Ислом Нури
Жума насиҳатлари
الشيخ محمد حسان
طريق الهداية
Ҳидоят йўли
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
(Давоми)
Иккинчи: Ҳидоят сабаблари
1) Ҳидоят сабабларининг энг каттаси Аллоҳни танишдир. Ким Аллоҳни исмлари ва сифатлари билан таниса, Уни яхши кўриб қолади. Ким Аллоҳни яхши таниса, Ундан ҳақиқий қўрқади. Муҳаббат ва қўрқув ибодатдир. Ибодат – Аллоҳга комил бўйсуниш ва Уни комил севиш бирикмасидир. Ким Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилса ва Унга ширк келтирмаса, албатта Тўғри Йўлга ҳидоятланган бўлади.
2) Аллоҳга иймон келтириш. Мана бу оятга диққат қилинг: «Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Тағобун: 11). Сиз бу оятни неча марталаб ўқиган бўлишингиз керак. Бироқ, у ҳақда фикр юритиб кўрганмисиз? Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўяди. Агар қалб ҳақиқий ҳидоят топса, Парвардигорга сажда қилиб, то қиёмат куни Унинг жамолига боқиш лаззатига мушарраф бўлмагунича саждададан бош кўтармай қоларди. Агар қалб иймон ҳаловатини тотиб қолса, умуман саждадан бош кўтармай қўярди. Қалбнинг ҳидоятланиши дунё ва охират саодати йўлидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 88, 89). Аллоҳим, қалбларимизни Ўзинг ҳидоят қилгайсан.
3) Аллоҳга маҳкам боғланиш ҳам ҳидоят сабабларидан. Барча куч-қудрат фақат Аллоҳдан. Шундоқ экан, сиз далолат ҳидояти сабабларини қилишингиз ва тавфиқ ҳидоятига йўллашини сўраб, Аллоҳга дуо қилишингиз, дилингизга иймонни суюмли қилиб қўйишини ҳамда тўғри йўлда собитқадам қилиб қўйишини сўраб илтижо қилишингиз лозим бўлади. «Ким Аллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди» (Оли Имрон: 101).
Тўғри йўл нима? Сиз, албатта, бу иборани жуда кўп ишлатгансиз.
Алий розияллоҳу анҳу: «Тўғри йўл Қуръондир», деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Тўғри йўл Исломдир», деганлар.
Ибн Ҳанафия розияллоҳу анҳу: «Тўғри йўл Аллоҳнинг динидирки, ундан ўзгасини қабул қилмагай», деганлар.
Демак, тўғри йўл Аллоҳнинг динидир.
Имом Аҳмад ва бошқалар Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ тўғри йўлга (қуйидаги) мисолни келтирди. Тўғри йўл, унинг икки четида икки девор, деворларда очиқ эшиклар, эшикларга парда тутиб қўйилган. Йўлнинг бошида бир жарчи жар солиб: «Эй одамлар! Ҳаммангиз шу йўлга киринг, ҳеч ким ундан бурилиб кетмасин», демоқда. Биров шу эшиклардан бирини очмоқчи бўлса, бошқа бир жарчи йўл устида туриб: «Ҳой, шўринг қурғур, очма уни! Агар очсанг, кириб кетиб қоласан», дейди...» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мисолни шарҳлаб айтдилар: «Йўл – Ислом, деворлар – Аллоҳнинг ҳад-ҳудудлари, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган ишлар, йўл бошидаги жарчи – Аллоҳнинг Китоби, йўл устидаги жарчи – ҳар бир муслимнинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳатчисидир». (Аҳмад: 4/182, Ҳоким «Мустадрак»да (1/73) келтириб, «Муслим шартига кўра саҳиҳ» деган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган).
Сиз бир маъсиятга қўл урмоқчи бўлганингизда, қалбингизда бир насиҳатчи сизни бундан қайтариб: «Йўқ, ундай қилма, бу ишдан четлан, бу ҳаром», деб туради. Агар тоат-ибодат қилмоқчи бўлсангиз, қалбингиздаги насиҳатчи тоатни сизга суюмли кўрсатиб, уни кўпроқ қилишга ундаб туради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яхшилик – гўзал хулқдир, гуноҳ эса қалбингда тараддуд ҳосил қилган ва одамлар билиб қолишини истамаганинг нарсадир» (Муслим: Китабул-бирри вас-сила: 2553, Термизий: 2389).
Ҳар бир муслимнинг қалбидаги ўта сезгир термометр.. Ҳар бир муслим қалбидаги Аллоҳнинг насиҳатчиси.. Аллоҳдан қалбларимизни тирилтиришини сўраймиз.
4) Намозларга бепарво бўлмаслик ва уларни жамоат билан адо этишга ҳаракат қилиш.
Имом Муслим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолатда йўлиқишни истаса, (азон айтилиб) чақирилаётган мана бу намозларни (жамоат билан) адо этсин. Чунки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳидоят йўлларини машруъ қилган, намозлар ҳам ҳидоятга бошловчи йўллардан. Агар сизлар жамоатга келмайдиган анови кимсага ўхшаб намозларни уйларингизда ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз суннатини тарк қилсангиз, шубҳасиз, адашиб кетасиз. Қай бир киши таҳорат олса ва таҳоратини чиройли қилса, сўнг масжидлардан биронтасига йўл олса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир босган қадамига биттадан савоб ёзади, бир даража юксалтиради ва битта гуноҳини ўчиради. Дарҳақиқат, бизнинг давримизда жамоат намозидан фақатгина мунофиқлиги ҳаммага маълум бўлган мунофиқларгина қолар эди. Ҳатто, битта одамни икки киши суяб олиб келиб, сафга турғизишарди» (Имом Муслим: Масжидлар ва намоз ўринлари китоби: 257/654).
5) Яхшиларга ёндошиш. Сизга Аллоҳни эслатиб турадиган киши билан ҳамсуҳбат бўлишингиз, сизни Аллоҳни танишдан тўсадиган кишидан узоқлашишингиз ҳам ҳидоятнинг энг катта сабабларидан саналади.
Аллоҳ таоло айтади: «У кунда бу золим қўлларини тишлаб (надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди; Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди; Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйувчидир» (Фурқон: 27-29).
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат мўмин билан дўстлашгин ва таомингни фақат тақволи киши есин», деганлар (Абу Довуд: 4832, Термизий: 2395, Аҳмад: 3/38 ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Яна у зот: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан (темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз», деганлар (Муттафақун алайҳ, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
Мавзуга тегишли яна талайгина нуқталар ҳам бор бўлса-да, сизларнинг вақтингизни олмаслик учун шунчаси билан кифояланаман. Аллоҳдан эшитган ва гапирган нарсаларимизни бизлар учун манфаатли қилишини, барчамизга ҳидоят, поклик ва тақво насиб этишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам Аллоҳга истиғфорлар айтаман.
Иккинчи хутба
Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигига ва саййидимиз Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканларига гувоҳлик бераман. Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга ҳамда аҳли-ю асҳобига саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд..
Севикли дўстларим! Ҳидоятнинг энг катта сабабларидан яна бири нафсга қарши курашдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).
Нафсга қарши курашнинг тўртта даражаси бор:
Биринчиси: Ҳақ ва ҳидоятни ўрганишда нафс билан курашиш.
Иккинчиси: Ўрганган нарсага амал қилишда нафс билан курашиш.
Учинчиси: Ҳақ ва ҳидоятга чорлашда нафс билан курашиш.
Тўртинчиси: Озор ва балоларга сабр қилишда нафс билан курашиш.
Ўрганган, амал қилган ва ўргатган киши мунофиқ ва золимлар тарафидан озорларга дучор бўлмай иложи йўқ.
Аллоҳ таоло айтади: «Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз» (Фурқон: 31).
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3).
Учинчи: Ҳидоят аломатлари
Вақт тиғизлиги сабабли имкон қадар қисқароқ қилиб ҳидоят аломатлари ҳақида сўзлаб ўтаман.
Ҳидоятнинг энг биринчи аломати иймонни рўёбга чиқаришдир.
Ким Аллоҳга иймон келтирса ва Аллоҳни ягона ҳақ маъбуд деб билса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳидоят қилибди. Мана шунинг ўзи уни Аллоҳ ҳидоят қилгани аломатидир.
Ҳидоятнинг энг катта аломатларидан яна бири намозларни ўз вақтида адо этишдир.
Ҳидоятнинг энг катта аломатларидан яна бири Аллоҳ ва Расули сўзларини эшитиб, итоат қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 17, 18).
Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига итоат қилиш ҳақида шундай деди: «Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54).
Демак, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ҳидоят аломатларидан экан.
Ҳидоят аломатларидан яна бири – имкон борича, қўлдан келган ҳар қандай восита билан Аллоҳга даъват қилишдир, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдир.
Ҳидоят аломатларидан яна бири – яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва ёмон улфатлардан узоқлашишдир.
Ҳидоят аломатларидан яна бири – юриш-туришингиз ҳаммаси чин кўнгилдан ва амалий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юриш-туришларига мувофиқ бўлишидир. Зотан, қалб бузуқ ва солиҳ амаллардан узоқда бўлган ҳолда, фақат ташқи кўринишда у зотга ўхшашнинг ўзи кифоя қилмайди.
Шунинг учун имом Аҳмад ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг энг яхши бандалари уларга қаралса Аллоҳ эсга тушадиган кишилардир» (Аҳмад: 4/227).
Дарҳақиқат, мусулмонлар орасида шундай кишилар борки, уларга қарасангиз, Аллоҳни эслайсиз, уларнинг кўринишлари ва ҳайбатлари Аллоҳ зикрини ёдингизга солади. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ҳайбат кибрдан бошқа нарсадир. Айрим толиби илмлар тасаввурига кўра, ҳайбатли кўриниш учун киши қовоқ уйиб, пешонасини тириштириб, дағал овозда сўзлаши лозим. Йўқ, ундай эмас. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, одамларнинг сиздан ҳайбатланишлари сизнинг Аллоҳдан ҳайбатланишингиз миқдорига қараб бўлади. Баъзи одамлар борки, уларни кўриш билан Аллоҳ эсга тушади.
Ҳидоят аломатларидан яна бири – одамлар сизга муҳаббат қўйишлари ва сизнинг ҳаққингизда мақтовли сўзлар айтишларидир.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, бир киши эзгу амал қилади, бунинг учун одамлар уни мақтайдилар», деб сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу нарса мўмин учун нақд (шу дунёдаёқ берилган) хушхабардир», дедилар (Муслим: 166/2642, Аҳмад: 5/156).
Одамлар сизга муҳаббат қўйиши ҳам Аллоҳнинг сизни ҳидоят қилгани аломати, дедик. Бироқ, одамлар деганда ҳамма инсонларни тушунманг. Зотан, мўмин кишини фақат мўминлар яхши кўради. Аммо, мунофиқ кимса мўмин кишини ич-ичидан ёмон кўради. Шунинг учун, яхши билинг ва доим ёдда тутингки, мўминни фақат мўмин яхши кўради, мўминни фақат мунофиқ ёмон кўради. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)».
Хаттобий айтадилар: Мўминларнинг руҳлари мўминлар томонга талпинади, мунофиқларнинг руҳлари мунофиқлар тарафга интилади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96). Яъни, мўмин бандалар қалбларида муҳаббат ҳосил қилади.
Тўртинчи: Ҳидоят йўлидаги тўсиқлар
Энди навбат ҳидоят йўлидаги тўсиқлар ҳақидаги гапга келди. Узоқ сўзлаб сизларни зериктириб қўймаслик учун бу ҳақда имкон қадар қисқа қилиб айтиб ўтаман.
Тўсиқлар ичида энг хатарлилари куфр, зулм ва фосиқликдир.
«Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 67).
«Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Анъом: 144).
«Албатта Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас» (Мунофиқун: 6).
Исрофгарлик ва ёлғончилик ҳам ҳидоятга тўсиқ бўлади.
«Албатта Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас» (Ғофир: 28).
Нафс ҳавога эргашиб кетиш ҳам ҳидоят йўлидаги тўсиққа айланади.
«Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир» (Сод: 26).
Ҳидоят йўлидаги тўсиқларнинг энг каттаси шайтондир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта (шайтон) бузуғлик ва ёмонликка буюрур» (Нур: 21).
Шайтон бизнинг энг катта душманимиз: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар!» (Фотир: 6).
Аллоҳ таоло шайтон ҳақида деди: «У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани албатта йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилгандир — ҳукм қилингандир» (Ҳаж: 4).
Дуо...
6.12.2012.
Тамом