Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазон иксири ва телефон суҳбати

2897 марта кўрилган

Умар ал-Муқбил
Таржимон: Абу Закария ал-Маданий
Манба: «Сойдул фаваид» веб саҳифаси

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Ҳар йили Рамазоннинг охирида Улуғ ой билан видолашаётганларнинг йиғилари, бу ойнинг ҳаққини ўтай олмаганларнинг ҳасратлари эшитилади. Рўзадорларнинг юзларида маҳзунлик намоён бўлади. Буларнинг ҳаммаси Рамазон ойидан ажралиш сабаблидир.

Аллоҳ таоло бу ойга ўзига хос хусусиятлар ва бошқа ойлардан ажралиб турадиган фазилатлар ато этган. Ана уларнинг шу ҳолга тушишга ҳақлари бор. Агар уларнинг юраклари Рамазон фироқига тилка-пора бўлиб кетса, қасам Аллоҳгаки, биров уларни маломат қилишга ҳақли эмас.

Бироқ ана шу шуур Рамазондан бир неча кундан кейин йўқ бўлиб кетади, баъзиларда эса бу ҳайит куниёқ ниҳоясига етади. Лекин рўзадорлардан баъзилари шундай бир малҳам "Иксир"[1] ни ишлатган бўладиларки, унинг таъсиридан Рамазоннинг шуури ойлаб давом этади, ҳатто келаси Рамазонга ҳам етиб боради. Бу Рамазоннинг сири, жавҳари ва иксиридир. У Қуръон Карим билан, уни тиловат қилиб, маъноларини тадаббур этиб яшаш. «Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир.[2]» (Қоф: 37)

Мен буни улуғ рамазон ойининг бошларида эслатмоқдаман, шоядки — Қуръон ойи бўлмиш — Рамазон ушбу Улуғ Китоб билан мустаҳкам ва ҳақиқий алоқанинг боши ва ўтган Рамазонга ва умуман Рамазоннинг фироғида юраги эзиладиганларга тасалли бўлса.

Унвондаги зикри ўтган (икки) телефон суҳбати мана шу ердан бошланади.

Биринчи суҳбат ўтган йилги рамазонда бўлган эди. Менга шогирдларимдан бири бўлган ҳофизи Қуръон йигит телефон қилди ва рафиқаси билан ўзи ўртасидаги муаммо ҳақида гаплашиш учун учрашмоқчи эканини айтди. Муаммонинг хулосаси — у хотинини талоқ қилмоқчи экан!

Мен ундан муаммонинг сабабларини очиб берадиган баъзи саволларни сўрагандим иллат хотинида эмас, унинг қалбида эканини аниқладим. Мен ундан: Қуръон билан алоқанг қалай?- деб сўрадим. У: ёмон эмас, лекин бироз камчилигим бор, деб жавоб берди.

У мени Қуръонни ёддан қайтариб тургани ҳақида сўраяпти деб ўйлади. Мен унга: Бу ҳақда сўрамаяпман, Қуръонни тадаббур қилишинг ва унинг оятлари билан ҳамоҳанг яшашинг ҳақида сўраяпман!, дедим.

Худди ундан амри маҳол нарсани сўраганимдек, бироз жим қолди. Кейин: Эй устоз, тадаббур қилиш осон иш эмас, бунинг учун олим бўлиш керак!, деди. Мен унга: Укажон, уламоларгина фаҳмлайдиган нарса тафсирнинг нозик маъноларидир, аммо тадаббур ундай эмас!, дедим.

У менинг сўзларимдан ҳайратга тушди, лекин мен унинг ҳайратини узоқ давом этишга қўймадим. Содда араб тилини биладиган ҳар қандай одам тушунадиган оддий бир мисол келтиратуриб дедим: Қани, мен билан "Набаъ" сурасининг охирини биргалашиб тадаббур қилчи!

«(Эй Макка кофирлари), дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрур ва кофир кимса: «Эҳ, кошки эди (ҳайвонлар каби) тупроқа айланиб кетсам (у муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам)», деб қолур.»

Мен унга дедим: Мана энди тўхта, бироз тааммул қил. Ўзингдан сўра: Бу огоҳлантирувчи ким? У: Аллоҳ! деди. Огоҳлантирувчининг Аллоҳ бўлиши нимани англатишини тушунасанми? Бу дегани: Ўлим ва ҳаёт сени огоҳлантираётган Зотнинг қўлида, Жаннат ҳам Дўзах ҳам унинг олдида, бирон нарсани бўлишини хоҳласа, унга "Бўл" дейди. Бўлади. Сен унга тенг келадиган бирон зотни биласанми?!

Тасаввур қил, сен Маҳшаргоҳда турибсан! Амал дафтарларинг очилган, бир томонда яхши амалларинг дафтари, бир томонда ёмон амалларинг дафтари! Шу лаҳзада нимани орзу қиласан? У деди: Албатта ёмонликларим берикитилиши ва Роббим мени бутун халойиқ ичида шарманда қилмаслигини!

Қани, айтчи: кофир нимага тупроққа айланишни хоҳламоқда? Чунки у ҳайвонларнинг –бир-бирларидан қасос олиб берилгандан кейин – тупроққа айлантириб юборилганини кўради ва ўзининг ит ёки чўчқа бўлиб қолишини орзу қилади. Бу унинг учун ўзини кутиб турган азобдан кўра енгилроқдир! У нақадар даҳшатли азоб! У нақадар қаттиқ азоб! «Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар!» (Зухруф: 75). Мен сендан мана шунчалик тафаккур қилишингни хоҳлайман, холос. Бунинг олимга эҳтиёжи борми? ... Йўқ!

Унинг муаммосига қайтиб дедим: талоқ қилишингни ҳеч бўлмаганда икки ҳафтага қолдиришингни илтимос қиламан. Бўлиб ҳам Аллоҳ сенга иккита гулдек қизчаларни берган ва ўзинг эса Қуръон ойида яшаётган бўлсанг. Қалбингни ўқиётган оятларингни тадаббур қилиш билан давола. Кейин олдимга келсанг талоқ масаласини ҳал қилармиз.

Қасам Аллоҳгаки, орадан бир ҳафта ҳам ўтмади, у менга сим қоқиб талоқ қўйиш қарорини бекор қилганини айтди. Мен ундан: нима учун? деб сўрадим. Касаллик қалбимда экан, давосини топдим ва иксирни билдим! – деди.

Рамазон ойи тугагач у менга шуларни айтди: мен учун ақлимни таниганимдан бери шу йилги Рамазондан афзалроқ ва лаззатлироқ Рамазон бўлмаган. Бунинг сабаби, биз ўрганиб қолган шарриллатиб ўқиб қўйиш ўрнига Қуръон оятлари билан яшаш, иложи борича унинг маъноларини тадаббур қилишдир.

Қиссадан ҳисса шуки, ўша йигит Рамазондан кейин ҳам ҳолатининг ўзгармаганини менга тўлқинланиб айтиб берди. Бунинг сабаби Қуръон билан яшаш эди. Ҳатто у менга шундай деди: аввалда бир пора Қуръонни 20 дақиқада ўқиган бўлсам, ҳозирда бу уч соатгача чўзилмоқда, чунки мен ҳар бир оятнинг маъносини ва ундаги нидо ва йўлланмаларни тушунишни ўзимга вазифа қилиб олдим. Аллоҳ барчамизни собитқадам қилсин!

Иккинчи телефон суҳбатининг қиссаси қуйидагича: сингилларимиздан бири олим дўстларимдан бирига ўтган Рамазондан аввал сим қоқиб ўзининг гуноҳдан тавба қилиши ва яна унга қайтиши ва яна тавба қилиб сўнг яна гуноҳга қайтишидан шикоят қилган ва бунга яшаб турган муҳити маъсиятларга тўла эканини важ қилган. Биз одатдагидек қалб касалидан шикоят қиладиганларга берадиган саволимизни унга ҳам бердик; Қуръон билан алоқангиз қандай? У Қуръонни тадаббур ва тааммул қилиш ва қалбни у билан даволаш у ёқда турсин оддийгина қилиб ўқишга ҳам бееэътибор эканини айтди.

Қуръон билан даволанишни фақат сеҳр, кўз тегиш ва шайтонлаш каби ҳолатлардагина биладиган кўплаб мусулмонларнинг муаммолари шу ерда яширингандир. Аслида қалб қотиши, ҳиқду-ҳасад, шубҳа ва ширк каби қалб касалликлари баданий касалликлардан кўра Аллоҳ наздида каттароқ. Бадан касалликларидан аввал мазкур қалб касалликларини даволаш муҳимроқдир.

Дўстим у аёлга айтибди: Мен сизга ўз хонангизда яккаланиб ўтиринг ёки уйингиздан бош олиб чиқиб кетинг дейишим тўғрими? Йўқ, албатта. Сиз Аллоҳ таолонинг Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий, сизу менга балки Қиёматгача келадиган ҳар бир муъминга зарбулмасал қилган Фиръавннинг аёлини билмайсизми?! У аёл куфр, даҳрийлик муҳитида яшар эди. Шунга қарамасдан бадани билан маъсият муҳитидан чиқиб кета олмасада, қалби билан Роббисига ҳижрат қилди.

Бу қиссанинг тарбиявий ва иймоний асарларини баён қилгандан кейин дўстим уни Қуръонни тафаккур қилишга чақирибди ва буни қандай қилишни ҳам тушунтириб берибди. Уни асосан "Амма" ва "Таборак" пораларига кўпроқ диққат қилишга буюрибди.

Тақрибан уч ойлардан кейин ана шу аёл дўстимга телефон қилиб, бундан бир неча ой аввал фалон, фалон муаммодан шикоят қилган аёлман деб ўзини таништирибди. Кейин сўзида давом этиб: Эй шайх, Аллоҳга қасам мен ҳозир аввалгидек тавбадан кейин гуноҳга қайтишдан мутлақо халос бўлдим. Балки, Аллоҳга қасам Қуръон билан яшаганим ва унинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилганимдан кейин тасодифан тушиб қолсам ҳам гуноҳнинг мазаси ва лаззатини топмайдиган бўлиб қолдим.

Аллоҳу акбар! Роббимизнинг сўзлари нақадар тўғри!: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58). Қалб касалига қўйиш учун Қуръон малҳамини олган кишига берган Аллоҳнинг тавфиқи нақадар буюк! Аллоҳ таоло «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (Исро: 82) деб марҳамат қилмаганмиди?!

Азиз дўстим, Қуръон билан, уни тадаббур ва тааммул қилиб, ундан шифо излаб, ўзининг қалбини, оиласининг аҳволини ислоҳ қилмоқчи бўлиб Қуръон маънолари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби яшаган одамнинг бахтсиз бўлишини тасаввур қила оламизми?! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун нозил қилмадик» (Тоҳа: 2). Балки Аллоҳ уни саодат, ҳидоят, раҳмат, нур ва жаннатга йўлловчи қилиб нозил қилди.

Мен бу ўринда салафларимизнинг Қуръон билан бўлган ҳолатларини ҳаддан зиёд кўп бўлишига қарамай зикр қилмадим. Эҳтимол бирон киши эътироз қилиб: салафлар биз кўрган фитналар ва Қуръондан машғул қиладиган нарсаларни кўришмаган, деб айтиши мумкин. Шунинг учун ҳам замонамизда содир бўлган икки қиссани келтириш билан кифояландим. Шоядки Аллоҳ барчамизга ибратланиш ва ўрнак олишни насиб айласа.

[1] - Иксир деб аслида ўрта аср кимёгарлари тасаввурида ҳамма нарсани олтинга айлантира оладиган афсонавий тошга айтилади. Кейинчалик бу атама ҳайратомуз таъсир қиладиган ҳар бир нарсага қўлланадиган бўлган. Иксирни "элексир" ҳам дейилади.

[2] - Ибнул Қоййимнинг "Фавоид" номли китобининг аввалида мана шу оят хусусида нафис сўзлари бор. Мен уни шу ерда нақл қилишни муносиб деб билдим: «Албатта бунда ... эслатма-ибратлар бордир» бу – суранинг бошидан бошлаб шу ергача бўлган оятларга ишора, мана шу таъсир қиладиган нарса.

«(Огоҳ) қалб эгаси бўлган» мана шу қабул қилувчи ўрин. Бундан мурод Аллоҳнинг айтганларини англайдиган тирик қалб, Аллоҳ айтганидек: «(Муҳаммад тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун» яъни, қалби тирик кишилар учун.

«(Яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун» яъни, қулоқ тутган, айтилаётан сўзни бутун вужуди билан тинглаган киши. Бу айтилаётган сўздан таъсирланишнинг шарти.

«ўзи ҳозир бўлган ҳолда» яъни, қалби уйғоқ, ғофил бўлмаган.

Демак, таъсир қилувчи "Қуръон", уни қабул қилувчи "Қалб" ва таъсирланиш шарти "Бутун вужуд билан тинглаш" топилса ҳамда таъсирланишдан тўсувчи "Қалбнинг машғуллиги" ва "Хитобдан ғафлатда бўлиши" йўқ бўлса таъсирланиш ва огоҳланиш ҳосил бўлади.