Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

الكاسيات العاريات

Кийимли яланғочлар

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

(Давоми)

Аввалги суҳбатларимиздан бирида ҳадисда хабар берилган дўзах аҳлининг биринчи қисми, яъни, сигир думига ўхшаш қамчилар кўтариб юрадиган кишилар ҳақида батафсил гапириб ўтган эдим. Шу боис ҳозир тўғридан-тўғри иккинчи қисми, яъни эгнида кийими бўлса ҳам, кийимсиз ҳукмида бўлган аёллар ҳақида сўз юритишга ўтмоқчиман.

Аввало, «кийинган яланғочлар» иборасини уламолар қандай шарҳлаганлари билан танишиб ўтсак. Бу тўғрида бир қанча сўзлар айтилган.

Биринчи сўзга кўра, кийимли яланғоч аёллардан мурод – ички кийими ёки баданининг баъзи аъзолари кўриниб турадиган даражада юпқа ва шаффоф либос кийган аёллардир. Кийимининг юпқалигидан ичидаги ҳамма нарсаси кўриниб-билиниб туради, яланғочдан фарқи қолмайди. Ҳатто, айта оламанки, бундай фасондаги либослар аёл кишини қип-яланғоч ҳолдагидан кўра ҳам фитналироқ қилиб қўяди. Чунки, нафс ман қилинган нарсага ўч бўлади, инсон табиати девор ва пардалар ортида нима борлигини билишга қизиқувчан қилиб яратилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ушбу кўриниш ҳозирда кўплаб хотин-қизларда кенг тарқалганини кўриш мумкин, Аллоҳ паноҳ берсин.

Ушбу иборанинг бошқа тафсири – улар ўта тор кийим кийган аёллардир. Кийими баданига чиппа ёпишиб турганидан аёл кишининг олди-ю орқасидан барча мафтункор аъзолари аниқ-тиниқ билиниб, яланғочдан умуман фарқи қолмайди. Аллоҳ таолодан хотин-қизларимизни сатрли қилишини сўрайман, У барча нарсага қодир Зотдир.

Хуллас, ҳар икки тафсирга кўра ҳам, аёл киши бундай кийимлар кийиш билан умуман кийим киймагандек бўлиб қолаверади. Чунки, шаффоф ва тор либос, юқорида айтиб ўтганимдек, аёл кишининг барча мафтункор ва гўзал аъзоларини бўрттириб кўрсатиб, уни қип-яланғочдан кўра ҳам фитналироқ қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай аёлларни дўзахиликка ҳукм қилганлар. Бундай кийимли яланғоч ҳолда кўзга кўринадиган муслима аёл дўзах азобига қандай чидаркин?!!

Жон синглим, муслима қизим, бир ўйлаб кўр, дўзах оловига бардошинг етадими, ўтда ёниш азобига сабр қила оласанми?!! Ҳой шаффоф кийим билан кўчага чиқиб кетаётган муслима сингил, ҳой баданига чиппа ёпишиб турган либос билан кўчага отланаётган муслима қиз, сен дўзах азоби нималигини тасаввур қиласанми ўзи?!! Дўзахнинг таоми ҳам олов бўлишини биласанми?! Ичимлиги ҳам ичингни куйдириб юборадиган заҳар-заққум бўлишини биласанми?! Дўзахиларнинг кийимлари ҳам ўтдан бўлишини эшитганмисан?! Ҳа, дўзахнинг овқати ҳам ўт, суви ҳам ўт, кийими ҳам ўт бўлади! Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини диққат билан ўқиб кўргин:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга (сизга ўз даҳшатлари билан одамларни ) ўраб олувчи (Қиёмат Куни) ҳақидаги хабар келдими? У Кунда (кофирларнинг) юзлари (азоб билан) ҳорланувчидир. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир. (Улар) қизиган дўзахга кирур! Қайнаб турган булоқдан суғорилур! Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!» (Ғошия: 1-7).

«(Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат ғислийн (йиринг)дан бўлган (бир «таом» бор)» (Ал-ҳааққо: 30-36).

Зарийъ нималигини биласанми, сингилжон?

Ғислийн нималигини биласанми, қизгинам?

Зарийъ Арабистон ярим оролида ўсадиган бир турли тиканак, ғислийн эса дўзах аҳлининг қусуқ ва йиринглари демакдир. Дўзахиларнинг таоми шудир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-имтиҳонга (сабаб) қилиб қўйдик (улар қандай қилиб дўзахнинг ичида дарахт ўсади?, ўт уни куйдириб юборадику, дедилар. Шу эътиқодда улар гуноҳ-маъсиятларида давом этавердилар). Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур)» (Вас-соффаат: 62-67).

Заққум, ғислийн ва зарийъларни ютишга кучинг етадими?!

Дўзахилар ушбу егуликларни мажбуран ейишганидан сўнг ичлари ёниб, ичларидаги алангани сўндириш учун сув сўраб, ялиниб-ёлворишади. Шунда уларга биқирлаб қайнаб турган қайноқ сув ичирилади:

«(Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад: 15).

«Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (унинг тафти доғланган) ёғ каби юзларни куйдирадиган сув берилур (тафти шунчалик бўлса, унинг ўзи қандай бўларкин!). Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).

«Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим: 16, 17).

Кийимларчи, кийимлар?! Ярим-яланғоч кийиниб, ҳамма ёққа фитна тарқатиб, йигитларни ўзига жалб қилиб юрган хотин-қизларга, агар вақт борида тавба қилиб қолмасалар, мана шу мафтункор кийимлари ўрнига жаҳаннамда ўтдан бўлган кийимлар кийдириб қўйилади. Роббимиз азза ва жалла айтади:

«Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, у (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. Улар учун темир гурзилар бордир. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур)» (Ҳаж: 19-22).

Дўзахнинг овқати ҳам ўт, ичимлиги ҳам ўт, ундаги кийимлар ҳам ўтдан. Хўш, танангга бир ўйлаб кўргин, сен бу азобларга бардош бера оласанми, сингилжон?! Шундай экан, сатр ва иффатни маҳкам тутгин, жон синглим! Шаръий ҳижобни лозим тутгин, муслима қизим! Аллоҳга қасамки, жаҳаннам азобига ҳаргиз бардошинг етмайди. Уйингда ёниб турган газ оловига қўлингни тутиб кўргин, куйдиришига чидай олармикинсан! Билиб қўй, муҳтарама сингил, муслима қизгина, куйдиришига ҳеч ким чидай олмайдиган мана шу дунё олови жаҳаннам оловининг бор-йўғи етмишдан бирига тенг келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир». «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Эй синглим, мен сенга нидо қилиб айтаман, Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, мен сенга ўз қизимга илинганим яхшиликни илинмоқдаман, ўз аёлимга истаганим покликни истаяпман!  Мен сенда ўз онам ва амма-ю холамда бўлишини яхши кўрганим беғуборликни кўришни яхши кўраман! Сен покиза дурсан, қимматбаҳо гавҳарсан, бебаҳо инжусан, ҳеч бир оқил ўзининг дуру-гавҳарини балчиққа отмайди, дуч келган хоин кўзлар ва жиноятчи қўллар ихтиёрига ташлаб қўймайди.

Сен менга: «Мени ҳижоб билан қаноатлантиринг» деб айта кўрмагин. Агар шундай демоқчи бўлсанг, мен саволни тўғрироқ шаклга ўзгартиришингни сўрардим, яъни сен: «Мени Ислом билан қаноатлантиринг» десанг тўғрироқ бўлади. Чунки, агар сен муслима бўлсанг, ёдингда тутки, сени ҳижобга буюрган зот Аллоҳнинг Ўзидир! Шундай экан, сенга: «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз (Бақара: 285) дейишдан бошқа гапга ўрин қолмайди.

Эй Аллоҳ, хотин-қизларимизни Ўзинг сатр қилгайсан, дилларини Исломга очгайсан, Сен ҳар ишга қодир Зотсан!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси, кийиниб олган, лекин яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўнг бу умматга қолдирган фитналарнинг энг каттаси ярим-яланғоч аёллар фитнаси бўлишини хабар берганлар. «Саҳиҳайн»да Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани ортимда қолдирмадим», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, ярим-яланғоч хотинлар киядиган либослар пайдо бўлиши қиёматнинг аломатларидан бири экан. Ҳозирда чор-атрофда кўриниб турган ҳар хил бичим ва фасондаги очиқ-сочиқ аёллар либослари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлмаган эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак, албатта.

Мазкур ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бўлиб, бизнинг асримизга келиб, айни у зот таърифлагандек кўринишда содир бўлиб турибди.

Энди, муҳтарама синглимизнинг ниқоб ҳақидаги саволларига келсак, ниқоб ҳам ҳижобнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир» (Аҳзоб: 53).

Ниқоб ҳижобнинг бир сурати бўлиб, юзни тўла ёпиб турувчи, фақат кўзнинг ўрни очиқ бўлган ёпинчиқдир. Ниқобни мазах қилиш ва ҳар хил камситувчи номлар билан аташ асло жоиз эмас. Шуни яхши билиш керакки, кўплаб уламолар ниқоб тутиш ва юзни ёпиш фарзлигини айтадилар. Юзни ёпиш вожиблилига жуда кўп далиллар келган.

Имом Шавконий фосиқлар кўпайган даврда муслима аёл юзини ёпиши фарзлигига мусулмонлар иттифоқини нақл қилганлар. Шундай экан, бугунги даврга нима дейсиз, авлиёлар кўпайган давр эканми ҳозир?! Аниқ ишонч билан айтаманки, биз ҳозирда эркакларга ҳам, хотин-қизларга ҳам фитна етишидан қаттиқ қўрқиладиган даврда яшаб турибмиз. Энди юзни ёпиш вожиблигини ифода этувчи далилларни келтириб ўтаман.

Биринчи далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир» (Аҳзоб: 59).

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мўминларнинг аёлларини устларига ёпинчиқларини ташлаб олишга, сочлари, юзлари ва бошқа мафтункор аъзоларини ёпишга ва шу билан иффатли бўлиб кўринишга амр этди.

Шайх Абул Аъло ал-Мавдудий раҳимаҳуллоҳ «Ҳижоб» китобида ушбу оят юзни ёпишга хос нозил бўлганини айтади, сўнг шундай ёзади: Оятнинг маъноси рўмоллари ёки кийимларининг бир четини устларига ташлаб олсинлар, демакдир. Рўмолни юзга ёпишнинг маъноси ҳам шу. Бундан кўзда тутилган нарса эса хоҳ рўмол билан, хоҳ ниқоб билан, хоҳ бошқа нарса билан бўлсин, юзни ёпиш ва ўрашдир.

Муфассирлар шайхи Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ «Аҳзоб» сурасидаги мазкур оят ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: Аллоҳ таоло мўминларнинг аёлларини бирон ҳожат билан уйларидан чиққанларида бошларига ёпинчиқ ташлаб, юзларини ўрашга ва битта кўзни очиқ қолдиришга буюрди.

Бу Ибн Сийриндан саҳиҳ бўлган иснод (ривоят силсиласи)дир: «Убайда ас-Салмонийдан: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» ояти ҳақида сўрадим. Шунда у чопони билан боши ва юзини ўради ва битта кўзини очиқ қолдирди». Шу билан у оят маъносини саҳобаларнинг аёллари қилганидек амалий суратда кўрсатиб берди. Убайда ас-Салмоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ҳаёт пайтларида иймонга келган ва Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадинага келиб ўрнашиб, ҳаётининг охиригача шу ерда яшаб қолган катта олим, фақиҳ тобеъий зот эди.

Имом Розий айтади: «Бу оятда ёш хотин-қизлар юзларини бегоналардан яширишга буюрилган эканига далил бордир».

Бу ҳақда гапирган имомларнинг сўзларини бирма-бир келтирсам, жуда чўзилиб кетади. Шу боис фақакт манбаларга ишора қилиб ўтаман, истаган киши мурожаат қилиб олиши мумкин.

Қуйидаги олимлар муслима аёл юзини ёпиши фарз деганлар:

Имом Қуртубий «Ал-жомиъ ли аҳкамил-қуръан» китобида;

Имом Бағавий «Маъалимут-танзийл» китобида «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Имом Замахшарий «Ал-Кашшоф» китобида;

Имом Ибн ал-Арабий ал-Моликий «Тафсир аҳкамил-қуръан»да «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Имом Ибн ал-Жавзий «Заадул-масийр фий илмит-тафсийр» китобида;

Имом Байзовий «Анваарут-танзийл ва асрорут-таъвийл»да;

Имом Насафий «Мадаарикут-танзийл ва ҳақоиқут-таъвийл»да;

Имом Ибн Алий ибн Ҳайён ал-Андалусий «Баҳрул-муҳийт»да «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Имом Ал-Хатиб аш-Ширбийний «Ас-сирож ул-мунийр»да «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Шайхулислом Ибн Таймия «Нур» сураси тафсирида;

Имом Ибнул Қаййим «Иъламул-муваққиъийн» китобида;

Имом Ибн Ҳазм «Ал-муҳалла»нинг 3-бўлимида, шайх Аҳмад Шокир таҳқиқи;

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймийн юзни ёпиш фарзлигини айтиб, шундай дейди: «Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннати, саҳиҳ назар, эътибор ва мезон далолатига кўра, аёл киши ўзига маҳрам бўлмаган бегона эркаклардан юзини тўсиши фарздир. Оқил инсон шубҳа қилмайдики, модомики, аёл кишига бошини ёпиши, оёқларини ёпиши, болдирига тақиб олган тақинчоқлари овози эшитилмаслиги учун оёқларини ерга урмаслиги лозим ва фарз бўларкан, бундан келиб чиқадики, юзини ёпиши фарзроқ ва зарурроқдир. Сабаби, юзни очишдан ҳосил бўлувчи фитна бошдаги сочларини ёки оёқларидаги тирноқларни очишдан ҳосил бўладиган фитнадан анча каттадир. Оқил мўмин инсон ушбу шариат, унинг ҳикмат ва сир-асрорлари ҳақида фикр юритса, шариат аёл кишига боши, бўйни, билак ва оёқларини ўрашга буюриб туриб, кейин жамол ва гўзаллик билан тўла юзини очишига рухсат бериши мумкин эмаслиги очиқланади».

Юзни ёпиш фарзлигини айтган уламолардан яна бири Имом Шавконий «Фатҳул-қодийр»да;

Аллома Алусий «Тафсирул-қуръанил-азийм»да «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Шом алломаси Муҳаммад Жамолуддин ал-Қосимий «Маҳаасинут-таъвийл»да;

Аллома Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий «Тайсийрул-кариймир-роҳман фий тафсийрил-калаамил-маннаан»да;

Доктор Муҳаммад Маҳмуд Ҳижозий «Ат-тафсийрул-возиҳ»да «Аҳзоб» сураси тафсирида;

Шайх Абу Бакр ал-Жазоирий «Айсарут-тафаасийр ли каламил-алиййил-кабийр»да;

Шайх Солиҳ Абдулваҳҳоб ал Булайҳий «Йа фатаат ал-ислам иқроий ҳатта ла тухдаъий» китобида;

Шайх Абдулазиз ибн Халаф юзни ёпиш фарзлигини айтган.

Миср собиқ муфтийси шайх Ҳасанайн Махлуф юзни ёпиш фарзлигини айтган.

Юзни ёпиш фарзлигини жуда кўп илм ва фазл эгалари бўлган зотлар айтишган, мен номларини санаганим ва манбаларини айтиб ўтганим уламолар шулар жумласидандир.

Энди иккинчи далил: Бу ҳақда қисқача гапириб ўтаман.

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига