Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

إلى الجنة بغير حساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Сирот

 

(Давоми)

«Аллоҳ таоло: «Фаришталар, пайғамбарлар ва мўминлар шафоат қилишди, фақат раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлисигина қолди», дейди-да, дўзахдан бир сиқимни сиқимлаб олиб, ундан ҳеч яхшилик қилмаган, куйиб кўмирга айланиб кетган бир қавмни чиқаради. Уларни жаннат бўсағасидаги «ҳаёт анҳори» деб номланувчи бир анҳорга ташлайди. Улар у ердан худди сел лойқасида уруғ униб чиққани каби униб чиқишади. Кўргансизлар-ку, (сел лойқасидаги ўша уруғ) бирон тош ё дарахт ёнида бўлса, қуёшга қарагани сарғиш ва кўкимтир бўлиб, сояга қарагани оппоқ бўлиб унади».

Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сиз худди дала-даштларда қўй боқиб юрган одамдек (тасвирлаб бердингиз)», дейишди.

У зот сўзларида давом этдилар: «Улар марвариддек (товланиб), бўйинларида тақинчоқлар бўлган ҳолда чиқишади. Жаннат аҳли уларни бирон амал қилишмаган ва бирон яхшилик тақдим қилишмаган ҳолларида Аллоҳ таоло жаннатга киритган «Раҳмоннинг озод этган қуллари», деб танишади. Кейин Аллоҳ: «Жаннатга киринглар, нимани кўрсангизлар, ўша нарса сизларга», дейди. Улар: «Эй Раббимиз, оламдаги ҳеч кимга бермаган нарсангни бизга ато қилдинг», дейишади. Шунда У: «Сизларга Менинг ҳузуримда бундан ҳам афзал нарса бор», дейди. Улар: «Эй Раббимиз, бундан кўра ҳам афзалроқ нима бор?!», дейишади. У: «Менинг розилигим, бундан кейин сизларга ҳеч қачон ғазаб қилмайман», дейди». (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №7439, Муслим: №183, Насоий: 8/112, 113).

Аллоҳу акбар.. Иззат эгаси бўлган Раббимга қасамки, худди кўз билан кўриб тургандек ва шунинг ичида яшаб тургандек тасвирлаб бердилар.. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Аллоҳ таоло томонидан жавомиул-калим (лафзи оз бўлса-да, пурмаъно сўзлар) берилган зот буни баён қилмоқдалар!!

Мусулмон биродар! Аллоҳ ҳаққи, юракларни ёриб юборгудек бу кўринишларни яхшилаб тадаббур қилинг-а... Сирот устидасиз.. Ён-верингизда одамлар.. Кимдир кўз-очиб юмгунча ўтиб кетмоқда.. Кимдир яшиндек ўтиб кетмоқда.. Яна кимдир қушдек учиб ўтиб кетмоқда.. Айримлар эса Сирот устида судралиб бормоқда.. Баъзиларини чангаклар илиб олиб, жаҳаннамга улоқтирмоқда..

Шеър мазмуни:

Нафсим тавба қилишдан бош тортди, энди бандалар Зул-жалол ҳузурида турганида ҳолим не кечар..

Қабрларидан гандираклаб, тоғдек гуноҳлар остида чиқиб келишганида..

Сирот тикилган, ундан ўтмоқ даркор..

Баъзилар ундан қуламоқда, баъзилар эса Адн боғларига ўтиб кетмоқда..

Раҳмон уларга дейди: Гуноҳларингни кечирдим эй бандам, парво қилма..

 

Иккинчи: Омонат ва раҳм (қариндошлик) кўприкнинг икки томонида туриши

Аллоҳга қасамки, бу ҳам юракни ёргудек оғир кўринишдир.

«Саҳиҳ Муслим»да Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Омонат ва раҳм (қариндошлик) Сиротнинг икки четига юборилади».

Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтади: «Омонат ва раҳмни Сиротнинг икки четига юборилиши Сиротдан ўтаётган ҳар бир кишидан ўз ҳаққини талаб қилиб олиши учундир».

Бу эса бу иккисининг Парвардигор наздида қадри нақадар баланд эканига далил бўлади. Омонат – осмонлару ер уни кўтаришга журъат қилмаган ва инсон уни ўз зиммасига олган оғир юкдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Биз бу омонатни (яъни шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилувчи ва нодон эди (яъни бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди)» (Аҳзоб: 72).

Омонат маъносини биласизми?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Омонат – Аллоҳ бандаларига фарз қилган фарзлардир».

Абул-Олия айтадилар: «Омонат – бандаларга буюрилган ва қайтарилган ишлардир».

Ҳасан айтадилар, бу кишининг сўзлари энг балоғатли сўздир: «Омонат – диндир, диннинг ҳаммаси омонатдир»

Ибодат ҳамма турлари билан – намоз, закот, рўза, ҳаж омонатдир, жасадингизнинг барча аъзолари омонатдир, мансабу курсингиз омонатдир, қўлингиздаги мол-мулк омонатдир, аёлингиз ва болаларингиз омонатдир, илм омонатдир, олимга шогирдлари омонатдир. Аллоҳ таоло сизу бизни омонатга хиёнат қилишдан огоҳлантирган. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!» (Анфол: 27).

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мажлисда қавмга ҳадис айтиб турганларида бир аъробий келиб: «Қиёмат қачон?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлашда давом этдилар. Қавмнинг баъзилари: «(Аъробийнинг) гапини эшитдилар-у, унинг айтган сўзини ёқтирмадилар» дейишди. Баъзилари эса: «Йўқ, эшитмадилар» дейишди. Сўзларини тугатгач: «Қиёмат ҳақида сўровчи қани?», дедилар. «Менман, ё Расулуллоҳ» деди. (У зот:) «Омонат зое қилинса, қиёматни кутавер», дедилар. «Уни зое қилиш қандай бўлади?», деди. «Ишни ўз эгасидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер», дедилар (Бухорий: №59).

Қасамки, иш ўз эгасидан бошқаларга топшириб қўйилди, арзимас ва беқадр кимсалар иш бошига миниб олиб, рувайбизалар оғизларини тўлдириб сўзламоқда. Аҳмад «Муснад»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали одамларга шундай алдамчи замонлар келадики, унда ёлғончининг гапини рост деб кўрилади, ростгўйни ёлғончига чиқарилади, хиёнатчига омонат қўйилади, омонатдор хиёнатчига  чиқарилади, унда рувайбиза гапдонлик қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, рувайбиза ким?», деб сўралди. «Қадрсиз одам, – бир лафзда «ақлсиз одам» – омманинг ишига тааллуқли гапларни гапиради», деб жавоб бердилар.

Ҳозирда бизлар рувайбизаларнинг омманинг ишигагина эмас, балки динга тааллуқли бўлган муҳим ишларда ҳам гапдонлик қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

 

Қўйларини бўридан қўрир асли қўйчивон,

Қўй додига ким етар гар бўри бўлса чўпон?!

 

Диннинг ҳаммаси омонатдир, Аллоҳ таоло хиёнатдан огоҳлантирди.

Омонат Сиротнинг бир томонида туриб олиб, ундан ўтаётган ҳар бир кишидан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилади. Шундай экан, омонат ва раҳм (қариндошлик) хусусида Аллоҳдан қўрқингиз!!

Раҳим нималигини биласизми?!

Бу замонамизда раҳмни (қариндошлик алоқасини) узиш одат тусига айланиб қолмоқда!! Қасамки, ўғил отасидан ва онасидан алоқани узиб юборганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мусулмон кишини кўрасизки, масжидга қатнайди. Бироқ, яқинлари билан умуман алоқани узган. Ота-онасининг ҳолидан хабар олмайди, амакиси ва тоғасини, аммаси ва холасини хорлайди. Кейин яна қариндошларим мен билан алоқа қилмайди, шунинг учун табиийки, мен ҳам улар билан алоқани узганман, дейди. Бу нарсани ўзаро манфаатлар ва борди-келдилар алмашуви дейилади, силаи раҳм деб аталмайди. Ҳақиқий силаи раҳм деб сиздан алоқани узганларга алоқа қилишга айтилади.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло халқларни яратиб, фориғ бўлгач, қариндошлик алоқаси ўрнидан турди. «Нима истайсан?», деди.  «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Хўп, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар истасангиз, Аллоҳнинг мана бу сўзларини ўқинглар: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад: 22-23). (Бухорий: №7502, Муслим: №2554).

Эй мусулмон! Эй Сиротдан ўтиш машақққатини ҳис қилган мўмин биродар! Кел, ҳозироқ пешонангни ерга қўй, Аллоҳ учун сажда қил.. Отангнинг қўлларини ўп, онангнинг қўлларини ўп.. Амма-холаларинг, амаки-тоғаларинг билан алоқани тикла.. Қариндошлик алоқасини узма.. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Қариндошлар билан алоқани) узувчи жаннатга кирмайди», деб айтганлар (Бухорий: №5987, Муслим: №2556).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!» (Бухорий: №5985, Муслим: №2555).

Шу ерда бир савол ўртага чиқади:

Агар сиз айтгандек қариндошлар билан алоқа қилайлик десак, номаҳрамлар ўртасида аралашиш ва баъзи гуноҳлар ҳам содир бўлиши хавфи бор. Шундай бўлишидан қочиш учун алоқа қилмай қўйсак бўладими?

Жавоб: Алоқани узиш икки турли бўлиб, бири дунё учун, иккинчиси охират учун узишдир. Агар қариндошлар билан алоқани дунё туфайли узсангиз, бу Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган узиш бўлади. Аммо, агар қариндошлар билан динингизни деб алоқани узишга тўғри келса, масалан, улар билан борди-келди қилиш иймонингизни заифлашишига сабаб бўлса ва уларда сизга таъсир ўтказиши мумкин бўлган маъсиятлар бор бўлса, сиз уларга ҳикмат билан насиҳат қилган, чиройли йўллар билан тушунтиришга ҳаракат қилган ва ўнлаб марта баҳс-мунозара қилган бўлсангиз, бироқ улар қабул қилишмаган бўлса, у ҳолда сиз ўз динингиз ва аҳли-оилангизга фитна етишидан қўрқиб, алоқани узсангиз зарари йўқдир, аксинча, бундай алоқа узиш учун Аллоҳнинг ажрига ҳам эришасиз. Аллоҳ сизнинг ниятингизни яхши билади. Бунга мисол қилиб, Табук ғазотидан қолиб кетган уч киши ҳақидаги ҳадисни келтириш мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини ва ҳатто уларнинг ўз аҳли-аёлларини ҳам улардан алоқани узишга буюрдилар (Табук ғазотидан қолиб кетган Каъб ибн Молик ва унинг икки шериги ҳақидаги ҳадисни Бухорий (№4418) ва Муслим (№2769) ривоят қилганлар). Бу дин учун ва охират туфайли алоқа узиш туридан бўлиб, киши бунинг учун ажру-савобга эришади.

 

Учинчи: Сиротдан охири бўлиб ўтадиган киши ким?

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У  Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди. Шунда унга узоқдан бир дарахт қўрсатилади.

«Эй Роббим, мени ўша дарахтга яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам», дейди. «Эй одам боласи, агар уни сенга берсам, Мендан қайтиб бошқа нарса сўрамайсанми?», дейди Аллоҳ азза ва жалла. У: «Йўқ, эй Роббим (бошқа нарса сўрамайман)», дейди ва бошқа ҳеч нарса сўрамасликка ваъда беради. Банда ўзи сабр қилолмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахт соясида ўтириб сувидан ичади. Кейин унга бундан-да чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади. Шунда у: «Эй Роббим, мени бунисига ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам. Сендан бошқа ҳеч нарса сўрамайман», дейди. «Эй одам боласи, ҳалигидан бошқа нарса сўрамасликка ваъда бермаганмидинг? Агар ҳозир сени бу дарахтга ҳам яқинлаштирсам, Мендан яна бошқасини ҳам сўрарсан?», дейди. У бошқа нарса сўрамасликка аҳд беради. Сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда унинг соясида ўтиради ва сувидан ичади. Кейин жаннат эшиги олдида унга аввалги иккисидан ҳам чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади. «Эй Роббим, мени бунга ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам, бундан бошқа нарса сўрамайман», дейди банда.

Шунда Аллоҳ: «Эй одам боласи, бошқа нарса сўрамайман, деб ваъда бермабмидинг?», дейди. Банда: «Ҳа, шундай қилгандим. Эй Роббим, шуни ҳам бергин, кейин бошқасини сўрамайман», дейди. У сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахтга яқинлашгач, аҳли жаннатларнинг товушларини эшитиб қолади ва: «Эй Роббим, мени ҳам жаннатга киргизсанг», дейди. «Эй одам боласи, нима қилсам сўрашни бас қиласан, бутун дунёни ва унга қўшиб яна шунчасини берсам рози бўласанми?», дейди Аллоҳ.  Банда: «Эй Роббим, Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан куляпсанми?», дейди...

Шу сўзларни айтиб, Ибн Масъуд кулдилар ва «Нима учун кулаётганимни сўрамайсизларми?», дедилар.

«Нима учун кулаяпсиз?», дейишди. «Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳудди шундай кулгандилар. Асҳоблар: «Нима учун кулаяпсиз, ё Расулуллоҳ?», дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банданинг: «Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан кулаяпсанми?» деганида Аллоҳ Роббул оламийн кулгани учун», дегандилар.

... Аллоҳ бандага: «Сенинг устингдан кулмайман. Лекин Мен хоҳлаган ишимни қилишга қодирман», дейди» (Бухорий: №6571, Муслим: №187).

 

Тўртинчи: Нажот борми?

Нажот бир неча калималардадир..

Аллоҳ таолонинг бу дунёда ҳам Сироти (йўли) бор, охиратда ҳам Сироти бор. Ким бу дунёда Аллоҳнинг Сиротида – ҳақ йўлида устивор ва барқарор тура олса, Аллоҳ охиратдаги Сиротида унинг қадамини собит қилади, у банда Аллоҳнинг охиратдаги Сиротида ҳам тойилмайди. Ҳар бир мўмин киши намозининг ҳар бир ракъатида «Иҳдинас-сиротол-мустақийм» (бизларни Тўғри Йўлга йўллагин) деб дуо қилади. Мана шу сирот-йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Сиз мана шу йўлни лозим тутинг ва шу йўлда собитқадам бўлинг.

Аллоҳ йўлидаги дўстим!

Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан, неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

2011 йил 29-декабр

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига