Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

طريق الهداية

Ҳидоят йўли

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

3) Тавфиқ ҳидояти

 

Ҳидоятнинг ушбу тури, яъни тавфиққа йўллаш на пайғамбарлар ва на фаришталар қўлида бўлиб, унга ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир эмасдир. Тавфиқ ҳидояти фақат Аллоҳнинг қўлида ва у ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди! Биз эса фақат далолат қилиш ва йўллаб қўйиш ҳидояти ва унинг сабаблари ҳақида изланишимиз ва шунга ҳаракат қилишимиз, тавфиқ ҳидоятини эса Парвардигоримиздан сўрашимиз лозим бўлади.

Тавфиқ ҳидояти нима?

У Аллоҳ жалла ва ало Ўзига иймон келтириш ва Уни ёлғиз билишга ҳамда Унинг тўғри йўлида юришга муваффақ қилиб қўйишидир. Бу ҳидоят сизу бизнинг қўлимизда ҳосил бўлмайди. Уламолар ва даъват соҳиблари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб доирасидан чиқмасликлари лозимки, уларнинг вазифаси етказиш ва огоҳлантиришдир, қалблар эса фақат Аллоҳнинг қўлидадир.

Сиз Қуръон ва Суннатга мувофиқ, соғлом уруғни ерга қаданг, натижаларини эса Аллоҳга топширинг. Бандалар устидан ҳукм чиқариш бизнинг вазифамиз эмас, бу иш бандаларнинг ҳар бир катта ва кичик ишларини ҳисоб қилувчи Аллоҳ таолонинг вазифасидир.

Агар тавфиқ ҳидояти Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлса эди, у зот амакилари Абу Толибни албатта ҳидоят қилиб олган бўлардилар, унинг ҳидоятга кириб қолишини истаб юраклари эзилиб кетганди. Чунки, Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва эсалламнинг энг кучли ҳимоячиси бўлган, у зотга келадиган ҳар қандай озору азиятларга қалқон бўлар, Макка мушрикларининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўналтирилган қиличлари-ю камон ўқлари унинг метин қалқонига урилиб синиб тушарди. Шундай бўлса-да, амакиларини ҳидоят қилишга қодир бўлмадилар. У учун далолат ҳидоятидан бошқасини қилолмадилар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан мурод ҳам шу ҳидоятдир: «Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз» (Шўро: 52).

Аммо, тавфиқ ҳидояти Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган қуйидаги хитобида мужассам бўлган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасас: 56).

Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишларича, Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Умайя ҳам шу ерда экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ёнига чўкиб: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан», дедилар. «Эй Абу Толиб, Абдул Муттолиб миллатидан (яъни динидан) юз ўгирасанми?!», дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя. Бу иккиси тинмай гапираверганидан кейин Абу Толибнинг уларга айтган охирги сўзи ўзининг Абдул Муттолиб миллатида эканини айтиш бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузуридан чиқарканлар: «Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайвераман», дедилар. Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«На Пайғамбар ва на мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзахи эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).

Ҳа, агар тавфиқ ҳидояти Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлса эди, амакилари Абу Толибни албатта ҳидоят қилиб олган бўлардилар. Шундан ҳам маълум бўладики, азиз дўстларим, сизу биз Аллоҳ азза ва жаллага ғоят муҳтожмиз, Аллоҳ таолонинг тавфиқига эҳтиёжимиз жуда ҳам катта. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳеч бирингиз бугун бу ерга ўз рағбатингиз билангина келиб қолмадингиз, балки Аллоҳ сизларни бунга муваффақ қилгани учун келдингиз. Эрта келиб, бу ерда кутиб ўтиришингиз ҳам Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлди.

 

Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,

Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.

Ўзинг қил қалбимизни осойишта, хотиржам,

Ҳам ёвга йўлиққанда қадамимиз мустаҳкам.

 

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтириб, яхши амаллар  қилган зотлар Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар. Остларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни тортиб олурмиз ва улар: «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар» (Аъроф: 42, 43).

Бу мўмин кишининг Аллоҳнинг фазлини эътироф этишидир. Зотан, мўмин киши ҳеч қачон фазлни ўзига нисбатламайди, сўзда бўлсин, амалда бўлсин, ҳар бир фазлни Аллоҳга қайтаради. Аслида ҳам, фазлнинг боши ҳам, охири ҳам Аллоҳникидир. Тоат-ибодат қилсангиз, ким сизни тоатга муваффақ қилди? Зикр қилсангиз, сизни бунга ким муваффақ қилди? Шукр қилсангиз, сизни ким бунга муваффақ қилди? Толиби илм бўлсангиз, ким сизни илм олишга муваффақ қилди? Аллоҳнинг муродини тушунган бўлсангиз, ким сизни бунга муваффақ қилди? Ота-онангизга яхшилик қилсангиз, ким сизни бунга муваффақ қилди? Аллоҳ сизни эзгуликларни севувчи қилган бўлса, аввал-у охирда бундаги фазл ёлғиз Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот: 17).

 

4) Охиратдаги ҳидоят

 

Ҳидоят турларининг охиргиси охиратдаги ҳидоятдир.

Севикли дўстим! Шуни яхши билингки, ким бу дунёда Тўғри Йўлга ҳидоятланган бўлса, охиратда ҳам ўша ҳидояти миқдорига қараб, жаҳаннам устига тикилган сирот кўпригидан ўтишга йўллаб қўйилади. Демак, у ердаги юришингиз бу ердаги юришингизга қараб бўлади. Бу дунёда Тўғри Йўлда юришингизга тўсқинлик қилувчи шаҳватлар ва шубҳалар қай даражада бўлишига қараб, охиратда жаннатлар сари боришингизга тўсқинлик қилувчи чангаклар ва темир илгаклар шу даражада катта ва ваҳшатли бўлади. Агар шаҳват ва шубҳалар заиф бўлса, чангаклар ҳам кучсиз бўлади, шаҳват ва шубҳалар қанча кучли бўлса, чангаклар ҳам шунча кучли бўлади.

Баъзилар бу дунёда Тўғри Йўлда сабот билан юрадилар, – Аллоҳ Ўз фазли карами билан бизларни ҳам ўшалардан қилсин – шайтоннинг чақириқларига парво қилмайдилар, ёмонликка чорловчи нафс, ҳаво ва ёмонлар даврасига бурилиб қарамайдилар, Парвардигорни таниб, Унинг йўлини таниб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидан оғишмай борадилар. Қадамлари маъсият чоҳига қоқилса, кийимлари гуноҳлар тиканакларига илашса, тезлик билан ўзларини тўғрилаб, кийимларини тавба ёшлари билан ювадилар, сўнг яна ўзлари юриб бораётган Тўғри Йўлда давом этадилар.

Бундай кишилар қиёмат куни жаҳаннам устига тикилган Сирот кўпригидан чақмоқдек ўтиб кетадилар, оёқларини кўприк устига қўяр-қўймас ўзларини у томонда, наъим жаннатлари ёнида кўрадилар.

Баъзилар ундан шамолдек елиб ўтиб кетади. Баъзилар учқур отдек чопиб ўтади. Баъзилар югуриб ўтади. Баъзилар юриб ўтади. Баъзилар ўрмалаб, аранг ўтиб олади. Баъзилар эса баданини ўт ялаб, чангаклар билан тилиниб, зўр-базўр ўтишади. Баъзилар эса чангаклар билан тутилиб, жаҳаннамга улоқтирилади.

Ушбу маънодаги ҳадисни Имом Муслим Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилиб келтирганлар.

Иймон аҳли Сирот устидан жаннатга ўтиб борадилар. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини биргаликда тафаккур қилиб кўрайлик: «Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур. Улар (бу дунёда ҳам, охиратда ҳам) хуш-ҳақ сўзга (яъни «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар» (Ҳаж: 23, 24).

Эй Аллоҳим, бизларни ҳам ўшалардан қилгайсан. Улар бу дунё ҳаётида покиза-яхши сўзларга йўлланадилар, фақат яхши ва покиза сўзларни сўзлайдилар, маъруфга буюрадилар, мункардан қайтарадилар, тиллари доим Аллоҳ зикри билан нам, айбни ошкор қилмайди, ғийбат, чақимчилик, ёлғонни билмайди, ёлғон гувоҳлик бермайди. Бу кишиларни Парвардигорлари қиёмат куни мақтов ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотнинг йўлига – Ўзининг йўлига йўллаб қўяди. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир. (У пешқадамлар Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан эса оздир» (Воқеа: 10-14).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Охиратда розилик ва жаннатларга эришишда пешқадам бўлувчилар бу дунёда эзгулик ва тоатларда пешқадам бўлган кишилардир. Бу ерда пешқадам бўлиш миқдорича у ерда пешқадам бўладилар».

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ажойиб ва гўзал ҳадис ҳақида бир фикрлаб кўринг:

«Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У  Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди...» (Бухорий: №2440, Аҳмад: 3/94).

У жаннатга охири кирадиган кишидир. Иш осон эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач», дедилар. Хўш, ундан кейин нима дейиларкан? Жаннатга марҳамат қилинглар, дейиладими? Йўқ. Кутиб туринглар, дейиладими? Йўқ. Сиротдан ўтилганидан кейин яна нима иш бор? Ҳисоб-китобдан сўнг, мезондан кейин яна нима бор? Бухорий ва Муслим ривоят қилган мана бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Қиёматда) мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир жойга қамаладилар...» Нима учун? Қасос олиш учун. Бир биродарга қилганингиз зулм жавобсиз қолиб кетади, деб ўйлайсизми?! Йўқ, албатта! Бировни ғийбат қилаётган ё биров ҳақида чақимчилик қилаётган ё одамлар орасини бузиб, дилларини бир-бирига душман қилаётган ё бировга зулм қилаётган ё бировни уриб-сўкаётган, бировга туҳмат қилаётган пайтингизда, бу ишларнинг ҳаммаси жавобсиз қолади, деб ўйлайсизми?! Мўминлардан бўлган ва Сиротдан эсон-омон ўтиб олган ҳолингизда энди ўзаро қасос учун тўхтатиласиз. Диққат қилинг, халқлар саййиди нима деганлар: «(Қиёматда) мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир кўприкка қамаладилар. Улар (шу ерда) дунёда ўтказган зулмлари учун бир-бирларидан қасос оладилар. Сўнгра (гуноҳлардан) покланиб, тозаланганларидан кейингина уларга жаннатга киришга изн берилади» (Бухорий: №2440).

Оҳ, зулм нақадар ёмон! Оҳ, зулмнинг оқибати нақадар ёмон! Эшитинг, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир».

Ҳозир, жумъа намозидан кейин ҳар биримиз уй-уйимизга йўл оламиз ва ҳеч кимдан сўрамай уйимизни топиб борамиз. Охиратда ҳам худди шундай. Ўзаро ҳисоб-китоб бўлиб, бир-бировларидан қасосларини олгач, ҳар бир киши ўзига жаннатдан амалларига ва даражасига қараб берилган ўрнига равона бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«...ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар» (Ҳаж: 24).

Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида айтади: «Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур» (Муҳаммад: 6). Ҳар бир киши ўз манзилини билади, ҳар бир киши ўз маконига равона бўлади. Аллоҳ таолодан барчамизни олий Фирдавс аҳлидан қилишини сўрайман, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Севикли дўмтларим! Юқорида айтиб ўтилганлар ҳидоятнинг даражалари ва турлари эди..

Умумий ҳидоят..

Йўллаб қўйиш, билдириш ва баён қилиб бериш ҳидояти..

Тавфиқ ҳидояти..

Охиратдаги ҳидоят..

Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннатга йўллайди, дўзах аҳлини дўзахга йўллайди. Жаннатнинг даражалари бўлганидек, дўзахнинг ҳам даражалари бўлади. Эй Аллоҳим, бизларни дўзахдан Ўзинг сақлагин! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар» (Вас-соффат: 22, 23).

Шундай қилиб, ҳидоят турлари ҳақида қисқача сўзлаб ўтдик.

Энди, ҳидоятга нималар сабаб бўлади? Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда бўлади.

(Давоми бор)

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига