Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

إلى الجنة بغير حساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Сирот

 

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Аллоҳнинг тавфиқи билан бугун сизлар билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан ўн тўққизинчи суҳбат устида йиғилиб турибмиз. Бундан олдинги суҳбатимизда мезон-тарози хусусида сўз юритган, ҳисоб-китоб амалларга иқрор қилдириш учун, тарозида ўлчаш эса амаллар миқдорини кўрсатиб бериш ва шунга кўра жазо-ю мукофотлар бериш учун бўлишини айтиб ўтган эдик.

Амаллар тарозига қўйилиб, жазо-ю мукофотлар аниқ бўлгач, энди ҳар бир киши учун ўзининг оқибатига юзланиш қолади. Шу ҳолда турилганда Аллоҳ таоло жаҳаннам устига Сирот (йўл) номли бир кўприк ўрнатишга амр этади ва бу кўприк устида мўмин, муваҳҳид ва тақводор зотлар ажралиб, жаннат сари йўл оладилар, мушрик, кофир ва жиноятчи кимсалар эса жаҳаннамга қулайдилар.

Аллоҳнинг изни билан бугунги суҳбатимиз Сирот мавзусида бўлади.

Одатимизга кўра, вақтдан унумли фойдаланиш учун ушбу мавзудаги сўзимизни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Сирот – жаҳаннам устидаги кўприк ва одамларнинг ундаги аҳволи.

Иккинчи: Омонат ва раҳм (қариндошлик алоқаси) кўприкнинг икки томонида туриши.

Учинчи: Сиротдан охири бўлиб ўтадиган киши ким?

Тўртинчи: Нажот борми?

Севикли биродарим, суҳбатимизни жон қулоқ билан тинглашингизни умид қиламан. Зеро, мавзу жуда муҳим мавзулардан. Аллоҳ таолодан сизу бизга ҳисоб кунида, мезон кунида, Сирот кунида Ўзи нажот беришини сўрайман. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

 

Биринчи: Сирот – жаҳаннам кўприги ва одамларнинг ундаги аҳволи

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сирот луғатда тўғри ва ёруғ-ойдин йўл маъносини англатади.

Шариат истилоҳига келсак, бу ерда у қиличдан ўткир ва қилдан ингичка кўприк маъносида қўлланилади. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтганларидек, Сирот – мўминлар унинг устидан юриб, наъим жаннатларига, мушриклар эса жаҳаннамга – нақадар ёмон жой у – ўтишлари учун Аллоҳ жала ва ало жаҳаннам устига қурадиган қилдан ингичка ва қиличдан ўткир кўприкдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир» (Марям: 71).

Имом Абул-Из ал-Ҳанафий «Таҳовия ақидаси шарҳи»да айтади: Муфассирлар «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз» (Марям: 71) оятидаги тушишдан мурод нима экани хусусида ихтилоф қилганлар. Очиқроқ ва қувватлироқ фикр шуки, ундан мурод сирот устидан ўтишдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг тақводор бўлган зотларни қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 72).

Саҳиҳ ҳадисда келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, дарахт остида байъат берган бирон киши дўзахга тушмайди», дедилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо айтадилар: «Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз» демаганми?!», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир Аллоҳнинг: «Сўнг тақводор бўлган зотларни қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз», деганини эшитмаганмисиз?!», дедилар.

Уламоларнинг мазкур оятда зикр қилинган тушиш маъносида айтган сўзларини шундай жамланадики, дўзахга тушиш икки хил бўлади:

Биринчиси, тушиш – кириш маъносида бўлиб, бу кофир ва мушриклар учундир. Аллоҳ таоло Фиръавн ҳақида айтганидек: «У (Фиръавн) Қиёмат Кунида ўз қавмини бошлаб бориб дўзахга туширур. У тушиладиган энг ёмон жойдир!» (Ҳуд: 98).

Иккинчиси, Сирот кўпригидан ўтиш маъносида бўлиб, бу тақводор мўминлар учундир. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтганидек: «Сўнг тақводор бўлган зотларни қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз».

Менга жон қулоғингизни тутинг, ўз хоҳишларидан сўзламайдиган Содиқ ва Масдуқ зот ўзларига хос бўлган етук, қисқа, гўзал ва пурмаъно пайғамбарона услублари билан Сиротдан ўтиш ҳолатини тасвирлаб берадилар, истасангиз айтишингиз мумкинки, юракларни ёриб юборгудек бу манзарани маҳорат билан чизиб берадилар.

Саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни Раббимизни кўрамизми?».

Ул зот: «Ой тўлган кечада ойни ҳеч қандай тўсиқсиз ҳолида (кўришга) шубҳа қиласизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ, ё Расулуллоҳ,», дейишди. «Қуёшни булут тўсмаган ҳолатида (кўришга) шубҳа қиласизларми?», дедилар. Улар яна: «Йўқ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар Ул зотни худди ана шундай кўрасизлар. Қиёмат куни одамлар маҳшаргоҳда жамланадилар. (Аллоҳ таоло:) «Ким нима нарсага сиғинган бўлса, ўшанга эргашсин», дейди. Улардан кимдир қуёшга эргашади, кимдир ойга эргашади, кимдир тоғутларга эргашади. Бу умматгина қолади, ичида мунофиқлари ҳам бўлади. Аллоҳ (улар таниганидан бошқача суратда) олдиларига келиб: «Мен Роббингизман», дейди. Улар: «То Роббимиз келгунича бизнинг турар жойимиз шудир. Роббимиз келса, биз уни таниймиз», дейишади. Сўнг Аллоҳ (улар танийдиган суратда) олдиларига келиб: «Мен Роббингизман», дейди. Улар ҳам: «Сен бизнинг Роббимиздирсан», дейишади. Аллоҳ уларни чорлайди, жаҳаннам устига Сирот (кўприги) қурилади. Шунда пайғамбарлар ичидан ўз умматлари билан биринчи бўлиб ўтувчиси мен бўламан. У куни пайғамбарлардан ўзга бирор кимса сўз сўзламас. Пайғамбарларнинг у кундаги сўзлари: «Парвардигор, Ўзинг саломат қилгайсан, Парвардигор, Ўзинг саломат қилгайсан» бўлур. Жаҳаннамда саъдон (ўсимлиги) тиконлари мисол чангаклар бордир, – Саъдоннинг тиконларини кўрганмисизлар?, деб сўрадилар, Ҳа, дейишгач, сўзларида давом этдилар: – У чангаклар худди саъдоннинг тиконларига ўхшайди. Лекин уларнинг нақадар катталигини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас. (Ўша чангаклар) одамларга амалларига қараб чанг солади. Баъзилар амали сабабли ҳалок қилинади, баъзилар (чангак билан баданлари) тилкаланиб, кейин нажот топади. Қачон, Аллоҳ дўзах аҳлларидан Ўзи истаган кишиларни раҳм қилишни истаганда малоикаларга Аллоҳга ибодат қилувчи бўлган кишиларни дўзахдан чиқаришликка фармон беради. Малоикалар уларни чиқарадилар, уларни сажда изларидан таниб оладилар. Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилгандир. Улар дўзахдан чиқадилар. Одам боласининг сажда изларидан бошқа барча аъзосини ўт еб битирган бўлади. Улар куйиб кетган ҳолда дўзахдан чиқадилар. Сўнг уларнинг устларидан оби ҳаёт қуйилади. Шунда улар сел лойқасига тушган уруғ қандай униб чиқса, шундай униб-яшнайдилар. Сўнг Аллоҳ бандалар ўртасида ҳукм қилишдан фориғ бўлади...».

Эътибор берган бўлсангиз, ҳадисда қуёшга сиғинганлар қуёшга ойга сиғинганлар ойга эргашиши, бу уммат эса орасида мунофиқлар ҳам бўлган ҳолда қолиши айтилди.

Мунофиқлар иймон аҳллари билан бирга бориб, мўминлар билан бирга: «Сен Раббимизсан», дейишади... Улар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади! Биласизми, шунда нима бўлади?!

Шу пайт Аллоҳ таоло мавқиф аҳли устига қоп-қоронғи зулмат туширади ва ҳеч ким ёруғликсиз бир қадам ҳам босишга қодир бўлмай қолади.

«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, Ер бошқа Ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қоладиган ҳамда барча одамлар ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда одамлар қаерда бўлади?», деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Оиша, улар кўприк олдида зулматда бўлишади».

Бир лафзда: «Улар Сирот устида бўлишади».

Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Ибн Аби Ҳотим ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Улардан баъзиларининг нури тоғдек, баъзиларининг нури хурмо дарахтидек, баъзиларининг нури тик турган одамдек, баъзиларининг нури бош бармоғида бўлиб, гоҳ ёниб, гўҳ ўчиб туради. Бу энг нури ози бўлган кишидир. Баъзиларини эса ҳар томондан зулмат ўраб олади» (Муслим: №315).

Аллоҳ йўлидаги биродарим! Мана бу оятларни тадаббур қилиб кўринг:

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

«Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)! (Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!» (Ҳадид: 12).

Қачон мунофиқлар Сиротга яқинлашишга ҳаракат қилишса, Аллоҳ уларнинг нурларини олиб қўяди ёки Заҳҳок айтганларидек, мунофиқларнинг нури ўчиб қолади ва нифоқ аҳли иймон аҳлидан ажралиб қолади. Шунинг учун мўминлар мунофиқларнинг сирот устида нурлари ўчиб қолганини кўришса, қўрқиб, ёмон аҳволга тушиб қолишади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи маъносидир: «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

Ўшанда, қоп-қоронғи зулматлар бағрида қолган нифоқ аҳли Сирот устида нурга чулғаниб бораётган иймон аҳлини кўриб, уларга нидо қилишади:

«У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга:) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳматжаннат, ташқарисида олдида эса азоб дўзах бўлур. Улар (мўминларга): «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар), лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомҳаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдовчи (шайтон) алдаб қўйди» (Ҳадид: 13-14).

Улар мўминларга: «Биз ҳам сизлар билан бирга эмасмидик, бирга жумъа ўқирдик, жамоатга ҳозир бўлардик, ғазотларда бирга бўлардик, Арафотда бирга турардик, бошқа ибодатларда ҳам сизлар билан бир қаторда эмасмидик?!», дейишади.

Мўминлар уларга жавобан айтадилар: «Ҳа, кўринишда сизлар биз билан бирга эдингиз, лекин сизлар ўзингизни фитнага дучор қилдингиз, ҳақ аҳлига ва суннат аҳлига нисбатан ёмонликларни кутдингиз, қайта тирилиш, тарози, Сирот ва дўзах ҳақида шак-шубҳа қилдингиз, хомхаёллар ва пуч орзу-умидлар сизларни алдаб қўйди ва охир-оқибат шу ҳолатда ўлимга юзландингиз. Мана, энди ушбу ҳақиқатларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз, мезонни, сиротни кўрдингиз».

Содиқ ва Масдуқ зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳолатни яна-да аниқроқ чизиб берадилар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтадилар:

«Ҳатто, фақат Аллоҳга ибодат қилиб ўтган яхши-ёмон кишиларгина қолгач, Роббул оламийн субҳанаҳу ва таоло улар кўрган (яъни, сифатлари орқали билган) суратга яқин бир суратда улар олдига келади ва: «Нимани кутиб турибсизлар? Ҳар бир уммат ўзи сиғинган нарсага эргашади», дейди. Улар: «Эй Раббимиз! Биз бу одамлардан дунёда уларга энг муҳтож бўлиб турганимизда ҳам ажралганмиз ва улар билан бирга бўлмаганмиз», дейдилар. «Мен Раббингизман», дейди. Улар: «Биз сендан Аллоҳга паноҳланамиз, Аллоҳга биронтасини шерик қилмаймиз», дейишади икки ё уч марта. Ҳатто, баъзилари (ҳақдан) бурилиб кетишга яқин бўлади. (Шунда Аллоҳ:) «Сизлар билан Унинг ўртасида сизлар уни таниб оладиган бирон аломат борми?», деб сўрайди. «Ҳа», дейишади. Шунда болдирни очади.

Ўшанда (дунёдалик пайтида) Аллоҳ учун ўз ихтиёри ила сажда қилувчи бўлган бирон киши қолмасдан, Аллоҳ унга сажда қилишига изн беради. Аммо (бировдан) қўрқиб ёки риё қилган ҳолда сажда қилувчи бўлган кишиларнинг орқаларини Аллоҳ бир табақа қилиб қўяди (яъни орқалари қотиб қолади), улар ҳар гал сажда қилмоқчи бўлишганида чалқанчасига йиқилишади.

Кейин бошларини кўтаришса, (Аллоҳ таоло) улар биринчи бор кўришган суратига айланиб қолган бўлади. У: «Мен Раббингизман», дейди, улар ҳам: «Сен Раббимизсан», дейишади.

Сўнгра жаҳаннам устига кўприк ўрнатилиб, шафоатга изн берилади. Улар: «Аллоҳим, саломат қилгайсан, омонда қилгайсан», деб айтишади...

«Ё Расулуллоҳ, кўприк нима?», деб сўралди.  

У зот дедилар: «Оёқ тойиб кетадиган сирпанчиқ ўриндир. У ерда чангаклар, темир илгаклар ва Нажд ерларида ўсадиган тиканли нарсалар бўлиб, у саъдон дейилади. Мўминлар у ердан кўз очиб юмгунча, чақмоқдек, шамолдек, қушдек ва учқур отлардек тез ўтишади. Бир қисми соғ-саломат ҳолда нажот топади. Яна бир қисми (чангаклар билан) тилиниб, сўнг қўйиб юборилади. Ва яна бир қисмини уюмланиб, жаҳаннамга қулатилади.

Ҳатто, мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан биронтангиз ҳам (бу дунёда биров учун) ҳақ талаб қилиб, ўша қиёмат куни мўминлар дўзахдаги биродарларига ёрдам сўраб Аллоҳга ёлворишларидан кўра қаттиқ ёлвора олмайсиз. Улар: «Эй Раббимиз, улар биз билан бирга рўза тутишарди, намоз ўқишарди, ҳаж қилишарди», дейдилар. Шунда уларга айтилади: «Таниган кишиларингизни чиқаринглар. Уларнинг суратлари дўзахга (таъсир қилиши) ҳаром қилинади». Шунда улар кўп халойиқни у ердан олиб чиқишади, уларнинг болдир ва тиззалари ярмигача олов теккан бўлади.

Мўминлар: «Эй Раббимиз! У ерда Сен бизга (чиқаришга) амр қилган кишилардан биронта ҳам қолмади», деб айтишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида динор мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар: «Эй Раббимиз! Бизларга буюрган кишиларингдан ҳеч бир кишини у ерда қолдирмадик», дейишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида ярим динор мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар яна: «Эй Раббимиз! Бизларга буюрган кишиларингдан бирон кишини у ерда қолдирмадик», дейишади. Уларга: «Қайтинглар, кимнинг қалбида зарра мисқолича яхшилик борлигини топсангиз, уларни ҳам чиқаринглар», дейди. Шунда улар яна кўп одамларни олиб чиқишади. Сўнгра улар: «Эй Раббимиз! Биз у ерда биронта ҳам яхшилик (эгаси)ни қолдирмадик», дейишади.

Абу Саид айтар эдилар: «Агар бу ҳадис билан мени тасдиқламасангиз, мана бу оятни ўқинглар: «Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур» (Нисо: 40)».

(Давоми бор)

 

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига