Ислом Нури
Жума насиҳатлари
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
علامات الساعة الكبرى
نزول عيسى ابن مريم عليه السلام
Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Қиёматнинг катта аломатлари
Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишлари
Ислом Нури таржимаси
(Давоми)
Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».
И з о ҳ. Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.
Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.
(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.
Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.
Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!
Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар.
Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»
(Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.
Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.
Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.
Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». (Марям: 22-33).
Ҳа, бешикда ётган чақалоқ Ийсо ана шундай деди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ! Мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Инжилни ато этди, мени пайғамбар қилди, модомики ҳаёт эканман, намозни адо этишга ва закотни ўташга буюрди, мени онамга меҳрибон қилди ва ерда зўравонлардан ва бадбахтлардан қилмади.
Қуръон бизга Ийсонинг қиссасини шундай давом эттиради:
Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо ибни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.
Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.
(Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга ибодат қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир». (Марям: 34-36).
Аллоҳ насронийлар айтадиган сўздан покдир. Комиллик Унинг сифатларидан биридир! Аллоҳ таоло учун бола тутиш муносибми?!
У нега фарзанд тутиши керак, ҳолбуки халқларидан беҳожат бўлса, халқлар эса Ундан асло беҳожат бўлолмасалар?!!
Аллоҳ таоло фарзанддан ҳам, шерикдан ҳам, жуфтдан ҳам беҳожат Зот!!
Шеър (мазмуни):
Эй Масиҳга сиғинувчилар, сизга бир саволимиз бор,
Унинг жавобини сиздан кутамиз.
Агар илоҳ бир қавмнинг қўли билан ўлса
Уни илоҳ деб аташ мумкинми?!
Қизиқ, қабр худони ўз бағрига олса?!!
Ундан ҳам қизиқроғи, она қорни уни кўтарса!!
У ерда тўққиз ойни ўтказса,
Зулматлар ичра ҳайз қонидан озиқланса?!!
Заиф ва ночор гўдак ҳолида дунёга келса,
Очликдан чинқириб, кўкракка талпинса?!!
Еса, ичса, кейин ҳожат танг қилса?!!
Илоҳ шундай бўладими?!!
Насронийларнинг бўҳтонидан Аллоҳ покдир!!
Эртага улар бу қилмишларига жавоб бергайлар!!
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Суҳбатимизнинг ушбу қисмини мана бу гўзал ва муборак сўзлашув билан якунламоқчиман. Унда Парвардигоримиз Ўз пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни мана бундай поклайди:
«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 116-118).
Иккинчи: Балки, Аллоҳ уни ўз ҳузурига кўтарди
Яҳудийлар – уларга Аллоҳнинг тинимсиз лаънатлари бўлсин – Ийсо ибн Марямни ўлдиришганини ва чормихга тортишганини даъво қилишди. Насронийлар эса жаҳолат ва билимсизлик билан, Ийсо чормихга тортилиб, қатл қилинган, кейин уч кундан сўнг қабридан чиқиб келиб, самога кўтарилиб кетган, у Тангрининг – отасининг ёнида ўтиради, у тириклар ва ўликлар ўртасида ҳукм қилиш учун халос кунини кутади, деб даъво қилишди. «Уларнинг оғизларидан чиққан сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар» (Каҳф: 5).
Аллоҳ таоло ҳақни баён қилиб берди ва яҳуд ҳамда насронийларнинг ёлғонларини фош этди. Аллоҳ таоло айтади:
«Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо ибн Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур» (Нисо: 157-159).
Муфассирлар айтишларича, яҳудийлар Ийсони қатл қилиш учун келаётганларида Аллоҳ Яҳузо ал-Исхарютий (Judas Iscariot) деган шахсни Ийсо қиёфасига киритиб қўйди. Бу кимса яҳудийларга Ийсонинг турган жойини кўрсатиб бериш учун келаётган эди. Аллоҳ унинг ўзини балога гирифтор этиб, уни Ийсо қиёфасига киритиб қўйди. Шундан сўнг яҳудийлар уни тутиб, қатл қилдилар ва чормихга тортдилар.
Бошқа бир қавл ҳам борки, уни саҳиҳ санад билан Ибн Аби Ҳотим ва Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Ибн Касир «Нисо» сураси тафсирида уни саҳиҳ санаган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар:
Аллоҳ таоло Ийсони самога кўтаришни истаганида у ҳаворийларидан ўн икки нафари йиғилиб ўтирган хонага кирди ва уларга: «Ораларингиздан бир киши менга иймон келтирганидан кейин тезда яна кофир бўлади», деди.
Сўнг уларга: «Қай бирингиз менинг қиёфам унга ташланишини ва менинг ўрнимга қатл этилиб, жаннатда мен билан бир даражада бўлишни қабул қилади?», деди.
Шу ерда ўтирганлар ичида энг ёши кичиги бўлган бир ёш йигит ўрнидан туриб: «Мен», деди.
«Ўтир!», деди унга Ийсо. У жойига ўтирди.
Кейин Ийсо яна ҳалиги сўзларини такрорлади. Яна ўша йигит ўрнидан турди. «Ўтир!», деди унга Ийсо яна. У яна жойига ўтирди.
Кейин учинчи марта ҳалиги сўзларини такрорлади. Яна ўша йигит ўрнидан турди. Шундан сўнг Ийсо: «Ҳа, у сен экансан», деди. шундай қилиб, Аллоҳ таоло ўша йигитга Ийсонинг қиёфасини туширди, Ийсони эса самога кўтарди.
Ийсони ўлдириш қасдида келган яҳудийлар у йигитни тутиб, қатл қилдилар ва уни чормихга тортдилар. Ийсога иймон келтирганлар ичидан баъзиси Ийсо бироз олдин хабар берганидек, унга кофир бўлди.
Энди Аллоҳ таоло Ийсони бир неча ҳикматлар туфайли ерга туширади.
Жумладан, уни ўлдирганларини даъво қилган яҳудийларни ёлғончи қилиш учун;
Шунингдек, ушбу ҳақиқатдан кўз юмган жоҳил насронийларни ёлғончи қилиш учун;
Барча инсонларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашган муваҳҳидлар одамлар ичида Ийсога энг яқинроқ кишилар эканини, чунки Ийсо тушиб келгач, Аллоҳнинг Китоби ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари бўйича ҳукм қилишларини билдириш учун туширади.
Қолаверса, Аллоҳ таоло Ийсони шу ер юзида вафот эттириш учун ҳам туширади. Акс ҳолда, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига нима дейсиз:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилувчиман ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўюрман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман» (Оли Имрон: 55).
Жумҳур муфассирлар сўзларига кўра, оятда айтилган вафот қилдириш кичик ўлим маъносидадир. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтганидек: «У кечаси «жонингизни оладиган» (яъни уйқу берадиган), кундузи қилган ишингизни биладиган зотдир» (Анъом: 60).
Яна бир оятида айтганидек: «Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Зумар: 42).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уйқудан турганларида: «Бизни ўлдирганидан сўнг яна қайта тирилтирган ва қайтиш ҳам Унинг ҳузурига бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дердилар (Бухорий: 6312, Термизий: №3413, Абу Довуд: №5049).
Демак, юқоридаги оятда айтилган «Мен сени вафот қилдирувчиман» деган оятдан мурод – кўзингга уйқу солувчиман, демакдир. Мана шу билиттифоқ кичик ўлимдир. Шундан сўнг Аллоҳ уни осмонга кўтарди, кейин уни Ўзи истаган пайтда туширади.
Учинчи: Ийсонинг самодан ерга тушишлари
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Ўз ҳузурига кўтарганини ва уни Ўзи истаган кунда қиёмат қойим бўлишининг катта аломатларидан бири сифатида яна қайта ерга туширишини баён қилди. Қуръонда шундай дейилади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачонки (Ийсо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!
И з о ҳ. Бу оятлар мушриклар Ийсо ибн Марямни мисол қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни мулзам этмоқчи бўлишгани хусусидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшликларга «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир», оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат қилганларида, мушриклар ғазабга минишиб: «Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?» деб сўрашади. Ҳазрат уларга «Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинадиган нарсаларга тегишлидир», деб жавоб бергач, улардан бири туриб: «Ахир сен Ийсони Аллоҳнинг пайғамбари деб эдинг-ку! Ҳолбуки насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар Ийсо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айтгин-чи, бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Ийсоми?!» деди. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбардан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай беҳуда мисолларни келтиришлари баён этилади. Қуйидаги оятларда Ийсо ибн Марям ким бўлганликлари хусусида яна бир бор уқтирилади.
У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик.
Албатта у (яъни Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (Соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! (Эй Муҳаммад, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар. Мана шу Тўғри йўлдир» (Зухруф: 57-61).
Ибн Жарир саҳиҳ санад билан ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Албатта у қиёмат ҳақидаги аломатдир» ояти ҳақида, яни, Ийсонинг тушиши, деганлар. Ийсо тушса, бу қиёматнинг яқинлашганига далолат қилувчи катта аломат бўлади.
Аллоҳ таоло юқорироқда зикр қилинган оятда айтганки: «Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур». Яъни, Ийсо алайҳиссалом ўлимларидан олдин, демакдир.
Саҳиҳ ва мутавотир Суннат (ҳадислар) ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан ерга тушишларини баён қилган.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Шунда у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади, молу дунёни тошириб юборганидан уни биров олмай қўяди» (Бухорий: №2222, Муслим: №155).
Абу Довуд «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Мен билан Ийсо ибн Марямнинг орамизда набий йўқ. У албатта нозил бўлгай. Қачон уни кўрсангиз, таниб олингиз. У ўрта бўйли ва ўртача жуссали, оқ-қизилга моил рангли кишидир. Боши ҳўл бўлмаса ҳам, ундан сув томчилаб турганга ўхшаб кўринади». (Абу Довуд: №4324, Албоний «Ас-саҳийҳа»да (№2182) саҳиҳ санаган).
«Саҳиҳ Муслим»да Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ийсо Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минора олдида (оч сариқ рангга бўялган) икки кийим ичида, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил бўлади. Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади. Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо Димашқдан Байтул Мақдисга қараб йўл олади. (У етиб келганида) намозга иқомат айтилган пайт бўлади. Зийрак ва закий имом Аллоҳнинг пайғамбари Ийсони кўриб, танийди ва Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо намоз ўқиб берсинлар, деб орқага чекинади. Шунда Ийсо алайҳиссалом келиб, қўлини мусулмонлар имоми елкасига қўяди ва: «Сиз учун намозга иқомат айтилди. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди. Сўнг Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо мусулмонлар имоми ортида намоз ўқийди. Намоздан сўнг Ийсо пайғамбар Байтул Мақдис эшигига қараб кетади ва уларга уни очишни буюради. Эшикни очишгач, эшик ортида Дажжолни қуролланган етмиш минг яҳудий билан турганини кўрадилар. Дажжол Аллоҳнинг пайғамбари Ийсони кўриши билан сувга тушган туздек эрийди ва қоча бошлайди. Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо унинг ортидан қувиб бориб, Фаластиндаги Луд дарвозаси олдида тутиб олади ва уни ўлдиради ва халқларни Дажжолнинг ёмонлигидан қутқаради».
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббонда» келган ва Ҳофиз Ибн Ҳажар санадини саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда қизиқ бир гап айтганлар: «Ийсонинг даврида Исломдан бошқа барча миллатлар ҳалок бўлади, Аллоҳ таоло ал-Масиҳ ад-Дажжолни ҳалок қилади, ерга омонлик нозил бўлади, ҳатто шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан яйловда бирга бўлади» (Муснад: №8902).
Мусулмон биродарим! Ҳадиснинг бошидаги сўзларга эътибор беринг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломдан бошқа барча миллатлар ҳалок бўлишини хабар бермоқдалар.
Субҳаналлоҳ!! Аллоҳу акбар!!
Шодлан эй муваҳҳид! Хурсанд бўл эй «ла илаҳа иллаллоҳ» ошиғи!
Ҳа, Аллоҳга қасамки, Исломдан ўзга барча динлар ҳалок бўлгай! «Аллоҳ наздида мақбул дин Исломдир» (Оли Имрон: 19).
Энди ҳадис давомига диққат қилинг! Шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан ёнма-ён юрса!!
Абу Умома ривоятида – санади саҳиҳ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бўри қўйлар билан худди (поданинг) итидек бўлади. Гўдак бола шер ёнидан ўтса, у унга зарар етказмайди. Қизалоқ илон ёнидан ўтади, у унга зиён етказмайди. Зулм кўтарилиб, тинчлик-омонлик ва фаровонлик қарор топади. Барака зиёда бўлиб, ерга эминлик нозил бўлади».
Наввос ибн Самъон ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кейин ерга: «Ҳосилингни ундир, баракангни қайтар» дейилади. Ўша кунда одамлар бир анорнинг ўзини еб, пўстлоғини соябон қиладилар. Подаларга барака киритилади. Ҳаттоки бир туянинг сути бир катта жамоа одамларга кифоя қилади. Бир сигирнинг сути бир қабила одамларга етади. Бир қўйнинг сути бир уруғ одамларга етади...» (Муслим: №2937).
Субҳаналлоҳ!!
Шундай қилиб, ер аҳли тарихда мисли кўрилмаган фаровон ҳаёт кечира бошлайди. Ҳатто, Дайламий ва Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Масиҳ (тушгани)дан кейинги ҳаёт нақадар яхши, Масиҳ (тушгани)дан кейинги ҳаёт нақадар яхши! Осмонга ёмғир ёғдиришга изн берилади. Ерга набототларни ундиришга изн берилади. Ҳатто, силлиқ тошга уруғ қадасанг ҳам, албатта униб чиқади. Одамлар ўртасида адоват, ҳасад ва нафрат бўлмайди. Бир киши шернинг олдидан ўтади, у унга зиён етказмайди. Илонни босиб олади, у унга зиён етказмайди. Одамлар ўртасида адоват, ҳасад ва нафрат бўлмайди» (Албоний «Ас-саҳийҳа»да (№1926) саҳиҳ санаган).
2011 йил 2-июн