Ислом Нури
Жума насиҳатлари
Оламларга раҳмат пайғамбар
Шайх Муҳаммад Исмоил ал-Муқдим
Муҳаммад Исмоил таржимаси
(Давоми)
Раҳмат салафи солиҳ ҳаётида
Саҳобалар розияллоҳу анҳум ва салафи солиҳнинг мазкур улуғ хулқ билан зийнатланган эканларига далил бўлувчи кўплаб ривоятлар келган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Яҳё ибн Саидникига кирдилар. Бир бола бир товуқни боғлаб қўйиб, унга ўқ отаётган экан. Ибн Умар бориб, товуқни бўшатиб юбордилар ва: «Болаларингизни мана бу қушни ўлимга нишон қилишдан тийиб қўйинглар. Чунки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларни ўлимга тириклай нишон қилишдан қайтарганларини эшитганман», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Мусаййиб ибн Дордан ривоят қилинади, у киши айтади: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир туякашни урганини ва: «Нега туянгга тоқатидан ортиқча юк юклайсан?!», деганини кўрганман».
Осим ибн Убайдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: Бир киши бир қўйни сўйиш учун ушлаб олиб, пичоғини ўткирлаганида Умар розияллоҳу анҳу уни дарра билан урдилар ва: «(Тирик) жонга азоб берасанми?! Бу ишингни буни ушламасингдан аввал қилсанг бўлмасмиди?!», дедилар.
Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг бир қўйни сўйиш учун судраб кетаётганини кўриб, уни дарра билан урдилар ва: «Уни ўлимга чиройли олиб бор, қуриб кетгур», дедилар.
Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўйларнинг ифлос бир жойда турганини кўрдилар, ундан кўра яхшироқ бир жой борлигини кўриб: «Ҳой чўпон, уларни буёққа ўтказ. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир роъий (чўпон, бошлиқ) ўз раиятидан масъул», деганларини эшитганман», дедилар.
Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади: Абуд-Дардо розияллоҳу анҳунинг «Дамун» отлиқ бир туяси бор эди. Уни сўраб келганларга: «Унга фақат шунча-шунча юк ортинглар, чунки у бундан ортиғини кўтаролмайди», дердилар. Вафотлари яқинлашганда: «Эй Дамун, эртага Раббимнинг ҳузурида менга қарши даъвогар бўлмагин. Чунки, мен сенга кучинг етадигандан ортиқча юк юкламас эдим», дедилар.
Абу Усмон ас-Сақафийдан ривоят қилинади: Умар ибн Абдулазизнинг бир ғуломи бир хачирни ишлатиб, ҳар куни бир дирҳам олиб келарди. Бир куни у бир ярим дирҳам олиб келди. «Нима бўлди?» деб сўраганларида: «Бозор чаққон бўлди» (яъни омадим юришди), деб жавоб берди. «Йўқ, аслида сен хачирни қийнагансан, энди унга уч кун дам бер!», деб буюрдилар.
Булар мусулмонлардаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан уларга ўрнатилган раҳмдиллик кўринишларидан баъзилари эди. Ушбу маънога қўшимча баъзи сўзларни қуйида Аллоҳ таолонинг «Анбиё» сурасидаги «Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107) ояти тафсирида айтиб ўтамиз.
«Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107) ояти тафсири
Бу раҳматнинг икки жиҳати бор:
Бир жиҳатдан, у фақат мўминларга раҳматдир. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўларидан юз ўгирган халқларга келсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг рисолатлари сабабли ер юзи аҳлидан оммавий азобни кўтарди, шу рисолат сабабли оламларга манфаат етди.
Иккинчи жиҳати, у аслида ҳар бир киши учун раҳматдир. Мўминлар бу раҳматни қабул қилиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг манфаатидан баҳраманд бўлишади. Кофирлар уни рад қилишади, бироқ бу билан уларга раҳмат бўлишдан чиқиб қолмайди. Касал кишининг бир дорини истеъмол қилишдан бош тортиши у дорининг ўша касалликка даво бўлишдан чиқариб қўймагани каби.
Имом Розий оят тафсирида айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дин-у дунёда раҳмат эдилар. Динда раҳмат бўлишлари шуки, у зот бутун инсоният жоҳилият ва залолат ичида эканида пайғамбар қилиб юборилдилар. Аҳли китоблар китобларида ихтилофлар кўплиги ва ўзаро ноиттифоқлик ортидан ўз динлари ҳақида ҳам бошлари қотган ва йўл йўқотган ҳолда эди. Ҳақни талаб қилувчи унга эришиш йўлини тополмай турган ҳолда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди, у зот уларни ҳаққа чорладилар, ҳақ йўлини уларга кўрсатиб бердилар, уларга аҳкомлар тузиб бердилар, ҳалол ва ҳаромни ажратиб бердилар.
Сўнгра бу раҳмат билан ҳиммати фақат ҳақни талаб қилиш бўлган кишигина фойдалана олади, тақлидга, қайсарлик ва кибрга берилмаган кишигина ундан манфаат ҳосил қилади, тавфиқ унинг йўлдоши бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабдида. (Муҳаммаднинг ўзи) арабку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)» деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) ўзоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)» (Фуссилат: 44).
Дунёда улар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабабли кўплаб хорлик, уруш ва қирғинлардан халос бўлдилар, унинг дини баракоти билан ғолиб ва музаффар бўлдилар.
Қосимий раҳимаҳуллоҳ «Маҳасинут-таъвийл»да айтадилар: Ҳикмат ва ибрат назари билан боққан ва қалб кўзи яширин сирларни илғай олган ҳар бир киши бутун башарият у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборилишига жуда катта эҳтиёжда бўлганини англаб етади. Аллоҳ таолонинг бутун оламга бўлган энг катта раҳмати шуки, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни олам узоқ давр пайғамбарлардан холи бўлиб қолган бир даврда юборди. Ҳақиқат йўли ўчиб кетган, ҳоҳиш-ҳавога муккасидан кетилган, халқлар ҳар хил фирқаларга бўлиниб кетган, кимлардир Аллоҳни махлуқотларга ўхшатган, яна кимлардир Уни (субҳанаҳу ва таоло) бутунлай инкор қилган ва ўзгага сиғинган, ҳамма ёқни очиқ куфр ва ширк қоплаган, фасод кенг тарқалган, молу жонларни талон-тарож қилиш авжига чиққан, ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинган, уруш ва қон тўкишлар, қонхўрлик, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмаслик, қизларни тириклай кўмишлар, қариндошлик алоқаларини узиб ташлаш, самовий китобларни ўзгартириб юбориш, коҳинларнинг адаштирувчи эътиқодларига эргашиш, ҳар хил тошларга-ю роҳибларга сиғинишлар, жаббор ва золим кимсаларнинг зўравонларча ҳукм юритишлари, фитначиларнинг макрлари... Хуллас, қат-қат зулматлар ер юзини қоплаб ётарди, халқлар узоқ даврлардан бери ана шундай ҳолда келарди. Шундай бир даврда нажотга чорловчининг овози янгради, Аллоҳ таоло оламни тузалишига изн берди, қийинчиликдан сўнг енгилликка йўл очди, мусибатлар чекинди, зулму тажовуз битди. Чунки, Аллоҳ таоло бутун инсониятга уларни бут-санамлар қуллигидан озод қиладиган, куфр зулмати ва тақлид кўрлигидан иймон нурига олиб чиқадиган, ёмон хулқ ва ишлардан қутқарадиган, уларни ҳақ йўлга йўллайдиган ва пировардида жаҳаннамга ўтин бўлиш шармандалигидан асраб қоладиган Ўз элчисини юборди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Яна айтади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро, улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).
Давомига ўтиш ►►►