Ислом Нури
Жума насиҳатлари
الشيخ محمد حسان
الكاسيات العاريات
Кийимли яланғочлар
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
(Давоми)
Энди иккинчи далил: Бу ҳақда қисқача гапириб ўтаман.
Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир» (Аҳзоб: 53).
Бу оят ҳижратнинг бешинчи йили Зул-қаъда ойида нозил бўлган. У эркакларнинг аёллардан пардаланишлари фарзлигига очиқ далил-ҳужжатдир. Аллома Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Бу ояти карималарда гарчи сўзнинг асли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хос бўлса-да, ҳижобнинг фарзлиги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хос эмас, балки барча аёлларга умумий эканига очиқ далил бордир. Чунки, ҳукмнинг иллати (сабаби)нинг умумийлиги ҳукмнинг умумийлигига далилдир. «Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир» ояти далолат қилган иллат (сабаб) маслаки «парда ортида туриб сўранглар!» сўзларидаги иллатнинг ўзидир. Бу маслак усул илмида иймо (ишора) ва танбеҳ маслаки деб танилган».
Устоз Муҳаммад Адиб Калкал «Исломда қараш фиқҳи» китобида айтади: «Ушбу оят мўминларнинг оналарига (яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига) хос ва улар ҳақларида нозил бўлган, деб айтувчиларга мен айтаманки, оят гарчи сабаб жиҳатидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос бўлса-да, ҳукм жиҳатидан омдир. Чунки, эътибор лафзнинг умумигадир, сабабнинг хослигига эмас... Бу оят мўминларнинг оналарига хос ва улар ҳақларида тушган, деган даъво ҳужжат бўлолмайди. Чунки, «Уларга ўз оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (очиқ ҳолда кўринишларида) бирон гуноҳ бўлмас» (Аҳзоб: 55) оятидаги истисно омдир ва аслдан бир фаръдир. Асл эса ҳижобга буюришдир. Аслни хослаш даъвоси фаръни ҳам хослашни лозим қилади, оят маъносига кўра бундай қилиш тўғри бўлмайди».
Шайх Саид ал-Жобий «Кашфун-ниқоб» китобида айтади: «Ҳар қандай бузуқликдан пок, бизлар учун никоҳи ҳаром бўлган, мўминларнинг оналари деган юксак ном эгаси бўлган Пайғамбар аёллари, модомики, ўзларининг қалблари ҳам, уларга никоҳланишлари ҳаром бўлган ўғилларининг диллари ҳам пок-тоза ҳолда қолиши учун ҳижоб тутишга буюрилган эканлар, энди бизлар учун никоҳи ҳалол бўлган, бузуқликка тушиш эҳтимолидан холи бўлмаган бошқа оддий аёллар ҳақида нима дейиш мумкин, улар юзлари очиқ, ниқобсиз ва ҳижобсиз ҳолда юришлари жоиз бўладими?!».
Устоз Муҳаммад Адиб Калкал Аллоҳ таолонинг: «Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб: 32-34) оятлари ҳақида шундай дейди: «Булар раббоний насиҳатлар ва илоҳий оятлардир, улардан қайси бири муслима аёллар оммасига тегишли эмас экан?! Муслима аёллар оммасига Аллоҳдан тақво қилиш фарз эмасми?! Уларга динсизлик давридаги каби ясан-тусан қилиб, очиқ-сочиқ юриш мумкин эканми?! Уларга намозни тарк қилиш, закотни бермаслик, Аллоҳ ва Расулининг тоатидан чиқиш ҳалол бўларканми?! Аллоҳ улардан гуноҳни кетказишни ва уларни бутунлай поклашни истамайдими?! Модомики, ушбу буйруқ ва кўрсатмалар барча муслима аёлларга ом экан, уларни хослашга нима сабаб бор?! Ҳа, бу ишларни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос, деб айтишга қандай йўлланмалар бор?! Шайх Абдулазиз ибн Халаф раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нур» ва «Аҳзоб» сураларидаги ҳукмларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ҳеч қандай хослашлик келмаган, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг барча аёлларига то қиёмат ом ҳукмлардир, ҳижоб ояти Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос деб айтиш ботил даъводир...» («Мусулмон аёл ҳижоби» китоби ҳақида қарашлар: 93-99 саҳифалар).
Ундан ташқари, «Нур» сурасида бир неча оятлар ҳам келган. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).
Мен ушбу оятлар ичидан «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар» ояти ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келган бир асарга тўхталмоқчиман.
Ибн Аббос айтади: «(Кўриниб турган зийнат) сурма ва либослардир». Ибн Аббос айтади: «Зийнат икки хил: зоҳир зийнат ва зоҳир бўлмаган зийнат. Аёл киши зоҳир зийнатини эрига ҳам, номаҳрам эркакларга ҳам кўрсатиши жоиз, аммо ботиний зийнатини фақат эрига ва маҳрамларига кўрсатиши мумкин». Баъзилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мана шу сўзлари, яъни, зоҳирий зийнат – сурма ва либосларини номаҳрамларга кўрсатишга монеълик йўқ, деган сўзларини далил қилишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган деб айтиладиган бу сўз энг ботил сўзлардан биридир. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсирларида келтирганлар, Байҳақий «Ас-сунан ул-кубро»да ривоят қилган. Ҳар икки санад (ровийлар силсиласи) саҳиҳ эмасдир.
Биринчи санад: Ибн Жарир Табарий айтади: Бизга Абу Курайб сўзлади, у деди: Бизга Марвон сўзлади, у деди: Бизга Муслим ал-Малоий Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилиб сўзлади: «Зийнатларини кўрсатмасинлар» (оятидан мурод) юз ва икки кафтдир».
Мен айтаманки, бу ривоятнинг исноди жуда заиф, балки мункардир. Имом Заҳабий Муслим ал-Малоий ал-Куфийнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўзлаб, уни «матрукул-ҳадис» (ривоят қилган ҳадиси олинмайдиган шахс) дейди. Яҳё ибн Муъийн уни «ишончли эмас» дейди. Бухорий: «У ҳақда гап-сўз бор» деган. Яҳё яна айтади: «Уни аралаштириб юборган, деб айтишган». Насоий уни «матрукул-ҳадис» деган. Демак, ҳадис илми толибларига кўриниб турганидек, бу иснод (ривоят силсиласи) соқитдир, далил ва гувоҳликка ярамайди.
Иккинчи санад: Байҳақий «Ас-сунан ул-Кубро»да ривоят қилади: Бизга Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ва Абу Саид ибн Абу Умар хабар берди, у деди: Бизга Абул Аббос Муҳаммад ибн Яъқуб сўзлади, у деди: Бизга Аҳмад ибн Абдулжаббор сўзлади, у деди: Бизга Ҳафс ибн Ғиёс Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ҳурмуздан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилиб сўзладики: «Зийнатларини кўрсатмасинлар» (оятидаги кўриниб турган зийнатдан мурод) кафт ва юздир». Бу иснод унда Аҳмад ибн Абдулжаббор ал-Аторудий борлиги учун жуда ҳам заиф ва қоронғидир. Заҳабий айтади: «Уни бир қанча киши заиф санаган». Абу Ҳотим айтади: «Кучли эмас». Ибн Абдурраҳмон айтади: «Мен ундан (ҳадис) ёзиб олдим ва (лекин) одамлар у ҳақда гапирганлари учун ундан ҳадис ривоят қилиб сўзлашдан тийилдим». Ҳофиз «Ат-тақриб»да «заиф» деган.
Бу санаддаги иккинчи ровий Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ҳурмуз бўлиб, имом Заҳабий у ҳақда айтади: «Уни Ибн Муъийн заиф санаган». Абу Ҳотим «кучли эмас» деган, Насоий заиф санаган, Ҳофиз «Тақриб ат-таҳзиб»да «заиф» деган.
Демак, биродарлар, кўриб ўтганимиздек, ҳар икки иснод Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан собит эмасдир. Бу гапимиз тўғрилигини биз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан зикр қилган, Алий ибн Талҳа у кишидан ривоят қилган: «Аллоҳ таоло мўминларнинг аёлларини бирон ҳожат билан уйларидан чиққанларида бошларига ёпинчиқ ташлаб, юзларини ўрашга ва битта кўзни очиқ қолдиришга буюрди» деб айтган сўзлари ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу сўз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзларидир.
Суннатда бундан бошқа ҳам далиллар кўп, мен биргина далил билан кифояланаман. «Саҳиҳ Бухорий»да, Имом Моликнинг «Муватто»сида ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Муҳрима (яъни, ҳаж ва умра учун эҳромга кирган) аёл ниқоб тутмайди ва қўлқоп киймайди» (Бухорий: 1838, Муватто Молик: 1/268, Аҳмад: 2/119, Абу Довуд: 1825, 1826).
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Бу муҳрим бўлмаган аёлларда ниқоб ва қўлқоплар маъруф бўлган эканига далил бўлади. Бу эса юз ва қўлларини ёпишни тақозо қилади».
Баъзан шайх Носируддин Албонийнинг юзни очиш жоизлиги ҳақидаги сўзлари билан маломат қилишади. Мен шайх Албонийнинг бу масаладаги сўзларини айтиб ўтмоқчиман. Шайх раҳимаҳуллоҳ, юз ва кафтларни ёпишнинг суннатда асли бор ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида маълум бўлган иш эди, деб таъкидлаган ва бунга далиллар олиб келган, сўнг айтган: «Бу ҳадисда юзни ёпиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида маълум бўлган ва у зотнинг аёллари шундай қилган эканларига далил бор. Асмоънинг ҳадисини далил қилиш тўғри эмас, биз юқорида Асмоънинг ҳадиси икки жиҳатдан, балки уч жиҳатдан заифлигини баён қилдик, валлоҳу аълам».
Мен айтаманки, ниқоб ҳақида бўлмағур сўзларни гапириш ва ниқобли аёлларни камситиш мутлақо жоиз эмас. Аксинча, мен ниқобли муслима синглимизга айтаманки, бошингни баланд кўтар ва билгинки, сен иншооллоҳ, ҳақ устидасан.
Бироқ, қизиғи шундаки, очиқ-сочиқ ва ярим яланғоч хотин-қизларга ҳамма жойда эшиклар катта очиқ, уларни ҳамма хуш қаршилайди, ҳурмат билан кузатиб қўяди. Аммо, ниқоб тутган, ҳижоб кийган тоза ва покиза муслима қиз-жувонлар қаршисида эшиклар ёпилади.
Мен шу ўринда илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, биз муслима аёл шаръий ҳижоб шартларига амал қилган ҳолда, кийимлари кенг ва узун бўлиши, хушбўй атрлар сепмаган бўлиши, шуҳрат либоси бўлмаслиги ва ҳоказо шартлар билан юзини очиб юриши жоиз деб айтадиган аҳли илмларни инкор қилмаймиз ва уларнинг сўзларини ҳам ҳурмат қиламиз.
Тавба фурсати етмадими, эй муслима сингил?! Кел, Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил, очиқ-сочиқ юриш гуноҳидан тийил, Аллоҳ таборака ва таолодан ўтган гуноҳларингни кечиришини сўраб, тазарруъ қил! Яхши билгинки, Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат зот бўлгани ҳолда, Ўзига тавба қилган кишининг тавбаси сабабли хурсанд бўлади. У бандалари учун тавба эшигини очиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўмин бандаларини тавба қилишга ва тавбани янгилаб туришга чорлайди. Чунки, банда катта ва кичик гуноҳлардан холи эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонликларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).
Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Роббимиз таборака ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бир қисмида энг пастки осмонга тушиб: «Ким Менга дуо қилади, унга ижобат қиламан, ким Мендан сўрайди, унга бераман, ким Менга истиғфор айтади, унинг гуноҳларини кечираман», дейди». (Имом Бухорий ривояти).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундузнинг гуноҳкори тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, кечанинг гуноҳкори тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар (Муслим: №2760).
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир зироъ яқинлашаман (60-70 см бир билакка тенг). Агар менга бир зироъ яқинлашса, Мен унга бир баъ-қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман» (Бухорий: 7405, Муслим: 2675).
Суҳбатимизни мана бу улуғ ҳадис билан якунлайман. Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар ичида боласини қидириб юрган бир аёлни кўрдилар. У боласини топгач, уни бағрига босиб, эмизди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Мана шу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ, ё Расулуллоҳ», деб жавоб бердилар. «Аллоҳ бандаларига бунинг ўз боласига меҳрибонлигидан ҳам меҳрибонроқдир», дедилар (Бухорий: №5999).
Шундоқ экан, эй сингилларим, эй қизларим, оламлар Парвардигорига тавба қилишга шошилинг! Бугун тавбага чорланган пайтда ижобат қилмаганлар ҳолига вой бўлади эртага! Ҳозир Аллоҳни эслатилганда гуноҳдан қайтмаганга ҳасрат бўлади унда! Эртага Аллоҳ ҳузурига борганда нима деб жавоб қиласан?! Кўзингизни очинг эй йигит-қизлар, эй мусулмонлар!
Ўйлагин, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,
Туришинг даҳшатдан вужудинг титраб..
Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,
Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.
Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:
«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!
Кўргинчи, бормикан унда лоақал,
Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»
Номанг ўқиб, бўлгач барига иқрор,
Дўзах посбонига амр этур Жаббор:
«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,
Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».
Мушриклар эртага дўзахда ёнар,
Мўминлар абадий жаннатда қолар.
Аллоҳга қайт, ўлимни ёдга ол, ёшлигингга мағрур бўлиб қолма, соғлигинг ва куч-қувватингга алданма! Ўлим ёшу қарини, кексаю норасидани, эркагу аёлни аяб ўтирмайди, шоҳу гадога қарамайди. Эй сингил, ёшлигингга алданма, гўзаллигингга мағрурланма, насл-насабинг, оилангнинг нуфузи кўзингни кўр қилиб қўймасин. Эртага, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида буларнинг ҳеч бири сенга наф бермайди!
Ғўрлик даврингда ўтган
Ишларингни қўй энди,
Гуноҳларингни эслаб,
Кўзингдан ёш қуй энди.
Гарчи сен эдинг ғофил,
Икки фаришта огоҳ,
Сен маъсиятга машғул,
Улар ёзишга, эвоҳ!
Бу жон сенга берилган
Омонатдир билсанг гар.
Эгасига у бир кун
Албатта қайтарилар.
Сен алданиб, ортидан
Елиб-югурган дунё
Ҳовлидир бир ўткинчи,
Алдамчи мисли рўё.
Билки, кечаю кундуз
Олганинг ҳар бир нафас
Ҳисоблидир барчаси,
Кетмагай беиз, абас.
Роббим нақадар рост сўзлайди! У айтади:
«Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўйувчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда — ана ўша Кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир! На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди! (Эй кўрнамак инсон), ўлим бўлсин сенга, ўлим! Сўнгра яна ўлим бўлсин сенга, ўлим! Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир)!» (Қиёмат: 26-40).
Аллоҳ жалла ва алодан барчамизни ҳаққа чиройли суратда қайтаришини сўрайман.
Эй Аллоҳ, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!
Эй Аллоҳ, хотин-қизларимизни Ўзинг сатрли қилгин, ёшларимизни Ўз паноҳингда асрагин, бизларни Ўз раҳматинг ила ҳаққа гўзал суратда қайтаргин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бу айтилганлар сизларни Аллоҳ учун севган биродарингизнинг қалб нидоларидир. Аллоҳ жалла ва алодан ушбу амалимизни Ўзи учун холис амалга айлантиришини, уни муслим ва муслималарга фойдали қилишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан, неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.
Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.
3.01.2013.
Тамом