Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

إلى الجنة بغير حساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Тарози

 

(Давоми)

Чунки, инсон ақл-идроки учун чумолилар тилини тушуниш имконияти берилмаган, Аллоҳ таоло у учун ушбу тилнинг рамзларини ечиб бермаган. Чумолилар ҳам Аллоҳнинг халқларидан бир халқ, бор йўғи.

Шундай экан, инсоннинг ожиз ақли Аллоҳнинг зотини қандай идрок қилсин?!

Охират олами дунё оламига ўхшаган эмас. Охиратнинг ғайбий олами ва унинг қонунларига дунё олами ва унинг ҳиссий қонунлари билан ҳукм қилишимиз айни зулмдир.  Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз қудрати билан жисмдан холи бўлган аразларни тарозида тортиладиган жисмларга айлантириб қўяди ва ҳасанотлар ва саййиотлар миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.

Шугина эмас, балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишининг амали қабри ичида инсон суратида келишини ҳам хабар берганлар. Ҳа, ушбу ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ҳоким, Термизий, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилганлар, Ибн Қаййим ҳадисни саҳиҳ санаган ва уни иллатли санаганларга жуда узун раддия берган, ҳадисни Албоний ҳам саҳиҳ санаган. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин банданинг қабрга қўйилгандаги ҳолатини зикр қилиб, айтадилар:

«... Сўнг ҳузурига икки фаришта кириб келади. Уни ўтиргизиб: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. «Раббим Аллоҳ», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. «Диним Ислом», деб жавоб беради. «Сизларга юборилган у киши ким?», деб сўрайдилар. «У Расулуллоҳ (Аллоҳнинг элчиси)», дейди. Сен буларни қаердан биласан?», деб сўрайдилар. «Аллоҳнинг Китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим», дейди. Шунда самодан: «Бандам рост айтди, унга жаннатдан ўрин тўшанглар, жаннат либосларидан кийдиринглар, (қабрига) у учун жаннатдан дарча очиб қўйинглар», деган нидо келади. Шундан сўнг унга жаннатнинг хушбуй ҳиди ва шаббодаси эсиб туради. Қабри ҳам кўз илғарли ергача кенгайтириб қўйилади. Ҳузурига хушсурат, чиройли кийинган бир киши хушбўй ҳид таратиб кириб келиб: «Сенга хушхабар олиб келдим, хурсанд бўл, сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. Шунда у: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг яхшилик келтирувчи кишининг юзидек», дейди. У: «Мен сенинг солиҳ амалингман», дейди. Шунда (маййит): «Эй Раббим, тезроқ Қиёматни қойим қил, тезроқ Қиёматни қойим қил, токи мен аҳлим ва молим олдига қайтай», дейди... ».

Ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофир кимсанинг қабрдаги ҳолини зикр қилдилар:

«... Ҳузурига икки фаришта кириб, уни ўтиргизадилар ва ундан: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. У: «Аааҳ... Аааҳ... Билмайман», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. У яна: «Аааҳ.. Аааҳ... Билмайман», дейди. Шунда самодан нидо келади: «Бандам ёлғон айтди. Унга дўзахдан ўрин тўшанглар, қабрига дўзахдан дарча очиб қўйинглар!». Шундан сўнг унга жаҳаннам оташи ҳарорати ва қайноқ шамоли келиб туради, қабри  шу даражада торайтириладики, унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Олдига бадбашара, хунук кийинган, бадбўй ҳидли бир киши кириб: «Сени хафа қиладиган шумхабар келтирдим. Сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. У: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг ёмонлик келтирувчи кимса юзидек», дейди. «Мен сенинг қилган ифлос амалингман», деб жавоб беради у. Шунда у: «Эй Раббим, қиёматни қойим қилмагин», дейди» (Бухорий: №1374, Муслим: №2870, Абу Довуд: №3231, Насоий: 4/97).

Қиёмат куни араз (жисмдан холи нарса)нинг жисмга айланишига далил бўлувчи яна бир ҳадисни келтираман. Унда қиёмат куни ўлимни қўчқор суратида олиб келинишидан хабар берилган. «Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Қиёмат куни ўлимни оқ-қора рангли (ола) қўчқор суратида келтирилади ва бир жарчи: «Эй жаннат аҳли!», деб чақиради. Улар бўйинларини чўзиб, қарайдилар. «Буни танийсизларми?», деб сўрайди улардан. Улар: «Ҳа, бу ўлимдир», дейдилар. Барчалари уни кўрган бўладилар. Кейин бир жарчи: «Эй дўзах аҳли!», деб чақиради. Улар буйинларини чўзиб, қарайдилар. «Буни танийсизларми?», деб сўрайди улардан. Улар: «Ҳа, бу ўлимдир», дейдилар. Барчалари уни кўрган бўладилар. Сўнгра уни (яъни қўчқор суратидаги ўлимни) жаннат билан дўзах оралиғида бўғизланади. Сўнг у: «Эй жаннат аҳли! Мангулик, ўлим йўқ! Эй дўзах аҳли! Мангулик, ўлим йўқ!», дейди».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни жаннат ахли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар» (Марям: 39) оятини ўқидилар ва қўллари билан пастга ишора қилдилар (Бухорий: №6548, Муслим: №2850).

Демак, саҳиҳ далиллар билан исботландики, қиёмат куни жисмдан холи нарсалар (аразлар) тарозига қўйиладиган жисмларга айланади ва ҳасанотлар ва саййиотлар миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.

Ушбу далиллар биринчи сўз эгаларининг, яъни қиёмат куни тарозида амалларнинг ўзи тортилади, деб айтадиган кишиларнинг далиллари эди.

 

Иккинчи сўз:

Тарозида амаллар эмас, амал қилувчи шахс тортилади.

Ушбу сўз эгалари ҳам саҳиҳ далиллар келтирганлар. Жумладан, Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасамки, қиёмат куни жуда катта ва семиз бир киши келади, Аллоҳ наздида у пашшанинг қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди», дедилар ва: «Бас, Биз Қиёмат кунида улар учун ҳеч қандай вазн (қадр-қиймат) бермасмиз!» (Каҳф: 105) оятини ўқинглар», дедилар (Бухорий: №4729, Муслим: №2785).

Семириб, шишиб кетган, йўғон бир одам қиёмат куни тарозига қўйилганида Аллоҳ наздида бир пашша қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди. Чунки, у куни бандалар тарозига қўйилганда тарози уларнинг баданларининг семизлиги ва эт-ёғларининг кўплигига қараб оғир ё енгил келмайди. Балки, савоб ва гуноҳларининг кўп-озлигига қараб оғир ё енгил келади.

Юқорида ҳам айтдим, яна бир бор таъкидлайманки, охират қонунлари устидан бу дунё қонунлари билан ҳукм қилишга уриниш айни зулм бўлур эди!

Энди бунинг муқобилида, ўзи нозик, болдирлари ингичка бир киши келади, унинг ўша этсиз болдирлари тарозининг бир палласига қўйилиб, иккинчи палласига Уҳуд тоғи қўйилса, болдирлар турган палла босиб кетади. Бу ким бўлди экан, дейсизми?!

Жисми ориқ ва нозик, лекин иймони ўта бақувват, бадани енгил, бироқ амаллари оғир бу киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир. Имом Аҳмад «Муснад»ида яхши санад билан ривоят қилган ҳадисда Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир куни меваларини йиғиш учун Арок дарахти устига чиққанида уни шамол тебрата бошлади. Одамлар кулдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега куляпсизлар?», деб сўрадилар. «Унинг болдирларининг нозиклигига куляпмиз, ё Расулуллоҳ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг болдирлари тарозида Уҳуд тоғидан оғирроқдир», дедилар. (Аҳмад: №920, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).

 

Учинчи сўз:

Қиёмат куни банданинг мезонида унинг саҳифалари (номаи аъмоли) тортилади.

Бу фикр эгалари ҳам саҳиҳ ҳадисни далил қиладилар. Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, икки шайх шартига биноан саҳиҳ деган ва Заҳабий бунга мувофиқ бўлган, Ибн Ҳиббон, Абу Довуд ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халқлар орасидан ажратиб олади, унинг тўқсон тўққизта китоби очилади, ҳар бир китоб кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Шу (китобларда ёзилган амалларинг)дан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилибдиларми?!», дейди. Банда: «Йўқ, эй Раббим», дейди. «Бирон узринг борми?», деб сўрайди. У: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Шунда

(قَالَ: لَا يَا رَبِّ! فَيَقُولُ: بَلَى) أَيْ: لَكَ عِنْدَنَا مَا يَقُومُ مَقَامَ عُذْرِكَ

Аллоҳ таоло: «Йўқ (ундай эмас, балки сенинг узринг ўрнига ўтадиган), ҳузуримизда сенинг битта ҳасананг (савобли амалинг) бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир битоқани (яъни, бир парча қоғозни) чиқаради, унда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб ёзилган бўлади. Сўнг: «Тарозингнинг олдида ҳозир бўл», дейди. У: «Эй Раббим, шунча катта китоблар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. «Сенга зулм қилинмайди», дейилади унга. Сўнг китоблар бир паллага, битоқа иккинчи паллага қўйилади, шунда китоблар енгил келиб, битоқа оғир келади. Зеро, Аллоҳнинг исми бўлган ҳолда унда бирон нарса оғир келолмайди» (Термизий: №2641, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№135) саҳиҳ санаган).

Бу учинчи фикр эгаларининг далили эди.

Юқорида қиёмат куни тарозида нимани ўлчаниши хусусида уч хил фикр билан танишиб ўтган бўлдик. Ушбу сўзлар ичидан қувватлироғи қай бири экани, тарозини оғирлаштирадиган амаллар нималар экани билан суҳбатимиз давомида танишасиз.

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд..

Валлоҳу аълам, қувватлироқ гап шуки, амаллар ҳам, амал қилувчи ҳам, саҳифалар ҳам тарозига қўйилади, амал қилувчи ўз амаллари ва номаи аъмоли билан бирга ўлчанади. «Маъорижул-қабул бишарҳи сулламил-вусул ила илмил-усул» соҳиби шу фикрни қувватли санаган, мен ҳам шу гапга мойилман.

Бинобарин, аввало ўзимни, кейин сиз азиз биродарларимни қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган айрим амаллардан бохабар қилиб ўтишни вазифам деб билдим.

 

Учинчи: Қандай амаллар қиёмат куни тарозини оғирлаштиради?

Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган амаллар ичида энг катталаридан бири гўзал хулқдир.

Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббонлар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний «Мишкотул-масобийҳ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди, Аллоҳ таоло фаҳш сўзлар айтувчи, оғзи бузуқ кимсани ёмон кўради» (Термизий: №2003, 2004, Абу Довуд: №4799, Саҳиҳул-жомиъ: №5721).

Қасамки, уммат бугун ҳокимлари-ю олимлари, даъватчилари-ю имомлари, эркаклари-ю аёллари, ўсмирлари-ю ёш болалари билан, ҳамма-ҳамма гўзал хулқли бўлишга нақадар муҳтож!!

Бугун нурли, назарий манҳаж бўлмиш гўзал хулқ билан воқеликда амалий манҳаж бўлиб қолган ёмон хулқ ўртасида жуда катта жарлик борлиги кўринади.

Қани Ислом ахлоқлари?! Қани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намунавий хулқлари?!

Хонадонларимиздаги, мактаб-мадрасаларимиздаги, олийгоҳларимиздаги кутубхоналар токчалари нурли назарий манҳаж ҳақида ёзилган жилд-жилд китоблар билан тўла, бироқ уммат воқелигига назар ташласангиз, одамларнинг аҳволларини текширсангиз, бу мунаввар манҳаж билан воқелик ўртасида жуда катта жарлик борлигини кўрасиз.

Эй Ислом уммати! Ростгўйлик қани?! Ихлос қани?! Мулойимлик қани?! Мурувват қани?! Афв қани?! Яхшилик қилиш қани?! Ҳаё қани?! Жўмардлик қани?! Олийжаноблилик қани?! Саховат қани?! Қани?!... Қани?!... Қани?!...

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқларига эргашиш қани?!

Мен кўпинча айтаман, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам куфр билан мавжланиб ётган саҳролар орасида Ислом давлатини барпо этишга муваффақ бўлдилар. Бунга асосий сабаб шу бўлдики, у зот Исломдан аввал Араб жазирасидан ташқарида на салмоғи, на эътибори бўлган араблар ва аъробийлардан, ўша ялангоёқ ва яланғоч саҳройилардан башарият ичра мутлақо тенги бўлмаган мислсиз буюк бир қуръоний авлодни етиштириб чиқардилар. У зот исломий тарбия дастуридан минглаб нусхани чоп этдилар. Бироқ, бу нусхаларни сиёҳ билан қоғозга эмас, балки инсонлар қалбига нурдан бўлган сиёҳ билан битдилар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ушбу тарбия ва ахлоққа доир назарий дастурни одамлар оламида порлаб ва ярқ этиб кўзга ташланиб турадиган амалий воқеликка айлантирдилар. Бутун башарият уларнинг юксак ахлоқларига гувоҳ бўлди, ер юзида икки оёқ билан юриб турган тирик қуръонларни кўрди.

Бироқ, бугунга келиб, шарқу ғарбда Исломнинг йўлига тўғаноқ бўлаётган энг катта чақиртош мусулмонларнинг ахлоқи, тўғрироғи уларнинг ахлоқсизлиги бўлиб турибди!

Бугун дунёнинг шарқу ғарбида мусулмонларнинг аҳволига назар солган киши улар орасида зинокорларни, маст қилувчи ичимлик ичадиганларни, чўчқа олди-соттиси билан шуғулланадиганларни, намозларни тўкис адо қилмайдиганларни кўради, мусулмонлик даъвосини қилиб юрган кишиларга назар солиб, уларни ахлоқда ўзидан юқори даражада деб билмайди. Бугун шарқу ғарб оламида исломий ҳаракат йўлига тўғаноқ бўлаётган энг катта тўсиқ бизларнинг ахлоқимиз бўлиб қолди!

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди».

Имом Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўминларнинг энг иймони комилроғи ким бўлиши ҳақида сўралганда: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир», деб жавоб берганлар (Абу Довуд: №4682, Термизий: №1162).

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва бошқалар саҳиҳ санад билан Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шубҳасиз, мўмин киши гўзал хулқи сабабли кундузлари рўзадор, тунлари эса намоз билан бедор кишининг даражасига эришади». (Абу Довуд: 4798, Аҳмад: №24236).

Ана ўша олий хулқ эгалари қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин манзил эгаси бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менга энг суюмли бўлганингиз ва қиёмат куни менга яқин ўринда турадиганингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир» (Термизий: №2019, Саҳиҳул-жомиъ: №2201).

Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган энг катта ишлардан яна бири ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай хабар берганлар: «Таҳорат-покизалик иймоннинг ярмидир. «Ал-ҳамду лиллаҳ» мезонни тўлдиради, «Субҳаналлоҳи вал-ҳамду лиллаҳи» осмонлару ер оралиғини тўлдиради» (Муслим: №223, Термизий: №3512, Насоий: №5/5, Саҳиҳул-жомиъ: №3957).

Аллоҳ йўлидаги биродарим! Таҳорат қилишдан ожизмисиз?! Энг аввал дилингиз, кейин эса тилингиз билан Аллоҳга ҳамд ва тасбеҳ айтишдан ожизмисиз?!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» (Аллоҳни поклайман, Аллоҳга ҳамд бўлсин, бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Аллоҳ буюкдир) деб айтишим менга қуёш нури тушган барча нарсалардан суюмлироқдир» (Муслим: №2695, Термизий: №3591).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кунда юз марта: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, хато-гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да ўчирилади» (Термизий: №3462, Муслим: №2691).

Мени эшитиб турган ҳар бир қулоқ эгасидан тилагим шуки, ушбу калималарни диллари билан тасдиқлаб, тиллари билан такрорлаб, аъзолари билан унга амал қилсинлар..

2011 йил 15-декабр.

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига