Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сеҳргарлик

3794 марта кўрилган

«Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз» силсиласи

سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات

السحر

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Маълумки, аввалги суҳбатимиздан бошлаб Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

«Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан бугунги суҳбатимиз сеҳр ва сеҳргарлик мавзусида бўлади.

Сеҳр:

Сеҳр – унда ҳақиқат хурофотга, илм кўзбоғловчиликка, сабаб ва омиллар ғараз ва мақсадларга аралашиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетган қизиқ бир оламдир.

У – содда дилларни ўзига маҳлиё қилиб оладиган, гўл ва содда кишиларни оҳанграбодек тортадиган зоҳири гўзал ва жозибадор, бироқ ботини ақлли кишилар ундан жирканадиган, мунаввар қалб ва соғлом табиат эгалари ундан юз ўгирадиган ифлос ва бадбўй оламдир!!

Сеҳр тарихи зим-зиё зулмат тарихидир!!

У – инсу жин шайтонлари Аллоҳнинг бандаларини шу билан адаштирадиган ва шу туфайли куфр, ширк ва залолат жиноятига тортадиган шайтоний алдовдир!![1]

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бизнинг тараққиёт асримизга келиб, сеҳр ва сеҳргарларга нисбатан қарашлар хатарнок тус олди.

Башарият қуп-қуруқ моддий ҳаётдек улкан балога гирифтор этилиши ортидан қалблар тошдек қотиб кетди! Жуда кўп инсонларнинг руҳларида оқиб турган эзгулик чашмалари қуриб қолди!

Руҳий-маънавий муаммо ва тугунлар асрнинг белги-аломатига айланди.

Кўнгил роҳати ва қалб хотиржамлигини йўқотган жуда кўп кишилар сеҳргар ва кўзбоғловчиларга мурожаат этадиган бўлдилар!

Ечимига руҳиятшунос олимлар ва социология илми устозлари ожизлик қилган муаммоларига ечимни улар ҳузуридан қидирадиган бўлдилар! Ва бу ишлари билан гўё кун тиғидан қочиб, ўзларини олов ичига ургандек бўлдилар![2]

Ушбу мавзунинг муҳимлигини ҳисобга олиб, Аллоҳнинг изни билан иккита суҳбатни шу мавзуга бағишлаш ниятидамиз. Суҳбат мавзуси қуйидаги моддалардан иборат бўлади:

  1. Биринчи: Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий таърифи.
  2. Иккинчи: Сеҳрнинг моҳияти ва турлари.
  3. Учинчи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳрлашганми?
  4. Тўртинчи: Сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг жазоси.
  5. Бешинчи: Сеҳрдан сақланиш йўллари.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Зеро, мавзу айтиб ўтганимиздек, ўзига хос аҳамиятли мавзулардан саналади.

Биринчи: Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий таърифи

«Сеҳр» (السحر) сўзи араб тилида ҳар қандай сабаби махфий нарсага истеъмол қилинади.

Абу Убайд айтганидек, сеҳрнинг асли бир нарсани ўз ҳақиқатидан бошқага буриб юборишдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминун: 89). Яъни, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!

Буриб юбориш кўзга нисбатан бўлиши, яъни кўзбойлоқчилик бўлиши мумкин, у ҳолда кўз нарсаларни ўз ҳақиқатидан бошқача кўрадиган бўлади.

Ёки у қалбга нисбатан бўлиши, яъни муҳаббатни нафратга, ёки аксинча, нафратни муҳаббатга айлантириб қўйиши мумкин.

Ёки буриб юбориш ҳалол сўз билан бўлиши ҳам мумкин, буни баён, яъни сўздаги маҳорат деб аташ мумкин.

«Саҳиҳул Бухорий»да ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Албатта, баёнда (яъни сўзлашда) ҳам сеҳр бор» (Бухорий: №5767, Муватто: 2/986, Абу Довуд: №5007, Термизий: №2029, Муслим: №869).

Сеҳрнинг уламолар истилоҳидаги таърифи:

Ал-Фахрур-Розий тафсирида айтади: «Билингки, сеҳр лафзи шариат урфида ҳар қандай сабаби махфий ва ўз ҳақиқатидан бошқача хаёл қилинадиган ва алдов йўлида кетадиган нарсаларга хосдир».

Имом Жассос ва бошқалар ҳам сеҳрни шундай таърифлаганлар. Улар фикрича, сеҳрнинг ҳақиқати йўқ, у йўқ нарсани хаёлда бор қилиб кўрсатишдир.

Имом Ибн Қудома «Ал-муғний» китобида сеҳрга шундай таъриф беради: «Сеҳр – тугун (боғлаш), жоду ва у (яъни сеҳргар) айтадиган ва ёзадиган сўз ё қиладиган амалки, у сеҳр қилинган кишининг баданига ё қалбига ё ақлига билвосита таъсир қилади. Сеҳр ҳақиқатан бор нарсадир. Баъзи сеҳрлар ўлимга олиб келади, баъзиси касал қилиб қўяди, баъзиси эрни аёлидан (яъни жинсий алоқадан) тўсиб қўяди, баъзиси эр-хотинни ажратиб юборади ё бирига иккинчисини ёмон кўрсатиб қўяди ё икки киши ўртасида севги-муҳаббат пайдо қилади...».

Шу ўринда биз сеҳр, каромат ва мўъжиза ўртасини фарқлаб олишимиз керак бўлади.

Сеҳр сеҳргар билан шайтон ўртасидаги ўзаро келишув бўлиб, бу келишувга кўра, сеҳргар шайтонга куфр, ширк ва ҳаром ишларни қилади, бунинг муқобилида шайтон унга ўзи истаган сеҳр ишларида ёрдам ва мадад беради. Сеҳргарнинг Аллоҳга куфри ва шайтонга ибодати нақадар кучайса, шайтон ҳам унга шу қадар кўпроқ итоатли бўлади.

Каромат эса фақат валийларда бўлади.

Мўъжиза эса фақат пайғамбарларда бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтганидек, улар ичида муштарак нарса шуки, ҳаммасида ҳам ғайриоддий иш содир бўлади.

Иккинчи: Сеҳрнинг моҳияти ва турлари

Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий маънолари билан танишиб олганимиздан сўнг, энди сеҳрнинг моҳияти ҳақида тўхталамиз.

Имом Қуртубий айтади: «Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳаби шуки, сеҳр собит ва унинг ҳақиқати бор. Бунга «аҳлул-ҳалли вал-ақд» (яъни, сўзлари мўътабар бўлган улуғ имомлар) бўлмиш, улар билан ижмоъ ҳосил бўладиган олимлар ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Уларнинг иттифоқлари олдида мухолифларга эътибор йўқдир» (Тафсирул Қуртубий: 2/46).

Имом Нававий айтади: «Баъзи асҳобларимиз – яъни шофиийлар – сеҳрни ҳақиқати йўқ ва хаёлий нарса, дейишади. Тўғри гап шуки, сеҳрнинг ҳақиқати бор, бу ҳақда жумҳурнинг фикри қатъий, уламолар оммаси шу фикрда, Қуръон ва саҳиҳ, машҳур Суннат ҳам шунга далолат қилади» (Нававий: «Равзатут-толибийн: 9/346).

Сеҳр хаёлий нарса, унинг ҳақиқати йўқ, деб айтувчилар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини далил қиладилар:

«(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳа: 66).

«У (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаганларида одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар» (Аъроф: 116).

Улар ушбу оятларни далил қилиб, сеҳргарлар нарсаларнинг ҳақиқатини ўзгартиришга, масалан тошни олтинга, қоғозни пулга айлантиришга ҳеч қачон қодир бўлмайдилар, агар бунга қодир бўлишганида, энг бой одамларга айланишган бўлар ва одамларнинг пулларини ботил йўл билан ейиш учун бундай ҳийлалар қилиб ўтиришга эҳтиёжлари бўлмас эди, дейдилар.

Бундан ташқари, улар, агар сеҳргарлар бунга қодир бўлишса эди, ҳақ ботил билан, сеҳр мўъжиза билан аралашиб кетган бўларди, дейдилар.

Жумҳур аҳли илмлар ҳам сеҳрнинг ҳақиқати борлигига ва унинг хаёлий нарса эмаслигига Китоб ва саҳиҳ суннатдан далиллар олиб келадилар. Жумладан:

«Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай­тонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар.Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди» (Бақара: 102).

Ҳақ таборака ва таоло ушбу Қуръон оятларида шайтонлар одамларга сеҳр ўргатишини ва одамлар улардан сеҳр ўрганишларини айтади.

Агар сеҳр ҳақиқатан бор бўлмаса, улар одамларга нимани ўргатишади?!

Қуръон оятлари очиқ баён қилишича, сеҳргар ўз сеҳри билан эр-хотин ўртасини ажратиб ташлайди.

Улар Аллоҳ таолонинг: «Тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан... паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (Фалақ: 4) оятини ҳам далил қиладилар.

Тугунларга дам солувчи аёллар сеҳр қилиб, унга дам урадиган сеҳргар хотинлардир.

Жумҳур уламо, агар сеҳрнинг ҳақиқати бўлмаганида, Аллоҳ таоло ундан паноҳ сўрашга буюрмаган бўларди, демак, ундан паноҳ сўрашга буюрганлиги сеҳрнинг воқеъда таъсири борлигига далил бўлади, дейдилар.

Ибнул Қаййим айтади: «Касаллик, оғирлик (юк босиш), ақл(дан озиш), яхши кўриш, ёмон кўриш, қон кетиш каби асоратлар келтириб чиқарадиган сеҳр бор нарсадир, уни ҳамма одамлар билади».

Уларнинг энг катта далиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганлик воқеасидир. Қуйироқда бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз, иншооллоҳ.

Ушбу хилоф ҳақида сўз юритарканмиз, бир нарсани яхши билиб олишимиз лозим. Яъни, сеҳрнинг ҳаммаси ҳақиқат, деб айтувчилар ушбу масалада тўғриликдан четланиб кетганлар.

Шу билан бирга, сеҳрнинг ҳаммаси хаёлий ва ҳақиқати бўлмаган нарса, дейдиганлар ҳам тўғриликдан четланиб кетганлар.

Таҳқиқ шуки, сеҳрнинг бир неча тури мавжуд бўлиб, улардан баъзиси ҳақиқат, баъзиси эса хаёлийдир.

Ҳақиқий сеҳр – сеҳргар уни амалга оширишда жин ва шайтонларга суянадиган, юлдузлар ва уларнинг ўринларига сиғинадиган сеҳрдир.

Сеҳргарнинг куфри қанчалик зиёдалашса, жин ва шайтонлар унга шунчалик кўп итоат қилишади.

Воқеликда ҳақиқати мавжуд бўлмаган хаёлий сеҳр эса кўз бойлашга қурилган алдов бўлиб, унинг таъсирида кўзларга бир нарса ўз ҳақиқатидан бошқача бўлиб кўринади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади:

Фиръавн сеҳргарларининг сеҳри шу турдаги сеҳр эди. Қуръоний оятлар унинг хаёлий нарса ва кўз бойлоғичлик бўлганини очиқ баён қилиб келган. Аллоҳ таоло айтади: «(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳа: 66).

Аллоҳ таоло айтади: «У (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаганларида одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар» (Аъроф: 116).

Чунки, сеҳрнинг одамлар кўзларини бўяб қўйганлиги уларнинг кўзлари ҳақиқатда бўлмаган нарсани кўргандек бўлганига далолат қилади.

Шундан хулоса қиламизки, сеҳр ҳақиқий ва хаёлийга бўлинади.

Шу ерда бир савол ўртага чиқади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқатан сеҳр қилинганми?

Бухорий, Муслим, Аҳмад, Ибн Можа, Насоий, Байҳақий ва бошқалар бир неча йўллардан ва бир неча саҳобалар орқали бу ҳақда ҳадис келтирганлар. Биз қуйида келтирадиган ҳадис «Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган:

«Бану Зурайқ қабиласидан Лабид ибн Аъсом деган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишларини қилгандек хаёл қила бошладилар. У зот бир куни – ёки бир кеча – менинг олдимда эдилар, дуо қилдилар, дуо қилдилар, сўнг: «Эй Оиша, сездингизми, Аллоҳ менга у ҳақида фатво сўраган ишимда фатво берди?», дедилар.

Мен: «У нима эди, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадим.

Айтдилар: «Ҳузуримга икки киши келиб, бири бош томонимга, иккинчиси оёқ томонимга ўтирди. Сўнг бири иккинчисидан: «Бу одамнинг дарди нима?», деб сўради. «Сеҳрланган», деди униси. «Унга ким сеҳр қилган?», деди. «Яҳудий Лабид ибн Аъсом», деди. «Нима билан қилган?», деди. «Тароқ, тўкилган соч-соқол толаси ва эркак хурмонинг гули турадиган қобиғдан қилинган идиш билан», деди. «У нарса қаерда?», деди. «Зу Арвон қудуғида», деди».

(Баъзи ровийлар «Зарвон» қудуғида» деб ривоят қилганлар. Зарвон Бану Зурайқдаги қудуқ эди). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир гуруҳ кишилар ўша қудуққа бориб, унга қарадилар, унинг устида хурмо дарахти бор экан. Кейин Оиша розияллоҳу анҳо олдига қайтиб келиб: «Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви ивитилган ҳинага ўхшаб кетибди, у ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар.

«Ё Расулуллоҳ, уни чиқариб ташладингизми?», деб сўрадим.

«Йўқ. Аммо менга Аллоҳ офият ва шифо берди. Одамларга ундан бирор ёмонлик қўзиб қўймай, дедим», дедилар. Сўнгра буюрдилар, уни кўмиб ташланди» (Бухорий: №5766, Муслим: №2189, Аҳмад, Насоий, Байҳақий ва бошқалар).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яҳудлардан бўлган бир киши сеҳр қилди, шундан сўнг у зот бир неча кунлар бетоб бўлиб юрдилар. Сўнг Жибрийл келиб: «Яҳудлардан бир киши сизга сеҳр қилди, сизга бир неча тугунни тугиб, фалон қудуққа (ташлади), деб хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши юбориб, уни чиқартириб, ечиб юбордилар. Шундан сўнг у зот худди боғловдан ечилгандек енгил тортиб, туриб кетдилар. Бу ҳақда ўша яҳудийга айтмадилар, у билан юзма-юз ҳам келмадилар (Насоий: 7/112, 113, исноди саҳиҳ).

Айрим илмга нисбатланувчи кишилар ушбу саҳиҳ ҳадисни рад қилишади, ақлни нақлдан устун қўядиган ва ақллари қабул қилмайдиган насларни (оят ва ҳадис далилларини) рад қиладиган кимсалар бу борада уларга эргашадилар.

Улар саҳиҳ ҳадисни сақимдан (иллатлисидан) ажратишда ақлларини мезон қилиб олишади ва уммат салафлари бўлган, ҳадис илми ва мусталаҳул-ҳадис қоидаларини тузиб қўйган зотларнинг йўлидан юз ўгиришади.

Агар саҳиҳни сақимдан ажрата билишда ақлнинг ўзигина мезон бўлса эди, ҳар қандай хабар ҳам қабул ва рад ўртасида мутараддид бўлиб қолар эди.

Ҳа, айримлар бир хабарни ақлларига мувофиқ келгани учун мақбул санасалар, бошқалар ақлларига тўғри келмагани учун уни рад қилишган бўларди.

Алий розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар дин ақл билан олинганида, маҳсининг остига масҳ тортиш устига масҳ тортишдан кўра лойиқроқ бўларди».

Ақлнинг ўз роли, ўз вазифаси бор, унинг ҳад-ҳудуди бор. Ваҳий нури ҳеч қачон ақл нурини ўчириб юбормайди, балки уни кучайтиради, тозалайди.

Ақлнинг моддий ва илмий жиҳатлардаги ихтиролари унинг диний жиҳатдан ҳам тўғрилигига далил бўлмайди. Чунки, бу жиҳатда у ваҳий нури билан боғланган бўлиши зарурдир.

Ҳа, шундай.. Мана, масалан, русча ақл куфр ва худосизликни ҳимоя қилади, унинг шиори-белгиси шуки, уч нарсага қатъий ишонади ва уч нарсани инкор қилади. Яъни, фақат Маркс, Ленин ва Сталинга ишонади, Аллоҳни, динни ва шахсий мулкчиликни инкор қилади.

Америкача ақл эса гомосексуализмни-ўз жинсидаги шахсларга нисбатан жинсий майл кўрсатишни, эркакнинг эркакка уйланишини ва жирканч ирқчиликни (расизмни) ҳимоя қилади. Лос Анжелес ҳодисаларига ҳали унча узоқ бўлгани йўқ.

Юнонча ақл шаҳвонийликни ҳимоя қилади.

Румча ақл ҳўкизлар жангини ҳимоя қилади.

Ҳиндча ақл сигирларга сиғинишни ҳимоя қилади.

Аввалги жоҳилият давридаги араб ақли қизларни тириклайин кўмиб юборишни ҳимоя қиларди.

Бугунги жоҳилиятдаги араб ақли эса миллатчилик, баъсчилик номи остида куфр ва динсизликни ҳимоя қилади.

Улардан бири шундай дейди:

«Баъс (партияси)ни шериксиз парвардигор деб, арабчиликни эса ягона дин деб иймон келтирдим».

Яна бири айтади:

«Менга ҳамма арабни бир халққа айлантирадиган байрамни ҳадя қилинг,

Иброҳимнинг дини жасади устидан юриб ўтинг,

Ўрталаримизни бирлаштирадиган куфр тинч бўлсин,

Унинг ортидан дўзахни қучоқ очиб кутиб оламиз».

Ана шундай.. Моддий тарафдан атомни парчалаган башарий ақл диний тарафдан куфрни, динсизлик ва зиндиқликни ривожлантирмоқда!

Тубсиз денгизлар қаърига шўнғиган башарий ақл куфр ва ширк балчиғига шўнғимоқда!

Ақлнинг чек-чегараси ва ўзига хос вазифаси бор, у мана шу чегарадан ўтиб кетиши ё ундан тажовуз қилиши мумкин эмас. Инсон ўзининг қосир ақли билан сариҳ ва саҳиҳ насслар устидан ҳукм чиқариши тўғри бўлмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилингани ҳақидаги ҳадисни рад қилувчилар даъволарича, бу ҳадис ботил ва санади мақдуҳ (айбли) эмиш. Ваҳоланки, бу ҳадис Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ икки китобда – «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим»да келтирилган.

Агар бир ҳадисга бу икки шайх иттифоқ қилган бўлсалар, у саҳиҳликнинг чўққисида бўлади. Агар бир кишининг бу икки шайх ривоят қилган ҳадиснинг саҳиҳлигига таън етказаётганини кўрсангиз, билингки, унинг ҳадис илмидаги билими жуда саёз экан. Бу унга нисбатан яхши гумон қилган ҳолатимиздаги гап!

Аммо, уларнинг бу ҳадис нубувват мақомига футур етказиши ва Аллоҳ таоло «Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай» (Моида: 67) дея Ўз Пайғамбарига ато этган маъсумликка (яъни сақланишга) зид келиши ҳақидаги даъволарига, қолаверса бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳрланган деб туҳмат қиладиган ва мўминларга хитобан «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар» (Исро: 47) деб айтадиган мушрикларнинг сўзларини ростга чиқариб қўйиши ҳақидаги гапларига келсак, бунга жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динни етказиш ва шариат тузиб бериш жиҳатидан билиттифоқ маъсумдирлар: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3-4).

Аммо, ҳар бир инсон бошига келиши мумкин бўлган турли касаллик ва дард-аламлар, жангларда етадиган мусибат каби кўргуликлар нубавват мақомига футур ҳам етказмайди, маъсумликка зид ҳам келмайди. Барча пайғамбарлар бошига бу каби ишлар келган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур» (Иброҳим: 11).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан шундай дейди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110).

Сеҳр ҳам дунё иллатларидан бир иллат, касалликлардан бир касалликдир.

Аллоҳ таоло буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, бошқага ҳам тақдир қилиши мумкин.

У зотга қаттиқ истма ўз таъсирини ўтказган, заҳар таъсир қилган, Уҳуд жангида юзлари жароҳатланиб, тишлари синган.

Илгариги пайғамбар биродарлари ичида қатл қилинганлари, азобга дучор қилинганлари, озорлар тортганлари бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Одамларнинг энг қаттиқ имтиҳон қилинувчилари пайғамбарлардир. Сўнг уларга ўхшашлари, сўнг уларга ўхшашларидир. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Агар динида салобат бўлса, имтиҳони ҳам қаттиқ бўлади. Агар динида бўшлик бўлса, дини миқдорига қараб имтиҳон қилинади. Бир бандага балолар келишда давом этаверади, ҳатто уни ер юзида бирон гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган қилиб қўяди» (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №992, Мишкот: №1562, Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Аммо, уларнинг бу нарса мушрикларнинг мўминларга хитобан «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар» (Исро: 47) деб айтадиган сўзларини ростга чиқариб қўйиши ҳақидаги гапларига келсак, ҳар кимга маълумки, мушриклар бу сўзлари билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган ва у зотга Аллоҳдан нозил қилинган Қуръонни отани ўғилдан, акани укадан, эрни хотинидан ажратиб юборадиган сеҳр демоқчи бўлганлар.

«Муддассир» сурасида Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийра ҳақида айтганидек: «Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди. Сўнгра (ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди» (Муддассир: 18-25).

Энди сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг жазоси, сеҳрдан сақланиш ва уни бекорга чиқариш йўллари ҳақида сўз юритиш навбати етди. Бу эса келгуси суҳбатимиз мавзуси бўлади, иншооллоҳ.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлу асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

2011 йил 28-январ

[1] Умар ал-Ашқар: «Сеҳр ва кўзбўямачилик олами», 7, 8 саҳифалар.

[2] Юқоридаги манбаъ.