Ислом Нури

 

Китоблар

 

Масжид ва хонадонларда ўқиладиган кундалик дарслар

77 - дарс

Аср намозининг фазли

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 238-оятида шундай дейди:

«حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ»

 «Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар – ўз вақтида адо қилинглар!)

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَتَعَاقَبُونَ فِيكُمْ مَلائِكَةٌ بِاللَّيْلِ وَمَلائِكَةٌ بِالنَّهَارِ وَيَجْتَمِعُونَ فِي صَلاةِ الْفَجْرِ وَصَلاةِ الْعَصْرِ ثُمَّ يَعْرُجُ الَّذِينَ بَاتُوا فِيكُمْ فَيَسْأَلُهُمْ وَهُوَ أَعْلَمُ بِهِمْ كَيْفَ تَرَكْتُمْ عِبَادِي فَيَقُولُونَ تَرَكْنَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ وَأَتَيْنَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг орангизда кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод ва аср намозлари вақтида жамланишади, сўнг сизларнинг ичингизда тунни ўтказганлари (самога) кўтарилади. (Аллоҳ таоло) Ўзи яхши билган ҳолда улардан: “Бандаларимни қай ҳолда қўйиб келдинглар?” деб сўрайди. Улар: “Уларни намоз ўқиётган ҳолда тарк қилдик, борганимизда ҳам намоз ўқиётган эдилар” дейишади».

 

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ إِلَى الْقَمَرِ لَيْلَةً، يَعْنِي الْبَدْرَ، فَقَالَ: «إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ رَبَّكُمْ كَمَا تَرَوْنَ هَذَا الْقَمَرَ لا تُضَامُّونَ فِي رُؤْيَتِهِ فَإِنْ اسْتَطَعْتُمْ أَنْ لا تُغْلَبُوا عَلَى صَلاةٍ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا فَافْعَلُوا ثُمَّ قَرَأَ {وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ الْغُرُوبِ}» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, ўн тўрт кунлик тўлин ойга боқиб, дедилар: «Сизлар Роббингизни худди шу ойни кўраётганингиздек кўрасизлар, Уни кўришда (тиқилинчдан) талашиб-тортишмайсизлар. Агар кун чиқишидан илгари ва кун ботишидан олдин намоз ўқишдан мағлуб бўлмасликка қодир бўлсаларингиз, шундай қилинглар.» Сўнгра «... ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг - намоз ўқинг!» (Қоф: 39) оятини ўқиди.

 

عَنْ أَبِي مُوسَى الأشْعَريِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَلَّى الْبَرْدَيْنِ دَخَلَ الْجَنَّةَ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки салқин (бомдод ва аср намози)ни ўқиса, жаннатга киради», дедилар.

 

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَرَكَ صَلاةَ الْعَصْرِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким аср намозини тарк қилса амали ҳабата бўлади», дедилар.

 

Шарҳ:

Аср намози ўрта намоз бўлиб, одамлар баъзи амаллар билан овора бўлиб турган вақт, бизнинг диёрларда ишлар айни авжига чиқиб, қизиган вақтга тўғри келади. Ҳозир шуни дарров тугатиб, кейин асрни ўқиб оламан деган одам кўпинча шом намози бўлиб қолганини сезмай қолади. Ҳамма ўлкаларда ҳам аср вақти бир нарса билан машғул бўладиган вақт, шунинг учун ҳам бўлса керакки Аллоҳ таоло бошқа намозларга нисбатан аср намозини ўз вақтида адо этишга қаттиқроқ буюрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аср ва бомдод намозини ўз вақтида адо  қилиш жаннатга киришга, аср намозини ўқимаслик амалларнинг ҳабата бўлишига сабаб бўлишини хабар бердилар.

 

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Аср кўп фазилатли ўрта намоз.

2- Аср намозини ўз вақтида адо қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади.

3- Аср намозини тарк қилган одамга қаттиқ ваъидлар бор.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ