Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Гиёҳвандлик – аср вабоси

4489 марта кўрилган

المخدرات ( سرطان العصر)

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим! Бугун сиз билан кейинги йилларнинг энг долзарб мавзуси ва жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси бўлган иллат ҳақида сўзлашамиз. У инсоннинг жисмидан олдин руҳини ўлдирадиган, баданидан ҳам олдин ақлига чанг соладиган, дунёсидан ҳам олдин динини хароб қиладиган ғоят йиртқич ва тажовузкор душмандир.

Рухсатларингиз билан аввал ушбу мавзуга тааллуқли, яқиндагина газетадан ўқиганим иккита аламли ва ачинарли ҳодисани айтиб берсам..

Биринчи воқеанинг мазмуни шуки, йигирма тўққиз ёшли бир йигит ўз онасига пичоқ билан ҳамла қилиб, йигирма беш жойига пичоқ уриб, ўлдирибди..

Аллоҳга қасамки, бу каби даҳшатли ҳодиса олдида томоқлар қуриб қолади, юраклар қалтираб кетади, тиллар танглайга ёпишиб қолади, унинг даҳшатини таърифлашга сўз ожизлиқ қилади.. Ўғил ўз онасини ўлдирса?! Сабаб нима? Сабаби – гиёҳвандлик моддаси!!

Иккинчи ҳодиса эса ўта жирканч тажовуз ва босқинчилик ҳодисасидир. Эри ўлиб кетиб, бир этак бола билан тул қолган, уларни тарбия қилиб, уйли-жойли қилган олтмиш ёшли онахон бир куни кеч соат тўққизларда бошқа маҳаллада турувчи болаларини кўргани бораётганида тўсатдан олдида инсон суратидаги бўри – наркотик таъсирида эс-ҳушини йўқотиб, ақли ҳам, қалби ҳам, кўзи ҳам кўр бўлиб қолган бир гиёҳванд пайдо бўлади ва онахон унинг кўзига йигирма ёшли мафтункор қиз бўлиб кўринади!! Томирида гупираётган жинсий шаҳват чақириғига асир бўлган гиёҳванд муштипар кампирни дод солишига, ўзини унинг онасидан ҳам катта кампир эканини айтиб ёлворишларига қарамай, зўрлайди ва ёнидаги бор будини тунаб, қочиб кетади.

Одам ўлдириш жинояти.. Зинокорлик жинояти.. Ўғирлик жинояти.. Сабаби битта – гиёҳвандлик!!

Ҳа, гиёҳвандлик одамнинг дунёсидан ҳам олдин динини хароб қилади.. У барча-барчамизни огоҳликка чорловчи хатардир, азиз мусулмонлар!!

Мактаб ўқитувчиларидан бирининг менга айтишича, улар мактаб ҳожатхонасида бир талай игна (шприц) топиб олишибди, маълум бўлишича, ўқувчилар бу игналар орқали томирларига наркотик модда қабул қилишар экан!

Гиёҳвандлик жамиятга хатар солувчи жуда катта хатардир. У жуда катта миқёс ва ўлчамдаги улкан мусибатдир. Мен бу фалокатнинг кўламини тўғри баҳолай олмасликдан ва бу иллатнинг сабабларини нотўғри тасаввур қилиб қолишдан сизларни огоҳлантиришни истардим. Зеро, гиёҳвандлик муаммоси наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи ва умматнинг келажагини барбод қилиш эвазига бўлса-да миллионлар ишлаб қолиш илинжидаги жиноий гуруҳларга қарши курашиш билангина барҳам топадиган муаммо эмас. Ёки бўлмасам, ҳар жой, ҳар жойда гиёҳвандларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослашган шифохоналар қуриш билан ҳам ечилиб қолмайди бу муаммо.

Муаммонинг моҳияти анча чуқур ва анча каттадир. Ҳа, бу муаммо наркотиклар контрабандасига қарши курашиш ва шифохоналар қуриш билан барҳам топиб қолмайди. Биз бугун етиб келган аҳвол жуда кўп муқаддималар натижасидир. Шунинг учун, агар ҳақиқий иложни истасак, ана шу муқаддималар ҳақида бош қотиришимиз ва уларни тафтиш қилишимиз зарур бўлади.

Тўғрисини айтсам, биз мусулмон мамлакатларидаги масъул шахсларнинг бирон муаммо ечимига то унинг алангаси ҳамма ёқни қоплаб олмагунича ва ҳўлу-қуруқни баравар ёндирмагунича мутлақо ҳаракат бошламасликларига ўрганиб қолганмиз.. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Гиёҳвандлик алангаси айрим каттаконларнинг хонадонларини ёндира бошлади, уларнинг фарзандлари ҳамма турдаги наркотиклар асирига айланишга, чекиш, ҳидлаш, игна билан томирга қабул қилиш каби кўринишларига мубтало бўлишга улгуришди..

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Бизнинг қатъий эътиқодимизга кўра, Ислом – дин ва давлатдир.. Ақида ва шариатдир..

Шу боис биз бугун бу хатарли муаммога Ислом нуқтаи назари орқали ёндошмоқчимиз.

Зотан, исломий даъватчилар жамиятдаги иллатларга муносабат билдиришлари, уларга ташхис қўйиш ва даво белгилашга бош қўшишлари зарур бўлади. Зеро, биз ҳаммамиз битта кемага минганмиз.

Бинобарин, иш юракдан ёндошиш ва холис насиҳатга муҳтождир, Аллоҳ таолодан ушбу сўзларимиз билан ҳаммани фойдалантиришини сўраймиз.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Бу улкан муаммонинг илдизига етиб бориш ва уни таг-тубидан қуритиб ташлаш парламентлар ва мажлисларда ўтириб олиб, ҳар хил қонунлар ишлаб чиқиш билан, бир томондан наркотик савдоси билан шуғулланувчиларга ва иккинчи томондан гиёҳвандликка мубтало бўлганларга қаттиқ ва шафқатсиз жазолар қўллаш билан амалга ошиб қолмайди. Чунки, булар жузъий ва қосир муолажалар бўлиб, худди пойдеворидан нураб бораётган бинонинг деворларини тузатиб қўйишга ёки жароҳатнинг фасодини тозаламай туриб, устидан боғлаб қўйишга ўхшаган иш бўлади.

Муаммонинг илдиз ечимига эса ушбу вабонинг бу қадар тез тарқалишига олиб келган ҳақиқий сабабларини холис ўрганиш ва таҳлил қилиш орқалигина етиш мумкин бўлади. Илож мана шу сабаблар ортида яшириниб ётибди. Дардга ташхис қўймасдан туриб, унинг давосини белгилаш мумкин эмас. Ушбу сабабларнинг очиқ-ойдин кўриниб турган энг асосийлари эса қуйидагилардир:

Биринчи: Наркотикларга барҳам бериш ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашишга масъул бўлган айрим амалдорларнинг ўзлари ҳам ушбу жиноий гуруҳларга аралашиб қолганликлари.

Наркомафия гиёҳвандлик тўрига илашиб, ўлим сари юз тутган бечора ёшларга юраги ачишмайдиган ана шундай ахлоқсиз ва динсиз масъул шахслардан анча-мунчасини ўзига оғдириб олишнинг уддасидан чиққан.

Улар зоҳирда наркотик ташувчиларга қарши қаттиқ кураш олиб бораётгандек кўринишиб, кичик-кичик наркокуръерларни ушлаб қамашади, аслида эса ўзлари бу ишга бош-қош бўлишади ва катта наркобаронларни ўз паноҳлари остига олишади ва бу ишлари ортидан жуда катта ҳаром бойликларга эга бўлишади.

Мен қатъий ишонаманки, ўша хиёнаткор кимсалар хатарнинг ўчоғи ва балонинг манбаидирлар, уларга жиноятларига ва хиёнатларига яраша қаттиқ жазо берилиши, жамиятни уларнинг хатари ва ёмонлигидан ҳимоя қилиш зарур.

Иккинчи: Жуда кўп ёшлардаги диний бўшлиқ ва масжидлар ўзларига лозим бўлган вазифани адо этмасликлари. Шак-шубҳасиз, диндорлик ва Аллоҳнинг манҳажини (дастурини) лозим тутиш дунё-ю охиратдаги хотиржамлик ва саодатнинг асосий унсуридир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 123-124).

Ҳар ким ўзи кузатиб, масжидларга қатнайдиган покиза ва тоат-ибодатдаги ёшлар билан наркотикларга мубтало бўлган нопок ва саёқ ёшлар ўртасини таққослаб кўрса, ўртадаги фарқ яққол кўринади.

Шуни унутмаслик керакки, хусусан ҳамма ёқни разолат қоплаб олган ҳозирги пайтда масжидлар фарзандларимизга фазилатни ўргатадиган таълим-тарбия ўчоғи вазифасини ўтамоғи зарур.

Масжидлардан қўрқманглар, масжидлардан қўлларингизни тортинг, ёшларни масжидлардан тўсманглар! Улар уламолар ва даъватчилар ҳузурида исломий ахлоқ тарбиясини олсинлар. Ёлғиз шугина уларни мазкур қаттол ҳалокатдан олиб қолади!

Аммо, агар ёшларимиз масжид йўлини йўқотсалар ва тоат лаззатидан бебаҳра ўссалар, албатта охири ўшандай аянчли хотимага олиб борадиган бошқа йўлларга кириб кетишади.

Учинчи: Покиза ахлоқлардан кўпларини вайрон қилаётган оммавий ахборот воситалари.

Мен аниқ ишонч билан айта оламанки, жуда кўп матбуот воситалари – газета-журналлар, интернет, радио, телевидения, кино ва видеофилмлар фаҳшу-разолат тарқатиш ва барча турдаги жиноятларга қизиқтиришда мислсиз улкан рол ўйнамоқда. Гапимнинг ростлигига ишонч ҳосил қилиш учун бу борада ўтказиб туриладиган статистик маълумотларга мурожаат қилишингиз кифоя қилади.

Қанчадан-қанча хонанда-ю раққосаларнинг ҳаёсиз суратлари туширилган газета-журналлар чоп этилади!!

Қанчадан-қанча фаҳш, разолат ва ахлоқсизлик тасвирланган филмлар намойиш этилади!

Фарзандларимизни жиноятчилик ва бузуқликка ўргатадиган қанчадан-қанча филмлар намойиш этилади!

Деворларга, эълонлар тахталарига қанчадан-қанча ахлоқсиз ва бузуқ кимсаларнинг катта ҳажмдаги суратлари ёпиштирилиб, ёшларимизнинг яширин жинсий ғаризаларини қўзғотишга ҳаракат қилинмоқда!!

Ахлоқни вайрон қилувчи қанчадан-қанча ахлоқсиз журналлар ва шармсиз видеокассеталар сотилади ва тарқатилади!!

Шундай бўлгач, диний ва зеҳний бўшлиқ, ақидасизлик ва динсизлик ҳалокат сари судраётган ёшлардан яна нимани кутиш мумкин, эй катталар?! Ёшларимиз бугун обид-у зоҳидларни ҳам фосиқ-у фожирга айлантириб юборадиган нарсаларни кўришмоқда, эшитишмоқда!! Кўрган нарсаларига амалда етиша олмагач, гиёҳвандликка берилишади, осон пул топиш илинжида ўзларини наркотиклар савдосига уришади!

Тўртинчи: Замонавий таълим-тарбия дастурлари.

Ҳозирги таълим-тарбия дастурлари ёш авлодга яхши илм ва билим бера олади, бироқ уларнинг кўзларига йиғи ва қалбларига қўрқувни таълим бера олмайди.

Таълим масканларида айни балоғат ёшидаги ўсмир йигит-қизларни аралаш ҳолатда ўқитилади ва бу нарсани ўта ботил даъво билан – эркинлик даъвоси билан ҳаспўшлашади!

Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, ўқув масканларида содир бўлаётган жиноятлар ҳақидаги ҳисоботлардан кишининг юраги орқага тортиб кетади. Кўпчилигингиз дорулфунун толибининг ўз курсдош қиз ўртоғини унинг севгисини рад этгани учун ўлдириб қўйгани воқеасидан бохабар бўлсангиз керак.

Олий ўқув юртлари факултетларига кириб қолган одам толибаларнинг эгниларидаги кийимларга қараб модалар намойиши залига кириб қолдимми, деб ўйлайди, бу қизлар ўқишга эмас, театрга келган бўлсалар керак, деган фикр хаёлингиздан ўтади.

Қоҳира университети толибларидан 700 нафари билан ўтказилган сўров натижасига кўра, 36,4% талаба наркотик модда истеъмол қилган, 50% талаба эса героин ҳидлаган экан.

Таълим-тарбия дастурларини ва ўқитиш услубларини қайта кўриб чиқиш зарур.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Суҳбатимиз наркотик моддаларнинг тарқалишига олиб келган ҳақиқий сабаблар ҳақида бораётган эди.

Бешинчи: Иқтисодий омил

Иқтисодий омил ҳам ушбу хатарли муаммо сабабларидан бири эканини кўздан қочирмаслигимиз лозим. Зеро, маълум бўлганидек, жамият оз қисми ғоят бой-бадавлат ва кўпчилиги ўта камбағал бўлган икки табақага ажралиб қолган.

Биринчи табақага мансуб кишиларнинг фарзандларини асосан бу ботқоққа ботиришга уринилади. Чунки, героин каби наркотик моддаларни сотиб олиш ва истеъмол қилишни шу табақага мансуб кишилар фарзандларидан бошқанинг чўнтаги кўтармайди. Айтишларича, героинни бир марта бурунга тортишнинг ўзи фалон пул турар экан.

Камбағал табақага мансуб хонадонлар вакилларидан аксариятининг чўнтаги буни кўтармаганидан, улар – хусусан диндан узоқ кишилар фарзандлари – осон пул топиш дардида наркотиклар савдоси билан шуғулланишга интилишади ёки ўзларининг оғир воқеликларидан қочиш учун топган пулларини наркотик модда истеъмол қилишга сарфлашади.

Олтинчи: Оилавий қўйди-чиқдилар

Аксарият ҳолларда оиладаги қўйди-чиқдилар ва ажралишлар болаларга таъсир ўтказади ва қаровсиз қолган болалар ёмонлар таъсири остига тушиб қоладилар.

Ва ниҳоят, мен наркотикларга қарши қаттиқ кураш олиб борилгани ҳолда маст қилувчи ичимликлар савдосига кенг йўл қўйиб берилганидан ажабланаман. Нима, наркотиклар ҳаром қилинган-у, маст қилувчи ичимликлар ҳалолми?!

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида: 90).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир», деганлар (Бухорий: 10/35, Муслим: №3001, Абу Довуд: №3682, Термизий: №1864, Насоий: 8/298) ривоятлари).

Юқорида айтиб ўтилганлар агар биз гиёҳвандлик иллатига астойдил барҳам беришни ва уни илдизидан қуритишни истасак, бу дардга ташхис қўядиган ва унга давони белгилаб берадиган айрим сабаблар эди.

Наркотикфурушлар ва уни истеъмол қилувчилар ҳукми:

Уламолар, жумладан Ибн Таймия ва Ибнул Қаййим раҳимаҳумаллоҳ айтишларича, кимнинг ерда тарқатаётган фасодини агар қатлдан бошқа нарса билан даф қилиб бўлмаса, улул-амр (давлат раҳбари) уни қатл қилиши вожиб бўлади. Ҳанафийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар фикри ҳам шудир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара: 179).

Аммо, наркотик модда истеъмол қилувчи киши ҳукмига келсак, фуқаҳолар сўзларига кўра, агар ундан мастлик ҳолида қатл жинояти содир бўлса, қотилдан қасос олиш вожиб бўлади. Агар мастлик ҳолида зино, ўғирлик каби ҳад (яъни шаръий жазо)ни вожиб қилувчи жиноят содир бўлса, унга ҳадни ижро қилиш вожиб бўлади.

Моликийлар ва ҳанафийлар фикри шудир, ҳанбалийларда икки сўзнинг саҳиҳроғи ва шофиийларда саҳиҳ сўз ҳам шудир.

Сўнг сўз:

Ушбу хатарли муаммони муолажа қилишда ҳамма елкама-елка туриб, бир-бирига ёрдам бериши лозим, бу иш ўта оғир ё иложсиз эмас. (Бир вақтлар Британия мустамлакачилари томонидан ишлаб чиқилган режа асосида оммавий равишда гиёҳвандликка гирифтор этилган) Хитой бир миллиард аҳолисини бу иллатдан қутқариб чиқара олди. Фақат муваффақият шарти шуки, ҳамма бу ишга сидқидилдан ёндошиши зарур.

- Даъват соҳиблари масжидларда ўз вазифаларини ўташлари лозим бўлади.

- Оталарнинг хонадон ичида жуда катта вазифаси бор.

- Мактабларда муаллимларнинг вазифаси ҳам кам эмас.

- Оммавий ахборот воситалари зиммасида катта вазифалар бор.

- Наркотикфурушларни жамиятдаги мавқеъларидан қатъий назар, аёвсиз жазолаш зарур.

Сен, эй гиёҳвандлик дардига гирифтор бўлган бахтсиз кимса! Иродангни қўлга ол, Аллоҳга қайт! Бу иллатдан қутқаришини сўраб, сидқидилдан Аллоҳга ёлвор!

Эй Аллоҳ! Ўзинг бизларни гуноҳларимизни ер юзида яширгин, ўлганимиздан сўнг ер остида ҳам яширгин, қиёмат куни ҳам яширгин!

Эй Аллоҳ! Ҳокимларимизни, уламоларимизни ислоҳ қилгин, ёшларимизни ҳидоят қилгин, аёл-қизларимизни сатрли қилгин.

Эй Аллоҳ! Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин.

2010 йил 21-октябр