Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
301 - дарс Ҳажга доир айрим ҳукмлар
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قَالَ رَفَعَتْ امْرَأَةٌ صَبِيًّا لَهَا فَقَالَتْ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلِهَذَا حَجٌّ؟ قَالَ: «نَعَمْ وَلَكِ أَجْرٌ» (رواه مسلم).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир аёл қўлидаги гўдак боласини кўрсатиб: «Ё Расулуллоҳ, бунинг ҳажи ҳаж бўладими?», деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сен учун ҳам савоб бўлади», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
عَنْ ابْن عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطُبُ يَقُولُ: «لا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلاَّ وَمَعَهَا ذُو مَحْرَمٍ وَلا تُسَافِرِ الْمَرْأَةُ إِلاَّ مَعَ ذِي مَحْرَمٍ» فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ امْرَأَتِي خَرَجَتْ حَاجَّةً وَإِنِّي اكْتُتِبْتُ فِي غَزْوَةِ كَذَا وَكَذَا، قَالَ: «انْطَلِقْ فَحُجَّ مَعَ امْرَأَتِكَ» (رواه مسلم)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида: «Ҳеч бир эркак бирор аёл билан унинг маҳрамисиз ёлғиз қолмасин. Аёл киши фақат маҳрами билангина сафар қилсин!», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг аёлим ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқди, мен эса фалон-фалон ғазотга ёзилганман», деди. «Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўдак боланинг ҳажи ҳам дуруст бўлишини ва уни ҳаж қилдирган киши ажрга эга бўлишини айтганлар. Аёл кишини гарчи ҳажга бўлса-да, маҳрамсиз йўлга чиқишдан қайтарганлар, бир кишини ғазотдан қолиб бўлса-да аёлига ҳамроҳ бўлиб ҳажга боришга буюрганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Балоғатга етмаган бола ҳаж қилиши жоиз, лекин бу фарз ҳаж ўрнига ўтмайди;
2- Уни ҳаж қилдирган кишига ажр бўлади;
3- Аёл киши ҳаж қилиши учун маҳрами бирга бўлиши шарт;
4- Аёл киши маҳрамсиз ҳаж қилиши жоиз эмас.