Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
294 - дарс Қуръон ўрганишнинг фазли
Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, у (яъни Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир» (Анкабут: 49).
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمَاهِرُ بِالْقُرْآنِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ وَالَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَيَتَتَعْتَعُ فِيهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أَجْرَانِ» (رواه مسلم).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръонга маҳоратли киши улуғ, итоатли мирзолар (яъни фаришталар) билан биргадир. Қуръонни қийналиб, ҳижжалаб ўқийдиган кишига икки ажр бордир» (Имом Муслим ривояти)
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ يَرْفَعُ بِهَذَا الْكِتَابِ أَقْوَامًا وَيَضَعُ بِهِ آخَرِينَ» (رواه مسلم).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан баъзи кишиларни юксалтиради, баъзиларни эса пасайтиради» (Имом Муслим ривояти).
عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ» (رواه البخاري).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхшиларингиз Қуръонни таълим олган ва таълим берганларингиздир» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ:
Қуръонни тажвид қоидаларига биноан ўқиб-ўрганиш ва яхшилаб ёд олиш Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган амаллар жумласидан, у билан жаннатдаги олий даражаларга эришилади, дунё ва охиратда ҳурмат-эҳтиромга эга бўлинади.
Қуръон ўқишга моҳир кишининг ажри уни қийналиб ўқийдиган кишидан кўра анча кўп. Қийналиб ўқийдиган одамга икки ажр берилиши таъйинланган бўлса, моҳир одамнинг ажри белгиланмаган ҳолда унинг мартабаси юқори бўлиши айтилган. Бу ҳадисни гоҳилар нотўғри тушунади ва қийналиб ўқиганга икки ажр экан, демак қийналиб ўқиган яхши экан, дейди. Бу нотўғри тушунча, ҳеч қачон қийналиб ўқийдиган одам моҳир одамдан афзал бўла олмайди. Ҳар ким Қуръонни ўқишда моҳир бўлишга ва улуғ зотлар билан бирга бўлишга интилиши лозим.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Қуръон ўрганишнинг фазли, унга моҳир бўлган киши жаннатда улуғ зотлар билан бирга бўлиши;
2- У дунё ва охиратда даражаларнинг юксалишига сабаб бўлиши.