Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

(Давоми) 

Иккинчи сабаб: Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилиш

Жиҳодни тарк қилиш хорлик, хўрлик ва таслим бўлиш билан баробардир. Бу нафс-ҳаволаридан сўзламайдиган Содиқу Амин зотнинг сўзларидир. Имом Аҳмад ва Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (рибонинг бир тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд (№3462) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№11) саҳиҳ санаган).

Севикли дўстларим! Агар уммат Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини янгидан кўтарса, албатта шарқу ғарбни забт этишини душманлар жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам улар умматни жиҳоддан ва жиҳод руҳидан четлатишга жон-жаҳд билан уринишади. Ёш авлод жиҳод тарихи ва фотиҳ қаҳрамонлар сийрати асосида тарбияланиб қолмаслиги учун, уммат худди ёмғирли тунда тирқираб кетган қўй подаси каби тарқоқ ва заиф бўлиб қолавериши учун бор кучларини сарфлайдилар. Бу умматга азизлик фақат Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини қайтадан кўтаргандагина ва бу диннинг энг баланд ўркачига кўтарилгандагина қайтиб келади.

 

Учинчи сабаб: Кўпчилик мусулмонлар йўлнинг табиатини билмасликлари

Мусулмон биродарлар! Аллоҳга даъват қилиш йўли осон йўл эмас.. Аллоҳга даъват қилиш йўли гулу райҳонлар тўшалган йўл эмас.. У узоқ ва машаққатли йўлдир... У тўсиқлар, тиканлар ва балолар билан ўралган йўлдир.. У қонлар билан алвон рангга кирган йўлдир.. У озорлар, меҳнат-машаққатлар, синов ва имтиҳонлар билан тўла йўлдир.

Кўпчилик одамлар иймон калимасини осон-енгил санаб, тиллари билан айтиб қўйиш кифоя деб ўйлайдилар ва фаровонлик пайтларида уни кўп-кўп такрорлаб юраверадилар. Аммо, йўлда фитна ва озорлар чиғириғига дуч келиб қолганларида улардан кўплари ортга чекиниб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлидан бурилиб кетадилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).

Демак, меҳнат-машаққат, синов ва фитналар йўлида биринчи дуч келган бурилишдаёқ йўлдан чиқиб кетмаслик учун ушбу йўлнинг табиатини яхши билиб олиш зарурдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1-3).

Севикли биродарим! Ортга бурилиб кетувчилардан бўлиб қолмаслик учун ушбу йўлнинг табиатини яхши билиб олишингиз керак бўлади. Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).

 

Тўртинчи сабаб: Кўпчилик мусулмонлар куч-тоқат ва имкониятларни тўғри баҳолай олмасликлари ва интилувчанликнинг камлиги

Бу ҳам руҳий мағлубият сабабларидан хатарли бир сабабдир. Кўпчилик мусулмонлар Аллоҳ таоло бизларга марҳамат қилган ер усти ва ер ости бойликлари, башарий бойлик-имкониятлар ва бошқа улкан куч-тоқат ва имкониятларни ва энг асосийси, Улуғ Парвардигоримиз бизларга ва бутун башариятга дин бўлиши учун танлаган Ислом неъматини тўғри баҳолай олмайдилар.

Мусулмон биродарлар! Шуни унутмангки, жаҳон сиёсати чархпалагини айлантираётган пуллар асосан шарқ ва ғарб банкларидаги мусулмонларнинг пулларидир.

Шарқу ғарб мамлакатларида ишлаётган, янги-янги ихтиролар ва бунёдкорлик ишларини режалаётган ақллар асосан мусулмонларнинг ақлларидир. Заррашунос (атомшунос) олимлар ҳақида суриштириб кўринг!!.. Геология соҳаси олимлари ҳақида суриштириб кўринг!!.. Ҳандаса (инженерлик) соҳаси олимлари ҳақида сўраб кўринг!!.. Исломий ақллар ўз мамлакатларида тўсиқларга учрагани ва ихтирочиликни бўғувчи тош-темир қонунлар деворига урилгани боис кучли ақл соҳиблари шарқ ва ғарб давлатларига кўчиб кетишга мажбур бўлдилар ва у ерларда қаҳрамон фотиҳлардек кутиб олиндилар, уларга ишлаш ва ихтиролар қилиш учун катта имкониятлар яратиб берилди. Бугун биз ана шундай воқеликда яшаб турибмиз.

Нью Йоркда океан устига қурилган жуда ҳам улкан кўприк устидан ўтдим. Унга қараган одам ҳайратдан лол қолмай иложи йўқ. Нариги қирғоққа етиб борганимиздан сўнг ҳамроҳим бир гап айтиб қолди, бу мен учун умуман кутилмаган гап бўлди. У менга: «Биласизми, мана шу кўриб турганингиз кўприкнинг лойиҳасини Покистонлик мусулмон муҳандис чизган», деди. Ана, мусулмонларнинг ақли!!

Мусулмон биродарлар! Агар мусулмонлар ва араблар биргина нефтнинг ўзини тўғри ишлата билганларида эди, бир неча лаҳзалар ичида мезонлар умуман ўзгариб кетган бўларди.

Бизнинг улкан куч-тоқатларимиз, имкониятларимиз, катта бойликларимиз бор. Лекин, биз улардан тўғри фойдаланишни билмаймиз ва мудом имкониятларимиз камлигидан шикоят қилиб юрамиз. Шу билан бир вақтда имкониятларни ишга солишга иштиёқимиз йўқ, бизда интилувчанлик деган нарса мутлақо кўзга ташланмайди. Қай бир ёш йигит билан гаплашсангиз, бор орзу-ҳаваси дорулфунунни битириб олса, гўзал ёри бўлса, дабдабали уй-жойи бўлса, яхши автоулови бўлса, бас!! Бошқа нарсанинг кераги йўқ.. Умумий аҳвол шу..

Дин ҳақида қайғуриш, умматнинг аҳволини ўзгартириш ҳақида бош қотириш деган нарсалар уларнинг калласига яқин ҳам йўламайди!! Ахир, мусулмон киши қачонгача фақат оёғининг остига қараб яшайди?!!

Шеър мазмуни: «Тоққа чиқишдан қўрққан одам бир умр чуқурлар ичида яшаб ўтади».

 

Бешинчи сабаб: Замон ва маконга ўта тор назар билан қараш

Ёшларимиз ҳозир замон ва маконга нисбатан ўта тор қарайдиган бўлиб қолишган, бу эса уларни умидсизлик сари етаклайди. Қандай дейсизми? «Фитналар кўпайиб кетди! Мултазим (динни маҳкам ушлаган) одамлар камайиб кетди! Ҳамма ёқни очиқ-сочиқ аёллар босиб кетди! Илмга қизиқиш сусайиб кетди! Яқин орада умуман ҳофизи қуръон қолмаса ҳам керак!..».

Ўзи яшаб турган маконга нисбатан бундай тор қарашлар кишини умидсизликка туширади, уни қаттол руҳий мағлубият сари етаклайди, ақли ва фикрини фалаж қилиб қўяди, бирон иш қилишга қодир одамни ҳаракатдан тўхтатади, ҳамма нарсадан ҳафсаласи совуб, қўл силтаб кетадиган қилиб қўяди. Ҳолбуки, агар ўз қишлоғи ё шаҳри ё давлатидан ташқарини кўра олса ва оламга кенгроқ назар ташласа, ер юзи ҳеч қачон нусратланувчи тоифа аҳлидан холи бўлмаганини ва Содиқу Амин зотнинг гувоҳликларига кўра, то қиёмат асло холи қолмаслигини яхши билади..

Узоқроққа боқинг, дунёқарашингиз кенгроқ бўлсин. Замонга нисбатан ҳам тор қараманг. Ёшларимиз шикоят қилиб қолишади: «Дин зое бўлди.. Уммат мағлуб бўлди.. Ислом оғир ҳужумларга дучор бўлмоқда.. Умуман, мусулмонлар душманларидан жуда қаттиқ зарбаларга учрамоқдалар.. Шундай экан, бас, ҳаракатдан фойда йўқ..». Ва ҳоказо  гаплар.. Ваҳоланки, даврга нисбатан қарашларини сал кенгайтирсалар, уммат бундан ҳам оғир зарбаларни бошидан ўтказганини, шу ҳолида ҳам Аллоҳ таоло воқеликни ўзгартириб, аҳволларни тузатиб берганини билган бўлишарди.

Севикли дўстим! Мен сизга умид бахш этувчи ва дилларни иймону ишонч билан тўлдирувчи сўз айтишни истайман. Ишонинг, бу воқелик албатта ўзгаради, аҳвол албатта тузалади!.

Эй мусулмонлар! Мўғул-татарлар мусулмонларга қақшатқич зарба бериб, Бағдод кўчалари жасад уюмлари билан тўлиб-тошган, кўчаларда қонлар муболағасиз анҳор бўлиб оққан, ўликлар кўплигидан жасадлар сасиб кетган, Бағдод масжидларидан биронта ҳам масжидда қирқ кунгача жамоат намози ўқилмаган, масжидлар тақа-тақ беркитилган эди! Ҳа, аҳвол шу даражага етганди!

Мусулмон киши ўлдирилишдан қўрқиб, масжидга ҳам чиқишга юраги бетламай қолганди!

Мусулмон киши кўчада мўғул аскарини кўриб қолса, ўрнида қотиб қолар, то келиб, уни ўлдирмагунича қимирламай тураверарди! Қаранг, ички мағлубият қай даражага етганди!

Шунга қарамай, Аллоҳ таоло мўғулларни хунук суратда тор-мор этувчи кишиларни чиқарди, Ўзи ҳолатни ўзгартириб, аҳволларни тузатди.

Салибчилар мусулмонларни мағлуб этиб, Ал-масжидул-Ақсонинг деворларига салибларни (хочларни) қаторлаштириб ташладилар.. Тўқсон бир йил мобайнида ушбу муборак масжидда намоз ўқиш тақиқлаб келинди.. Шунча хорликдан сўнг Аллоҳ таоло яна Ал-Ақсони тозаловчи инсонларни чиқарди, аҳволларни Ўзи ўзгартирди.

Модомики, Аллоҳ таоло Ал-Ақсони тозалайдиган инсонларни чиқарган экан, биз Ал-Ақсони қайтариб олган инсонларни чиқарган Зот Тирик ва Барҳаёт эканига қатъий ишонамиз!

Мусулмон биродарлар! Қарматийлар Аллоҳнинг уйида – Ҳарами Шарифда мусулмонларга ҳужум қилишди.. Каъбада, эгниларида эҳром либоси бўлган мусулмонларни ўлдиришди.. Байтуллоҳ қонга беланди, жасадларга тўлди.. Қарматийлар бошлиғи жиноятчи Абу Тоҳир Қарматий Каъбаи Мушаррафадан Ҳажар Асвадни (қора тошни) суғуриб олди, Байтулоҳнинг ичида туриб, бошини осмонга қаратиб: «Қани абобийл қушлари?! Қани сополдан бўлган тошлар?!», деб ҳайқирди.

Бу мусулмонлар бошига келган жуда оғир синов эди. Ҳажар Асвад йигирма йилдан ошиқроқ вақт Каъбаи Мушаррафадан узоқда қолиб кетди.

Бироқ, шунга қарамай, яна Аллоҳ таоло аҳволни ўнглади, воқеликни ўзгартирди.

Эй мусулмонлар! Асло ноумид бўлманг, замон ва маконга тор назар билан боқманг! Бу ички руҳий-маънавий мағлубиятнинг энг хатарли кўринишларидан биридир.

2) Ташқи сабаблар:

Ташқи сабаблар ҳақида узоқ гапириб ўтирмаймиз, бу сабаблар асосан хатарли бир сабаб, яъни «Ислом душманларининг куч-қудратини ҳаддан зиёд ошиқ баҳолаш ва ошириб-тошириб сифатлаш» остига умумлашади.

Кеча-ю кундуз, қасд билан ё қасдсиз равишда душманларнинг куч-қудрати ҳақида, ядровий бомбалари ҳақида, бактериологик қуроллари ҳақида, ракеталари ҳақида, самолётлари ҳақида, танклари ҳақида, илм ва технологиялари ҳақида.. ва ҳоказолари ҳақида гапирамиз.

Биз ғарбнинг бу жиҳатдан эришган ютуқларини рад қилмоқчи эмасмиз. Лекин, шу нарсани яхши билишимиз керакки, Аллоҳ таоло мусулмонларни душманга қарши имконият доирасида куч-қувват ҳозирлашга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур» (Анфол: 60).

Аллоҳ таоло мусулмонларни имконлари борича куч тайёрлаб қўйишга буюрди, мусулмонлар ҳар бир замон ва маконга мос ва мувофиқ куч тайёрлаб қўйишлари зарур бўлади.

Сиздан фақат имкониятингиз доирасида куч сарфлаш талаб этилади. Қўлингиздан келган ҳамма ишни қилиб қўйинг-да, сабр қилинг, кўнглингиз хотиржам бўлсин, натижаларни бутун борлиқнинг Хожасига топшириб қўйинг.

Аллоҳ таоло айтади:

«Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).

«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Фажр: 14).

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз» (Ғофир: 51).

Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар мусулмонлар Аллоҳнинг куч-қудрати миқдорини билишса ва Аллоҳга бўлган ишончу иймонлари зиёдалашса эди, албатта Аллоҳ таоло аҳволларни ўнглаган, воқеликни ўзгартирган бўларди. Чунки, Аллоҳ таолони еру осмонлардаги бирон нарса ожиз қолдиролмайди.

Энг аввал Аллоҳга қайтиб олайлик, иймонни рўёбга чиқариб олайлик! Чунки, Аллоҳ таоло нусратни шунга боғлиқ қилиб қўйган: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

Куч-қувват ҳозирлаш учун ўз имкониятимизда бўлган ҳамма нарсани сарфлашимиз лозим бўлган бир вақтда биз душманнинг куч-қудратини кўпиртириб гапириб юришимиз тўғри иш бўлмайди. Аллоҳ бизнинг кўзларимизга кўрсатиб қўйди-ку!! Қаранг, ветнамликлар Американи қандай аҳволга солиб қўйди, унинг бурнини қандай қилиб тупроққа ишқалади?!!

Оч-яланғоч, ялангоёқ сомалиликлар Американинг бурнини қандай тупроққа ишқаладилар?!! Сомали ёшлари айрим америкалик ҳарбийларни кўчаларда судраб юришгани ҳақидаги суратлар жаҳон оммавий ахборот воситаларида кўрсатилгач, Америка дарҳол ўз қўшинларини Сомалидан олиб чиқишга мажбур бўлди.

Мусулмонлар Боснияда нафақат сербларнинг, балки жаҳон яҳудий-салибий-илмоний иттифоқининг бурнини қандай ерга ишқади?!!

Кузатувчилар фикрича, Босниядаги уруш бир ҳафтадан ортиқ давом этмаслиги керак эди. Қаранг, Боснияда мусулмонлар қанча вақт матонат билан турдилар?!!

Барча кузатувчилар якдиллик билан Чеченистондаги уруш уч кундан ортиқ давом этмаслигини таъкидлаган эдилар. Қаранг, Чеченистонда мусулмонлар аҳмоқ рус айиғининг бурнини қандай тупроққа ишқаладилар?!!

Афғонистон мусулмонлари Аллоҳ учун содиқ турган ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини баланд кўтарган кунларида рус айиғининг роса адабини бергандилар, бадбўй таассубчилик байроғини кўтариб чиқишгач, Аллоҳ таоло ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим бўлган раббоний қонуниятини англаб етишимиз учун уларни бир-бирига ем қилиб қўйди.

Севикли дўстларим! Ушбу ҳақиқатни яхши англашимиз ва ҳеч қачон муболаға қилмаслигимиз лозим. Чунки, муболаға (яъни душман кучини бўрттириш) мағлубнинг мағлублигини оширади, холос.  

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Учинчи: Давоси нима?

Руҳий-маънавий мағлубиятнинг давоси ҳақида узоқ сўзлашнинг ҳожати йўқ, у бир неча нуқталардан иборат:

 

Биринчи: Касалликнинг сабабларини аниқлаш. Зеро, ташхис давонинг ярмидир.

Иккинчи: Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатларига жиддий ва сидқидилдан қайтиш, умматнинг ҳар бир аъзосини комил саҳиҳ ақида устида тарбиялаш. Бир нарсани яхши англаб олишимиз зарурки, бугунги кунда оламни ҳаракатга келтираётган нарса ақидадир. Чеченистондаги уруш ақида урушидир.. Сомалидаги уруш ақида урушидир.. Фаластиндаги уруш ақида урушидир.. Кашмирдаги уруш ақида урушидир.. Босниядаги уруш ақида урушидир.

Биз ёш авлодни соф ва комил ақида устида тарбия қилишимиз зарур.

Учинчи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан огоҳлантирган ваҳн-заифликдан халос бўлиш.

Абу Довуд «Сунан»ида ва Аҳмад «Муснад»ида Савбон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар» (Шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№8183) саҳиҳ санаган).

Тўртинчи: Уммат ёшларини Аллоҳ йўлидаги жиҳод руҳида тарбиялаш.

Бешинчи: Тарихга ва салаф солиҳнинг сийратларига ундан совуқ зеҳний маълумот олиш учун эмас, балки бир жиҳатдан ибрат олиш, иккинчи жиҳатдан ёш авлоднинг томирларида ғаюрлик, ҳиммат ва иззат қонлари жўш уриши учун саҳиҳ мурожаат қилиш.

Олтинчи ва охиргиси: Иззатни ва оламлар Парвардигорининг нусратини мутлақо шу дин билан талаб қилиш.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).

«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Анфол: 36, 37).

«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33).

«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Айтинг: Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81).

Аллоҳ азза ва жалладан сизу бизнинг солиҳ амалларимизни мақбул айлашини, барчамизга шу дин билан азизланиш ва олийликка эришишни насиб айлашини сўрайман. У бунга қодирдир.

Дуо...

◄◄◄ Бошига қайтиш

 

   Юқорига