Ислом Нури

 

Китоблар 

 

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси

 

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?

 

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий раҳимаҳуллоҳ

 

Тақдим, тахриж, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми) 

Тақдим

Ҳукмни олишда Китоб ва Суннатга мурожаат қилишнинг фарзлиги

 

Даставвал одамлар ўн аср мобайнида Одам алайҳиссалом миллатида битта уммат бўлган эди[1]. Кейинчалик шайтон уларни динларидан оздирди, уларга Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб берди ва улар ихтилофларга берилдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло инсонларга бирин-кетин пайғамбарлар юборди. Улар инсонларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва ихтилоф ўринларида фақат Унинг сўзини олишга буюрдилар.

Бу гапимизнинг асли-асоси қуйидаги ояти каримада баён қилинган: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди. Ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб ҳақ китобни нозил қилди» (Бақара: 213).

Аввалги пайғамбарлардан анча замонлар ўтиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга тўғри йўлни баён қилиб бериш ва уларни келимшолмай қолган ўринларида Аллоҳнинг изни билан ҳаққа йўллаш учун пайғамбар бўлиб келдилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китоб Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик» (Наҳл: 64).

Бу оятда Қуръоннинг нозил қилиниши сабаби баён қилиб берилди, Пайғамбарнинг вазифаси фақат етказиш экани белгилб берилди, . шунинг учун Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлувчи оятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзларига нозил қилинган нарсаларга эргашишга буюрарди.

Аллоҳ таоло айтди: «Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг ва кофир, мунофиқ кимсаларга бўйсунманг! Албатта Аллоҳ билувчи ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Ва (фақат) сизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан огоҳ бўлган зотдир» (Аҳзоб: 1-2).

Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Пар­вардигорингиздан сизга ваҳий қилинган нарсаларга эргашинг! Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи ҳақдир. Мушриклардан юз ўгиринг!» (Анъом: 106).

Аллоҳ таоло айтди: «Сўнгра (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни (дин) ишидан бир ша­риат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Жосия: 18).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор таолонинг буйруғига ижобат қилдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда шундай гувоҳлик беради: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3-4).

Аллоҳ таоло бандаси ва элчисига амр этган буйруқлардан бири у зот ўзларига Парвардигор томонидан ваҳий қилинаётган нарсаларни инсонларга етказишлари ва баён қилиб беришлари эди.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, сизга парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 67).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларининг рисолатларини тўла-тўкис, заррача камайтирмасдан етказдилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам, мўминлар ҳам шоҳидлик бердилар.

Аллоҳ таоло айтди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо Масруққа айтганлар: «Ким сенга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил қилинган нарсалардан бирортасини яшириб айтмаганлар, деб айтса, ёлғон айтибди» (Бухорий (8/275, 606), Муслим (3/8) ривоят қилганлар).

Ҳажжатул-вадоъда ҳозир бўлган барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан: «Сизлар мен ҳақимда сўраласизлар, шунда нима дейсизлар?», деб сўраганларида: «Гувоҳлик берамизки, Сиз Парвардигорингизнинг рисолатини етказдингиз, омонатни адо этдингиз, умматга холис насиҳат қилдингиз, ўз зиммангиздаги вазифани бажардингиз», дедилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб, сўнг уни одамларга қаратиб: «Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл, Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл», дедилар[2]

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ваҳийга эргашиш ва уни одамларга етказиш ва баён қилиб беришни, улар ўртасида пайдо бўлган келишмовчиликларда у билан ҳукм қилишни буюрди. Сабаби, У Ўзи яратган халқлар учун қандай қонун-қоида ва шариатлар яроқли бўлишини Ўзи яхши билади. Зотан, ҳар бир санъаткор ўзи вужудга келтирган санъат асарини ўзи яхши билади. Инсонларни Аллоҳ яратган, уларнинг ҳолатлари нима билан тузалишини ва қандай қилса тўғриликда давом этишини Буюк Яратувчи ўзи билади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14). Агар гап-сўзлар ва иш-амаллар устидан ҳукм чиқариш ваколати инсонга бериб қўйилганида шахслар ва замонларнинг фарқли бўлишига қараб ҳукмлар ҳам ўзгариб кетарди. Зеро, ўзгармас бир ҳукм билан ҳукм қилиш инсон имкониятидан ташқари ишдир. Демак, шундай экан, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ва Пайғамбарига итоат қилишга буюрди, оят ва ҳадисга мухолиф бўлишдан қайтарди, ҳидоятни Ўз Китоби ва Пайғамбарининг Суннатида кафолатлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).

Аллоҳ таоло айтади: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80).

Аллоҳ таоло айтади: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Аллоҳга бўйсунингиз ва пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар юз ўгирсангизлар бас, (пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (яъни одамларга Аллоҳнинг динини етказиш) бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (пайғамбарга бўйсуниш) бордир. Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга Ҳақ динни) етказиш бордир» (Нур: 54).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким менга итоат этса, жаннатга киради. Ким менга итоат этмаса, бош тортган бўлади» (Бухорий (13/249) ривояти).

Яна айтганлар: «Мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳаргиз адашмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатини қолдирдим» (Ҳоким (1/93), Байҳақий «Ас-сунанул-кубро»да (10/114) ва «Далоилун-нубувва»да 5/449) келтирганлар, исноди саҳиҳ).

Юқорида ўтганлардан маълум бўладики, агар тўғри йўлни истасак, ҳукмни Китоб ва Суннатдан сўрашимиз фарз бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло келишмовчилик ва ихтилоф пайтида Аллоҳ ва Расулига қайтишга, ҳал қилувчи сўнгги сўз Китоб ва Суннатники бўлишига амр этган.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Ушбу оят далолатига кўра, хусуматлар ва ҳукми билинмаган ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатига қайтарилиши лозим, мусулмонлар ўзаро ихтилоф қилган ишларида шу икки манбага мурожаат қилишлари керак. Мана шугина иймон ва итоат белгисидир. Низо ўринларида Китоб ва Суннатдан ҳукм сўрамаган ва бу икки манбага мурожаат қилмаган киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлмайди. Иймон доирасининг марказий нуқтаси саналадиган мазкур улкан ишдаги энг катта далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бўлса керак: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

Унинг залворидан ерлар титраб, тоғлар қулайдиган, мўминнинг вужудига қалтироқ кириб, юраклар бўғизларга етадиган бу оғир қасам билан ҳокимларнинг ҳокими бўлган Зот Ўз нафсига қасамёд қилиб айтадики, ҳеч бир киши то барча ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳакам қилмагунича мўмин бўла олмайди, у зот нимага ҳукм қилсалар, унга зоҳирда ҳам, ботинда ҳам бўйсуниш фарз бўлади. Чунки, у ҳақдир. Ҳақдан сўнг залолатдан бошқа нима ҳам бўларди?![3]

Бу Аллоҳ ва Расулининг сўзига на бирон бир қонунни, на урфни, на қабила оқсоқоли фикрини, на кишиларнинг далилсиз сўзларини, на ақлий қиёсни, на шахсий тажрибани муқаддам қўядган, балки Аллоҳ жалла ва жалолуҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чақириқларига ҳеч қандай тараддудсиз ва сустлик қилмасдан, дарҳол ижобат қиладиган, зоҳирда ҳам, ботинда ҳам таслим бўладиган тўла ва мутлақ ҳокимиятдир. Ундан бошқаси тақлид асосига ва кишиларнинг фикрларига суянадиган қинғир ҳокимиятлардир.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум ақлли зотлар бўлганлари ҳолда ўз етакчиликларини ва ақллари тизгинини осмондан унга ваҳий келадиган ва Қуръон нозил бўладиган Содиқу Масдуқ зотга топшириб қўйган эдилар. У зот ўзларига нозил бўлаётган оятлар тафсирини Аллоҳ истаганидек билардилар. У зот нимайки қилсалар, улар ҳам шуни қилишарди. Шунинг учун Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар.

 Улардан кейин тобиийнлар ҳам мана шу тўғри манҳажда юрдилар ва шу йўлни тутдилар.

Иш уч аср мана шу йўсинда давом этди. Дунёларидан озгина нарсага қаноат қиладиган уламолар вужудга келди. Улар илмга фақат уни зиммаларидаги вожиб деб кўрганларидан машғул бўлишган, қалблари султонлар ҳузуридаги обрў-эътибор умидидан холи бўлган, нафслари ўз нафсларига муҳаббат қўйишдан пок бўлган, бахт-саодатларини фақат Парвардигорларининг ибодати ва итоатида деб кўрган эдилар. Атрофларида шогирдлари улардан илм ва ҳикмат ўрганишар, уларнинг диллари ва ақлларини шаффоф руҳоният қамраб олганди. Агар бир масаланинг ҳукмини Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларида ёки улардан бирида топсалар, уни маҳкам ушлардилар. Агар бу икки манбадан тополмасалар, умматнинг ижмоъига мурожаат қилардилар. Зеро, уммат залолат устида жамланмайди. Агар ундан ҳам тополмасалар, ўша масалани Қуръон ё Суннатдаги бошқа шундай бир масалага қиёс қилардилар, истинбот (ҳукм чиқариш) йўли билан шаръий ҳукмга эришиш йўлида бор куч-ҳаракатларини сарфлардилар.

Баъзилари тўғриликка эришсалар, баъзилари хато ҳам қилардилар. Бироқ, бунда улар маъзур ва маъжур (ажрга эга) бўлардилар. Бунинг бир неча сабаблари бор бўлиб, Имом Шофиий уларни қуйидаги балоғатли ибора билан мўжазгина қилиб ифодалаган эди: «Аммо, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган (яъни саҳиҳ) бир ҳадисга мухолиф бўлишимиз, – умид қиламанки, бу билан бизни айбламайдилар иншооллоҳ – бунга ҳеч ким ҳақли эмасдир. Лекин, баъзан киши суннатни билмайди (яъни ҳадисдан бехабар бўлади) ва суннатга хилоф қилиш қасди бўлмаган ҳолда унга хилоф сўз айтади. Баъзан киши ғофил бўлиб, таъвилда хатога йўл қўяди..» (Ар-рисала: 219-с).

Шайхулислом Ибн Таймия буюк имомларнинг суннатга хилоф қилишларига бир неча узрлар баён қилиб, жумладан шундай дейди:

«Маълумки, уммат тан олган забардаст уламолардан ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, бирортасига мухолиф сўз айтишга қасд қилмаган. Барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш фарз эканига, ҳар қандай одамнинг сўзини қабул қилиш ҳам, тарк қилиш ҳам мумкинлигига ва фақат у зотнинг сўзлари бундан мустасно эканига қатъий иттифоқ қилганлар. Лекин улардан бирортаси саҳиҳ ҳадис мавжуд бўла туриб, унинг зиддига бир сўз айтган бўлса, ўша ҳадисни тарк қилганлигида у учун узр бўлмоғи зарур бўлади.

Узрлар жами уч турли бўлиши мумкин:

Биринчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтмаганлар деб эътиқод қилиши;

Иккинчи: Бу сўз билан ўша масалани ирода қилмаганлар деб эътиқод қилиши;

Учинчи: (Ҳадиснинг) ҳукми мансух деб эътиқод қилиши.

Бу уч турли узрларнинг ҳар бири ортида бир неча сабаблар бор...». Сўнгра уларнинг сабабларини ва бунга мисолларни зикр қилади.[4]

Бироқ, имомнинг узри унинг шогирдларига – уларга ҳақ очилганидан ёки баён қилинганидан сўнг – узр бўлиб қолмайди. Тўрт имомнинг айни шу маънони таъкидлайдиган, ўзларига тақлид қилинишга нисбатан уларнинг мавқифларини (позицияларини) баён қилиб берадиган ва ўзларини бундан пок эканларини эълон қиладиган сўзлари ворид бўлган. Бу эса уларнинг илму тақволарининг камолига далолат қилади. Зеро, улар бу сўзлари билан Суннатнинг ҳаммасини тўла эгалламаган эканларига ишора қилганлар. Шогирдлари уларнинг турли иборалар билан айтилган бир неча сўзларини ривоят қилганларки, ҳаммаси битта маънога, яъни саҳиҳлиги собит бўлган ҳадисни маҳкам ушлаш ва кишиларнинг унга мухолиф фикрларини тарк қилиш фарзлигига далолат қилади. Жумладан, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шогирди Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга шундай насиҳат қилади: «Вой бўлсин сенга эй Яъқуб (Абу Юсуф), мендан эшитган ҳар бир сўзни ёзаверма. Чунки мен бугун бир фикрни ихтиёр этсам, (мумкинки) эртага уни тарк қиламан. Эртага бир фикрни ихтиёр этсам, (мумкинки) индинга уни тарк қиламан».[5]

Бошқа имомлардан ҳам шу маънодаги сўзлар нақл қилинган ва барчалари «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир» деган фикрда иттифоқ қилганлар[6].

Алома Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уларнинг ўзлари ҳам тақлид қилинган фуқаҳолар тақлидни ботил санаган ва ўз асҳобларини уларга тақлид қилишдан қайтарган эканларига иқрор эдилар. Бу борада имомлар ичида энг қаттиқ тургани Шофиий раҳимаҳуллоҳ эди. У саҳиҳ асарларга эргашишни ва ҳужжат вожиб қилган нарсаларни олиш лозимлигини таъкидлар, тақлиддан буткул поклигини эълон қиларди. Аллоҳ бу ишини манфаатли қилган ва ажрини улуғ қилган бўлсин, жуда кўп яхшиликларга сабаб бўлди»[7]

Шу сабабдан ҳам илгари имомларнинг тобеълари бўлмиш уламолар ўз имомларининг барча сўзларини ҳам олишавермаган, балки улардан айримларини суннатга мухолиф келгани сабабли тарк қилишган эди. Ҳатто, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳумаллоҳ устозлари Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мазҳабнинг тахминан учдан бирида хилоф қилганлар[8].

Кейинги давр уламоларидан ҳам баъзилари шу йўлни тутишган, мазҳабга мансубликлари уларни мазҳаб бошлиғининг фикрига мухолиф далилни билишган вақтда ўз мазҳабларига хилоф қилишдан тўсмаган эди. Мисол учун, Имом Нававий туя гўшти таҳоратни синдириши борасида шофиия мазҳабига мухолиф бўлганди[9].

Модомики, салафи солиҳлар тақлид, қарамлик ва ақлни ишлатмасликни Ислом рад ва инкор қиладиган иш деб, мусулмон киши уни зарурат бўлмаган пайтда ушлаши муносиб эмас деб санаган эканлар, қандай қилиб ислом уммати ҳаётида асл-асос бўлиб келган ижтиҳод фавқулодда (иккиламчи) ишга айланиб қолди?![10]

Дилларни ўзгартириб, бошларни айлантириб қўйган бундай улкан фикрий тўнтаришга олиб келган бир талай сабаблар борки, улар ичида диний омил йўқлигида шак-шубҳа йўқдир.

Бу омиллар айланиб келиб, асосан сиёсатларга тақалади. Чунки, ижтиҳод уламоларнинг исломий қоидалар доираси ичида эркин фикрлашлари чўққисини ўзида мужассам этгани учун кўп ҳокимлар ижтиҳоддан қўрқишар, ижтиҳод уларнинг ҳокимиятни ўз истакларича бошқаришларига халақит берарди. Мисол учун, Имом Моликнинг мажбурланган кишидан талоқ содир бўлмаслиги ҳақидаги фатвоси Банул Аббос халифаларининг оромларига анча путур етказган, чунки улар одамларнинг уларга берган байъатларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ана шу талоқни (яъни, агар байаътимда содиқ бўлмасам хотиним талоқ бўлсин деган гапни айтишга мажбурлашни) ўйлаб топган эдилар. Ҳокимлар одамларни муайян мазҳабларда юришга мажбур қилмоқчи ҳам бўлганлар, бироқ бу ишлари аввал-бошдаёқ Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган уламоларнинг инкорига дуч келган.

Халифа Мансур одамларни мажбуран Имом Молик мазҳабида юришга буйруқ бермоқчи бўлганида Имом Моликнинг ўзи биринчи бўлиб бунга қарши чиққан ва: «Эй амирал-муъминийн, бундай қилманг. Чунки, одамларга сўзлар етиб келган, ҳадисларни эшитганлар, ривоятлар нақл қилганлар, ҳар бир қавм илгари ўзига етиб келган нарсани ушлаб, ўшанга амал қилиб келган. Энди уларни эътиқодларидан қайтариш қийин, одамларни ўз ҳолига қўйинг, ҳар бир диёр аҳли ўзи танлаган нарсасида қолаверсин», деган эди.[11]

Мазкур забардаст уламолар ўтиб кетганларидан кейин ҳокимларнинг рағбатларига ижобат қилувчи қавмлар (яъни илм аҳллари) пайдо бўлди. Уларнинг ҳимматлари суст, азму қарорлари заиф бўлиб, илгариги пешқадам зотларнинг (илмлари) дастурхонидаги увоқлар билан ҳаёт кечиришни хуш кўрдилар ва (илмда) ожизликлари туфайли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ҳижрий тўртинчи юз йилликдан кейин унумсиз бўлиб қолганини айта бошладилар.

Бу эса ижтиҳоддан қўрқув фикрини ривожлантираётган сиёсатчиларнинг ижтиҳод эшигини ёпиш рағбатига айни мос тушадиган гап бўлди.

Ибн Халдун айтади: «Уни (яъни ижтиҳодни) унга нолойиқ бўлган ва раъйлари мўътабар бўлмаган кишиларга топшириб қўйилиши хавфи бўлгани боис (илмда) ожизликларини эълон қилиб, одамларни ўшаларга (яъни илгариги пешқадамларга) тақлид қилишга чорладилар, тақлидларида ундан бунга ўтишдан ман қилдилар ва фақат ҳар бир муқаллид ўзи эргашган мазҳабигагина амал қилиши лозимлигини уқтирдилар...»[12]

Ижтиҳодни ман қиладиган кишиларнинг далил халталарини титкилаб кўриб, унда ижтиҳод эшигини ёпишган биринчи кундан тортиб то бугунгача на Китобу Суннатдан, на асар ва на мўътабар ижмоъдан бирон шаръий далиллари борлигини топмадик. Бор-йўқ далиллари шуки, уммат на илм, на тақво жиҳатидан ижтиҳодга лаёқати бўлмаган мужтаҳидлик даъвосидаги кишиларга эргашиб кетиб, адашиш ва чалкашликларга тушиб қолмаслиги ва бунинг натижасида динбузарлик қилиб, дин аҳкомларини ўйин қилиб олмаслиги ва диний тартибсизликни (анархияни) пайдо қилиб қўймаслиги учунгина уламолари ижтиҳод эшигини ёпган эканлар.

Шайх Муҳаммад Ҳомид айтади: «Лекин, ижтиҳодга лаёқати бўлмаган киши мужтаҳидлик даъво қилмаслиги ва биздан олдинги умматларда содир бўлганидек кенг кўламдаги диний анархияга тушиб қолмаслигимиз учун, ана шунинг учун тақводор уламолар бу умматга унинг адашиш ва чалкашликка тушиб қолишидан шафқат қилиб бу эшикни ёпишни рай қилганлар».[13]

Бу сўзда тўғриликдан улуш йўқдир. Чунки, бу гапда заррача эътибор бўлганида, Аллоҳ албатта унга бизни йўллаган бўларди. Чунки, У башарият учун дину дунёларида нима салоҳиятли бўлишини ҳам, нима улар учун зарарли бўлишини ҳам яхши билади. Шунинг учун уларнинг ҳаётларидаги катта-ю кичик ишларни қўймасдан, ҳаммаси учун буйруқ ё қайтариқлар содир этган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўймасдан ҳаммасини етказиб кетганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ сизларга буюрган ишлардан бирортасини ҳам қўймасдан, мен уни сизларга буюрдим. Аллоҳ сизларни қайтарган ишлардан бирортасини қўймасдан, мен ундан сизларни қайтардим».[14]

Аллоҳ таоло катта бир хатарни, улкан бир ёмонликни ва асрлар мобайнида ислом умматини қоплаб оладиган ва ҳамма ёқда диний анархияни пайдо қиладиган, мусулмонларни тирқиратиб, бўлиб ташлайдиган қора кунлар келишини била туриб, ундан огоҳлантирмаган бўлиши ақлга тўғри келадими?! Ёки У – субҳанаҳу – бандаларини улар бошига таҳдид соладиган нарсадан хабардор этишни унутганмикин?! Асло ундай бўлиши мумкин эмас!! Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз унутувчи эмасдир» (Марям: 64).

Битта нарсани билишингиз кифоя қиладики, Аллоҳ таоло қиёмат олдидан мусулмонларнинг бир авлоди йўлиқадиган жуда катта бир хатарни, яъни Дажжол чиқишини билиб, Ўзининг сўнгги пайғамбари воситасида ҳамма мусулмонларни огоҳлантирган. Шунингдек, ўтган пайғамбарлар ҳам умматларини ёлғончи ғилайдан (яъни дажжолдан) огоҳлантирган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳамма пайғамбарлар умматларини каззоб ғилайдан огоҳлантирганлар. Огоҳ бўлингларки, у ғилайдир, сизларнинг Парвардигорингиз ғилай эмас, унинг (яъни дажжолнинг) икки кўзи ўртасига «кофир» (ك ف ر ) деб ёзилган бўлади»[15].

Фарқи шуки, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ўтган умматлар билмаган тафсилотлардан хабардор этганлар ва айтганларки: «Мен сизларга Дажжол ҳақида бирон бир Пайғамбар ўз қавмига айтмаган бир гапни айтиб берайми? У ғилайдир, у билан бирга жаннат ва дўзахга ўхшаш нарса келади. Унинг жаннат деб айтаётгани дўзах бўлади»[16].

Мусулмонларнинг бир авлоди йўлиқадиган бу бало ҳақидаги ҳадислар мутавотирлик даражасига етган бўлса-ю[17], нима учун барча мусулмонларни қоплаб оладиган шундай катта диний анархия ҳақида Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатларида бирор хабар топмаяпмиз?! Бу нарса Аллоҳнинг дини ҳақида билиб-билмай гапириш, Аллоҳ номидан ёлғон тўқиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан кизб эмасми, ахир?!

Асрлар мобайнида ижтиҳод эшиги очиқ қолиши ортидан бутун уммат бошига келадиган бу фитна масиҳи дажжол фитнасидан ҳам каттароқ дейдиган бўлсак, бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадислари билан рад қилинадики: «Одам (алайҳиссалом) яратилганидан тортиб то қиёматгача Дажжолдан кўра (фитнаси) каттароқ халқ (махлуқ) йўқдир»[18].

Биз кейинги даврлар муқаллидлари ўзлари бошлари билан шўнғиб кетган мазҳабчилик таассуби фитнасини ҳимоя қилиш мақсадида ўйлаб топишган бу улкан фитна ҳақида бирон саҳиҳ хабар ё асарга дуч келармикинмиз деб Суннат девонларини варақлаб чиқдик, бироқ ҳеч нарса топмадик. Аксинча, ижтиҳод эшигини ёпишдан келиб чиққан мазҳабчилик таассубидан огоҳлантиришни топдик.

Амр ибн Қайс ас-Сакуний айтади: «Отам билан бирга Муовия ҳузурига бораётган элчилар ичида йўлга чиқдим. Бир кишининг одамларга ҳадис сўзлаётганини эшитдим. У шундай дерди: «Ёмонлар юқори кўтарилиши, яхшилар пастлатилиши, амални йиғиштириб қўйилиши ва гапнинг ғолиб бўлиши, қавм ичида «маснот» (المَثْناة) ўқилиши ва улар ичида буни ўзгартирадиган ва инкор қиладиган кишининг бўлмаслиги қиёмат аломатларидандир».

««Маснот» нима?», деб сўралди.

«Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан бошқа ёзилган нарсалар», деди[19].

Мен бу ҳадисни бир қавмга сўзлаб бердим, улар ичида Исмоил ибн Убайдуллоҳ ҳам бор эди. У: «Мен ҳам ўша сиз бўлган мажлисда бор эдим. У кишининг кимлигини биласизми?», деди. «Йўқ», дедим. «У Абдуллоҳ ибн Амр», деди.

Ҳа, муқаллидлар ичида «маснот»ни ўқилди, гўёки у Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган китобдек, ичларида унинг бир ҳарфини ҳам ўзгартирадиган одам бўлмади. Улар динни бўлиб ташладилар, дин аҳлини гуруҳларга айлантирдилар, ҳар бир гуруҳ ўзининг матбуъи (эргашган кишиси) ёнини олади ва фақат унга чорлайди, унга мухолиф бўлганларни қоралайди ва уларнинг сўзларига амал қилишни лозим кўрмайди, ҳатто улар гўё бутунлай бошқа миллатдек, уларга қарши раддиялар беришга, уларнинг сўзларини ўз эътиқодлари ва мазҳабларига мувофиқлаштиришга зўр бериб уринадилар. Таассуб уларда шу даражага етганки, ҳатто улардан бирлари – ўзи исломий университетлардан бирида устоз – шундай дейди: «Мен «Зодул-маъод» китобини шундай ҳанафийлаштирдимки – яъни унга шу даражада ҳанафийлик либоси кийдирдимки – агар Ибн Қаййим уни кўрса, албатта ҳанафий бўлиб кетарди».

«Уларнинг китоблари, бизнинг китобларимиз, уларнинг имомлари, бизнинг имомларимиз, уларнинг мазҳаби, бизнинг мазҳабимиз» деган сўзларни қўллайдилар.

Қуръонни маҳжур (тарк қилинган нарса) қилдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатлари унутилди, мабодо бор бўлса ҳам, фақат табаррукланиш учун қолди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари гўё уларда мужассам бўлди: «Сўнг (одамлар) ишларини (яъни динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар. Ҳар бир гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар» (Муъминун: 53).

Яъни, ҳар бир фирқа китоблар тасниф қилиб, ўшаларни ушладилар, ўшаларга амал қилдилар ва бошқа китобларни тарк қилиб, фақат ўша китобларга чақирдилар.

Мазҳабчилик таассубини эзиб янчиб ташлайдиган энг катта далил Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги марфуъ ҳукмидаги ҳадис бўлса ажаб эмас.

У киши айтдилар: «Унинг ичида катталар қариб, ёшлар улғаядиган, одамлар уни суннат деб ушлаб, ундан бирон нарса тарк қилинса суннат тарк қилинди, дейдиган фитналар сизларни ўраб олганида, қандай қиларкансизлар?!».

«Бу қачон бўлади»?», деб сўрадилар.

«Олимларингиз кетса, (илмсиз қуруқ) қориларингиз кўпайса, фақиҳларингиз камайса, амирларингиз кўпайса, омонатдорларингиз камайса, охират амали билан дунё талаб қилинса, диндан бошқа нарса учун фақиҳ бўлинса», дедилар[20].

Имом Ибн Қаййим ал-Жавзия мазҳабчиликдаги кишиларнинг фикрларига таассуб қилиш фитнасини чиройли қилиб тушунтиради. У энг яхши асрлар аҳлларини, уларнинг тўғрилик йўлига эргашганларини баён қилгач, шундай дейди: «Сўнг улардан кейин ўринларига келган авлодлар динларини парчаладилар ва гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳ ўз олдидаги нарсалар билан хурсанд бўлди, мазҳабларга таассуб қилишни диёнатлари ва асосий сармоялари қилиб олдилар, бошқа бирлари эса тақлиднинг ўзи билангина қаноатланиб: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз» (Зухруф: 22), дедилар, ҳар икки гуруҳ ҳақдан четда бўлиб қолди, ҳақ тили уларга қарата: «Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас» (Нисо: 123) деб хитоб қиларди.

Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Мусулмонлар ижмоъ-иттифоқ қилганларки, кимгаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари очиқ-равшан маълум бўлса, у киши уни қўйиб, бошқа бировнинг гапини олиши мумкин эмас».

Абу Умар ва бошқа уламолар айтганлар: «Одамлар муқаллиднинг илм аҳлидан саналмаслигига ва илм ҳақни далили билан билиш эканига ижмоъ қилганлар».

Иш Абу Умар раҳимаҳуллоҳ айтганидекдир. Зеро, одамлар илм далилдан ҳосил бўлувчи маърифат экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Аммо, далилсиз бўлганида у тақлидга айланади.

Мазкур икки ижмоъ ҳавосига таассуб қилувчи ва кўр-кўрона тақлид қилувчини уламолар жамоатидан чиқаришни ва улардан пайғамбарларнинг меросидан бўлган улушларга ҳақдорлик соқит бўлишини ўз ичига олган. Зеро, уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир, пайғамбарлар эса олтин ва кумуш мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қўйганлар, ким уни олса тўла улушни олган бўлади. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсани ўзи эргашган кишининг қавлига қайтаришга жон жаҳди билан уринадиган, соатлаб умрини таассуб ва ҳавога зое қиладиган ва зое қилаётганини ўзи сезмайдиган киши қандай қилиб Пайғамбар вориси бўла олади?! Аллоҳга қасамки, бу кенг ёйилган ва кўзларни кўр қилиб, дилларни тош қотириб қўйган, гўдаклар унда улғайган, катталар унда кексайган, шу туфайли Қуръон тарк қилинган жуда катта фитнадир. Бу нарса Аллоҳнинг Китобда битиб қўйилган қазо ва қадари билан бўлди. Ушбу бало кенгайиб, у сабабли ҳолат оғирлашиб шу даражага етдики, кўпчилик одамлар ундан бошқасини билмайдиган, фақат уни илм деб санайдиган бўлиб қолди, ҳақни ўз ўрнидан талаб қилувчи улар наздида фитнага дучор бўлган кишига ва ҳақни афзал кўрувчи зиёнкорга айланди. Ўзларига мухолиф бўлганлар йўлига тузоқ қўядиган, улар учун ёмонлик тилайдиган, уларга жаҳолат, зулм ва саркашлик ўқини отадиган, биродарларига: «Дарҳақиқат мен у сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман» (Ғофир: 26) дейдиган бўлиб қолдилар.

Ўз қадр-қимматини биладиган кишига уларга илтифот қилмаслик ва улар олдидаги нарсага рози бўлмаслик муносиб бўлади. Агар унга суннати набавийя илми воқеъ бўлса, ўшанга енг шимариши лозим. Ҳали ғиз этиб қиёмат қойим бўлиб, қабрдагилар ер юзига, қалбдагилар ташқарига чиқарилиб, барча халойиқнинг қадами Аллоҳ ҳузурида бир текис туради ва ҳар бир банда ўзи тақдим қилган амалларни кўради, ҳақ ва ботил эгалари ўртасида ажралиш ҳосил бўлади, Парвардигорларининг Китобидан ва Пайғамбарларининг Суннатидан юз ўгирган кишилар ўзларининг козиб эканларини билишади»[21].

Бизнинг юқоридаги гапларимиз уларнинг «ижтиҳод эшигини фитнани тўсиб қолиш ва диний анархиянинг олдини олиш мақсадида ёпдилар» деган сўзларини тўғри деб фараз қилган ҳолатдаги гаплар эди. Дарҳақиқат, уларнинг сўзлари аксинча бўлганда саҳиҳроқ ва тўғриликка яқинроқ бўлиши маълум бўлди. Биз бунга Китобу Суннатдан далиллар олиб келдик. Энди бунга ақлий жиҳатдан бир изоҳни қўшимча қилиб, айтамизки: «Ижтиҳод эшигини ёпиш ҳақидаги даъволарингиз мужтаҳидлик даъво қилувчиларни ижтиҳод майдонидан тўса олади деб ўйлайсизми?! Бир оғиз сўзларингиз уларни хоҳиш-ҳаволаридан тийиб қўя оладими?! Ижтиҳодни даъво қилувчи даъвогарлар Ғолиб ва Қудратли, азоби қаттиқ Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг амрига хилоф қилишди. Сизларнинг на қудратингиз, на қувватингиз бор. Нима, улар сизлардан Аллоҳдан кўра ҳам қаттиқроқ қўрқишадими?! Шак-шубҳасиз, улар сизларнинг буйруғингизга ҳам, маслаҳатларингизга ҳам парво қилишмайди, чунки улар Аллоҳдан қўрқишмайди, Ундан тақво қилишмайди. Шундай экан, сизларнинг сўзларингиздан фойда йўқ. Бу билан на бировни тўса оласиз, на ғаразли кимсаларни йўлидан қайтара оласиз. Балки, аксинча, улар бидъатлардан тозалайдиган ва суннатларни тирилтирадиган ҳақиқий мужтаҳидлардан майдон холи қолганини кўришгач, шавкатлари яна ҳам ортади, зўрликлари яна ҳам кучаяди, истаган ишларини қилаверишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади»[22].

Илмнинг ёруғ уфқида ҳақ нури порлаб турса, ботил ўчиб йўқ бўлиб кетади, исломнинг кучли қуроллари мужтаҳидлар қўлида турганида даъвогарларнинг тиллари соқов бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари айни шу шаръий ҳақиқатни ўз ичига олгандир: «Бу илмни ҳар бир халаф-авлоддан энг адолатли кишилари ўз зиммаларига олади, ундан ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришларини, бекорга чиқарувчиларнинг тўқималарини ва жоҳилларнинг таъвилларини рад қиладилар»[23].

Ижтиҳод эшигини ёпувчилар узоққа бормай, бир неча жиҳатдан таноқузга (ўз гапларига ўзлари қарама-қарши бўлишга) тушиб қолишдан қутулолмайдилар:

1)                Ўзлари тақлидни фарз санаб, ижтиҳодни ман қилишгани ҳолда қазо (қозиликка доир) китобларда муфтий ва қози бўлиш шартлари ичига мужтаҳид, Китоб ва Суннат далилларини билувчи бўлишни киритишади.

Ибн Ҳамдон ал-Ҳанбалий айтади: «Унинг сифати ва шартлари жумласига мусулмон, адолат соҳиби, мукаллаф, фақиҳ, мужтаҳид, теран фикрли, зеҳни, фикри, тасарруфи ва шунга тааллуқли нарсалари соғлом бўлиши киради»[24].

Кейин кўрасизки, қозилик ва муфтийлик курсисида савлат тўкиб ўтиришади, барча саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетиб, яна ўзларини чиройли – яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблашади.

2)                Агар бир олимни яхши кўрсалар, унга болохонадор лақаб ва унвонларни ёпиштирадилар, бошига ижтиҳод тожини кийдирадилар, бунга мисол қилиб шайх Муҳаммад Ҳомиднинг Ҳасанул Банно раҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин[25]. Ваҳоланки, унинг ўзи бошқа бир ўринда шундай дейди: «Бизнинг замонимизда мутлақ ижтиҳодни фақат ақли ноқис, илми кам, дини заиф кишигина даъво қилиши мумкин»[26].

3)                Агар улар билан бошқа мазҳаблар уламолари ўртасида тортишув бўлиб қолса ёки бир олим мазҳабдаги бир хатони тузатишга уринса, улардан бировини кўрасизки, рақибига қарши кучли ва кескир ҳужжатлашув қиличини суғуради, олдига барча нақлий ва ақлий далилларни териб қўяди, мазҳабини ҳимоя қилиш мақсадида ҳужжат ва далиллар келтираркан, алломаи замон ва ўз асрининг танҳо олими бўлиб кўринади. Мана шунинг ўзи гарчи ўзи сезмаса ҳам, у тарафидан бўлган ижтиҳоддир. Баъзилари буни сезади ҳам, бироқ билиб туриб ўзини билмасликка олади. Шайх Албоний ва бир муқаллид ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги баҳс-мунозара воқеаси муқаллидлар тарафидан ҳам аниқ ижтиҳод содир бўлишига далил бўладиган ҳикоялардан саналади: «... Бу воқеа менга Сурия шимолидаги муфтийлардан бири билан орамизда кечган бир баҳсни ёдимга солади.

Мен ундан сўрадим: - Учоқда (самолётда) ўқилган намоз саҳиҳ-дуруст бўладими?

У: - Ҳа – деб жавоб берди.

Мен: - Сиз буни тақлид деб биласизми, ижтиҳод дебми?

У: - Нима демоқчисиз?

Мен: - Фатводаги усул (асл-асос)ларингиздан маълумки, ижтиҳод билан фатво бериш жоиз эмас, балки имом томонидан бўлган бир нас (сўз)га суянибгина фатво бериш мумкин. Хўш, тоирада ўқилган намознинг дуруст бўлишига насс (имомнинг сўзи) борми?

У: - Йўқ.

Мен: - Ундай бўлса, қандай қилиб ўз усулларингизга хилоф қилиб, нассиз фатво бердингизлар?

У: - Қиёс билан.

Мен: - Нимага қиёс қилиб?

У: - Кемада ўқилган намозга қиёсан.

Мен: - Яхши. Лекин, сиз бу билан аслга ҳам, фаръга ҳам хилоф қилдингиз. Аслга хилофликни юқорида айтилди. Аммо, фаръга хилофлик шуки, Рофиий ўзининг шарҳида «Намозхон агар шифтга ҳам илинмаган ва ерга ҳам ўрнамаган ҳалинчакда намоз ўқиса, намози ботилдир», дейди.

У: - Менинг бундан хабарим йўқ.

Мен: - Ундай бўлса, Рофиийга мурожаат қилинг, ҳар бир илм соҳибининг устида ундан устунроқ билимдон борлигини билиб оласиз. Агар сиз ўзингизни қиёс ва ижтиҳод аҳлидан деб эътироф этсангиз ва бу нарсани гарчи мазҳаб доирасида бўлса ҳам ўзингизга жоиз деб билсангиз, натижа тоирада ўқилган намознинг ботиллиги бўлиб чиқади. Чунки, бу ҳолатда Рофиий ўз даврида хаёлий ва фаразий деб зикр қилган масала рўёбга чиққан бўлади. Аммо, биз тоирадаги намоз саҳиҳ ва бунда шак йўқ деб биламиз. Гарчи кемадаги намознинг саҳиҳлигига сабаб – кеманинг ўзи билан ер оралиғида сувга маҳкамланиб туриши бўлса ҳам, тоира ҳам ўзи билан ер оралиғида ҳавога маҳкамланиб турибди[27]. Ишнинг аввалида мустақил ҳолда баҳс қилган пайтингизда сизларга маълум бўлган нарса шу эди. Аммо, сизлар мана бу мазҳабий фаръни билганингиздан сўнг у сизларни баҳс орқали ўзингиз етиб келган хулосадан тўсди!»[28]

Муқаллидлар ўзлари сезмаган ҳолда тушиб қоладиган бу тойилишлар уларнинг асосларини вайрон қилиб, шубҳаларини бекорга чиқаради. Уларга ўхшаганларга айтилади: «Муқаллид бировнинг сўзини унинг далилини билмаган ҳолда оладиган кишидир. Аммо, агар далилни билса, у бу масалада муқаллид бўлмайди. Сизлар эй муқаллидлар жамоаси, қандай қилиб ўз усулингизга қарши иш қиласиз ва далил-ҳужжатлар барпо қиласиз?! Агар ўзингиз айтаётганингиздек муқаллид бўлсаларингиз, далил ва ҳужжатлар барпо қилиш сизларнинг ишингиз эмас. Агар бу ҳужжатларни келтириш билан мужтаҳидлик қилган бўлсангиз, мужтаҳидлар сафига ёки далилни ушловчилар қаторига ўтган бўласиз. Ҳар икки тақдирда ҳам ўзингизга қарши ҳужжат барпо бўлди».[29]

Ижтиҳод эшигини ёпувчилар мусулмонларга аслида лозим бўлмаган тақлидни лозим қилиш билангина кифояланмадилар, балки  бу ноҳақ сўзларига яна бошқа бир ноҳақ сўзни ҳам қўшдилар. Яъни, уларга кўра, имомлардан биргина имомнинг мазҳабига чекланиш ва ундан чиқмаслик керак экан. Бу даъво ўз бағрига шундай ёмонликни жойладики, у бутун мусулмонларни ўраб олиб, уларнинг жамоатларини бўлиб ташлади, бирликларига путур етказди, шон-шавкатларини синдирди, халқларни уларга қарши бемалол ва ҳайиқмай қўл чўзадиган қилиб қўйди. Сиз бу ҳолатлардан баъзиларига шайх Маъсумий раҳимаҳуллоҳ мазкур рисоласида тўла-тўкис раддиялар ва танбеҳлар берганига, уларни жуда тушунарли ва қониқарли қилиб баён қилганига гувоҳ бўласиз.

Аллоҳ таоло бу рисолани бандаларига манфаатли қилсин ва уларни тўғриликка йўлласин.

 

[1] Қаранг: Ибн Касир: «Тафсийрул-қуръанил-азийм (1/250), Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иғосатул-лаҳфан» (2/203-205).

[2] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари ҳақида Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисдан парча. Шайх Албоний «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари» китобида ушбу ҳадиснинг ривоят йўлларини батафсил айтиб ўтган. Қаранг: 73-саҳифа.

[3] Қаранг: Ибн Касир: «Тафсийрул-қуръанил-азийм», «Нисо» сураси 59 ва 65 оятлари тафсири.

[4] «Рафъул-малам анил-аимматил-аълам» (9-10-саҳифалар).

[5] Албоний: «Сифату солатин-набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (25-с).

[6] Имомлар саҳиҳ ҳадисни ўз наздларида саҳиҳ бўлса ҳам, ўзларидан бошқа ушбу соҳа кишилари наздида саҳиҳ бўлса ҳам қабул қилганлар. Аллома Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Яъни, ўз наздида саҳиҳ бўлса ҳам, бошқа имомлар наздида саҳиҳ бўлса ҳам..». Шаъроний «Ал-мезон»да (1/57) келтирган.

Мен (Ҳилолий) айтаман: Бунга ҳужжат ўлароқ бир неча ривоятлар нақл қилинган. Жумладан, Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга шундай деган: «Эй Абу Абдуллоҳ, сизлар саҳиҳ ҳадисларни биздан кўра яхшироқ биласиз. Агар саҳиҳ ҳадис бўлса, менга билдиринг, токи мен унга амал қилай, майли кўфалик бўлсин, басралик бўлсин ё шомлик бўлсин..».

Исноди саҳиҳ, Абу Нуъайм «Ҳилятул-авлия»да (9/170), Ибнул Жавзий «Манақибул-имам Аҳмад»да (499-с), Хатиб Бағдодий «Масъалатул-иҳтижаж биш-шафиий»да (70-с) ва бошқалар ривоят қилганлар.

[7] «Ал-иҳкам фий усулил-аҳкам» (6/118).

[8] «Ҳошия Ибн Обидийн» (1/62).

[9] «Ал-мажмуъ» (2/58-60), Шарҳ Муслим» (4/48-49).

[10] Айримлар имомларнинг тақлидни айблаб айтган сўзларини улар қасд қилган маънодан буриб юбориш ва бошқача талқин қилишга уринганлар ва «бу сўзларни улар ўз даражасига етишган ва мутлақ ижтиҳод мартабасига етган кишиларга нисбатан айтганлар» деганлар.

Мен айтаманки, бундай таъвил қилиш бир неча сабабларга кўра нотўғридир:

а) Мутлақ мужтаҳид Китоб ва Суннатга қайтиши учун ўзига ўхшаган бошқа бир мужтаҳиднинг сўзига асло муҳтож эмас, демак бу сўз муқаллид ва муттабиъ (эргашувчи) ҳақида айтилган экани маълум бўлади.

б) Имомларнинг бу сўзлари уммат ичида бўлган, имомлар сўзларини асл-асос қилиб олиб, Китоб ва Суннатдан юз ўгиришлари хавфи бўлган гуруҳларга қаратилганди, мужтаҳиддан бундай хавф қилинмайди.

в) Имомларнинг сўзлари шогирдларига қарата айтилган. Табиийки, шогирдлар ўз устозларининг дарс ҳалқаларида иштирок этиш учун келиб турар эканлар, мутлақ ижтиҳод даражасига эришган эмасдилар.

г) Имомлар раҳимаҳумуллоҳнинг бу маънодаги сўзлари кўп ва машҳур бўлгани ҳолда, уларда мазкур қайд-чекловлардан биронтаси кўрилмайди. Шунинг учун то чекловчи бирор далил келмагунича уларнинг сўзлари умумийлигича қолади.

д) Агар имомларнинг сўзлари таъвилини фақат мужтаҳидларгина биладиган бўлсалар ва муқаллидлар даъволарича, ҳижрий тўртинчи асрдан кейин мужтаҳид чиқмаган бўлса, у ҳолда муқаллидлар мужтаҳид бўлмаган ҳолларида қандай қилиб имомларининг сўзларини бундай таъвил қилишга журъат этадилар?!

[11] Ибн Абдилбар: «Ал-интиқоъ фий фазлис-саласатил-аимматил-фуқаҳо» (41-с).

[12] «Муқаддима Ибн Халдун» (448-с).

[13] Муҳаммад Ҳомид: «Лузум иттибаъ мазаҳибил-аимма ҳасман лил-фавзод-динийя» (10-с).

[14] Саҳиҳун лиғойриҳи, Шофиий «Сунан»ида (1/14), «Ар-рисала»да (87-с) келтирган.

Шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (4/416-417) саҳиҳ санаган.

[15] Бухорий (13/91 – Ал-фатҳ), Муслим (18/59-Нававий).

[16] Бухорий (13/90 – Ал-фатҳ), Муслим (18/62-Нававий).

[17] Аҳли илмлардан бир жамоаси шундай деганлар. Жумладан, Саховий «Фатҳул-муғийс»да (3/44), Ибн Касир «Тафсирул-қуръанил-азийм»да (1/591-595), Каттоний «Назмул-мутаносир»да (147-с), Албоний «Ал-ҳадийсу ҳужжатун бинафсиҳ»да (64-с), «Вужубул-ахзи биҳадийсил-оҳод»да (34-с) келтирганлар.

[18] Муслим (18/86-Нававий). Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундан мурод – фитнаси каттароқ ва шон-шавкати буюкроқлигидир».

[19] Саҳиҳ, Ҳоким (4/554-555), Ибн Асокир «Тарих Димашқ»да (13/593). Ибн Аби Шайба «Ал-мусаннаф»да (15/165), Байҳақий «Шуъабул-иймон»да (5199) келтирганлар. Ҳоким саҳиҳ санаган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган.

Шайх Албоний «Ал-ҳадису ҳужжатун бинафсиҳ»да (80-с) айтади: «Бу ҳадис гарчи мавқуф бўлса ҳам, унга марфуъ ҳукми берилади. Чунки, бу қуруқ раъй билангина сўзланмайдиган ғайбий ишлардандир, хусусан баъзи ровийлар уни марфуъ деганлар».

Албоний «Ас-саҳиҳа»да (6/774-776) айтади: «Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ҳадисидан бўлиб, Амр ибн Қайс ал-Киндий ундан ривоят қилган ва ундан бошқа кўпчилик ривоят қилган, баъзилар марфуъ, баъзилар мавқуф дейишган, бу марфуъ ҳукмидадир, чунки у қуруқ раъй билан айтилмайди».

Кейин айтади: «Фойда: Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватлари аломатларидан бири бўлиб, унда айтилган ишларнинг ҳаммаси, хусусан «маснот»га тааллуқли бўлгани рўёбга чиқди. Маснотдан мурод, ровий тафсир қилганидек, Аллоҳнинг Китобидан ва шунингдек, унга тааллуқли бўлган набавий ҳадислар ва салафий асарлардан бошқа битиклардир. Маснотдан мурод гўё муқаллидларга фарз қилинган мазҳабий китоблар бўлиб, бугунги кунда жумҳур мазҳабпарастларда гувоҳ бўлиб турилганидек, бу китоблар замонлар ўтиши билан уларни Аллоҳнинг Китобидан ва Расулининг Суннатидан буриб юборди. Афсуслар бўлсинки, улар ичида докторлар ва шариат факултетлари битирувчилари ҳам бор. Уларнинг барчаси мазҳабларни дин деб ушлаганлар ва уларни одамларга, ҳатто олимларга ҳам фарз қиладилар. Уларнинг катталаридан бири Абул Ҳасан ал-Кархий ал-Ҳанафийнинг машҳур бир гапи борки: «Асҳобларимиз фикрига мухолиф бўлган ҳар қандай оят ё таъвил қилинади ё эса мансухдир. Худди шунингдек, ҳар бир ҳадис ҳам ё таъвил қилинади ё эса мансух дейилади».

Улар мазҳабларни асл-асос қилиб олиб, Қуръони каримни унга тобеъ қилдилар. Ҳеч шак-шубҳасиз, «маснот» мана шудир».

[20] Саҳиҳ, Доримий (1/64), Ҳоким (4/514), Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илм»да (1/188), Ибн Ҳазм «Ал-иҳкам фий усулил-аҳкам»да (6/175) ва бошқалар келтирганлар).

[21] Иъламул-муваққиъийн ан роббил-аламийн (1/7-8).

[22] Бухорий (100), Муслим (2673) Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

[23] Ҳасанун лиғойриҳи, Ибн Аби Ҳотим «Муқаддиматул-журҳ ват-таъдийл (1/1/18), Ибн Қутайба «Уюнул-ахбар»да (2/119), Ибн Ҳиббон «Ас-сиқот»да (4/10), Байҳақий «Ас-сунанул-кубро»да (10/209) Ибн Абдилбар «Тамҳид»да (1/59) ва бошқалар ривоят қилганлар.

[24] «Сифатул-фатва вал-муфтий вал-мустафтий» (13-с).

[25] Менинг «Муаллафаат Саид Ҳавва: дироса ва тақвийм» китобимга қаранг (120,124-саҳифалар).

[26] «Лузум иттибаъ мазаҳибил-аимма» (13-с).

[27] Қиёснинг рукнлари учта: мақийс-қиёс қилинувчи (тоира), мақийс алайҳ-унга қиёс қилинаётган нарса (кема) ва иллат. У (яъни иллат-сабаб) мақийс билан мақийс алайҳ ўртасида баробар бўлди ва шу билан қиёс дуруст бўлди.

[28] «Силсилатул-аҳадийсис-саҳийҳа» (1/128-129).

[29] Аҳмад ибн Ҳажар Оли ибн Алий: «Танзийҳус-суннати вал-қуръан ъан ан якуунаа мин усулиз-золали вал-куфрон» (126-с).

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига