Ислом Нури
Китоблар
Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар
246 - дарс Аллоҳ йўлида садақа ва инфоқ-эҳсон қилишнинг фазли
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلاَّ مَلَكَانِ يَنْزِلانِ فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا وَيَقُولُ الآخَرُ اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар тонг икки фаришта (осмондан) тушиб келадилар. Улардан бири: «Эй Аллоҳим, инфоқ-эҳсон қилувчига эваз бергин», дейди. Иккинчиси: «Эй Аллоҳим, мумсик-бахилга талафот бергин», дейди» (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ وَمَا زَادَ اللَّهُ عَبْدًا بِعَفْوٍ إِلاَّ عِزًّا وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ لِلَّهِ إِلاَّ رَفَعَهُ اللَّهُ» (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Садақа молни камайтирмайди, банданинг кечирувчанлиги туфайли Аллоҳ таоло унинг азизлигини зиёда қилади, бирон киши Аллоҳ учун тавозе қилса, Аллоҳ уни албатта юксалтиради» (Имом Муслим ривояти).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَصَدَّقَ بِعَدْلِ تَمْرَةٍ مِنْ كَسْبٍ طَيِّبٍ وَلا يَقْبَلُ اللَّهُ إِلاَّ الطَّيِّبَ وَإِنَّ اللَّهَ يَتَقَبَّلُهَا بِيَمِينِهِ ثُمَّ يُرَبِّيهَا لِصَاحِبِهِ كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ حَتَّى تَكُونَ مِثْلَ الْجَبَلِ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ҳалол-покдан топиб, бир дона хурмоча нарсани садақа қилса – Аллоҳ таоло фақат покиза нарсани қабул қилади – Аллоҳ таоло уни ўнг қўли билан қабул қилади, сўнг уни сизлардан бирингиз ўз тойчоғини ўстирганига ўхшаган ўз эгасига то тоғдек бўлгунича ўстириб беради» (Муттафақун алайҳ).
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «لا حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ رَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ وَرَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ حِكْمَةً فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا» (متفق عليه).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у уни ҳақ йўлда сарфлайдиган бўлса; Аллоҳ таоло бировга ҳикмат ато этса ва у ўша билан ҳукм қиладиган ва уни таълим берадиган бўлса» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Яхшилик йўлларига пул-мол сарфлаш ва инфоқ-эҳсон қилишда мусулмонларга улкан манфаатлар бор бўлгани учун Аллоҳ ва Расули ибодатнинг бу турига тарғиб қилганлар. Аллоҳ таоло шундай йўлда сафрлаган одамнинг молига барака беради, садақа молни камайтирмайди, балки молни ўстиради. Аллоҳ таоло покиза касб билан топиб қилинган садақани қабул қилади ва уни ўз эгаси учун ўстириб, кўпайтириб, қиёмат куни уни ўша билан мукофотлайди. Садақанинг оз кўпига қаралмайди, ихлос билан қилинган бўлса, бас. Кўпнинг фазилати ўзига яраша бўлади, озни оз деб тарк қилишдан сақланиш лозим.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
1- Аллоҳ йўлида садақа ва инфоқ-эҳсон қилишнинг фазли;
2- Садақа фақат ҳалол молдан қилинганда мақбул бўлади;
3- Садақа молнинг кўпайиши ва баракали бўлишига сабаб бўлади.