Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

245 - дарс
Заиф ва мазлумларга ёрдам беришга чорлов

 

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا» فَقَالَ رَجُلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظْلُومًا أَفَرَأَيْتَ إِذَا كَانَ ظَالِمًا كَيْفَ أَنْصُرُهُ؟ قَالَ: «تَحْجُزُهُ أَوْ تَمْنَعُهُ مِنْ الظُّلْمِ فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ» (رواه البخاري)

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да ёрдам бер», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, айтингчи, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?», деб сўради. «Уни зулмдан тиясан. Шу унга ёрдам беришинг бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لِيَنْصُرِ الرَّجُلُ أَخَاهُ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا إِنْ كَانَ ظَالِمًا فَلْيَنْهَهُ فَإِنَّهُ لَهُ نَصْرٌ وَإِنْ كَانَ مَظْلُومًا فَلْيَنْصُرْهُ» (رواه مسلم).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши биродарига золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар золим бўлса, уни тийиб қўйсин, шу унга ёрдам бериш бўлади. Агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин» (Имом Муслим ривояти).

 

عَنْ جَابِر بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ امْرِئٍ يَخْذُلُ امْرَأً مُسْلِمًا فِي مَوْضِعٍ تُنْتَهَكُ فِيهِ حُرْمَتُهُ وَيُنْتَقَصُ فِيهِ مِنْ عِرْضِهِ إِلاَّ خَذَلَهُ اللَّهُ فِي مَوْطِنٍ يُحِبُّ فِيهِ نُصْرَتَهُ وَمَا مِنْ امْرِئٍ يَنْصُرُ مُسْلِمًا فِي مَوْضِعٍ يُنْتَقَصُ فِيهِ مِنْ عِرْضِهِ وَيُنْتَهَكُ فِيهِ مِنْ حُرْمَتِهِ إِلاَّ نَصَرَهُ اللَّهُ فِي مَوْطِنٍ يُحِبُّ نُصْرَتَهُ» (أخرجه أبو داود).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши мусулмон кишини обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдамсиз қўйса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдамсиз қўяди. Қай бир киши мусулмон кишига обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдам беради» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Шарҳ:

Аллоҳ таоло мазлумга ёрдам беришга ва золимга қарши у билан бирга туришга буюрди. Чунки бу мункарни инкор қилиш, заифларга ёрдам кўрсатиш ва зулмни йўқ қилиш жумласидаги ишлардан. Жобир ибн Абдуллоҳнинг ҳадиси ким бўлишидан қатъий назар, танишми, нотанишми, оқми қорами ё бошқами, алмуҳим бир мусулмон одамни ёрдамсиз ташлаб қўйишнинг оқибатини баён қилиш билан бирга қайси бир мусулмон бошқа шундай мусулмонга ёрдам берса Аллоҳ таолонинг Ўзи унга ёрдам беришини таъкидламоқда.

Обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўйишнинг оқибати шунчалик ёмон бўлса, мусулмонларнинг обрўларига путур етказишни ва уларнинг ҳурматларини поймол қилишни ўзларига вазифа қилиб олган ва бу ишларидан лаззатланадиганларнинг оқибати қандай бўларкин-а?!!

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Мазлумга ёрдам беришга буюрилганмиз;

2- Керакли ўринда ёрдам бериш Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўлишга сабабдир;

3- Мазлумни ёрдамсиз қолдириш Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлишга сабабдир.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ