириб юборилган.

Қандай қилиб унинг суратини ўз аслига қайтара оламиз?!

Жавоб шуки, агар биз аввал-бошидан ўша Исломга қайтсак, энг аввало Исломни бор улуғворлиги билан ўз орамизда ва ҳаёт воқелигимизда амалга оширсак, кейин уни одамлар дунёсида амалий воқеликка ва ярқ этиб кўриниб турувчи ҳаёт манҳажига айлантирсак!!.

Зеро, сўзланган сўз воқеликка ва амалга тўғри келмаса, қалбларда нифоқ уруғларини экади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2-3).

Қаранг, Аллоҳ Сумоманинг қалбини Исломга очгач, у ўзининг бор имконияти ва куч-тоқатини шу динга ёрдам беришга ташлади. Аллоҳнинг динини қабул қилган биринчи лаҳзаларидан тортиб ўз зиммасига юклатилган жуда катта масъулиятни ҳис қила олди. У куфр либосини Ислом остонасида ечиб қолдирди ва иймон билан ширк ўртасидаги жуда катта фарқни эълон қилди. Аллоҳга, Расулига ва мўминларга дўстлигини эълон қилди ва шу билан бир вақтда куфр ва ширк аҳлига душманлик изҳор қилди.

Буларнинг ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғланган ибрат ва сабоқлардир. Кишининг қалби Исломга очилган вақтдан бошлаб у куфр либосини иймон остонасида қолдирмоғи, Аллоҳ ва Расулига ҳамда мўминларга дўстлигини, куфр ва ширк аҳлига эса душманлигини эълон қилмоғи, ўзининг бор куч-тоқати ва имкониятларини ушбу диннинг нусрати учун ишлатмоғи керак бўлади.

Сумоманинг мушрикларга айтган гапларини эсланг: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!». Бу билан Сумома Қурайшга қарши иқтисодий қамал эълон қилди. Иқтисодий қурол энг хатарли қуроллардан биридир. Аммо, афсуски, бу қурол ҳозирда мусулмонларга қарши ишлатилмоқда. Ироққа қарши иқтисодий қамал.. Суданга қарши иқтисодий қамал.. Ливияга қарши иқтисодий қамал.. Фаластинга қарши иқтисодий қамал.. Бу иқтисодий қамаллар мусулмонларни хорлаш ва заифлаштириш мақсадида қўлланмоқда. Кошкийди, мусулмонлар мана шу муҳим қуролни ишга сола билсалар! Мен ғарбга қарши кенг кўламда иқтисодий қамал бошланг, деб айтмайман. Балки, қамал қуролларидан биргина қуролни – нефт қуролини ишга солинса, шунинг ўзи билан ҳам барча мезонлар ўзгариб кетган бўларди!!

Агар мусулмон уммати гапни бир жойга қўйса ва диллари гўё худди бир кишининг дилига айланса, бутун олам мезонларини ўзгартириб юборишга қодир бўлгудек куч-тоқат ва имкониятлари бор. Шарқу ғарб банкларидаги мусулмон умматининг пуллари бугун жаҳон сиёсати тегирмонини ҳаракатга келтириб тургани ҳеч кимга сир эмас.

Шундай қилиб, Сумома бир ўзи Қурайшга иқтисодий қамал бошлаб юборди, юртига қайтиб боргач, Маккага озиқ-овқат етказиб беришни тақиқлаб қўйди. Бунинг оқибатида Қурайш озиқ-овқат тақчиллигидан қаттиқ қийналиб қолди. Чунки, Ямома Маккани дон-дун билан таъминловчи асосий экинзор ер эди. Натижада, қурайшликлар очликдан ҳайвонларнинг териларини (пўстакларни) қайнатиб ейишгача борди. Охири улар меҳр дарёси ва раҳмат чашмаси бўлган зотга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам сўраб мактуб билан мурожаат қилишга мажбур бўлишди. Мактубда у зотдан ўрталаридаги қариндошчилик ҳаққи-ҳурмати, Сумомани Маккадан озиқ-овқат тақиқини бекор қилишга чорлаш сўралган эди. Барчани қариндошлик алоқаларини чиройли қилишга буюрувчи ул зот Қурайш ўзларининг ашаддий душманлари бўлишига, улар тарафидан кеча-ю кундуз тинмай ёмонликлар кўриб туришларига қарамай, Сумомага улардан озиқ-овқат тақиқини бекор қилишни сўраб мактуб юбордилар. Сумома Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрлари ва мартабаларини билиб қўйиши учун у зотнинг амрларига бўйсуниб, қамални бекор қилди.

Яна бир мисол, мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ўша: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай», деган кунида унинг ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан содир бўлган ишни эсга олинг.

Ибн Жарир Табарий ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абдулоҳ ибн Убайнинг ўғли Абдуллоҳни менга чақиринглар», дедилар.

У етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Отангизнинг гапларига нима дейсиз, эй Абдуллоҳ?», дедилар.

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, отам нима депти, ё Расулуллоҳ?», деди Абдуллоҳ.

«У: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай», деяпти экан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шунда Абдуллоҳ: «У тўғри айтибди, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, сиз азизсиз, у эса хордир. Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, сиз Мадинага келганингизда Ясриб аҳли мендан кўра отасига меҳрибонроқ кишини билмасди. Аммо, у шу гапни айтган бўлса, энди албатта сизни хурсанд қиладиган гап қулоғингизга етиб келади», деди.

Лашкар Мадинага етиб келгач, Абдуллоҳ шаҳар эшиги олдида қилич яланғочлаб туриб олди ва отаси келгач, унга: ««Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай» деб айтган сен бўласанми?! Аллоҳга қасамки, иззат-азизлик сенинг қўлингдами, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидами, ҳозир яхши билиб оласан. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз бу кеча Мадинага бир қадам ҳам босолмайсан», деди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: «Эй Хазраж аҳли, ўғлим мени уйимдан тўсмоқда!», деб қичқирди.

Одамлар йиғилиб келиб, унга насиҳат қила бошладилар.

Бироқ, Абдуллоҳ қатъий равишда: «Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз ўз уйига асло кира олмагай!», деди.

Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бу ҳақда хабар бердилар. У зот: «Бориб, унга: «Расулуллоҳ унга уйига киришига изн бердилар», деб айтинглар», дедилар.

Келиб, шу гапни айтишганидан сўнг у: «Модомики, Расулуллоҳдан буйруқ келган экан, хўп бўлади. Бу эса ким азиз-у ким хорлигини билиб олсин!», деди».

Аллоҳни, Расулини ва мўминларни дўст тутиш ҳамда мушрик ва мунофиқлардан безорликнинг ҳақиқий кўринишидир бу!!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ана шу каби қимматли сабоқларга ва ибрат намуналарига тўладир. Лекин, минг афсуски, жуда кўпчилигимиз у зотнинг сийратларини фақат зеҳний совуқ маълумотлар сифатида ўқиб ўтамиз ё шунчаки назарий билим ҳосил қилиш учун ўрганамиз.

Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни у зотнинг ҳаётлари, сийратлари ва суннатлари шунчаки ўткинчи бир тарих бўлиб қолиши учунгина юбормади. Йўқ, асло ундай эмас. Балки, у зотнинг сийратлари ҳаёт қуёшларига нур берадиган шуъла бўлиши, келажак авлодлар томирида оқадиган қайноқ қонга айланиши зарурдир.

Сийрат назарий билим олиш учунгина эмас, балки уни кундалик ҳаётимизда порлаб турадиган воқеликка ва амалий дастурга айлантиришб олишимиз учундир.

Раҳм-шафқатни, меҳр-мурувватни, юксак ахлоқ намуналарини ўрганиб олишимиз учундир.

Роббимиз рост айтганидек: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат: 34-35).

«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта Аллоҳ ҳалимликни яхши кўрувчи ҳалим Зотдир, У ҳалимликка қаттиққўлликка бермаган ва бошқа бирон нарсага бермаган мукофотларни беради» (Муслим: №2593).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади» (Муслим: №2594).

Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги мана бу ажойиб сабоқ ҳақида бир фикр юритиб кўринг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик, бир киши акса урди. Мен: «Ярҳамукаллоҳ» деган эдим, одамлар менга қараб қўйишди. Шунда: «Ҳой, нега менга қараяпсизлар?!», дедим. Улар қўллари билан сонларига ура бошлашди. Мени гапиртирмасликка ҳаракат қилишаётганини кўргач жаҳлим чиқди, лекин жим бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач – ота-онам у зотга фидо бўлсин, у зотдан аввал ҳам, кейин ҳам у кишидан кўра чиройли таълим берувчи муаллим кўрмадим – Аллоҳга қасамки, мени тергамадилар, урмадилар, сўкмадилар. Балки: «Намоз ичида одамларнинг гапларидан бирон нарса бўлиши дуруст эмас, у фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқишдан иборат бўлади», дедилар (Муслим: №537).

Бу дарслар фақат қуруқ эшитиб қўйиш учунми?! Ё уммат мана шундай ахлоқни ва бу улуғ сабоқларни ўз уйларида, ишхоналарида ва умуман кундалик ҳаётларида иш режасига ва ҳаёт дастурига айлантириб олмоғи учунми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз учун ўрнак ва намунадирлар! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра ва Анас розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик, бир аъробий келди-да, масжид ичида туриб бавл қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари: «Ҳой, ҳой!» дея бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўхтатманглар, уни тек қўйинглар», дедилар. Улар уни тек қўйишди, ҳатто бавл қилиб бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар ва: «Бу масжидларда бавл, ахлат каби нарсаларни қилиш ярамайди, улар фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учундир», дедилар. Сўнг бир кишига буюрдилар, у бир челак сув келтириб, бавл устига қуйиб юборди (Бухорий: №6025, Муслим: №285).

Ибн Можа ривоятида айтилишича, ўша аъробий мана шу сўзлардан кейин фақиҳ бўлиб кетган ва: «Ота-онам у зотга фидо бўлсин, менинг истиқболимга турдилар, мени тергамадилар, сўкмадилар, урмадилар», деган экан (Шайх Албоний саҳиҳ санаган).

Сўнгра бу аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуш ахлоқларидан таъсирланди ва Бухорий «Китобул-адаб»да (№6010) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганидек, намозда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларига дуо қилиб: «Эй Аллоҳ, мени ва Муҳаммадни Ўз раҳматингга олгин, иккимиздан бошқа бировни раҳматингга олмагин», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намоздан) салом бергач, аъробийга: «Дарвоқеъ сен кенгни торайтириб қўйдинг», дедилар. Яъни, Аллоҳнинг кенг раҳматини торайтирмоқчи бўлдинг. Аллоҳ таоло айтади: «Раҳматим меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф: 156).

Қуйидаги ҳадисни ҳам бир тафаккур қилинг. Бухорий, Муслим ва Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн фатҳ этилганидан сўнг муҳожирларга ва (Макка фатҳида) озод қўйиб юборилган кишиларга (ўлжаларни) тақсимлаб, ансорларга ундан ҳеч нарса бермагач, ансорларнинг диллари ранжиди ва: «Аллоҳ Расулуллоҳни Ўзи кечирсин, Қурайшга бериб, бизни тарк қилмоқдалар, ваҳоланки қиличларимиздан уларнинг қонлари томчилаб турибди», дейишди. Уларнинг сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказилгач, ансорларга одам юбориб, уларни теридан қилинган бир чодирга йиғдилар, улардан бошқа бировни чорламадилар. Улар йиғилиб келишгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар ҳақингизда менга етган гапга нима дейсизлар?!», дедилар. Ансорларнинг фақиҳ кишилари: «Ё Расулуллоҳ, фикрли кишиларимиз ҳеч нарса демадилар. Аммо, ёш-ялангларимиз: «Аллоҳ Расулуллоҳни Ўзи кечирсин, Қурайшга бериб, бизни тарк қилмоқдалар, ваҳоланки қиличларимиздан уларнинг қонлари томчилаб турибди», дейишди», дедилар.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен куфрдан эндигина чиққан кишиларга қалбларини (исломга) мойил қилиш учун бераяпман. Одамлар моллар билан кетиб, сизлар эса Расулуллоҳ билан қайтишларингизга рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сизлар олиб қайтаётганингиз улар олиб қайтаётган нарсадан яхшидир», дедилар (Бухорий: №4331, Муслим: №1059).

Ибн Исҳоқ Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш ва бошқа араб қабилаларига мўл-кўл мол-дунё улашиб, ансорларга бермагач, бундан ансорларнинг диллари ранжиди ва улар ичида ҳар хил гап-сўз кўпайиб қолди. Ҳатто, айримлари: «Қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларига қўшилиб кетдилар», ҳам дейишди.

Саъд ибн Убода у зот олдиларига кириб: «Ё Расулуллоҳ, ансорлар мана бу ўлжа тақсимотида қилган ишингиз туфайли сиздан ранжиб қолишди, қавмингизга тақсимлаб бердингиз, бошқа араб қабилаларига ҳам жуда кўп нарсалар бердингиз, лекин ансорларга ҳеч нарса тегмади», деди.

«Сиз ўзингиз нима фикрдасиз, эй Саъд?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Саъд: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам қавмимнинг бир одамиман», деди.

«Қавмингизни мана бу қўрғонга йиғинг», дедилар. Саъд чиқиб, ансорларни айтилган жойга йиғди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: «Эй ансорлар жамоаси! Айтишларича, сизлар мендан ранжибсизлар ва айрим гап-сўзлар қилибсизлар. Мен сизларга борган пайтимда залолатда эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни ҳидоят қилмадими?! Камбағал эмасмидингиз, Аллоҳ сизларни бой қилмадими?! Бир-бирингизга душман эмасмидингиз, Аллоҳ қалбларингизни бирлаштирмадими?!», дедилар.

Улар: «Ҳа, шундай. Аллоҳ ва Расулининг фазлу марҳамати беқиёс», дедилар.

Сўнг: «Менинг сўзларимга жавоб бермайсизларми, эй ансорлар жамоаси?!», дедилар.

Улар: «Нима деб жавоб берамиз ё Расулуллоҳ? Миннат ва фазлу марҳамат Аллоҳ ва Расулига хосдир», дедилар.

«Агар истасангизлар: «Сиз ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, заиф-ночор ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам кўрсатдик, қувилган ҳолда келдингиз, биз сизга жой бердик, камбағал ҳолда келдингиз, биз сизга кўмак бердик», дейишларингиз мумкин эди ва бу гапингиз тўғри ҳам бўлар эди», дедилар.

Яна дедилар: «Эй ансорлар жамоаси, арзимаган озгина дунёни деб хафа бўлдингизларми?! Мен бир қавмнинг мусулмон бўлиб қолишини истаб, уларга ўша дунёни бергандим. Сизларни эса ўз исломингизга топшириб қўйгандим.

Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туяларни олиб кетишгани ҳолда сизлар ўз диёрингизга Аллоҳнинг расулини олиб қайтишингизга рози бўлмайсизларми?! Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида мен ансорлардан бири бўлган бўлардим. Ҳамма одамлар бир водийга юриб, ансорлар бошқа бир водийга юрсалар, мен ансорлар водийсини йўл тутган бўлардим.

Эй Парвардигор! Ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорлар фарзандларининг фарзандларини Ўз раҳматингга олгин!»

Одамлар йиғлайвериб, соқоллари ҳўл бўлиб кетди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг улушимиз бўлишига розимиз!», деб гувиллашди.