Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

283 - дарс
Ҳасаддан қайтариш

 

عَنْ أَنَس بْن مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا تَبَاغَضُوا وَلا تَحَاسَدُوا وَلا تَدَابَرُوا وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا وَلا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ» (متفق عليه).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!» (Муттафақун алайҳ).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَحَاسَدُوا وَلا تَنَاجَشُوا وَلا تَبَاغَضُوا وَلا تَدَابَرُوا وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يَخْذُلُهُ وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا - وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنْ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ» (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда – қалбларига ишора қилиб уч марта шундай дедилар, – мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир» (Имом Муслим ривояти).

 

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «لا حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ رَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ وَرَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ حِكْمَةً فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا» (متفق عليه).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва уни ҳақ йўлда сарфлайдиган қилиб қўйса; Аллоҳ таоло бировга ҳикмат ато этса ва у ўша билан ҳукм қиладиган ва уни таълим берадиган бўлса» (Муттафақун алайҳ).

 

Шарҳ:

Ҳасад – бировда бўлган неъматни ёмон кўриш ва унинг заволини исташ бўлиб, бу ўта айбли ва жирканч хулқ-атвордир. Ҳасадгўйлик мусулмонлар ўртаси бузилишига, бир-бирларига нисбатан нафрат ва адоват пайдо бўлишига, бир-бирларига зарар етказишга сабаб бўлиши туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарганлар. Бошқа бировда бўлган диний ишларда илғорлик каби яхшиликларни ҳавас қилиш ва ўзида ҳам ўша нарса бўлишини орзу қилиш айбли ҳасад жумласига кирмайди.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1-     Мўминлар ўртасида ҳасаднинг ман қилингани;

2-     Яхши ишларда ҳавас қилиш ҳасад эмас.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ