Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
300 - дарс Зул-ҳижжанинг ўн куни фазилатлари ва унга доир баъзи ҳукмлар
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ أَيَّامٍ الْعَمَلُ الصَّالِحُ فِيهَا أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ يَعْنِي أَيَّامَ الْعَشْرِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَلا الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ قَالَ وَلا الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ إِلاَّ رَجُلٌ خَرَجَ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ مِنْ ذَلِكَ بِشَيْءٍ» (رواه البخاري).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас». «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасиз қайтган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا دَخَلَتِ الْعَشْرُ وَأَرَادَ أَحَدُكُمْ أَنْ يُضَحِّيَ فَلا يَمَسَّ مِنْ شَعَرِهِ وَبَشَرِهِ شَيْئًا» (رواه مسلم). وفي رواية: «فَلْيُمْسِكْ عَنْ شَعْرِهِ وَأَظْفَارِهِ» (أخرجه مسلم).
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўн кунлик кирса ва сизлардан бирон киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, сочи ва баданидан (тук, тирноқ каби) бирон нарсани олмасин» (Имом Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Сочи ва тирноқларини олишдан тийилсин» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Зул-ҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳ таоло наздида кунлар ичида энг афзали, унда қилинган амаллар Аллоҳга энг суюмли амаллар саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик қилиш нияти бўлган кишилар ушбу кунлар мобайнида то қурбонлигини сўйиб бўлмагунича соч ва тирноқ каби бадандан ўсиб чиқадиган нарсаларни олмаслиги кераклигига йўллаганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Ушбу ўн куннинг фазли;
2- Унда солиҳ амалларни кўпайтиришнинг яхшилиги;
3- Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши ушбу кунларда соч ва тирноқларини олмаслиги мустаҳаб экани.