Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

الزواج العرفي

Урфий никоҳ ёки қизнинг ота-онасидан бекитиқча турмуш қуриши

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

3) Унинг шариат жиҳатидан ботиллиги:

Аллоҳнинг шариати ушбу шаклдаги никоҳни тўғри санайдими?

Жавоб: Йўқ, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, Аллоҳнинг шариати бундай нопок турмушни ва машъум алоқани ботил санайди. Исломда никоҳ ақди ўзига яраша муқаддас, Аллоҳ ва Расули наздида салмоқли ўрнига эга бўлган мустаҳкам алоқадир.

Эр-хотиннинг никоҳи Аллоҳ шаръий қилган кўринишда саҳиҳ ва ҳалол бўлиши учун қабул, ийжоб, эълон, валий, маҳр ва гувоҳлар бўлиши зарур бўлади.

Қабул ва ийжоб – никоҳнинг рукнлари бўлиб, никоҳ ақди усиз асло яроқли бўлмайди. Жумҳур уламолар мазҳабига кўра, бағишлаш ва қабул қилиш маъносига далолат қиладиган ҳар қандай сўз билан ушбу рукнлар амалга ошади.

 

Никоҳ шартлари:

Никоҳ ақди дуруст бўлишининг бир неча шартлари бор:

Биринчи шарти валийдир. Қаерда бўлмасин, қандай шароит ва вазиятда бўлмасин, никоҳ ақди дуруст бўлиши учун валий бўлиши шартдир. Валий – қизнинг отаси, отаси вафот этган ёки йўқ бўлган ҳолатда энг яқин эркак қариндошидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Қачон хотинларни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй валийлар) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг!» (Бақара: 232).

Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, ушбу оят валийсиз никоҳ бўлмаслигига Қуръондаги энг очиқ оятдир. Оятнинг нозил бўлиши сабабини айтсам ҳайрон қоласизлар. Бу оят Маъқил ибн Ясор ҳақида нозил бўлган. Маъқил синглисини бир мусулмонга никоҳлаб берган, у одамга яхшилик қилган ва иззат-икром кўрсатган эди. Бир муддатдан сўнг ҳалиги киши унинг синглисини талоқ қилди. Аёлнинг иддаси чиққанидан кейин ҳалиги киши келиб, уни қайтариб олмоқчи бўлди. Шунда Маъқил ибн Ясор: «Сени уйлантириб, иззат-икром кўрсатдим, сен эса уни талоқ қилдинг. Энди яна қайтариб оламан деб келибсан. Аллоҳга қасамки, у сенга ҳеч қачон қайтмайди», деди. У киши ўзи ёмон одам эмас эди, аёл ҳам унга қайтишни истаётган эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Қачон хотинларни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй валийлар) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг!» (Бақара: 232) оятини туширди.

  Маъқил ибн Ясор бу оятни эшитгач: «Хўп бўлади, ё Расулуллоҳ, ҳозироқ шундай қиламан», деди ва синглисини янги маҳр билан у кишига никоҳлаб, узатди.

Жумҳур муфассирлар шу оятни далил қилиб, аёл киши ўзини турмушга чиқаришга ёки бошқа бир аёлни турмушга узатишга ҳақли бўлмайди, гарчи жувон бўлса ҳам, дейдилар. Чунки, Маъқилнинг синглиси қиз эмасди, жувон эди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг валийсига: «эрига қайта никоҳланишидан тўсманг!» деб амр қилди. Агар аёл кишининг валийси уни тўсишга ҳақли бўлмасайди, Аллоҳ таоло валийларга бундай деб буюришининг маъноси бўлмасди.

Аллоҳ таоло айтади: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар» (Нур: 32).

«Уйлантиринглар» хитоби Аллоҳ таоло томонидан аёл кишининг валийларига бўлган хитобдир. Жумҳур муфассирлар ва Имом Бухорий валийсиз никоҳ бўлмаслигига шу оятни далил қилганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, улардан ўзларини сақлаган, фоҳишалик қилмаган ва махфий ўйнашлар тутмаганларига ҳожаларининг изни билан уйланаверинглар ва маҳрларини тўкис қилиб беринглар!» (Нисо: 25). Қиз бола валийсининг изнисиз қандай қилиб турмушга чиқиши мумкин?! Отасининг ва оиласининг изнисиз қандай қилиб турмушга чиқиши мумкин?! Бу Ўзи яратган халқларини яхши билувчи Ҳаким Зотнинг ҳукмидир.

Аллоҳ таоло айтади: «То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир» (Бақара: 221). Бу оят ҳам Аллоҳ таоло тарафидан аёл кишининг валийларига хитобдирки, аёл киши ўзини ё бошқа аёлни турмушга узатиши жоиз эмасдир. Бу мазкур оятларни тафсир қилган жумҳур муфассирлар фикридир.

Суннати мутоҳҳарада ҳам шунга далолат қилувчи очиқ-ойдин ва аниқ-тиниқ, ҳеч қандай таъвилга муҳтожлиги бўлмаган далиллар мавжуд. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Байҳақий, Дорақутний, Бағавий, Табароний ва Ҳоким Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийсиз никоҳ йўқдир», деганлар. (Абу Довуд: №2085, Термизий: №1101, Ибн Можа: №1907, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1839) саҳиҳ санаган).

 Бир ривоятда: «Валийсиз никоҳ йўқдир. Султон валийси йўқ (аёл)нинг валийсидир», дейилган.

Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Байҳақий, Доруқутний, Бағавий, Табароний, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси аёл ўз валийсининг изнисиз турмушга чиқса, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир», деганлар. (Абу Довуд: №2083, Термизий: №1102, Ибн Можа: №1906, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1840) саҳиҳ санаган).

Шунча гапдан кейин яна нима истайсизлар эй муваҳҳидлар, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлаган ва у зотга ишонганлар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат учун қонун чиқарувчи зот эдилар!

Ибн Можа, Байҳақий, Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши аёл кишини турмушга узатмайди, аёл киши ўзини турмушга узатмайди», деганлар (Ибн Можа: №1909, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1841) саҳиҳ санаган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Зинокор аёл ўзини ўзи эрга беради», деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бузуқ аёл ўзини ўзи эрга беради», деганлар.

Мавзу доирасида илмий омонат юзасидан айтиб ўтмоғимиз лозимки, валийсиз никоҳ дуруст дейдиган кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини далил қиладилар.

Ҳадис шуки, Муслим, Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса отаси ўзи ҳақида изн сўрайди. Унинг изни сукутидир», деганлар (Муслим: №1421).

Бу ҳадис бизнинг сўзимизни бекорга чиқармайди. Ҳадисдан мурод, жумҳур уламолар фикрича, жувон хотиннинг валийси уни зўрлаб турмушга узатишга ҳақли эмас, балки уни ўз розилиги ва маслаҳати билан турмушга бериши лозим. Агар уни истагига қарши ўлароқ, мажбурлаб турмушга узатса, у жувон улул-амр (ҳоким ё қози) ҳузурида никоҳни бекор қилишга ҳақлидир. Уламолар бунга Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни далил қилганлар. Унда айтилишича, Ханса бинт Хизом жувон хотин эди, отаси уни эрга берди, у буни ёқтирмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, шикоят қилган эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг отаси қилган никоҳни рад қилдилар.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига келсак, у киши аёл киши валийсининг изнисиз ўзини эрга бериши жоиз, дейдилар. Имом Абу Ҳанифа бу ҳукмни қиёс бобидан олганлар. Яъни, аёл киши ўзига тегишли матони сотишга ҳақли экани ҳақидаги ҳукмга қиёсан ўзини турмушга беришга ҳам ҳақли деган ҳукмни чиқарганлар.

Бу усул уламолари ижмоъ-иттифоқига кўра, фосид қиёсдир. Чунки, Қуръон ояти ва сариҳ ҳадис турганда қиёсга йўл йўқдир. Уламолар иттифоқ қилган усул қоидаси шуки: «Нас (оят ё ҳадис далили) бўлганда қиёс йўқдир».

Мен Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни тўла эҳтиром қилган ҳолда айтаманки, агар мазкур очиқ оят ва ҳадисдан бўлган далиллар у кишига етган бўлганида, Абу Ҳанифа албатта шу далилларни олган бўлардилар. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Чунки, Абу Ҳанифанинг ўзлари: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир», деб айтганлар, Абу Ҳанифанинг ўзлари: «Бирон киши бизнинг сўзимизни қаердан олганимизни билмай туриб айтиши ҳалол бўлмайди», деб айтганлар.

Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз» (Нисо: 59).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).

Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

Ҳатто ҳанафий уламоларнинг ўзлари ичида ҳам бу масалада Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга хилоф қилганлари бор. Имом Таҳовий «Шарҳ маъонил-осор»да зикр қилганидек, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан – маълумки, бу иккилари Абу Ҳанифанинг энг кучли тобеъларидан ва у кишининг мазҳабларини энг яхши билувчи кишилар эди, ҳанафий мазҳабнинг асосий усул ва қоидаларини тузган кишилар ҳам шулар эди – ушбу масалада ва бошқа кўп масалаларда ҳам Абу Ҳанифага хилоф қилганлар, аёл киши ўзини эрга бериши ёки бошқа бир аёлни эрга бериши жоиз бўлмайди, валийсиз никоҳ дуруст бўлмайди, деб айтганлар.

 

Иккинчи шарти эълон қилинишдир.

Ислом никоҳни эълон қилиш ва билдиришни вожиб қилган. Ислом никоҳ ва турмуш қуришда бекитиқчалик деган нарсани танимайди. У бекитиқча турмуш қилишни инкор қилади. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яширинча никоҳ бузуқларнинг никоҳидир, ўйнашларнинг никоҳидир».

Ҳалол ўзини кўрсатишдан қўрқмайди. Ҳалол хилватхоналар ва олазарак қарашларни билмайди. Балки, у ўзини бемалол ва бехижолат эълон қилади, ўзини баралла ва бошини ғоз тутиб кўрсатади.

Адолат шартини ўрнига келтира олсангиз, ҳалол қилиб, бир, икки, уч, тўрттагача уйланинг, бошингизни баланд тутинг, Аллоҳнинг шариатига амал қилишни истаган кишилар бошларини эгиб, гуноҳкорлардек ер билан забун бўлиши керакдек қарайдиган жамиятдан уялманг! Модомики, Аллоҳ азза ва жалланинг амрига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатларига мувофиқ иш қилаяпсизми, бошингизни баланд кўтаринг! Умматга етган руҳий мағлубиятни елкангиздан улоқтириб ташланг! Айни шу руҳий мағлубият мусулмон кишини Қуръон ва Суннатда мужассам бўлган Аллоҳнинг шариатига қолоқлик, замондан ортда қолиш деган назар билан қарайдиган, шу вақтнинг ўзида нопок ҳаром алоқалар қилаётганларга жамият кишанларидан ҳамда дин ва воқелик босимидан ўзини озод қилганлар деб қарайдиган қилиб қўйди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм!

Ислом турумуш ва оила қуришдаги яширинчаликни танимайди. Аксинча, Ислом сизга ҳалол йўл билан қураётган оилангизни эълон қилишни ва жамиятда фахр билан ошкор қилишни вожиб қилади.

Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда: «Никоҳни эълон қилинглар!», дейилган. Табароний Язид ибн Соибдан ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Урс (никоҳ тўйи)да бизга ўйин-кулги қилишга рухсат борми?», деб сўралганида: «Ҳа, албатта бу никоҳдир, сифоҳ (бузуқлик) эмасдир. Никоҳни эълон қилинглар!», деганлар.

 

Никоҳ ақдининг учинчи шарти маҳрдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз!» (Нисо: 4).

Маҳр эркак киши зиммасига вожиб бўлиб бўлиб, у аёлнинг комил ҳаққидир. Ислом маҳрни қулай ва енгил қилишга буюради. «Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан ривоят қилинади:

«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен ўзимни сизга ҳадя қилиш учун келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бир қур назар солдилар, сўнг бошларини қуйи солдилар. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи ҳақида бирон қарорга келмаганларини кўргач, ўтирди...»

Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, аёл киши ўзини биронта эркакка ҳадя қилиши жоиз эмас, бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос иш эди. Аллоҳ таоло Расулига айтганидек: «(Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир» (Аҳзоб: 50).

Энди юқоридаги ҳадисни келтиришда давом этамиз:

«Шунда асҳобларидан бир киши ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, агар сизнинг ҳожатингиз бўлмаса, унга мени уйлантириб қўйинг», деди.

«(Маҳрга бергудек) бирон нарсанг борми?», деб сўрадилар.

«Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Расулуллоҳ», деди у.

«Хонадонингга бориб қарачи, бирон нарса бормикин», дедилар.

Киши кетиб, кейин қайтиб келди ва: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса тополмадим», деди.

«Қарагин, бир темир узук бўлса ҳам», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

У кетди, кейин қайтиб келиб: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, темир узук ҳам тополмадим. Лекин, мана бу изорим (белдан пастга ўраладиган мато) бор, шунинг ярми унга бўлсин», деди.

«Изорингни нима қиласан? Сен кийсанг, унга ҳеч нарса қолмайди, у кийса, сенга ҳеч вақо қолмайди», дедилар.

Киши ўтирди. Узоқ ўтиргач, ўрнидан қўзғолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кетаётганини кўриб, чақиртирдилар.

Келгач: «Қуръондан нима сураларни биласан?», деб сўрадилар.

У: «Фалон-фалон сураларни биламан», деб санаб берди.

«Шуларни ёддан ўқий оласанми?», деб сўрадилар.

«Ҳа», деди.

«Боравер, сенда бўлган Қуръон суралари (унга маҳр бўлиши) эвазига унга сени уйлантирдим», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий: №5149, Муслим: №1425).

Демак, Ислом маҳрни вожиб қилган, бироқ уни енгил қилишга буюрган. Уламолар маҳрнинг кўпига чегара йўқлигига ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

 

Никоҳ ақди дуруст бўлиши шартларидан тўртинчиси гувоҳлардир.

Байҳақий, Табароний, Дорақутний Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийсиз ва иккита гувоҳсиз никоҳ йўқдир», деганлар.

Имрон ибн Ҳусойн ривоят қилган, Албоний «Ал-ирвоъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валий ва икки адолатли гувоҳларсиз никоҳ йўқ», деганлар (Ибн Ҳиббон: №1247, Доруқутний: №383-384, Байҳақий: 7/125, Албоний «Ал-ирвоъ»да (№1858) саҳиҳ санаган).

Усул уламолари гувоҳликдаги адолатли бўлиш шартлари – мусулмонлик, балоғатга етган бўлиш, ақл-ҳушли бўлиш ва фосиқ бўлмаслик эканига иттифоқ қилганлар.

Аллоҳга қасамки, бир дорулфунун толибаси бўлган қиз менга хат юборибди. Надомат кўз ёшлари билан битилган бу хатда айтишича, курсдош бир йигити унга яширинча урфий никоҳ билан уйланган экан. Кунлардан бирида қиз ўзининг ҳомиладорлигини сезиб қолибди ва йигитдан зудлик билан унинг ота-онаси ҳузурига совчи қўйиб, унга шаръий никоҳ билан уйланишини талаб қилибди. Шунда йигит нима қилибди денг?! Ботил урфий никоҳ қоғозини чиқариб, қизнинг кўзида майда-майда қилиб йиртибди ва: «Бола мендан эканига ким ишонади?!», дебди!!

Ҳа, беномус йигит шўрлик қизнинг кўзи олдида никоҳ қоғозини йиртиб ташлаб, яна бир содда-гўл қизга тузоқ тайёрлаш учун кетибди.

Қизнинг ёзишича, энг ёмони, уларнинг урфий никоҳларига гувоҳ бўлган икки йигитдан бири воқеадан хабар топгач, қизнинг олдига келиб, у билан бузуқчилик қилишини талаб қилибди. Акс ҳолда, бутун университет олдида ҳам, оиласи олдида ҳам уни шарманда қилишини айтиб, пўписа қилмоқда экан. Қиз боши қотиб, нима қилишини билмай, шарманда бўлмаслик учун ўша йигитнинг талабига рози бўлсам бўладими, деб сўрабди. Бунисига нима дейсиз?! Ботил ва сохта урфий никоҳга гувоҳ бўлган гувоҳнинг аҳволи шу!!

Шундан кейин ҳам мусулмон киши бу ботил, бекитиқча никоҳнинг ҳақиқий шаръий никоҳга на яқин, на узоқ алоқаси борлигини айта оладими?! Йўқ, асло!! Номда эътибор йўқ, эътибор ўша ном остига яширинган ишда бўлади! Ароқни шампан, виски, бренди, ўткир ичимлик деб номлаган билан ўша ҳаром ароқлигидан бошқа бўлиб қолмайди. Судхўрликни фойда, фоиз ва бошқа номлар билан атаганда судхўрликдан бошқа нарсага айланиб қолмайди.

Мен Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ер юзидаги биронта ҳам мусулмон киши урфий никоҳ деб аталган бу ботил алоқани ўз онаси, синглиси, аммаси, холаси ё қизида бўлишини ва ҳатто ўғлида бўлишини ҳам асло қабул қилмайди! Чунки, бу иш диндан ҳам, ахлоқдан ҳам, соғлом табиатдан ҳам ташқари нарсадир.

 

Учинчи: Қурбонлар эътирофи.. Аянчли воқеалар

 

Учта ҳолатни келтириш билан кифояланаман. Аслида, менда бу ҳақда бир талай маълумотлар мавжуд.

 

Биринчи ҳолат:

Бир қиз ҳикоя қилади: «Севган йигитим билан ўртадаги муносабатларимиз кўпчилик курсдошларимга маълум эди. Аслида, бизнинг университетимиз шаҳардаги севги ва ишқ-муҳаббат воҳасига айланиб қолган эди, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз урфий никоҳ билан турмуш қуришга ва бу билан иккаламизнинг ҳам оилаларимизни воқелик олдида тиз чўктиришга қарор қилдик...»

Аслида, ҳар иккаламизнинг оилаларимизнинг бошларини тупроққа, лой ва балчиққа булғашга қарор қилдик, деса тўғрироқ бўларди. Йўқса, бу қиз агар ўзини ҳалол шаръий йўл билан турмуш қурганини эътиқод қиладиган бўлса, мен ундан сўраган бўлардим ва фақат тўғрисини айтишини истардимки, бундай йўл билан турмуш қураётганини нега ота-онасидан яширди?! Бечора она! Қизига Аллоҳдан солиҳ куёв тилаб, илтижолар қилиб ўтирибди, қизи аллақачон эрли бўлганидан хабари йўқ шўрликнинг! Қизиқ, покиза ва шарафли хонадон қизи ўзининг шарафли хонадони аҳлидан яширинча турмуш қуриши ақлга сиғадими ўзи?!

Қиз айтади: Биз ҳар икки оилани воқелик олдида таслим қилиш мақсадида урфий никоҳдан ўтдик. Ўқишни муваффақиятли битирганимиз хабарини олгач, оилаларимизга аввало, шу муваффақиятимиз хушхабарини, кейин эса турмуш қурганимиз хабарини бериш учун қўнғироқ қилишни бошладик. Аввал менинг оиламга қўнғироқ қилдик ва мен онамга урфий никоҳимиз хабарини етказиши учун телефон гўшагини йигитимга бердим. Йигитдан никоҳимиз хабарини эшитгач, онам дод деб юборди, унинг қичқирган овози менга ҳам аниқ эшитилди..

Кейин онаизор шу қичқирганича ерга йиқилибди. Унинг қичқириғига чопиб кирган ота шоша-пиша нима бўлганини сўрай бошлайди:

– Нима бўпти? Қизингга бирон нарса бўптими?! Ўлибдими?!

– Кошкийди ўлган бўлса!! Ундан баттарроқ бўпти! Қизингиз эрга тегипти!

Бечора ота, бу хабарни юраги кўтара олмай, ўша заҳоти ерга йиқилибди. Уни шифохонага етказибдилар. Жонлантириш бўлими шифокори унинг олдидан чиқиб, миясида қон қуюлиши оқибатида бир томони фалаж бўлиб қолганини айтибди..

 

Иккинчи ҳолат:

«Стюардессанинг қотили – унинг учувчи эри эътироф этади» деб номланган мақола матбуотда нашр қилинди. Бир учувчи ўзи билан бирга рейсда қатнайдиган стюардесса қизга бекитиқча, унинг ота-онасига билдирмай, урфий никоҳ билан уйланади. Чунки, учувчининг оиласи бор бўлиб, аёлидан яширишни истайди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолгач, никоҳларини расмийлаштириб, тўй-томоша билан жамиятга эълон қилишларини талаб қилади. Эр бунга қатъан қаршилик қилади. Қиз ўз сўзида қаттиқ туриб олгач, эр уни пичоқлаб ўлдириб, жиноят изларини яшириш мақсадида жасадини ёқиб юборади.

 

Учинчи ҳолат:

Оилалик ва бир неча фарзанди бор ота иккинчи марта уйланмоқчи бўлади. Бироқ, хотинидан қўрқиб ва кўпхотинлиликка ёмон кўз билан қарайдиган эл-юртдан истиҳола қилиб, яширинча уйланади. Йиллар ўтиб, биринчи хотинидан бўлган ўғли университетга ўқишга киради. Аллоҳнинг тақдири билан иккинчи хотинидан бўлган қизи ҳам айни шу университетга ўқишга киради. Табиийки, улар бир-бирларини танишмайди. Тақдирни қарангки, иккаласи бир бирига кўнгил қўйишади ва урфий никоҳ билан турмуш қуришга қарор қилишади. Қизиғи, иккаласи никоҳ ақди васиқасига имзо қўйиш пайтида фамилиялари ҳам бир хил эканидан ажабланишиб, йигит қизга: «Мана бу уйғунликка қара, севгимиз чин бўлганидан тақдири илоҳий бизнинг фамилияларимизни ҳам бир хил қилиб қўйибди!», дейди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолганини билгач, йигитдан зудлик билан унинг ота-онасидан розилик олиб, расмий никоҳдан ўтказиб, тўй қилиб уйланишини талаб қилади. Йигит рози бўлади. Сўнг бир кунни ваъдалашиб, қизнинг уйига боради. Хурсандлигидан учиб-қўниб эшикни очган қизнинг орқасида кимни кўрибди денг?! Ўзининг отасини кўрибди! Ҳақиқатдан хабар топган йигит шўрлик ўзини юқори қаватдан ташлаб, ҳалок бўлибди. Ота эса юрагини ушлаб, ерга йиқилибди. Қиз эса эс-ҳушидан айрилиб, тилдан қолибди.

Аллоҳнинг шариатидан юз ўгиришнинг аччиқ самаралари! Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

 

Тўртинчи: Ушбу ҳолатга олиб келувчи сабаблар ва унинг давоси

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига