Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

241 - дарс
Ихтиёрий-нафл рўза тутиш

 

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ حَدَّثَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ»  (رواه مسلم)

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шавволдан олти кунни эргаштириб (рўза тутиб) қўйса, йил бўйи рўза тутгандекдир» (Имом Муслим ривояти).

 

 عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ الِاثْنَيْنِ قَالَ: «ذَاكَ يَوْمٌ وُلِدْتُ فِيهِ وَيَوْمٌ بُعِثْتُ أَوْ أُنْزِلَ عَلَيَّ فِيهِ»  (رواه مسلم)

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен  пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِي وَأَنَا صَائِمٌ»  (رواه الترمذي).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини истайман» (Имом Термизий ривояти).

 

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ  (رواه الترمذي).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга эҳтимом берардилар» (Имом Термизий ривояти).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ أَوْصَانِي خَلِيلِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِثَلاثٍ صِيَامِ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ وَرَكْعَتَيْ الضُّحَى وَأَنْ أُوتِرَ قَبْلَ أَنْ أَنَامَ (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: «Халилим  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар  ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «صَوْمُ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ صَوْمُ الدَّهْرِ كُلِّهِ» (متفق عليه).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳар ойдан) уч кун рўза тутиш умрбод рўза тутиш (билан баробар)» (Муттафақун алайҳ).

 

Шарҳ:

Рўза энг афзал ибодатлардан. Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳамати билан уни фақат муайян вақтгагина чекламай, балки хоҳлаган кишилар учун истаган вақтида ихтиёрий-нафл рўза тутишини ҳам рухсат берди ва банда тоат-ибодатлардан ўзига захира қилиб олиши учун баъзи кунларнинг рўзасини фазилатда ортиқроқ ҳам қилди. Аллоҳнинг бирга ўн бериши фазлу марҳаматидан рўзанинг бир куни ўн кунга тотимоқда; 30 кун рўза 300 кунга Шавволдан тутилган 6 кун 60 кунга. Шунинг учун ҳам олти кун Шавволдан рўза тутиб қўйган одам йил бўйи рўза тутгандек эътибор қилинмоқда. Бир ойда 3 кун нафл рўза тутган одамга ҳам ўн баробар савоб берилиб, ойнинг ҳаммасида рўза тутгандек бўлмоқда.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Шаввол ойидан олти кун рўза тутишнинг фазилати ва у рамазон рўзаси билан биргаликда бир йил рўза тутганга тенг бўлиши;

2- Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишнинг фазилати;

3- Ҳар ойдан уч кун рўза тутишнинг фазилати ва у умрбод рўза тутишга тенглиги.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ