Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қиёматнинг кичик аломатлари

6844 марта кўрилган

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

علامات الساعة الصغرى

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

«Охират ҳовлиси силсиласи» деб аталган ушбу муҳим илмий силсила ваъз-насиҳат услуби билан илмий асослаш ўртасини, таъсирли воқеа-ҳодисалар билан манҳажийлик ўртасини ўзида бирлаштирган бўлиб, ўлим билан бошланиб, жаннат васфи билан ниҳоясига етади, Аллоҳ барчамизни жаннат аҳлидан қилсин.

Бугун ушбу муборак силсиланинг учинчи ҳалқасига ўтамиз. Аввалги икки суҳбатимизда ўлим ва барзах ҳаёти ҳақида, қабрдаги то қиёмат давом этувчи азоб ва неъматлар тўғрисида сўз юритиб ўтдик.

Қиёмат босқичлари ҳақида сўз юритишдан олдин қиёматнинг катта ва кичик аломатлари тўғрисида айтиб ўтиш мантиқ ва ҳикмат тақозоси бўлур эди. Шу боис бугунги суҳбатимиз қиёмат олдидан юз берадиган кичик аломатлар ҳақида бўлади.

Одатимизга кўра, суҳбатимиз мавзусини қуйидаги моддаларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Қиёмат соати шак-шубҳасиз келувчидир.
  2. Иккинчи: Бўлиб ўтган ва ниҳоясига етган кичик аломатлар.
  3. Учинчи: Юз берган ва ҳали ниҳоясига етмаган кичик аломатлар.
  4. Тўртинчи: Ҳали содир бўлмаган кичик аломатлар.

Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшиларига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Қиёмат соати шак-шубҳасиз келувчидир.

Охират ҳовлиси ҳақидаги бу сўзлар фақат ақлларга тааллуқли қуруқ маълумот олиш ёки совуқ зеҳний билимга эга бўлиш учунгина эмас!

Охират кунига иймон келтириш иймон рукнларидан асосий бир рукн бўлиб, усиз аввал-бошидан кишининг иймони яроқли бўлмайди. «Саҳиҳ Муслим»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривояти билан келган ҳадисда Жибрийл алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Иймон нима?» деб сўраганларида у зот: «Иймон – Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, элчиларига, охират кунига иймон келтиришинг, қадарнинг яхшиси ва ёмонига ишонишинг», деб жавоб берганлар.

Банданинг қалбида охират кунига бўлган иймон қачонки у куннинг ҳақиқатидан воқиф бўлсагина, у кунда юз берадиган ҳолатлар, даҳшат ва машаққатларни англаб етсагина мустаҳкам ўрнашади.

Қолаверса, банданинг қалбида охират кунига бўлган ишонч мустаҳкам ўрнашса, бу билим ва ишончи уни Аллоҳнинг манҳажи ва Расулининг йўлларида устувор бўлишга олиб келади. Чунки, у эртага албатта Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида туришини ва Парвардигори ўртада таржимон бўлмаган ҳолатда у билан сўзлашишини, фаришта унга: «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 14) деб нидо қилишини аниқ билади.

Ушбу силсиладан мурод – мусулмонларга панд-насиҳат ҳосил бўлса, улар шу сабабли узоқ давом этган уйқуларидан уйғонсалар, ғафлатдан кўз очиб, Аллоҳ таолога тавба ва инобат қилишга ошиқсалар. Шояд, ғофил огоҳланса, ухлаётган уйқусидан уйғонса, ўлим тўсатдан келиб, уларни кўча-кўйда жанжаллашиб турган пайтларида олиб кетиб қолишидан, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлмай қолишларидан олдин ғафлатдан қутулсалар.

Эй мусулмонлар! Аллоҳ таоло айтади: «Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур» (Ҳаж: 6-7).

Инсонлар қиёмат қойим бўлишини ҳар қанча узоқ санамасинлар, инсонларни яратган Зот у кунни жуда яқин санади.

Аллоҳ таоло айтади: «Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз! У Кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур. Тоғлар юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар. Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас» (Маориж: 6-10).

Аллоҳ таоло деди: «(Қиёмат) Соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» (Қамар: 1).

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг фармони (яъни Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар» (Наҳл: 1).

Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).

Қиёмат соати қойим бўлишининг аниқ вақти Аллоҳ жалла ва алонинг ўзига хос илм бўлиб, унинг қойим бўлиш вақтини на муқарраб фаришта ва на бирон пайғамбар билгай.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Аъроф» сурасида айтади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар»» (Аъроф: 187).

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида айтади:

«Одамлар сиздан (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир» (Аҳзоб: 63).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Ван-назиат» сурасида айтади:

«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) Соатини қачон воқе бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда)? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. Сиз фақат ўша (Қиёмат)дан қўрқадиган кишиларни огоҳлантирувчисиз, холос. (Аммо у Куннинг қачон воқе бўлишини айтиб бериш сизнинг вазифангиз эмасдир). Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кун­да (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!» (Ван-назиат: 42-46).

Қиёмат қойим бўлиш соатини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.

Жибрийл алайҳиссалом энг улуғ фаришта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг улуғ пайғамбар ва халқлар ичида энг олий манзилат эгаси бўлган зот эдилар. Шундай бўлгани ҳолда, Жибрийл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Қиёмат соати қачон?», деб сўраганларида у зот: «Бу ҳақда сўралувчи сўровчидан билувчироқ эмас», деб жавоб берганлар!! Сўровчи Жибрийл, сўралувчи эса Башир ва Назир (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар, ҳар иккилари қиёмат соати вақтини билмасдилар! Шундай экан, қайси оқил инсон қиёмат вақтини биламан дейишга журъат қила олади?!

Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Ғайб калитлари (илмлари) бешта, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди: 1) Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди; 2) Ҳеч ким қоринлардаги (ҳомила)нинг нима бўлишини билмайди; 3) Ҳеч бир жон эртага нима қилишини билмайди; 4) Ҳеч бир жон қаерда ўлишини билмайди; 5) Ҳеч ким ёмғир қачон ёғишини билмайди».

Ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини ўқидилар:

«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир» (Луқмон: 34).

Гарчи, Аллоҳ таоло қиёмат соати вақтини яширган бўлса-да, У Зот бандалари огоҳланишлари ва тавбага шошилишлари учун қиёматдан олдин содир бўлувчи айрим аломат ва белгилар ҳақида хабар берган. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди фақат тўсатдан (Қиёмат) Соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе унинг аломатлари келди» (Муҳаммад: 18).

Мен бу аломатларни уч қисмга бўлиб, сўз юритаман:

  1. Биринчи: Бўлиб ўтган ва ниҳоясига етган кичик аломатлар.
  2. Иккинчи: Юз берган ва ҳали ниҳоясига етмаган кичик аломатлар.
  3. Учинчи: Ҳали содир бўлмаган кичик аломатлар
Биринчи: Бўлиб ўтган ва ниҳоясига етган кичик аломатлар

Ушбу аломатлардан биринчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилишларидир.

«Саҳиҳайн»да келган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен (қиёмат) соати билан мана бу иккисидек (яқин) ҳолда юборилдим», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Бухорий: №6503, Муслим: №2950). Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари ва у зотнинг вафотлари кичик аломат бўлиб, ҳар иккиси бўлиб ўтди.

«Саҳиҳул Бухорий»да Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат олдидан олтита нарсани сана» деб, биринчисини ўз вафотлари деб айтганлар (Бухорий: №3176).

Юз берган ва ўтиб кетган кичик аломатлардан яна бири ойнинг бўлиниши ҳодисасидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Қиёмат) Соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» (Қамар: 1).

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида ривоят қилган ушбу ҳадислардан биргинасини сизларга айтиб ўтаман.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аломат (мўъжиза) кўрсатишини талаб қилишганида уларга ойнинг бўлинишини кўрсатдилар. Улардан: «Нима истайсизлар?», деб сўраганларида «Осмондаги ойни иккига бўлиб беришингни истаймиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларидан сўрадилар. У Зот Пайғамбарининг сўровини ижобат қилиб, осмондаги ойни иккига бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гувоҳ бўлинглар... Гувоҳ бўлинглар», дедилар (Муслим: №2800).

Шундан кейин ҳам улар инкор қилишди, юз ўгиришди, «Бу ҳар доимги сеҳр-ку!», дейишди.

Қиёматнинг кичик аломатларидан яна бири Ҳижоз ерида ўт чиқишидир. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳижоз ерида Бусродаги туялар бўйинларини ёритиб юборувчи ўт чиқмагунича (қиёмат) соати қоим бўлмайди» (Бухорий: №7118, Муслим: №2902).

Бусро Шом диёридаги Ҳаврон деб аталувчи шаҳардир. Мазкур аломат ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган Ростгўй зот қандай хабар берган бўлсалар, худди ўшандай содир бўлди.

Имом Қуртубий «Ат-тазкира»да айтади: «Бу оят-аломат худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек бўлди. 654 йил жумодул-охиранинг учинчиси, чоршанба куни Ҳижоз еридан ўт чиқди ва бирон тоғу тошга етиб борса, уни эритиб, майдалаб ўтди. Бу ўтни бутун Шом аҳли кўрди.

Иккинчи: Юз берган ва ҳали ниҳоясига етмаган кичик аломатлар

«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга (хутба қилиб) турдилар ва шу туришларида то қиёмат бўладиган бирон нарсани қолдирмай айтиб ўтдилар, уларни эслаган эслаб қолди, унутган унутди» (Муслим: №2891).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб ўтажак фитналардан хабар бердилар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра ва бошқалар ривояти билан келган ҳадисда у зот айтадилар:

«Зулматли тун парчалари каби фитналар келиб қолмасидан амаллар қилиб қолишга шошилингиз! (Ўша фитналар келган кунларда) киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга бориб кофирга айланади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир ҳолда тонг оттиради, дунё матоси эвазига динини сотиб юборади» (Муслим: №118, Термизий: №3196).

Қоронғу тун зулмати парчаларидек қора фитналар! Киши иймонда тонг оттириб, кечга бормай кофирга айланади! Оқшом пайти иймон устида бўлгани ҳолда кофир бўлиб тонг оттиради!

Бугунги кунда мусулмон кишига кўндаланг бўлаётган фитналардан бири ғурбат фитнасидир. Чин мусулмон киши ҳозирда ўта оғир фитнани – ғурбат (ғариблик, бегоналик) фитнасини бошидан кечирмоқда. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ислом ғариб бўлиб бошланди ва қандай бошланган бўлса, шундай ғарибликка қайтади. Бас, ғарибларга (жаннат) хушхабари бўлсин» (Муслим: №145).

Ҳозирда ғурбат аҳли динларини олиб қочмоқдалар. Имом Термизий «Сунан»да ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга шундай замон келадики, у кунларда динини ушлаган киши қўлларида чўғни чангаллагандек бўлади», деганлар.

Мусулмон киши дуч келаётган фитналардан яна бири шаҳватлар фитнасидир. «Саҳиҳайн»да Мисвар ибн Махрамадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зараридан) қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Бухорий: №6425, Муслим: №2961, Термизий: №2464).

Ғайратли мусулмон киши куфр давлатлари ва кофир миллатларнинг илм, маданият ва тараққиётда ҳайратомуз тезликда илгарилаб кетганини, ислом уммати эса ёмғирли совуқ тунда ҳар тарафга тирқираб кетган қўй подаси каби тарқоқ ҳолга келиб қолганини кўриб, дилига фитна оралайди, дастури Қуръон, пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, парвардигори Раҳиму Раҳмон бўлган уммат шуми ўзи, нега бу уммат бу қадар хорликка тушиб қолди, жаҳолатга ботиб, заифлик ва ожизликка дучор бўлди, деб сиқилади.

Ундан ташқари, хотинлар ва бола-чақа фитнаси ҳам бор. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сиз­лар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар!..» (Тағобун: 14).

«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса ёлгиз Аллоҳнинг ҳузуридадир» (Тағобун: 15).

Фитналар кўпдир.. «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Илмнинг кўтарилиб кетиши, жаҳолатнинг зоҳир бўлиши, зино кўпайиши, ароқхўрлик авж олиши, эркаклар камайиб, хотинлар кўпайиши, ҳатто элликта хотинга битта эркак тўғри келиши қиёматнинг аломатларидандир» (Бухорий: №80, 81, Муслим: №2671).

«Сунанут-Термизий»да саҳиҳ санад билан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат олдидан замон яқинлашади (вақт тезлашади), йил ойга, ой ҳафтага, ҳафта кунга, кун эса бир ўтин ёнгудек вақтга ўхшаб қолади» (Термизий: №2434, Албоний «Ал-мишкот»да (№5389) саҳиҳ санаган).

Содир бўлиб турган ва ўтиб кетмаган кичик аломатлардан яна бири ишни ўз эгасидан бошқага топширилишидир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб келди, у зот одамларга сўзлаб турган эдилар. У: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон?», деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этавердилар ва аъробийнинг саволига жавоб бермадилар. Сўзларини тугатгач: «Қиёмат ҳақида сўраган киши қани?», деб сўрадилар. «Мен шу ердаман, ё Расулуллоҳ», деди аъробий. «Омонат зое қилинса, қиёматни кутавер», дедилар. «Унинг зое бўлиши қандай бўлади?», сўради аъробий. «Ишни ўз аҳлидан бошқаси қўлига топширилса, қиёматни кутавер», дедилар (Бухорий: №59).

Аҳмад «Муснад»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали одамларга шундай алдамчи замонлар келадики, унда ёлғончининг гапини рост деб кўрилади, ростгўйни ёлғончига чиқарилади, хиёнатчига омонат қўйилади, омонатдор хиёнатчига чиқарилади, унда рувайбиза гапдонлик қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, рувайбиза ким?», деб сўралди. «Қадрсиз одам, – бир лафзда «ақлсиз одам» – омманинг ишига тааллуқли гапларни гапиради», деб жавоб бердилар».

Улардан яна бири – ислом уммати устига бошқа халқлар ёпирилиб келишидир.

Абу Довуд «Сунан»ида ва Аҳмад «Муснад»ида Савбон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар (Абу Довуд: №4297, Аҳмад: №22296, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№956) саҳиҳ санаган).

Бугун уммат айни воқеъликни бошидан кечириб яшамоқда! Ер юзининг энг хор халқлари бўлмиш яҳудийлар, сигирпарастлар ва атеистлар бугун Ислом уммати устига ёпирилиб келганлар, кучли-ю кучсиз, яқин-у узоқ халқлар томонидан ислом уммати бугун оёқости қилинмоқда.

Аломатлардан яна бири – Аҳмад, Табароний «Ал-кабийр»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган, Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳолатдир: «Қиёмат олдидан сигир думига ўхшаш қамчи кўтарган кишилар бўлади, улар Аллоҳнинг ғазаби билан чиқиб, Аллоҳнинг ғазаби билан қайтишади» (Саҳиҳ, Муслим: №2857).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси: қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси: кийиниб олган, лекин яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Муслим: №2128).

Севикли дўстларим! Бу ҳақда гапни узоқ чўзиб ўтирмай, энди ҳали содир бўлмаган аломатлар ҳақида сўз юритишга ўтаман.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Учинчи: Ҳали содир бўлмаган кичик аломатлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ва ҳали содир бўлмаган қиёмат аломатларидан бири – Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мол-дунё кўпайиб, тўлиб-тошмагунича, ҳатто бир киши молининг закотини чиқариб, уни оладиган одамни тополмай қолмагунича қиёмат қоим бўлмайди» (Бухорий: №7121, Муслим: №157).

Баъзи аҳли илмлар айни шундай ҳол Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу даврларида ҳам бир бўлиб ўтганини айтадилар.

Ҳали содир бўлмаган аломатлардан яна бири Ростгўй зот мана бундай хабар берганлар. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«То Фурот (дарёси) тиллодан бўлган тоғни очмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Одамлар уни деб уруш қиладилар ва ҳар юзтадан тўқсон тўққизтаси ўлдирилади. Улардан ҳар бир киши, қани энди нажот топган мен бўлсам эди, дейди».

Бир ривоятда айтганлар: «Келажакда Фурот тиллодан бўлган кон-дафинани очади. Ким унга ҳозир бўлса, ундан бирор нарсани олмасин» (Бухорий: №7119, Муслим: №2894, Абу Довуд: №4313, 4314, Термизий: №2572, 2573).

Ҳали зоҳир бўлмаган аломатлардан яна бири Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишларидир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар дунёдан бор-йўғи бир кунгина қолган бўлса ҳам, Аллоҳ ўша кунни узайтиради ва унда мендан – ёки аҳли байтимдан – бўлган бир кишини чиқаради, унинг исми исмимга, отасининг исми отамнинг исмига тўғри келади, ер юзи не қадар жавру зулмга тўлган бўлса, у уни ўшанча адолатга тўлдиради» (Абу Довуд: №4282, Термизий: №2231, 2232).

Аллоҳ таоло бу киши билан динга қувват беради, у етти йил ҳукм юритади, шу вақт ичида жавру зулмга тўлган ер юзини адолатга тўлдиради, унинг даврида уммат ҳеч қачон кўрмаган фаровонликка эришади, ер ўз бағридаги набототни чиқариб беради, осмон ёмғир қуяди, ҳисобсиз мол-дунё берилади.

Ибн Касир айтадилар: «Унинг замонида мева-чева кўп, ҳосил мўл бўлади, мол-дунё тўлиб тошади, салтанат қудратли, дин барпо, яхшиликлар давомли бўлади» (Ан-ниҳая фил-фитан вал-малаҳим).

Уламолар ва имомларимиз сўзларига кўра, Маҳдий ҳақидаги ҳадислар маънавий мутавотирлик даражасига етган.

Шу миқдордаги сўз билан кифояланамиз, Аллоҳ таолодан сўраймизки, бизларни (гуноҳларимизни) ер юзида ҳам, ер остида ҳам, қиёмат кунида ҳам Ўзи яширсин. У бунинг эгаси ва унга Қодирдир.

2011 йил 12-май