Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
290 - дарс Бировни ошириб мақташдан қайтариқлар
عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ أَثْنَى رَجُلٌ عَلَى رَجُلٍ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ وَيْلَكَ قَطَعْتَ عُنُقَ صَاحِبِكَ قَطَعْتَ عُنُقَ صَاحِبِكَ مِرَارًا ثُمَّ قَالَ مَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَادِحًا أَخَاهُ لا مَحَالَةَ فَلْيَقُلْ أَحْسِبُ فُلانًا وَاللَّهُ حَسِيبُهُ وَلا أُزَكِّي عَلَى اللَّهِ أَحَدًا أَحْسِبُهُ كَذَا وَكَذَا إِنْ كَانَ يَعْلَمُ ذَلِكَ مِنْهُ« (متفق عليه).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир киши бир кишини мақтади. Шунда у зот: «Шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг, шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг», деб бир неча марта такрорладилар. Сўнгра: «Қай бирингиз биродарини мақтамаслигини иложи бўлмаса, ундан мана шу (мақтовли сифатларни) ҳақиқатан билса: «Фалончини шундай деб ҳисоблайман – Аллоҳ Ўзи ҳисоб қилувчисидир – бирон кишини Аллоҳга покламайман (яъни пок деб гувоҳлик беролмайман), шундай-шундай бўлса керак деб ўйлайман», десин», дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلاً يُثْنِي عَلَى رَجُلٍ وَيُطْرِيهِ فِي مَدْحِهِ فَقَالَ: »أَهْلَكْتُمْ أَوْ قَطَعْتُمْ ظَهَرَ الرَّجُلِ« (رواه مسلم).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши бир кишини мақтаб, кўкларга кўтараётганини эшитиб: «Одамни ҳалок қилдинглар – ёки белини узиб ташладинглар -», дедилар (Имом Муслим ривояти).
عَنْ الْمِقْدَادِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ أَمَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ نَحْثِيَ فِي وُجُوهِ الْمَدَّاحِينَ التُّرَابَ (رواه مسلم).
Миқдод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни маддоҳларнинг юзига тупроқ сочишга буюрганлар» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировни ошириб мақташдан қайтарганлар, чунки бу билан мақталаётган одам фитналаниши мумкин. Шунингдек, мақтаганда ҳам жазм билан мақтамаслик кераклигига йўллаганлар, чунки бировнинг ҳолати бизга махфий, фақат зоҳирини биламиз. Ошириб мақтайдиган ва маддоҳликни касб қилиб олган одамларнинг юзига тупроқ сочишга буюрганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Ошириб-тошириб мақташдан қайтарилдик;
2- Мақтовчи мақтовини ташқи ҳолатга чеклаши ва: «Шундай бўлса керак, деб ўйлайман, Аллоҳ ўзи билади», дейиши лозим;
3- Маддоҳларнинг юзига тупроқ сочишга буюрилдик.