Ислом Нури

 

Китоблар 

 

 

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси

 

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?

 

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий раҳимаҳуллоҳ

 

Тақдим, тахриж, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми)

Муаллиф муқаддимаси

 

Жаброил, Мийкоил, Исрофилнинг Робби бўлган эй Аллоҳим! Осмонлару ерни яратган, ғойибу ҳозирдан бохабар Зот! Сен бандаларинг орасида улар ихтилоф қилган ишларда ҳукм қиласан. Ихтилоф қилинган ишларда Ўзинг бизни ҳаққа йўллагин. Албатта, Сен Ўзинг истаган кишини Тўғри Йўлга ҳидоят қиласан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Бизни Ислом ва иймонга ҳидоят қилган, Ўзининг Китоби Қуръон маъноларини билишга ва Пайғамбарининг – у зотга тинимсиз саловоту саломлар бўлсин – ҳадисларини тушунишга муваффақ қилган, у зотнинг улуғ асҳоблари ва уларга яхшилик билан эргашган кишилар тутган йўлни тутишга муяссар қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Аммо баъд... Барча нарсага қодир Хожасининг лутфу марҳаматига муҳтож банда – Абу Абдулкарим ва Абу Абдурраҳмон Муҳаммад Султон ибн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ўрун ал-Маъсумий ал-Хўжандий ал-Маккий – Аллоҳ уни Ўзининг Китобига амал қилишга ва Пайғамбарининг суннатларини маҳкам ушлашга муваффақ қилсин ва унга ҳусни хотима насиб қилсин – айтади: Менга Узоқ Шарқдан, Япониянинг Токио ва Осака шаҳарлари мусулмонларидан қуйидаги мазмунда бир савол келди:

Ислом динининг моҳияти нима? Мазҳаб нима дегани? Ислом динига мушарраф бўлган ҳар бир киши тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиши, яъни ё моликий ё ҳанафий ё шофиий ё ҳанбалий ё бошқа бир мазҳабда бўлиши шартми? Бундай савол беришимиз боиси, бу ерда жуда катта ихтилоф ва қаттиқ тортишув юз берди. Бир гуруҳ япон зиёлилари Ислом динига кириш ва иймонга мушарраф бўлиш истагини билдириб, бу ҳақда Токиодаги мусулмонлар жамиятига арз қилишганида ҳинд аҳлидан бўлган бир жамоа улар Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ихтиёр этишлари лозимлигини, чунки у зот умматнинг шамчироғи[1] эканини айтишса, Индонезиянинг Ява аҳлидан бўлган бошқа бир жамоа уларни шофиий мазҳабини ихтиёр этишлари лозимлигини айтишди. Японлар уларнинг сўзларидан қаттиқ ажабланиб, қасд қилган ишларида иккиланиб қолишди ва мазҳаблар масаласи уларнинг Исломга киришлари йўлида тўғоноқ бўлди!

Муҳтарам устоз! Сизнинг чуқур илмингиз иншооллоҳ, ушбу иллат ва дардга шифо сабабига айланишидан умидвормиз. Фазилатингиз денгизи файзидан умид этамизки, бизга ҳақиқатни баён қилиб берсангиз, токи дилларимиз хотиржам бўлса, кўнгилларимиз очилса ва бу дардга шифо ҳосил бўлса. Сизга Аллоҳ таолодан кўпдан-кўп ажрлар тилаймиз ва биз Русия муҳожирлари жамоаси номидан ташаккурлар айтамиз.

Сизга ва барча ҳидоятга эргашган кишиларга саломлар бўлсин.

1357 йил Муҳаррам ойи, Токио шаҳри.

Муҳаммад Абдулҳай Қурбонъли ва Муҳсин Чапак ўғли.

 

 

Иймон ва Ислом ҳақиқати баёни

 

Аллоҳ таоло дилимга солган қуйидаги сўзларни жавоб тариқасида таҳрир этдим, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил-алиййил-азийм. Аллоҳнинг Ўзидан тавфиқ сўрайман, У Зот тўғриликка муваффақ этувчидир.

Билингки, Ислом аҳлидан жуда кўплари, жоҳиллари уёқда турсин, олимлари[2] ҳам, мусулмон киши албатта, тўрт имомга – Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад – уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – нисбат бериладиган мазҳаблардан бирини маҳкам ушлаши лозим, деб айтадилар. Бу хато фикр ва Исломни билмасликдир. «Саҳиҳайн»да келган машҳур, саҳиҳ Жибрил ҳадисида келади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни одамлар ичида ўтирган эдилар, ҳузурларига Жаброил келиб: «Иймон нима?» деб сўрадилар. «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, У билан йўлиқишга, Унинг пайғамбарларига иймон келтиришинг ва қайта тирилишга иймон келтиришинг» дедилар. «Ислом нима?» деб сўрадилар. «Ислом – Аллоҳга ибодат қилишинг ва Унга ширк келтирмаслигинг, намозни барпо қилишинг, фарз қилинган закотни адо этишинг ва Рамазон рўзасини тутишинг» дедилар. «Эҳсон нима?» деб сўрадилар. «Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турибди» дедилар...». (Бухорий (1/114, 8/513 Ал-фатҳ), Муслим (1/164 Нававий).

«Саҳиҳайн»да келган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Бухорий (1/49), Муслим (1/176-177).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга киришимга сабаб бўладиган бир ишга йўлланг», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ деб гувоҳлик берасан, намозни барпо қиласан, закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан», дедилар. Ҳалиги одам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бунга бирон нарсани зиёда ҳам қилмайман, бундан бирор нарсани камайтирмайман ҳам», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аъробий агар сўзида содиқ бўлса, нажот топди», дедилар (Бухорий (3/261), Муслим (1/174).

Ҳадис шориҳлари айтишларича, унда ҳаж зикр қилинмади, чунки у пайтда ҳали фарз қилинмаган эди.

Бухорий ва бошқалар ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжидда ўтирган эдик, шу пайт туянинг устида бир киши кириб келди. Туясини масжидга чўктириб, сўнг уни боғлади, сўнг: «Қайси бирингиз Муҳаммадсиз?» деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ичида суяниб ўтирган эдилар. Биз: «Суяниб ўтирган манови оқ юзли киши» дедик. Ҳалиги одам у зотга хитобан: «Ибн Абдулмутталиб?» деди. «Эшитяпман сени» дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен сени саволга тутаман ва қаттиқ сўрайман, мендан аччиқланмайсан» деди. «Кўнглингга келганини сўра» дедилар. У деди: «Сенинг Парвардигоринг ва сендан олдингиларнинг Парвардигорига қасамёд қилиб сендан сўрайман, барча инсонларга сени Аллоҳ пайғамбар қилиб юбордими?» У зот: «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, бир кеча-кундузда беш марта намоз ўқишимизни Аллоҳ сенга буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, йилнинг бу ойида рўза тутишимизни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. «Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайман, мана бу садақани бойларимиздан олиб, камбағалларимизга тарқатишга сени Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа, Аллоҳим (гувоҳ)» дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Сен олиб келган (дин)га иймон келтирдим, мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман, мен Саъд ибн Бакр қабиласидан Зимом ибн Саълабаман» деди» (Бухорий (1/148) ривояти. Шунингдек, Насоий (4/24) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Доримий (1/165) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло бандаларига амр этган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уни баён қилиб бериш учун элчи қилиб юборган Ислом шудир[3].

 

Тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга тақлид қилиш фарз ҳам, мандуб-суннат ҳам эмас!

 

Мазҳаблар илм аҳлларининг баъзи масалалардаги фикрлари, тушунчалари ва ижтиҳодларидир. Бу фикрлар, ижтиҳодлар ва тушунчаларга эргашишни бирон кишига на Аллоҳ, на Расули фарз қилгандир! Зеро, улар ичида тўғрилари ҳам бор, хатолари ҳам. Холис (юз фоиз) тўғрилик эса фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган нарсалардир. Кўп ҳолларда имомлар бирон масала(да бир фикр)га борганларидан сўнг ҳақ ундан бошқасида экани маълум бўлиб қолса, ундан қайтганлар[4].

Шунга кўра, ким Ислом динига киришни ва иймон шарафига мушарраф бўлишни истаса, унга фақат «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш, беш вақт намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва агар йўлига қодир бўлса, ҳаж қилиш лозим бўлади.

Аммо, тўрт мазҳабдан бирига ё бошқа бирон мазҳабга эргашиш фарз ҳам, мандуб ҳам эмас, мусулмон киши улар ичидан айнан бирини маҳкам ушлаши фарз эмас. Аксинча, айнан бир мазҳабни унинг ҳамма масалаларида маҳкам тутган одам хато қилувчи ва кўр-кўрона тақлид қилувчи мутаассибдир. Ва у динларини бўлиб, гуруҳларга бўлиниб олган кимсалардан бўлади. Аллоҳ таоло динда гуруҳларга бўлиниб олишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади:

«Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз»  (Анъом: 159).

«Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31-32).

Ислом дини битта диндир, унда фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари ва ҳидоятларидан бошқа эргашиш фарз бўлган на мазҳаблар ва на йўллар мавжуд! Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108). Бу мазҳабларда эса, уларга илмсиз равишда тақлид қилувчилар томонидан жанжал ва тортишувлар жуда кўпайган! Ваҳоланки, Аллоҳ таоло айтган: «... ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол: 46). Аллоҳ жалла жалолуҳу бирлашишга ва Унинг Китобини маҳкам тутишга буюриб айтган: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

 

Ислом динининг асоси фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларига амал қилишдир

 

Ҳақ Ислом дини шудир, унинг асли ва асоси Китоб ва Суннатдир, бу иккиси мусулмонлар келишмаган ҳар бир ишда мурожаат қилинадиган маржеъдир. Кимда ким келишмовчиликни бу иккисидан бошқага қайтарса, у мўмин эмас! Аллоҳ таоло айтганидек: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). Имомлардан бирорталари ҳам менга тутган йўлимда эргашинглар, демаганлар! Балки, биз олган ўриндан олинглар, деганлар! Қолаверса, бу мазҳабларга кейинги асрлар тушунчаларидан кўплари қўшилиб кетган[5], улар ичида кўплаб ғалат ва ифтирозий (яъни, фаразан айтилган) масалалар[6] борки, уларни ўша нисбат берилаётган мазҳаблар имомлари кўрганларида эди, улардан ва уларни айтган кишилардан ўзларининг безор ва пок эканларини эълон қилган бўлардилар!!

Илм ва дин билан маъруф бўлган салаф имомларидан ҳар бири Китоб ва Суннатнинг зоҳирини маҳкам тутганлар, шу иккисини маҳкам ушлашга ва уларга амал қилишга одамларни тарғиб қилганлар. Бу Имом Абу Ҳанифадан, шунингдек, Моликдан, Шофиийдан, Аҳмаддан, Суфён Саврийдан, Суфён ибн Уяйнадан, Ҳасан Басрийдан, Абу Юсуф Яъқуб Қозийдан, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан, Абдурраҳмон Авзоийдан, Абдуллоҳ ибн Муборакдан, Имом Бухорийдан, Имом Муслимдан ва бошқалардан – раҳимаҳумуллоҳ – собит бўлгандир. Улардан ҳар бири динда бидъат чиқаришдан ва маъсумдан бошқасига тақлид қилишдан огоҳлантирганлар. Маъсум (гуноҳдан сақланган, пок) зот фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зотдан бошқа ҳар қандай киши, ким бўлишидан қатъий назар, маъсум эмасдир, унинг сўзидан Китобу Суннатга мувофиқ келгани олинади, уларга зид келгани қандай сўз бўлмасин, ташланади! Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтганларидекки, у киши: «Мана шу қабр соҳибидан бошқа ҳар қандай одамнинг сўзи олинади ҳам, ташланади ҳам», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига ишора қилганлар[7]. Барча муҳаққиқлар, жумладан тўрт имом ҳам, мана шу йўлни тутганлар, улардан ҳар бири қотиб қолган тақлиддан огоҳлантирган! Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида бир неча ўринда тош қотган муқаллидларни айблаган! Илгаригилар-у кейингилар ичидан кофир бўлган кишиларнинг аксарияти аҳбор (яҳудий уламолари) ва (насроний) роҳибларга, машойихлар ва ота-боболарга тақлид қилиш орқалигина кофир бўлишган!!

Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ ва бошқалардан қуйидаги сўзлар собит бўлганки: «Қаердан олганимизни билмасдан туриб, бизнинг сўзимиз билан фатво бериш ё бизнинг сўзимизни ушлаш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди»[8]. Улардан ҳар бирлари: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир», деб очиқ айтиб қўйганлар[9]. Яна улар: «Агар мен бир сўзни айтсам, уни Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларига рўбарў қилинг, агар уларга мувофиқ келса, қабул қилинг, агар зид келса, рад қилинг ва менинг сўзимни деворга уринг», деганлар[10]. Бу айтилганлар ўша улуғ имомларнинг сўзларидир, Аллоҳ таоло уларни дорус-саломга (жаннатга) дохил қилсин.

Лекин, одамлар назарида мужтаҳид ва маъсум (гуноҳдан холи) саналиб қолинган кейинги даврлардаги муқаллидлар ва дафтар қоралаган ёзувчилар қилмишига минг таассуфлар бўлсинки, улар мазкур тўрт имом ва уларнинг машҳур мазҳабларидан бирига тақлид қилишни (яъни далилини билмасдан эргашишни) одамларга фарз қилиб қўйдилар. Улардан бирини ўзига лозим тутгандан сўнг энди ундан бошқасининг сўзига амал қилишни ман қилдилар, гўёки уни итоат қилиниш лозим бўлган пайғамбардек қилиб қўйдилар! Кошки, улар ўша имомларнинг ўз оғизлари билан айтган сўзларини билишганида! Бироқ, афсус, улардан кўплари ўзлари эргашаётган имомнинг исмидан бошқа ҳеч нарсани билишмайди!! Мутааххирлардан (яъни, кейинги давр вакилларидан) баъзилари (ҳаётда учраши қийин бўлган) турли масалаларни ихтиро қилиб, йўналишларни ўйлаб топиб, уларни имомга нисбатладилар. Улардан кейин келганлар бу масала ва йўналишларни имомнинг сўзи ва мазҳаби деб ўйлайдиган бўлдилар. Ҳолбуки, улар имомнинг сўзларига зид эди ва имом унга нисбат берилган бу нарсалардан пок эди! Бунга мисол қилиб, кейинги даврлар ҳанафийларининг намоздаги ташаҳҳудда ишораи саббоба қилиш (яъни, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш)ни ҳаром санаганларини, ёки Аллоҳнинг қўлидан мурод Унинг қудрати деб айтишларини, ёки Аллоҳ таоло Ўз зоти билан ҳамма маконда мавжуд, У арш устида барқарор эмас, деб айтишларини келтириш мумкин[11].

Бу ва шунга ўхшаш ишлар билан мусулмонларнинг бирлигига путур етди, уларнинг жамоатлари ва жамиятлари бўлинди, ўрталаридаги жарлик кенгайиб, уфқлар нифоқ ва шиқоқ (ажралиш) билан тўлди. Баъзилари баъзиларини бидъатчига чиқардилар, ҳар бир жамоат арзимаган нарсада ўзига хилоф гап айтганни адашганга чиқарди, ҳатто бир-бирларини кофир санаб, бир-бирларининг бўйинларига қилич урдилар, ростгўй ва омонатли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсага мисол бўлиб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандилар: «Ҳали умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат биттаси (нажот топади)». «Улар кимлар ё Расулуллоҳ?», деб сўралганда: «Мен ва асҳобларим тутган йўлни тутганлар», деб жавоб берганлар (Термизий 2641), Ҳоким (128-129), Ожуррий «Аш-шариъа»да (16) ва «Ал-арбаъийн»да (53-54-с) ва бошқалар ривояти).


 

[1]Мавзуъ – тўқима ҳадислар тўқиб чиқаришда мазҳабий мутаассибликнинг ҳам катта роли бор. Мисол учун, ҳанафий мазҳабига таассуб қилувчилар томонидан Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ ҳақларида бир неча ҳадислар тўқилган. Жумладан: «Мендан кейин Нуъмон ибн Собит исмли бир киши келади, Абу Ҳанифа деб куняланган бўлади, Аллоҳнинг дини ва менинг суннатим унинг қўлида тирилади».

Қаранг: Ибн Арроқ: «Танзиҳуш-шариъа» (2/30), Хатиб Бағдодий: «Тарих Бағдод» (2/279).

Маъмун ибн Аҳмад ал-Ҳаравийга айтилди: «Шофиийга ва унга эргашган хуросонликларга нима дейсиз?!». У деди: «Бизга Аҳмад ибн Абдуллоҳ айтиб берди, унга Абдуллоҳ ибн Маъдон Анас розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилиб айтган экан: «Умматим ичида бир киши бўлади, унинг исми Муҳаммад ибн Идрис бўлади, ўзи умматимга иблисдан ҳам зарарлироқ бўлади. Умматим ичида Абу Ҳанифа деб аталувчи киши бўлади, у умматимнинг шамчироғидир».

Қаранг: Ибн Ҳажар: «Лисанул-мийзан» (5/7-8), Суютий: «Тадрийбур-ровий» (1/277-278), Ибн Арроқ: «Танзиҳуш-шариъа» (2/30), Хатиб Бағдодий: «Тарих Бағдод» (5/309). Лекин, у Абу Абдуллоҳ ал-Ҳокимдан ривоят қилиб: «Ушбу ҳадисни тўқиш билан Муҳаммад ибн Саид ал-Баврақий айбланган», деди.

Ушбу тўқима ҳадис Қуръоннинг очиқ оятига хилофдир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Улуғ Китобида сифатлагани каби, бу умматнинг шамчироғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар: «Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45-46).

Қаранг, муқаллидлар (кўр-кўрона тақлид қилувчилар) маъсум (гуноҳдан сақланган, пок зот) соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини қандай қилиб ўз имомларига қўллашади! Шунинг учун ҳам мазҳабга боғланмаслик асл-асосдир. Боиси, шу билан маъсум соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан маъсум бўлмаган кишига эргашиш ўртаси фарқланади. Чунки, айнан бир мазҳабга тақлид қиладиган киши воқеликда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан ундан хато ҳам, тўғрилик ҳам содир бўлиши мумкин бўлган бир фақиҳга эргашиш ўртасини тенглаштиради.

[2] Мусанниф раҳимаҳуллоҳ илм (олимлик) сифатини муқаллидларга ҳам ишлатиши бироз баҳсталаб масаладир. Чунки, илм – далил орқали ҳосил бўлувчи билимдир. Аммо, далилсиз бўлса, уни тақлид дейилади. Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳ «Нуния»сида айтганидек: «Илм ҳидоятни далили билан билишдир, у билан тақлид баробар эмасдир».

Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиий раҳимаҳуллоҳ «Ар-рисола»да (39-с) айтади: «Ҳеч ким ҳеч қачон бирон нарса тўғрисида илмсиз равишда «бу ҳалол» ёки «бу ҳаром» деб айтишга ҳақли эмасдир. Илм эса Китоб ёки Суннат ёки ижмоъ ёки қиёсдаги хабардир».

Аллома Фуллоний раҳимаҳуллоҳ «Ийқоз ҳумум улил-абсор»да (25-с) айтади: «Мен айтаманки, ушбу ҳадислар ва осорлар очиқ далил бўладики, илм деган ном фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатларида, шунингдек ижмоъда келган ёки нас (бир маънодан бошқасига далолат қилмайдиган сўз) топилмаганда (қиёсни ҳам шариат асосларидан деб) раъй қилувчилар наздида бу асл-асосларга қиёс қилинган нарсаларга ишлатилади. Тақлид ва таассуб аҳли айтганидек эмаски, улар илмни фақат мазҳабий китобларда битилган раъйларга – улар пайғамбар ҳадисларида келган насларга қарши келган ҳолда ҳам – чекладилар».

Демак, илмнинг фазли зикр этилган оят ва ҳадислар унинг ҳақида тўғри келадиган ҳақиқий олим – ўз куч-ҳаракатини ҳидоят далилларидан ҳукмларни чиқариб олиш учун сарфлайдиган мужтаҳиддир. Аммо, муқаллид олим эмасдир. Асрлар мобайнида аҳл илмлар иттифоқ қилиб келган фикр шудир.

Аллома аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ «Ал-мувофақот»ида (4/293) айтганидек: «Муқаллид олим эмасдир».

Шунингдек, Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтади: «Муқаллидни олим деб аталмайди». Бу гапни ундан Абул Ҳасан ас-Синдий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ «Сунан Ибн Можа»га ёзган «Ҳошия»сида (1/70) нақл қилган.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ «Иршодул-фуҳул»да (267-с) айтади: «Зеро, тақлид жаҳолатдир, илм эмасдир».

Ҳанафийлар китобларида жоҳилни қозилик мансабига қўйиш жоиз эмаслиги айтилган. Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул-қодийр»да (5/456) жоҳилдан мурод муқаллид эканини айтади.

Шунингдек, Иброҳим ибн ал-Вазир раҳимаҳуллоҳ «Ар-равзул-босим»да (1/36) айтади: «Шак-шубҳа йўқки, муқаллид муфтийни олим деб аталмайди».

Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фақат жоҳил (илмсиз) ё мутаассиб одамгина тақлид қилади». Бу гапни ундан Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ «Расмул-муфтий»да (1/32) ва Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисанул-мийзан»да унинг таржимаи ҳолини баён қила туриб, нақл қилган.

Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ «Жомиъ баянил-илми ва фазлиҳи»да (2/119) бунга ижмоъ борлигини нақл қилган: «Уламолар аниқ бўлмаган ва ишонч ҳосил қилинмаган нарса илм эмаслигига ижмоъ қилганлар... тақлиднинг фосидлиги ҳақида дунё уламолари ўртасида хилоф йўқдир». Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳ «Иъламул-муваққиъийн»да (1/7) бу фикрга қўшилган.

Уламоларнинг бу каби сўзларига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда айтган сўзларидирки: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади».

Бу айтилганлар олим деган юксак номга лойиқ зотлар асрлар мобайнида жуда кам бўлганига очиқ ҳужжат бўлади. Шоирнинг ушбу сўзлари уларга тўғри келади: «Саналганда жуда оз эдилар, энди оздан ҳам озайиб кетдилар».

[3] Бу ҳадислардан мақсад Ислом унга киришни истаган кишилар учун жуда осон-қулай эканини, у учун икки шаҳодат калимасини тили билан айтиб, қалби билан иқрор қилиши ва қолган беш рукнларига амал қилиши кифоя эканини баён қилишдир. Аммо, кўпдан-кўп фаръий нарсалар, мазҳабда бўлиш ё бемазҳаблик исломга кириш учун шарт эмасдир. Ислом умматидан бир тоифаси бу ишларга ўзларини ажратиши, уларда фиқҳ-илмга эга бўлиши ва одамларга уларнинг ишларида кўндаланг бўладиган масалаларда фатво бериб туришлари кифоя қилади.

[4] Мусанниф толиби илмлар ҳузурида маъруф бўлган ишларни, яъни мазҳаблардаги ишлар фақат раъй билан айтилганини, улар насс бўлмаган ижтиҳодий ишлар бўлиб, уларга эргашиш фарз эмаслигини, балки агар унинг саҳиҳ экани гумонига ғолиб келса, эргашиш мумкинлигини уқтирмоқда.

[5] Мазҳабчилик муқаллидларни нафақат кишиларнинг (яъни имомларнинг) сўз ва фикрларини Қуръон оятлари ва саҳиҳ суннатдан муқаддам қўйишга олиб келди, балки уларга имомларнинг ўзлари – раҳимаҳумуллоҳ – айтган сўзларни ҳам унуттирди ва улар мутааххир (кейинги даврдаги)ларнинг сўзлари билан чекланишга ва уларни текшириб ўтирмасдан имомларнинг мазҳаби деб қабул қилишга одатландилар. Бу эса фақатгина таассубнинг ўта кучлилигидан келиб чиқди. Маълумки, имомлар ўз мазҳабларини китобларда битганлар ва уларга ўзлари ижтиҳодлари билан саҳиҳ деб санаган нарсаларни киритганлар. Масалан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабини «Ал-муватто»га, Имом Шофиий ўз мазҳабини «Ал-ум» ва «Ар-рисала»га жойлаганлар. Шундай экан, ўша имомлардан бировининг мазҳабини билишни истасак, унинг ўз китобига мурожаат қилишимиз мумкин, уни бошқа жойлардан талаб қилишимиз муносиб эмас.

Ушбу фикрни ойдинлаштириш мақсадида айтаман: Кўпинча Имом Молик, Имом Шофиий ва Имом Абу Ҳанифага улар фатво бермаган сўз ва ишларни нисбат берилади. Моликийлар намозда қўлни тушириб туришади, бамдод намозида қунут ўқишади. Ҳолбуки, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Ал-муватто»да (1/158) «Намозда қўлларни бир-бирига қўйиб туриш ҳақидаги боб»да бир неча асар (ривоят)лар келтирган. Жумладан, Абдулкарим ибн Абул-Мухориқ ал-Басрий айтди: «Агар ҳаё қилмасанг, истаган ишингни қил» деган сўз нубувват сўзларидандир, намозда қўлларни бирини иккинчиси устига қўйиб туриш, ифторни (яъни рўзадор оғиз очишини) тезлатиши ва саҳарликни кечиктириши (суннатдир)».

Кейинги даврдаги моликийлар Имом Молик намозда қўлларини тушириб турганлар, деб ҳужжат қилишади. Бу эса ўзлари тақлид қиладиган мазҳабларини билмасликдир. «Ал-интифоъ»да (44-с) айтилганидек, Мадина волийси Жаъфар ибн Сулаймон Имом Моликни қамчи билан савалатган, натижада имомнинг қўли чиқиб қолган ва яра бўлиб кетган ва намозда уларни бир-бири устига қўя олмай қолган. Имом Молик «Ал-муватто»ни мана шу ҳодисадан икки йил ўтиб ёзганини билишингиз кифоя қилса керак.

Қолаверса, Имом Молик (1/159) «Бамдод намозидаги қунут ҳақидаги боб»да айтади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ҳеч қандай қунут ўқимасди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш суннат экани ҳақидаги гапни Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳга жоҳиллик билан нисбат берадилар. Ваҳоланки, у «Ал-ум»да (1/117) намозда салавот айтиш фарз деб айтади: «Аллоҳ азза ва жалла Ўз Расулига саловот айтишни фарз қилиб: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!», (Аҳзоб: 56) деди. У зотга саловот айтишнинг намоздан кўра фарзроқ бўлган ўрни йўқдир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан намозда Аллоҳнинг Расулига саловот айтишнинг фарзлигини васф қилувчи далолатларни топдик, валлоҳу таоло аълам».

Кейинги давр ҳанафийларининг китобларида, жумладан, «Хулосатул-кайдоний»да айтилишича, аҳли ҳадислар каби ишораи саббоба (кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш) намоздаги ҳаром қилинган ишлардан саналади.

«Солатул-Масъудий»да айтилишича, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш мутақаддимлар (яъни аввалги даврдагилар) наздида суннат бўлган, шийъа ва рофизалар ҳам қилгани учун мутааххир (кейинги даврдаги) аҳли сунналар уни тарк қилдилар, шу билан у мансух бўлди.

Ҳолбуки, биз ҳанафийларнинг энг катталаридан бўлган Ибн Ҳумомнинг «Фатҳул-қодийр» китобида шундай сўзларни топамиз: «Ишора қилиш суннатдир, ким унинг суннат эмаслигини айтса, у одам ривоят ва дироят (билим)га хилоф қилган бўлади. Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний ҳам уни суннат деб айтгани «Ал-муватто»да нақл қилинган.

Ушбу мисоллар мазҳабий мутаассиблик мусулмонларни энг яхши аср аҳллари сийратидан буриб юборганига очиқ далил бўлмайдими?!

[6] Яъни, ҳаётда содир бўлмаган масалалар, уларни раъйларга тааллуқли масалалар ёки уғлуталар ҳам дейилади. Салаф солиҳлар бундай масалаларга чуқур киришиш ва машғул бўлишдан қайтарганлар. Қаранг: Ибн Абдилбар: «Жомиъ баянил-илми ва фазлиҳ» (2/139-144).

[7] Ушбу ҳикмат булоғидан суғорилган покиза ва балоғатли сўзларни биринчи бўлиб умматнинг илм денгизи бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар, Тақийюддин ас-Субкий «Ал-фатово»да келтириб, уларнинг гўзаллигидан ҳайратга тушганини айтади.

[8] Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ сўзларидан бўлиб, бу сўзлар у кишидан бир неча ривоятлар билан собит бўлган. Қаранг: Ибн Абдилбар: «Ал-интиқоъ» (145-с), Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иъламул-муваққиъийн» (2/309).

[9] Икки имом – Абу Ҳанифа ва Шофиий раҳимаҳумаллоҳ буни сариҳ (очиқ) айтганлар. Қаранг: Ибн Обидийннинг рисолалари тўплами: «Расмул-муфтий» (1/4), Ал-Фаллоний: «Ийқозу ҳимами улил-абсор» (62 ва 107-саҳифалар).

[10] Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ сўзларидан. Қаранг: Нававий: «Ал-мажмуъ» (1/63), Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иъламул-муваққиъийн» (2/361).

[11] Мусулмон биродар, Аллоҳ сизни Ўз тоати билан бахтиёр ва Ўз изни билан ҳаққа муваффақ қилсин ҳамда сизни ҳақ аҳлидан қилсин, билингки, кейинги даврлар ҳанафийлари ҳақида мусанниф зикр қилган масалалардаги ҳақиқат қуйидагичадир:

Биринчи: намозда ташаҳҳудда кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш (ишораи саббоба).

Мусанниф кейинги давр ҳанафийларининг ишораи саббобани инкор қилишларини  ушбу рисоланинг бир неча ўрнида зикр қилган. Мен юқорида бунинг бир тарафини айтиб ўтдим ва уларнинг ўз мазҳабларидан бўлган муҳаққиқ (чуқур тадқиқ қилувчи, текширувчи) олимларга хилоф қилишларини баён қилиб ўтдим. Энди бу ерда ўша айтганларимга қўшимча ўлароқ, аллома Таҳовийнинг «Шарҳ маъонил-осор» китобида (1/259) айтган фикрларини келтираман. У ишораи саббоба ҳақидаги ҳадисни зикр қиларкан: «Воилнинг: «Сўнгра дуо қилган ҳолларида бармоқларини букдилар» деган сўзларида бу ишнинг намознинг охирида бўлганига далил бордир», дейди.

Шайх Абул Ҳасан ас-Синдий «Сунан ан-Насоий»га ёзган ҳошиясида (2/236) айтади: «Юқорида ишораи саббоба ҳадиси ўтди, уни жумҳур уламоларимиз ва бошқалар олганлар, машойихларимиз ичидан уни инкор қилганларнинг инкорига эътибор йўқдир».

Ишорадаги суннат ташаҳҳуднинг ҳаммасида кўрсаткич бармоқни қимирлатишдир. Аҳмад (4/138), Абу Довуд (727), Насоий (2/236), Доримий (1/314-315), Ибн Жоруд (208), Ибн Хузайма (714) саҳиҳ иснод билан Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бунга далил бўлади. Унга кўра: «... Сўнг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқларини йиғиб, ҳалқа қилдилар, сўнг (кўрсаткич) бармоқларини кўтардилар, мен дуо қилган ҳолларида уни қимирлатаётганларини кўрдим. Кейинроқ совуқ бир пайтда бордим, одамларни кўрдимки, устларида кийимлари бўлиб, совуқ бўлганидан қўллари кийимларининг остидан қимирлаб турарди».

Энди Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга келсак, унда айтилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилганларида «кўрсаткич) бармоқлари билан ишора қилардилар, уни қимирлатмасдилар». Абу Довуд (№989) келтирган бу ҳадис исноди жиҳатидан собит эмасдир. Чунки, унинг иснодида Муҳаммад ибн Ажлон бор, у ҳақда Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Ҳифзи ўртача», деган. У кабиларнинг ҳадиси ўзидан кўра ишончлироқ кишининг ҳадисига мухолиф келганида ҳужжат қилинмайди, чунки шоз бўлади. Шунинг учун ҳам Имом Муслим уни фақат мутобаъатда келтирган.

Мабодо, бу ҳадис собит (яъни саҳиҳ ё ҳасан) бўлганда ҳам, у нофий (рад қилувчи)дир, Воил ибн Ҳужрнинг ҳадиси эса мусбит (исбот қилувчи)дир. Мусбитни нофийдан муқаддам қилинади. Чунки мусбитда (исбот қилувчида) зиёдароқ билим бор бўлади. Билимли киши билимсиз кишига қарши ҳужжат бўлади.

Абдуллоҳ ибн Абу Зайд ал-Қайрувоний ал-Моликийнинг «Ар-рисала» китобида (27-с), шунингдек, «Ал-фиқҳу алал-мазаҳибил-арбаъа» (№98) китобида келганидек, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳам мана шуни суннат деган.

Имом Аҳмаддан «Киши намозда бармоғи билан ишора қиладими?», деб сўралганида у: «Ҳа, қаттиқ», деб жавоб берган («Масоил имом Аҳмад»да (1/80) Ибн Ҳониъ ривояти билан келтирилган).

Иккинчи: Улув-олийликни (яъни, Аллоҳ таолонинг арш узра юксалганини) рад қилиш.

Шояд, ҳанафийларда машҳур бўлган, Абу Ҳанифага мансуб «Ал-фиқҳул-акбар» китобида (Миср босмаси, 19-саҳифа) келган қуйидаги сўзлар анави муқаллидларнинг ботилини йўққа чиқарувчи энг катта ҳужжат бўлса ажаб эмас: «Абу Ҳанифадан «Парвардигорим осмондами, ердами, билмайман» деб айтадиган киши ҳақида сўралди. У: «Кофир бўлибди. Чунки, Аллоҳ таоло: «У зот Ўз аршига юксалган Раҳмондир» (Тоҳа: 5) деб айтади, Унинг арши осмонлари устидадир», деб жавоб берди. «У одам: «Мен Аллоҳ арши узра юксалган» дейман, бироқ арши осмондами, ердами, билмайман», дейди», дейилганда: «Агар унинг осмонда эканини инкор қилса, кофир бўлади», деди».

Имом Таҳовий ал-Ҳанафий «Ал-ақийдатут-таҳовия»да очиқ-равшан айтганидек: «Аллоҳ таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир, У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир». «Ал-ақийдатут-таҳовия»ни шарҳлаган Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий ҳам шу фикрни билдирган. У (Ал-мактабул-исламий босмаси, 323-саҳифада) ўша кейинги даврлар аҳли бўлган муқаллидлар ҳақида гапириб туриб: «Абу Ҳанифа мазҳабига нисбатланиб туриб, буни инкор қилган кишиларга илтифот қилинмайди. Дарҳақиқат, муътазила ва бошқа баъзи тоифалар ҳам унга нисбатлангани ҳолда жуда кўп эътиқодларида унга мухолифдирлар».

Юқорида айтиб ўтилган ва бошқа бир қанча сўзлар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва унинг пешқадам асҳоблари, шунингдек кейинги даврдаги муҳаққиқ олимлар жория ҳақидаги ҳадис каби саҳиҳ ҳадисларда исботланганидек ва «(Эй Макка кофирлари), ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар) осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!» (Мулк: 16) каби оятларда айтилганидек, Аллоҳ таолонинг Ўз халқидан олийликда ва осмонда эканига иймон келтиришда салафлар билан бирга эканини исботлайди.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига