Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

РАМАЗОН  ОЙИ

 

Ислом Нури тайёрлаган

 

Рўза луғатда тийилиш маъносидадир. Шариатда эса тонгдан шомгача ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқадан тийилмоқ маъносини англатади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида Рамазон ойида рўза тутишни фарз қилганлигини бундай баён қилади:

 

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ}  البقرة: 183.

 

Маъноси: “Эй имон келтирган кишилар! Сизлардан олдин ўтган умматларга фарз қилингани каби сизларга ҳам (Рамазон ойида) рўза тутиш фарз қилинди. Шояд тақво қилсангиз”.

Рўза балоғат ёшига етган ақлли мусулмон одамга фарздир. Рўза тутишнинг фазилати тўғрисида Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул-Бухорий”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бундай дейдилар:

 

 

" الصيام جنة، فلا يرفث و لا يجهل. و إن امرؤ قاتـله أو شاتمه فليقل: إني صائم – مرتين – و الذي نفسي بيده لخلوف فم الصائم أطيب عند الله من ريح المسك، يترك طعامه و شرابه و شهوته من أجلي، الصيام لي و أنا أجزي به، و الحسنة بعشر أمثالها"   رواه البخاري.

Маъноси: “Рўза қалқондир”. Ибнул-Арабий ушбу иборанинг маъносини баён қилиб айтадилар: “Шубҳасиз рўза дўзахдан сақловчи қалқондир. Зеро, рўза шаҳватлардан тияди. Дўзах эса шаҳватлар билан ўраб қўйилган. Инсон бу дунёда ўз нафсини шаҳватлардан тийса, унинг бу иши охиратда унга дўзахдан тўсувчи парда бўлади”. Муҳаддис Насоий саҳиҳ йўл билан Абу Умомадан ривоят қиладилар. Бу киши айтадиларки: “Мен айтдим: “Ё Расулаллоҳ, мени бир ишга буюринг, уни сиздан олиб қилиб юрай”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сен рўза тутгин. Чунки унинг мисли йўқдир”. Аммо (бошқа далилларга қараб) кўпчилик уламолар намозни бошқа амаллардан устун қўйишади. Бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза қалқондир. Модомики уни ғийбат қилиш билан йиртиб юбормаса”.

“Агар сизлардан бирингиз рўза тутган ҳолда бўлса, фахш сўзларни сўзламасин”. Бу иборада қуйидаги маънолар ҳам ётади: жинсий алоқа, унга олиб борувчи ишлар қилмасин ҳамда аёллари билан бирга бўлганда жинсий алоқа хақида гап очмасин.

“Жоҳиллик қилмасин». Яъни бақир-чақир ва эси пастлар қилмиши каби жоҳилларнинг феълу атворидан тийилсин. Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) айтдилар: “Ушбу қилмишларни қилиш рўза тутмаган кунда жоиз бўлади деб тушуниб қолмаслик керак. Улар ҳар доим ҳам тақиқланган. Рўзада эса янада каттиқроқ таъкидланган”.

“Агар бир киши рўзадор билан уришса ёки уни сўкса, икки марта: “Мен рўзадорман” десин. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасам ичаманки, рўзадор оғзининг бўйи Аллоҳнинг ҳузурида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир». “Аллоҳ Таоло айтади: “Бандам Мен туфайли таоми, ичимлиги ва шаҳватини тарк этади. Рўза Мен учун ва Менинг Ўзим унга ажр бераман. Бир яхшиликка унинг ўн баробарича савоб берилур”.

“Рўза Мен учун ва Менинг Ўзим унга ажр бераман” деган ибора хусусида уламолар қуйидаги турли фикрларни билдиришди:

1. Бошқа ибодатларда бўлгани каби рўзада риё - хўжакўрсинлик бўлмайди. Чунки рўза ибодати бошқа амаллар каби ташқаридан кўринмайди. Бу ибодат фақат қалбда бўлади. Ушбу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё йўқ” деган ҳадислари ҳам бор.

2. “Менинг Ўзим унга ажр бераман” дегани, “Менинг Ёлғиз Ўзим рўза савобининг қанчалигини биламан” маъносини англатади. Аммо бошқа ибодатларнинг савобини баъзи одамлар билади. Бунинг мисоли Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам кўринади:

{إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ} (الزمر:10) .

Маъноси: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабрлиларга ажрлари ҳисобсиз, тўла-тўкис қилиб берилади” (Зумар: 10). Кўпчилик уламолар мазкур оятдаги “сабрлилар” сўзини “рўзадорлар” деб тафсир қилишган. Суфён ибн Уяйна айтганларки: “Ушбу сўзлар далил бўладики, рўза сабрдир. Чунки рўзадор ўз нафсини шаҳватлардан тийилишда сабрли қилади”.

3. Рўзанинг Аллоҳга нисбат берилганининг яна бир сабаби шуки, рўза ибодати Аллоҳдан бошқасига қилинмайди. Намоз садақа ва тавоф кабилар бундай эмас. (Чунки жоҳиллар ушбу ибодатларни Аллоҳдан бошқасига ҳам қилишади).

4. Барча ибодатларнинг савобларидан зулм қилинган бандаларга олиб берилади. Аммо рўзанинг савоби ўз эгасида қолади. Суфён ибн Уяйна айтадики: “Қиёмат куни бўлганда, Аллоҳ бандасини ҳисоб-китоб қилади. Агар бандаси зулм ўтказган бўлса, қилган ибодатларининг савобидан зулм қилган кишиларига олиб берилаверади. Ҳатто унинг ўзи учун ҳеч нарса қолмайди. Фақат рўзасининг савоби қолади. Кейин Аллоҳ уни рўзаси сабабли жаннатга киритади”.

Уламолар иттифоқ қилишдики, юқорида зикр қилинган рўзадан мақсад, ҳам сўз ва ҳам феъл жиҳатидан ўз рўзасини гуноҳлардан саломат сақлаган инсоннинг рўзасидир.

 

РАМАЗОН КАФФОРАТДИР  (гуноҳларни ювиб юборувчидир).

Ҳузайфадан ривоят қилинади, айтадиларки: Умар разияллоҳу анҳу айтдилар: ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фитна тўғрисидаги ҳадисни ёд олган? Ҳузайфа айтдиларки: Мен Ул зотдан эшитдим, бундай дедилар: “Кишининг аҳли, моли ва қўшнисида фитна бўлади. Уларга намоз, рўза ва садақа каффорат бўлади...” Яъни рўза ибодати ҳам гуноҳларни ўчириб юборади.

Имом муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки:

"الصلوات الخمس و رمضان إلى رمضان مكفرات لما بينهن ما اجتنبت الكبائر"  رواه مسلم.

Маъноси: “Беш маҳал ўқиладиган намоз, ораларида ўтган кичик гуноҳларни ювиб юборади. Ҳамда ўтган Рамазондан кейинги Рамазонгача қилинган хатоликларни Рамазон рўзаси ўчириб юборади. Модомики катта гуноҳлардан сақланган бўлса”.

Рамазон ойининг рўзасини бошланиш кунини олдиндан билиб бўлмайди. Чунки бу ғайб масаласи. Уни фақат Аллоҳ билади. Шунинг учун шариатда, фалон куни рўза бўлади, деб эълон қилиш хатодир. Бу хусусда Абдуллоҳ бин Умар разияллоҳу анҳумо айтадиларки: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, ул зот бундай дедилар:

"و إذا رأيتموه فصوموا، و إذا رأيتموه فأفطروا. فإن غم عليكم فاقدروا له"   رواه البخاري.

Маъноси: “Қачон Рамазон ойини кўрсангиз, шундагина рўза тутишни бошланг. Қачон Шаввол ойини кўрсангиз, ўшанда оғзингизни очинг. (Яъни байрам қилинг). Бордию осмонни булут қоплаган бўлса, (ой кўришни кузата олмасангиз), унда ойни (Яъни Шаъбон ойини) тўлиқ ўттиз кун қилинг. Кейин янги ойга ўтинг”. Демак ой ўттиз кун ҳам бўлади, йигирма тўққиз кун ҳам бўлади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бошқа ривоятда айтдиларки:

"إنا أمة أمية لا نكتب و لا نحسب، الشهر هكذا و هكذا. يعني مرة تسعة و عشرين و مرة ثلاثين".  رواه البخاري.

Маъноси: “Биз оми умматмиз. Ёзмаймиз ва (юлдузларга қараб) ҳисоб-китоб қилмаймиз. Ой бундай ва бундай бўлади”. Яъни бир йигирма тўққиз кун бўлса, бир ўттиз кун бўлади деб, бармоқлари билан кўрсатиб бердилар.

Аллоҳ барчаларимизни бу улуғ ойга етказиши, унинг рўзасини тутиш ва кечаларини қуръон ўқиш билан намозда туришга муваффақ қилсин!

 

 

   ЮқоригаÎ