Якшанба 19 Ноябрь 2017 | 29 Сафар 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Етимнинг молини ейиш

2215 марта кўрилган

«Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз» силсиласи

سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات

أكل مال اليتيم

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

Бугунги суҳбатимиз мазкур ҳадисда зикр қилинган гуноҳи кабираларнинг бешинчиси, яъни етимнинг молини ейиш мавзусида бўлади.

Бу жуда кўпчилик одамлар билиб-билмай тушиб қоладиган гуноҳи кабирадир, Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Мавзунинг муҳимлиги ва узунлигини ҳисобга олиб, одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Етим деб кимни айтамиз?
  2. Иккинчи: Етимнинг Қуръон ва Суннатдаги ўрни, уни ўз кафолатига олувчи кишининг фазли.
  3. Учинчи: Етимнинг молини ейдиган кишининг оқибати.
  4. Тўртинчи: Ота-онаси бор етимлар.
  5. Бешинчи: Фарзандингизнинг сизнинг вафотингиздан кейинги келажагидан хотиржаммисиз?

Диққат-эътибор билан қулоқ тутишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан сизу бизни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Етим деб кимни айтамиз?

Ибн Манзурнинг «Лисанул-араб» луғат китобида айтилишича, одамнинг етими отаси вафот этган боладир, ҳайвонот ва қушларда эса онасидан айрилган болани етим дейилади.

Бу жуда дақиқ ва латиф, мағзи-маъноси бор луғат бўлиб, кўпчилик унга эътибор бермайди.

Етимликнинг асли луғатда ғафлат маъносини англатади. Етим деб аталишига сабаб, отасининг вафотидан сўнг унга яхшилик қилишдан ғафлатда бўлиб қолинади.

Шунингдек, у ёлғизланиш маъносини ҳам билдиради.

Иккинчи: Етимнинг Қуръон ва Суннатдаги ўрни, уни ўз кафолатига олувчи кишининг фазли

Қуръони карим етимга унинг отасини йўқотганидан кейинги руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам, моддий жиҳатдан ҳам баб-баробар эътибор қаратган. Чунки, болани бу вақтда синиқлик, хўрлик, ёлғизланиш ҳислари эгаллаб олган бўлади. Хусусан, агар отаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига бўйсунган кишилардан бўлган бўлса:

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

Етимга бўлган бундай юксак эътибор Аллоҳнинг Пайғамбари қалбига – ўзлари ҳам етим ҳолда туғилиб, етим бўлиб ўсиб-улғайган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига ваҳийнинг илк нозил бўлиш давриданоқ очиқ кўринди.

У зот ер юзидаги етимлар қалбига саодат ва лабларига табассумни қайтарган етим зот эдилар. Парвардигор жалла ва ало Ўзининг Ҳабибига шундай марҳамат қилди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими? У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку! У зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!» (Ваз-зуҳа: 6-8).

Яъни, сиз етим бўлиб туғилдингиз, У сизга бошпана берди, сизни Ўзининг инояти, риояси, ҳифзи ва фазли билан ўради.

Камбағал эдингиз, Аллоҳ қалбингизни қаноат ва розилик билан бой қилди. Кейин сизни ҳалол-пок ризқлар билан мўл-кўл қилди.

Жоҳилият шароитида, қайсар инсонлар ичида йўл истаб, тентираб юрган эдингиз, Аллоҳ сизни ҳаққа ҳидоят қилди, қалбингизни хотиржам қилди, қулфи дилингизни очди, зикрингизни юксалтирди, елкангиздаги оғир юкни олиб ташлади.

Бинобарин, шунча неъмат ва марҳаматлар, файзу баракотлар бўлганидан сўнг у зотга мана бундай раббоний кўрсатма келмоқда:

«Бас энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг! Парвардигорингизнинг (сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида бўлса, (кишиларга доимо) сўзланг!» (Ваз-зуҳа: 9-11).

Етимнинг ҳолига эътибор ана шундай улуғ кўрсатмалар орқали келди.

Аллоҳ азза ва жалла етимларнинг молларини авайлаб-асрашга, уларни талон-тарож қилмасликка, уларга нопок нарсаларни аралаштирмасликка ё улар билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларда тижорат қилмасликка буюради. Чунки, бу моллар етимларнинг валийлари (яъни уларнинг кафолатига масъул шахслар) зиммасидаги омонатдир, бу ҳақда улар Аллоҳ ҳузурида жавоб беришади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва сиз учун нопок бўлган (етимларнинг молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир» (Нисо: 2).

Аллоҳ таоло айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди» (Анъом: 152).

Ундан ташқари, Аллоҳ таоло етимларнинг валийларига уларга тегишли молларни исроф билан сарф қилмасликни вожиб қилди, молнинг эгалари бўлган етимлар вояга етиб қолишидан илгари тезроқ у молдан еб қолишга интилишдан ва уни суиистеъмол қилишдан қайтарди, бундай қилишни катта гуноҳ деб атади.

Аллоҳ таоло етимнинг валийси агар бой ва ўзига тўқ одам бўлса, уни етимнинг молидан ейишдан ўзини пок тутишга буюрди. Агар камбағал бўлса, исроф қилмасдан, зарурат ҳоллардагина маъруф-яхшилик билан ейиши мумкинлигини баён қилди.

Ундан ташқари, Аллоҳ таоло етимларнинг валийларига ўз қарамоқларида бўлган етимлар балоғатга етганидан ё эса ўз ишларини ва молларини тасарруф ва муҳофаза қилишга имкон берувчи рушд (яъни эс-ҳушини таниш) ёшига етганидан сўнг уларга молларини топширишни вожиб қилди. Молни эгаларига топшириш пайтида зиммани хориж қилиш мақсадида гувоҳлар ҳозир қилишга буюрди.

Шофиий ва моликийлар бу ердаги буйруқни фарз деб кўрганлар, ҳанафийлар эса гувоҳ ҳозир қилишни фарз эмас, балки мандуб деб кўрганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ қилинглар. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6).

Ушбу маънони таъкидлайдиган ва қувватлайдиган бошқа оятлар ҳам келган.

Аллоҳ таоло айтади: «(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва сиз учун нопок бўлган (етимларнинг молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир» (Нисо: 2).

Аллоҳ таоло айтади: «Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар — тасарруф қилинглар). Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Исро: 34).

«Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6).

Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир, ишларингизга, сўзларингизга, ҳамма ҳолатларингизга гувоҳ бўлиб турувчидир. Яқинда, мол-дунё ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган Кунда У сизларни ошкору махфий қилган ишларингизда ҳисобга тортади.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

Қуръони карим оятлари ичида мана бу оят етимларни алоҳида такрим қилади, унда Аллоҳ таоло етимларга яхшилик қилишни Ўзининг тавҳидига ва Ўзигагина ибодат қилишга буюриш қаторида зикр қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36).

Етимлар хусусида келган юқоридаги оятлар етим болаларга ҳам, етим қизларга ҳам бирдек тааллуқли бўлса-да, Аллоҳ таоло етим қизларнинг ҳақларини яна ҳам таъкидлаш ва яна-да очиқроқ баён қилиш мақсадида иккита оятда етим қизларни хос зикр қилди:

Аллоҳ таоло айтади: «Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир» (Нисо: 3).

(И з о ҳ. Уламолар мазкур оятни қуйидагича тафсир қиладилар: шариат ҳукмича, ота-онадан ажраб, етим бўлиб қолган қизни ўз қарамоғига олган одам у қизга уйланишга ҳаққи бор. Лекин одатда бундай ҳолларда кўпинча қизнинг ҳаққи-маҳрини тўла-тўкис қилиб бермай, арзон-гаров уйланиб олиш пайига тушилади. Шунинг учун Қуръон: «Етим қизларнинг ҳаққини адо қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинг», деб рухсат беради ва дарҳол у хотинлар ўртасида адолат қилиш шарт эканини таъкидлайди).

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинадиган оятлар фатво берур. Яна (қарамоғингиздаги) етим аёлларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз қилинган маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингизни) ва (агар хунук бўлсалар) никоҳингизга олишдан юз ўгириб (улардан қоладиган меросга тама қилиб то ўлгунларича бошқа бировга турмушга чиқармай сақлашларингизни сизларга ҳаром қилади). Яна ночор болалар ҳақида фатво бериб, бундай етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билиб турувчи бўлган зотдир» (Нисо: 127).

«Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида ривоят қилинишича, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан «Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир» (Нисо: 3) ояти ҳақида сўради.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй жияним, у бир етим қизки, валийсининг қарамоғида бўлади, валийси унинг молида шерик бўлади. Унинг моли ва жамолига қизиққан валийси унга маҳрда адолат қилмасдан ва бошқалар берадиган маҳрдан камроқ маҳр бериб, уйланиб олишни истайди. Бас, улар (яъни, етим қизларнинг валийлари) уларга маҳрда адолат қилолмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар ва улардан бошқа аёлларга уйланишга буюрилдилар».

Урва деди: «Оиша айтдилар: «Одамлар шу оят тушганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво сўрадилар, шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинадиган оятлар фатво берур. (Қарамоғингиздаги) етим аёлларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз қилинган маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингиз) ва (агар хунук бўлсалар) никоҳингизга олишдан юз ўгиришингиз) нодуруст ишдир). Яна ночор болалар ҳақида фатво бериб, бундай етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билиб турувчи бўлган зотдир» (Нисо: 127) оятини туширди» (Бухорий: №4547, Муслим: №3018, Абу Довуд: №2068, Насоий: 6/115,116).

Аллоҳ таоло уларга етим қиз агар чиройли ва бой бўлса, унга уйланишга рағбат билдиришлари ва маҳрини тўла қилиб бермасликка интилишлари, шунингдек агар камбағал ва кўримсиз бўлса, ундан юз ўгириб, бошқа аёлга уйланишни исташлари нодуруст иш эканини баён қилди.

Қуръонда келгани каби, Суннатда ҳам етимни иззат-икром қилиш маъносидаги ҳадислар келган.

Аллоҳга қасамки, агар Суннатда ушбу мавзуда қуйидаги биргина ҳадис келган бўлиб, бошқа ҳеч қандай ҳадис бўлмаганида ҳам, шунинг ўзи ҳам кифоя қилган бўларди. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана бундай турамиз» деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Бухорий: №6005, Термизий: №1919, Абу Довуд: №5150).

Муслим лафзида: «Хоҳ ўзига, хоҳ бошқага қарашли етимни кафолатига олган одам мен билан жаннатда мана бундай туради», дедилар (Муслим: №2983).

Ҳофиз Ибн Ҳажар Ибн Баттолнинг қуйидаги сўзларини нақл қилган: «Ушбу ҳадисни эшитган ҳар бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаннатда рафиқ бўлиш илинжида унга амал қилиши лойиқ, зеро охиратда бундан ортиқроқ манзилат йўқдир».

Абу Яъло ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен биринчи бўлиб жаннат эшигини очаман. Бироқ, бир аёлнинг тез юриб, мен билан бирга кириб кетаётганини кўраман. Шунда ундан: «Сен кимсан? Нима ҳол?», деб сўрайман. У: «Мен етимларимни парвариш қилиб ўтирган аёлман», деб жавоб беради» (Ҳофиз «Фатҳ»да (10/436) айтишича, Абу Яъло Абу Ҳурайрадан ривоят қилган, ровийлари яхши).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Аллоҳим, мен икки заифнинг – етимнинг ва аёл кишининг ҳаққини (зое қилишни) оғир санайман» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2967).

Мусъаб ибн Саъд ибн Авби Ваққос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У шундай дейди: «Саъд ўзини бошқалардан афзалроқ деб кўрганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сизлар фақат заифларингиз туфайлигина нусратланасиз ва ризқланасиз», дедилар (Бухорий: №2896).

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бева-бечоралар учун елиб-югуриб юрувчи киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳид ёки кундузи рўза тутиб, тунда намоз билан бедор бўлувчи киши кабидир», деганлар (Бухорий: №5353, Муслим: №2982, Термизй: №1960).

Учинчи: Етимнинг молини ейдиган кишининг оқибати

Шунинг учун ҳам етимнинг молини ейиш оқибатидан огоҳлантирувчи, тирик қалбларни қўрқувга туширадиган мана бундай қаттиқ огоҳлантириш ва оғир азоб хабари келади:

Аллоҳ таоло айтади: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Аллоҳу акбар! Нақадар даҳшатли азоб.. Қоринларни куйдираётган олов.. Кейин охиратдаги дўзах азоби.

Ушбу оятлар саҳобаларнинг қалбларини ларзага келтирган ва уларнинг дилларини қўрқувга тўлдирган, бу оятлар таъсирида улар ғоят қийин аҳволга тушиб қолган эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидек: Ушбу оят нозил бўлгач, қарамоғида етим бола бор бўлган ҳар бир киши етимнинг таомини ўз таомидан, ичимлигини ўз ичимлигидан алоҳида қилиб тайёрлай бошлади. Етимнинг таомидан бирон нарса ортиб қолса, уни сақлаб қўйишар, то унинг ўзи емагунича ё айниб қолмагунича тураверарди.

Бу нарса уларни анча қийинчиликка туширди ва бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар. Шундан сўнг Аллоҳ азза ва жалла қуйидаги оятни туширди: «Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир: Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Бақара: 220). Шундан сўнг улар ўз таомларини етимларнинг таоми билан аралаштирдилар.

Қуръон карим манҳажи ана шу йўл билан қалбларни шундай юксак уфқларга юксалтириб қўйди, уларни жоҳилият ифлосликларидан мана шундай гўзал суратда тозалаб қўйди (Саййид Қутб «Фий зилалил-қуръан», ушбу оят тафсири).

Тўртинчи: Ота-онаси бор етимлар

Ҳа, шундай хонадонлар борки, ота-она ҳаёт, бироқ болаларни бемалол етимлар қаторига қўшиш мумкин.. Ота ўз иши ё тижорати билан машғуллигидан болаларининг аҳволидан бутунлай бехабар.. Она ҳам иш билан ё бозорлар билан ё янги модалар билан машғул бўлиб, болалари тарбиясини ходима ё энага қўлига ташлаб қўйганидан болалари етимдек ўсиб-улғаяди!!

Ибн Манзур «Лисанул-араб» луғат тўпламида айтганидек, етимлик ёлғизланиш маъносини ҳам англатади. Ота-онаси бор бўла туриб, ёлғизланиб қолган бола ўзини етимдек ҳис қилади.

Норасида гўдак ота-она қўлидаги омонатдир. Унинг тоза қалби ҳар қандай нақш ва суратдан холи, нафис гавҳар бўлиб, ҳар қандай нақшни қабул қилувчи бўлади.

Агар яхшиликка одатлантирилса ва Ислом устида тарбия қилинса, дунё-ю охирати саломат бўлади. Аммо, агар ёмонликка одатлантирилса ва тубанлик ва фисқу фужур устида тарбия қилинса, охир-оқибат бадбахт ва зиёнкор бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

Бешинчи: Фарзандингизнинг сизнинг вафотингиздан кейинги келажагидан хотиржаммисиз?

Аллоҳ таоло айтади: «(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида амакиваччаси Маслама ибн Абдулмалик унинг ҳузурига кириб: «Эй амирал муъминийн, сиз фарзандларингиз оғизларини бу молдан маҳрум қилдингиз. Шояд, менга ё бошқа бирон яқинингизга фарзандларингиз ҳақларида бирон васият қилсангиз, биз уларни таъминлаб турсак эдик», деди. «Мени ўтиргизинглар», деди у. Қўлтиғидан суяб ўтқиздилар. У деди: «Аллоҳга қасамки, мен уларга ўзларига тегишли бўлган бирон ҳақ-ҳуқуқда зулм қилмадим, бошқаларнинг ҳақларини эса уларга асло бермайман. Улар ҳақида васият қилувчим «Шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур» (Аъроф: 196). Умарнинг боласи икки кишининг биридир, у ё солиҳ кишидир, Аллоҳ эса солиҳларга ёр бўлади, ё эса ундан бошқачадир, у ҳолда мен унга Аллоҳнинг маъсиятида ёрдамланадиган нарсани ҳаргиз қолдирмасман. Энди болаларимни ҳузуримга чорланглар».

Фарзандлар кириб келишгач, унинг кўзлари ёшланди, сўнг уларга деди: «Болаларим, мен сизларга кўп яхшилик қолдирдим. Мусулмонлар ёки аҳли зиммалардан қай бир кишининг олдидан ўтманг, улар сизлар учун ҳақ бор деб кўришади. Болаларим, мен икки иш ўртасида ихтиёрли қилиндим: ё сизлар бой-бадавлат бўлиб қоласизлар ва мен дўзахга тушаман, ё эса охирги кунингизгача камбағал бўлиб қоласизлар ва мен жаннатга кираман. Сизларнинг камбағал бўлиб қолишларингиз мен учун яхшироқ кўринди. Туринглар, сизларни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Туринглар, сизларга Аллоҳнинг ўзи ризқ ато этсин».

Бу нарса сабабларга киришишга қарама-қарши келмайди. Дунё учун ҳаракат қилишдан, фарзандларингизга кўзингиз очиқлигида яхши ва саодатли ҳаётни таъминлаб кетишдан ҳеч қандай монеълик йўқ. Бироқ, шарти шуки, бу нарсаларга машғул бўлиб, Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларини зое қилиб қўйманг!

Муслим Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади. У айтади: «Ҳажжатул-вадоъ йилида қаттиқ оғриб қолганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, кўриб турганингиздек, менга анча қаттиқ дард етди. Мен бадавлат одамман, меросхўрим фақат биргина қизим бўлади, молимнинг учдан иккисини садақа қилиб юборсам бўладими?» деб сўрадим. «Йўқ», дедилар. «Ярмини садақа қилсам-чи?», дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини қилсам-чи?», дедим. «Учдан бирини (қилсангиз бўлади), учдан бири ҳам ўзи кўп. Албатта, ворисларингизни бой-бадавлат ҳолда қолдиришингиз уларни камбағал, одамлардан тиланиб юрадиган ҳолда қолдиришингиздан яхшидир», дедилар (Бухорий: №1295, Муслим: №1628).

2011 йил 24-феврал