Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

الزواج العرفي

Урфий никоҳ ёки қизнинг ота-онасидан бекитиқча турмуш қуриши

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

Тўртинчи: Ушбу ҳолатга олиб келувчи сабаблар ва унинг давоси

 

Биринчи сабаб: Аллоҳ азза ва жалладан узоқлашиш.

Бу энг хатарли сабабдир. Аллоҳдан узоқ инсоннинг иймони заиф бўлади, ёмонликка буюрувчи нафс-ҳаво ва шайтон тузоғига илиниши жуда осон бўлади, ёмон улфатлар таъсирига тез тушади.

Сўзим ростлигига амалий далил истасангиз, ён-атрофингиздагиларга бир назар ташланг. Енгилтак ва такасалтанг йигитга қаранг. Кейин пок табиатли, Аллоҳнинг тоатида бардавом йигитга қаранг. Ҳар иккаласи битта ўқув юртида, битта куллиётда ўқийди. Бир хил фитналарга, бир хил жозибадор шайтоний тузоқларга дуч келади. Иккала йигит ўртасидаги фарқни кўринг. Тунлари Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиб, намозлар ўқийдиган, илм ва уламолар мажлисларига қатнайдиган, намозларни жамоат билан адо этадиган, Қуръон ўқийдиган, бомдодни ўқигач, эрталабки зикрларни ўқийдиган, сўнг китоблари орасига Аллоҳнинг Китобини ҳам солиб, ўқишига йўл оладиган, оиласи ва уммати учун ғам чекадиган йигит билан Қуръон эшитмайдиган, қалби иймон ҳаловатини ҳис қилмайдиган, илм мажлисларига қадам босмайдиган, бир марта ҳам масжидга бормаган, қулоғи шармсиз ва енгил-елпи куй-қўшиқлардан бўшамайдиган, пана-пастқамда очиқ-сочиқ ва беҳаё қизлар билан хилватда қолишдан парҳез қилмайдиган йигит ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

Давоси Аллоҳ таборака ва таолога қайтишдадир. Унинг йўлида нафсига қарши курашганларга Ўзи ёрдам беришини ваъда қилган:

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

«Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2-3).

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

Ҳоким, Абу Нуайм ва бошқалар саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Руҳул-Қудс (Жибрийл) қалбимга солдики, ҳеч бир кимса то ажалини ва ризқини тўлиқ қилмагунича асло ўлмайди. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва ризқ талабида чиройли ҳаракат қилинглар. Ризқнинг кечикиши сизларни маъсият-гуноҳ орқали ризқ қидиришга олиб бориб қўймасин. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага фақат Унинг итоати билан эришилади».

 

Иккинчи сабаб: Оила таъсирининг йўқлиги.

Машъум ва сохта даъво билан – эркинлик даъвоси билан оила таъсири, ота-онанинг назорати деган нарсалар йўқолди.. Бу соҳада жуда кўп мусулмонлар ақидада биз билан тамомила фарқли бўлган, ахлоқи ҳам бизнинг исломий жамият ахлоқига тўғри келмайдиган кофир ғарбга тақлид қилишади. Кўпчилик мусулмон оталар ғарбга тақлид қилиб айтади: Мен демократия тарафдориман, хонадонимда демократия ўрнатишни истайман! Мен эркинлик тарафдориман, қизим истаган пайтида, ўзи истаганича кийиниб ва истаган кўринишида истаган жойига чиқсин, истаган соатида истаган кишиси билан телефонда гаплашсин! Мен унинг ахлоқига заррача шубҳа қилмайман, унга қаттиқ ишонаман!

Бу Аллоҳнинг динида бўлмаган ботил сўздир. Қизинг истаган пайтида истаган кишиси билан кўришиши ва гаплашиши ҳалол бўлмайди. Очиқ-сочиқ, ярим яланғоч ва тор кийимлар билан кўчага чиқиши жоиз эмас. Бирга ўқийдиган йигити билан ярим тунгача телефонда гаплашиб ўтириши мумкин эмас. Иймон қаерда қолди?! Ислом қаерда қолди?! Эркаклик дегани қаерда қолди, эй мусумонлар?! Ота ўйламайдими, ўзига савол бермайдими, қизи ярим тунгача телефонда ким билан пичирлашади, ким билан нимани гаплашади?!

Ота ўзига савол бермайдими, қизи қандай қилиб мана шундай ярим яланғоч ё тор кийимда, атир ислари уфурган ҳолда ўқишга кетиши мумкин?! Она қизиқмайдими, қизининг дугоналари ким, кимлар билан гаплашади, кимлар билан юради?! Қани назорат?! Қани ота?! Қани она?! Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз...» (Таҳрим: 6).

Давоси Аллоҳнинг шариатига қайтишда, Аллоҳнинг Китобига, Пайғамбарининг Суннатларига қайтишдадир. Эй мусулмонлар, биз ўз қонунчилигимизни динсиз шарқдан ё кофир ғарбдан олмаймиз, биз қонунларимизни Аллоҳ ва Расулидан оламиз.

Бир саволим бор, шунга чин дилдан жавоб берингчи: Сиз кимга қулоқ соласиз? Кимга итоат қиласиз? Аллоҳ ва Расулигами ё динсиз шарқу кофир ғарбгами?! Ё ғарб ноғорасига ўйнаётганларгами, ғарбнинг ҳар бир сўзини муқаддас санайдиганларгами?!

Аллоҳга қасамки, уммат бу хорлиг-у хўрликка Роббининг Китобини ва Пайғамбарининг Суннатларини тарк қилган ҳамда ғарб қозонида, бизнинг ақидамиз, динимиз ва ахлоқимизга тамомила қарши бўлган кофир ғарб қозонида эрий бошлаган кунда гирифтор бўлди!!

Эй мусулмонлар! Даво пок шариатга, Қуръон ва Суннатга қайтишдадир. Муҳтарам ота, муҳтарама она, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини эсланг: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир...» (Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган, Бухорий: №2751, Муслим: №1829).

Парвардигорга қасамки, Аллоҳ ҳузурида ўз қизингиздан масъул бўласиз. «Саҳиҳайн»да Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Бухорий: №7150, Муслим: №142).

 

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Учинчи сабаб: Маҳр ва турмуш қуриш харажатлари ўта ошириб юборилгани.

 Бу энг асосий сабаблардан биридир. Ота-оналар оила қуриш ва тўй харажатларини ўта ошириб юборганлари туфайли жуда кўп йигитларнинг уйланишлари, жуда кўп қизларнинг турмушга чиқишлари кечикиб кетмоқда. Агар қизларимизнинг дилларидаги ҳаёлари ғолиб келмаса эди, улар ота-оналарига: «Бизга раҳмингиз келсин, майли камбағал бўлса ҳам, бир мусулмон йигит билан турмуш қуриб, оила қилишни, Аллоҳнинг тоатида бир-биримизга ёрдамчи бўлишни истаймиз», деб хитоб қилган бўлишса керак эди!

Эй ота-оналар! Даво Исломга қайтишдадир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, осон-қулай қилинглар, қийинлаштирманглар!», деганлар (Бухорий: №4341, 4342, Муслим: №1733).

«Сунанут-Термизий»да саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агaр сoвчи юбoргaн кишининг дини вa xулқи сизни қoниқтирсa, унгa (қиз-жувонларингизни) турмушгa узатинг. Шундaй қилмaсaнгиз, ер юзидa фитна вa кенг қамровли фасод вужудга келади», деганлар.

 

Тўртинчи сабаб: Қизларнинг очиқ-сочиқ юриши, эркак-аёлларнинг аралашишлари ва хилватда қолишлари.

Ярим яланғоч бадан, мафтункор қараш, кишини ўзига тортувчи хушбўй атир ислари, нозли ҳаракатлар... Мана шуларнинг ҳаммаси йигит кишидаги яширин ҳисларни уйғотиб, томирдаги қонларини жунбушга келтиради. Аралашиш ва хилватда бирга қолиш ортидан жуда катта кўргуликларга дучор бўлинади.

Инглиз адибаси Леди Кукнинг бир иборасига кўзим тушганди: «Аралашиш қанча кўп бўлса, зинодан туғилган фарзандлар шунча кўп бўлади».

Эй оқил дўстларим, ёниб турган оловга мой сепиб туриб: «Эй олов, алангаланма!» деб айтиш ақлдан бўладими?!

Кишан ва арқонлар билан маҳкам боғланган кишини денгизга отиб: «Эҳтиёт бўл, чўкиб кетма ва кийимларингни ҳўл қилма!», десак тўғри бўладими?!

Эркак ва аёл ўртасидаги тортиш кучи инсон табиатига азалдан ўрнатилган табиий ишдир. Чунки, Аллоҳ таоло ер юзида инсон насли давом этишини шу жозибага боғлаб қўйган. Қаердаки эркак ва аёл бўлар экан, ўрталарида жозибадор куч бўлиши табиий ишдир. Ҳеч бир жонзот бундан ўзини холи санай олмайди.

Ушбу сабабнинг давоси Аллоҳнинг шариатига, Унинг мана бу сўзларига қайтишдадир: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). Ислом шаҳватлар жунбушга келтирилмайдиган ва яширин истак-майллар қўзғатилмайдиган покиза ва тоза жамият барпо қилишни мақсад қилгани учунгина аралашиш ва хилватда қолишни ҳаром қилди.

 

Бешинчи сабаб: Оммавий ахборот воситалари.

Бугунги кунда мўминлар ичида фаҳш тарқалишида матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг жуда катта улуши бор. Шармсиз бадиий асарлар, тубан сериаллар, шаҳвоний филмлар, енгил-елпи саҳна асарлари.. Санъаткор-у артистларни, қўшиқчи-ю раққосаларни кўкларга кўтариш.. Олимлар ва даъват аҳлларининг пок юзларини булғаш.. Бугунги матбуотни кузатсангиз, асосан мана шуларга кўзингиз тушади.

Давоси мўминлар ҳақида на аҳдга, на бурчга риоя қилаётган матбуот ва ОАВга бош-қош бўлиб турган кишилар Аллоҳдан қўрқишларида ҳамда матбуотнинг асосий вазифаси бўлмиш фазилатларни ёйиш ва разолатларга барҳам бериш ишига қайтишларидадир.

Чунки, ўғил-қизларимизга, гўдакларимизга тақдим этилаётган дастурларни кўздан кечирган кишининг кўзи бирон фойдали нарса тополмасдан, ҳасрат ила ноумид қайтади. Дастурлар ҳаёсизликка, шаҳвонийликка, жиноят ва безориликка ўргатувчи материаллар билан тўлган. Шундан кейин болалардан яна нимани кутиш мумкин?!

 

Олтинчи сабаб: Диний тарбия берувчи муассасаларнинг йўқлиги.

Хусусан, ёшлар муаммоларига, умуман жамият ва уммат муаммоларига жавоб бермайдиган даъват ва маърузалар кўпайиб кетди.

Давоси дин ишлари қўмитаси, мусулмонлар идораси ва даъват ишига бош-қош бўлган масъул шахслар жиддийлик билан, чин кўнгилдан ва ихлос билан Аллоҳга даъват қилишга қайтишларидадир.

Ҳозирги танг аҳволда расмий имом хатиблар ва норасмий, бироқ кўпчилик мухлисларга эга бўлган олим ва даъват соҳиблари ўртасини ажратиш ва улар орасига тўсиқ қўйиш мутлақо ярамайди. Чунки, хатар барчамизни бирдек қамраб келмоқда, ҳаммамиз битта кемага минганмиз. Агар кема нажот топса, барчамиз нажот топамиз, кема ғарқ бўлса, барчамиз тенг ҳалок бўламиз.

 

Еттинчи сабаб: Мактаблар, олий ўқув юртлари ва таълим дастурлари.

Бизнинг диёрлардаги таълим-тарбия дастурлари ёшларимизга илм ва маърифат беришни дўндиради, бироқ, уларнинг кўзларига ёш, дилларига Аллоҳдан қўрқув сола олмайди! Ахир қандай бунинг иложи бўлсин, чор-атрофда йигит-қизлар аралашиб юрган бўлса?! Шаҳватларни жунбушга келтирадиган ва яширин ҳисларни уйғотадиган бундай шароитда қандай қилиб бола иймоний тарбия олсин?!

Давосини бир неча нуқталарда тақдим этаман, Аллоҳ таолодан таълим-тарбия ишига масъул бўлган муҳтарам устозларнинг қалбларини ва қулоқларини бунга буришини сўрайман:

1)               Дин фанини асосий фанга айлантириш ва ўзлаштиришдаги муваффақият ва муваффақиятсизликни унга боғлиқ қилиб қўйиш. Шунда болаларимиз бу фанга қаттиқроқ ҳаракат қиладилар. Бир шарт биланки, дин фанидан сабоқ берувчи устозларни фазилатли уламолар ва муҳтарам даъват соҳибларидан тайинлансин. Токи, улар ўғил-қизларимизни Аллоҳга иймон ва Пайғамбарига муҳаббат руҳида тарбия қилсинлар, таълим босқичларидан ҳар бир босқичга мос келувчи маълумот ва билимларни саралаб олсинлар.

2)               Толиб ва толибалар ўртасини бутунлай ажратиб ўқитиш. Агар масъуллар бундай қилиш имкони йўқлигини айтсалар, ҳеч бўлмаса синфларни алоҳида қилиш билан бўлса ҳам ажратиш лозим. Бу иймоннинг энг заиф кўриниши бўлади.

3)               Толиб ва толибаларни аралаш сайру-саёҳатларга чиқишларини бекор қилиш. Бу эса таълим босқичларидан ҳар қандай босқичга умумий бўлиши даркор. Чунки, айни шу аралаш сайру-саёҳатлар (походлар) мазкур ҳолатларнинг асосий сабабларидан бўлиб қолмоқда.

4)               Куллиётлар толибаларининг амалий ва назарий машғулотлари кечки бўлимини бекор қилиш, токи толибалар кечқурунлари бемаҳал кўчаларда қолиб кетмасинлар.

5)               Толибаларнинг очиқ ва беҳаё кийимларда ўқишга келишларини мутлақо ман қилиш ва ўқув юрти тартиб-қоидаларига мос келмайдиган ахлоқсиз кийимда келганларига жазо қўллаш.

6)               Ўқув юртлари ҳовлиларида у ер бу ерда бир-бирининг пинжига кириб ўтирадиган жуфтликларни йўқ қилиш. Ўқув юртлари илм даргоҳи бўлсин, ишқ-муҳаббат ҳовлиси эмас!

7)               Олий ўқув юртлари эшикларини амалли уламолар ва содиқ даъват аҳлларига кенг очиш ва уларни илмий маърузалар қилишга таклиф этиш. Бу ишга ўқув юрти раҳбарлари шахсан бош бўлишлари ва маърузаларда толиблар билан бирга ўзлари ҳам ўтиришлари.

8)               Дарс жадваллари тузилаётганида намоз вақтларига риоя қилиш. Токи толиб ва толибалар ўқиш даврида пешин намозини адо этишдан маҳрум бўлиб қолишмасин.

 

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Муаммо барчамизга бирдек алоқадордир. Ҳеч ким мазкур ачинарли кўринишлардан солиҳ кишилар четда қолиб кетадилар, деб айтиши тўғри бўлмайди. Йўқ, асло ундай эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчамиз битта кемага, жамият кемаси номли бир ягона кемага минганимизни хабар берганлар. Агар кема ғарқ бўлишдан қутулиб қолса, солиҳлар ҳам, толиҳлар (ёмонлар) ҳам бирдек нажот топади. Кема фалокатга йўлиққудек бўлса, ҳамма бирдек ҳалок бўлади.

Ва ниҳоят.. Динни билмасликлари ёки динга бепарво қараганлари оқибатида ушбу ношаръий ишга қадам қўйиб қўйган йигит-қизларга хитоб қилмоқчиман: Тавба қилувчи борми?!

 

Бешинчи: Тавба қилувчи борми?!

Ҳой йигит ва ҳой қиз! Аллоҳга қайтгин.. Агар бирон йигит шу ишга қўл урган бўлса, қизнинг оиласига бориб, саҳиҳ шаръий никоҳдан ўтсин. Бу Имом Шофиий ва бошқалар сўзидир.

Боргин, тавбани янгилагин.. Ўтган ишга пушаймон бўл.. Ва Аллоҳга қайт.. Билгинки, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, раҳмдил Зот.. У аслида, тавбангга эҳтиёжи бўлмаса-да, сенинг тавбанг билан хурсанд бўлади.. Гуноҳинг ҳар қанча кўп бўлса ҳам, билгинки, Аллоҳнинг афви ундан каттароқдир..

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: «Менга дуо қиладиган одам бормики, унинг дуосини ижобат қилсам?! Мендан сўрайдиган одам бормики, унинг сўровини берсам?! Мендан мағфират сўрайдиган одам бормики, унинг гуноҳларини кечирсам?!», дейди» (Бухорий: №1145, Муслим: №758).

Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис билан сўзимни якунламоқчиман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар ичида боласини қидириб юрган бир аёлни кўрдилар. У боласини топгач, уни бағрига босиб, эмизди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Мана шу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ, ё Расулуллоҳ», деб жавоб бердилар. «Аллоҳ бандаларига бунинг ўз боласига меҳрибонлигидан ҳам меҳрибонроқдир», дедилар (Бухорий: №5999).

Шундай экан, Аллоҳга қайтгин эй йигит, эй қиз!!

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

2012/05/30

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига