Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Вақтни тежаш

3153 марта кўрилган

Аҳмад тиришқоқ ўқувчи эди. Унинг отаси вафот қилди ва унга мактабни тамомлашга ёрдам бўладиган ҳеч нарса қолдириб кетмади. У ўқишни ташлаб бир савдогарнинг уйида ишчи бўлиб ишлай бошлади. Бўш вақтларида кечки мактабга бориб таълим оларди. У мана шундай давом этиб ниҳоят ҳуқуқшунослик шаҳодатномасини олди. Шундан кейин у тижоратчининг хизматини ташлаб ҳимоячи-адвокат бўлиб ишлай бошлади. У тиришқоқлиги ва ёш умрини зое қилмаганлиги боис ҳеч қанча вақт ўтмасдан обрўси кўтарилиб, номи ҳамма ёққа машҳур бўлди.

Бу йигит вақтнинг қадрини билиб, уни яхшилик ва фойда келтирадиган жойларга сарфлагани учун ҳаётий ютуқларга эришди. Агар у баъзи нодонлар қилганидек бўш вақтини ўйин-кулгига сарфлаганида, ҳеч ким уни танимасдан камбағал ҳолда ҳаёт кечирган бўларди.

Масалан, сафар қилмоқчи бўлган киши поезднинг кетиш вақтига риоя қилмаса, қанча фойдали ишлари бекор бўлгани ҳолда бошқа поездни кутиши билан вақти бекор кетади.

Деҳқон одам ўз вақтида ерига экинни экмаса, қўшнилари ҳосилни йиғиштираётганларини кўрганда пушаймон қилади.

Мана шундан кўряпсанки, вақтни тежаш дегани уни фойдали ўринларга сарфлаш демакдир. Яъни сен вақтингни тартибга солишинг ва ҳудди ўзингга қадрли бўлган нарсаларингдан эҳтиёткорлик билан фойдаланганингдек ундан ҳам чиройли фойдаланишинг керак. Балки сен молингдан кўра кўпроқ вақтингни қизғанишинг керак. Чунки ўтган озгина умр ҳеч қачон қайтиб келмайди.

Қуйидаги нарсалар ҳам вақтни тежаш доирасига киради:

1. Ҳар бир ишни ўз вақтида қил. Чунки ким бир ишни бошқа вақтга қолдирса, унинг ишлари кўпайиб кетади. Натижада уларни пухта қилолмайди.

2. Ҳар бир амал учун алоҳида вақт белгилашинг керак бўлади. Чунки вақтнинг амалсиз ўтиши умрнинг бефойда кетишидир.

3. Ўйнаш ва дам олиш учун алоҳида вақт ажрат. Чунки бир кунда бир соат ўйнаш ғайрат-шижоатни янгилайди ва ишлашга қувватни зиёда қилади.

4. Уйда бефойда ишлар билан шуғулланиб ёки кўчада болалар билан бекорчи гапларни гаплашиб ёзги каникулни бекор ўтказма. Балки унда ҳам кўнгилга хурсандчилик бўладиган масалан ҳайвонот боғига ёки музейга бориш, футбол ўйнаш ёки одоб-ахлоққа ва ақл-заковатга фойдали бўлган ойнома ва китобларни ўқиш сингари ишлар билан машғул бўл.

5. Компютердан ўз ўрнида фойдалан, бутун умрингни компютер ўйинларини ўйнаш билан ўтказма.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлигингни, камбағал бўлишдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни, ўлишингдан олдин тириклигингни".