Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

دار السعادة

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Саодат ҳовлиси

 

(Давоми)

«Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли тепаларидаги хона аҳлларини худди сизлар машриқ ёки мағрибда уфққа ботаётган ёрқин юлдузни кўриб турганинглар каби кўриб турадилар. Бу ўрталаридаги тафовут сабаблидир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бу пайғамбарларнинг манзилларими? Бошқалар унга эриша олмайдиларми?», –  деб сўрашди. «Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир», – дедилар (Бухорий: №6555, Муслим: №2841).

Қуйи даража эгалари олий даража эгаларига худди дунё аҳли машриқ ё мағриб осмонидаги ёрқин юлдузни кўрганлари каби қараб туришади. Саҳобалар ўша олий даража эгалари пайғамбарлар бўлсалар керак, бошқалар уларга шерик бўлмасалар керак, –  деб ўйлашиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида у зот: «Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир», –  деб жавоб бердилар. Яъни, улар сизлар ўйлаганингиздек, пайғамбарлар эмас, балки раббоний манҳажга ва пайғамбар йўлига эргашган кишилардир, – дедилар. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан то қиёматгача яшаб ўтган инсонлар ичида энг олий манзил ва энг юксак даража ҳеч шубҳасиз, бизнинг пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлидир.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни бир тадаббур қилинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Муаззиннинг азон айтаётганини эшитсангиз, у айтаётган калималарни такрорланглар, сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки, ким менга бир марта саловот айтса Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Кейин Аллоҳдан менга “васила” сўранглар, зеро у жаннатдаги олий манзилат бўлиб, унга Аллоҳнинг бандалари ичидан фақат бир бандасигина етади. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Аллоҳдан “васила” сўраса шафоатимга эришади» (Муслим: №384).

Демак, васила жаннатдаги энг олий даража бўлиб, у фақат битта бандага насиб этади. У банда ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Севикли дўстим! Жаннат аҳлининг таоми ва шароби, ходимлари, остларидаги тўшамалари ва эгниларидаги либосларидан сўрасангиз, бу ҳақда Парвардигоримизнинг Китобида келган тавсифлардан бирон нарсани зиёда этолмайман. Келинг, биргаликда ушбу ояти карималарни ўқийлик:

Аллоҳ таоло айтади:

«22. Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. 23. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар). 24. Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз кўрурсиз. 25. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки, 26. У (май)нинг охири мушк бўлур. Бас, баҳслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутоффифун: 22-26).

Аллоҳ таоло айтади:

«10. (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! 11-12. Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир. 13-14. (У пешқадамлар Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан эса оздир.

15-16. (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўтирурлар). 17—18. Атрофларида эса мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. 19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар. 20-21. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур). 22-23. Яна (улар учун) худди яшириб қўйилган марварид мисол оҳу кўз ҳурлар бордир» (Воқеа: 10-23).

Аллоҳ таоло айтади:

«12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. 13. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. 14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. 15-16. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. 17-18. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли –  деб аталадиган чашма би­лан суғорилурлар. 19. Уларнинг атрофида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, –  деб ўйларсиз. 20. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз. 21. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. 22. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди» (Инсон: 12-22).

Жаннат аҳлининг аёллари васфига ҳам ҳар қанча сўзга уста кишининг тили ожиз, ҳар қанча уста адибнинг ҳам қалами қосир. Бу дунёдаги жуфти ҳалолингиз агар солиҳалар ва аҳли жаннатлар жумласидан бўлган бўлса, жаннатда ҳам сизга жуфт бўлади. Бироқ, Парвардигори олам аввал жаннатда уни жаннат камолига, жамолига ва ҳуснига муносиб келадиган кўринишда янгидан ҳозирлайди. Жаннатда аёлингизни, гарчи бу дунёда юз ёшдан ўтиб вафот қилган бўлса ҳам, айни гуллаб-яшнаган, ўттиз ёшлик ҳолида, ғоят гўзал, нафосат ва камолотга тўлган ҳолда топасиз. Киши жаннатда аёллари билан бир кунда бир неча бор жинсий муошаратда бўлса, ҳар сафар уларни бокира ҳолда топади.

Аллоҳ таоло айтади:

«27. Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! 28. (Улар) тикансиз бутазорларда. 29. Тизилган бананзорларда. 30. Ёйилган соя (ости)да. 31. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. 32-33. Тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да. 34. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар. 35. Дарвоқеъ Биз уларни (оҳу кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг амри билан дафъатан пайдо бўлдилар). 36-37-38. Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик. 39-40. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) (Ислом умматининг) аввалгиларидан кўпчилик, кейингиларидан ҳам кўпчиликдир» (Воқеа: 27-40).

Оятдаги «эҳтиросли» –  деб таржима қилинган «урубан» (عرباً) сўзи «аруб» (عَروب) сўзининг кўплик шакли бўлиб, араб тилида аруб – деб эрига фақат ширин ва ёқимли сўз айтишдан бошқани билмайдиган, тилидан эрига нисбатан асло ёқимсиз ва ёмон сўз чиқмайдиган аёлга айтилади.

Парвардигор жалла ва ало жаннат аҳлига уларнинг дунёдаги аёлларига қўшимча ҳури ийнлар ҳам ато этади.

Ҳур (حور) ҳавроъ (حَوراء) сўзининг кўплик шакли бўлиб, ёш, чиройли, гўзал ва шаҳло кўз аёл маъносини билдиради. Ҳурлар одамзот жинсидан бўлмай, Аллоҳ таоло уларни жаннат аҳли учун махсус яратиб қўйгандир, уларнинг ҳуснларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Парвардгоримиз азза ва жалла ҳурларни шундай таърифлаган:

«70. У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир. 71. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 72. (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир. 73. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматла­рини ёлғон дея олурсизлар?! 74. Уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир. 75. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 76. (Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар). 77. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъ­матларини ёлғон дея олурсизлар?! 78. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли муборакдир» (Раҳмон: 70-78).

«Саҳиҳул Бухорий»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатдаги ҳурлар васфида шундай дейдилар: «Агар жаннат аҳлидан (ҳурларидан) бир аёл ер юзига қиё боқса, чор-атрофни ёритиб хуш бўйга тўлдириб юборарди. Унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир».

Аҳмад ва Абу Яъло ҳасан санад билан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Улардан бири боққанида юзи ойнадан ҳам софроқ бўлади, унинг бошидаги битта марварид донаси еру осмон ўртасини ёритиб юборади».

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда мўмин киши учун кенглиги олтмиш мил бўлган ғовак марвариддан қилинган чодир бордир. Мўминнинг барча жуфтлари ўша чодир ичида бўлиб, улар бир-бирларини кўрмаган ҳолларида уларга навбати билан айланиб юраверади» (Бухорий: №3243, Муслим: №2838).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Улардан (яъни, жаннат аҳлидан) ҳар бирининг гўзаллигидан болдирларининг иликлари этлари остидан кўриниб турадиган иккитадан жуфтлари бўлади. Улар ўртасида ихтилоф ҳам, адоват ҳам бўлмайди. Қалблари битта қалб бўлиб, эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтадилар» (Бухорий: №3245, Муслим: №2834).

Жаннат ҳурлари ҳақида ўқиганларим ичида энг ажойибларидан бири – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтишларича, ҳурлар жаннат аҳлидан бўлган ўз жуфтларини чиройли овозда қўшиқлар айтиб кутиб оладилар. Бундай гўзал овозни аввал ҳеч қачон эшитмаган бўладилар. Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннат аёллари ўз жуфтларига ҳеч ким эшитмаган гўзал овозда қўшиқ айтиб берадилар. Улар куйлайдиган қўшиқларидан:

«Бизлар хуш хулқ, гўзал юзли аёллармиз

Улуғ зотлар учун жуфти ҳалоллармиз

Қувнатгувчи кўзлар-ла боқиб турурмиз».

Яна шундай қўшиқларидан:

«Бизлар барҳаётмиз, ҳаргиз ўлмасмиз,

Бизлар ҳотиржаммиз, ҳаргиз қўрқмасмиз,

Бизлар шу ерликмиз, кетиб қолмасмиз».

 

Тўртинчи: Розимисизлар?!

Билингки, жаннатдаги санаб ўтилган шунча неъматларнинг ҳаммаси ҳам энг олий, энг улуғ, энг буюк бир неъмат олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Шунча олий неъматлар унинг олдида ҳеч нарсага арзимай қоладиган бу улкан неъмат нима экан?! Ҳа.. Жаннатнинг ҳақиқий неъматлари сути-ю асали билан, суви-ю шароби билан, олтин-у кумуши билан, ҳурлар-у қасрлари билан бирга бу олий неъмат олдида ҳеч нарса бўлиб қолади! Бу олий неъмат Парвардигори оламнинг Юзига боқиш неъматидир!

Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22-23).

 Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ жаннат аҳлига нидо қилади:

— Эй аҳли жаннат!

— Эй Роббимиз, биз Сенинг чақириғингга доим тайёрмиз ва Сенинг чақириғинг билан бахтиёрмиз!

(Мен берган неъматлардан) Розимисизлар?

— Нима учун рози бўлмайлик? Ахир, Сен бандаларингдан ҳеч кимга бермаган неъматларингни бизга бердинг-ку?!

— Мен сизларга бундан ҳам афзалроқ-улуғроқ неъматимни ато этмоқчиман!

— Эй Роббимиз, бундан-да улуғроқ қандай неъмат бор?

— Сизларга розилигимни тушираман ва ундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман, – дейди» (Бухорий: №6549, Муслим: №2829).

Суҳайб ар-Румий розияллоҳу анҳу ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «... Кейин парда кўтарилади ва улар Аллоҳга қарайдилар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уларга бундан-да севимлироқ ва қувончлироқ бирон неъматни бермагандир». (Термизий: №181, №2555).

Парда нима?!

У нурдан бўлган пардадир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ухламайди, ухлашлик Унга муносиб эмасдир. Тарозини (яъни адолатни ёки ризқни) туширади ва кўтаради. Кундузнинг амалидан аввал кечанинг амали, кечанинг амалидан олдин кундузнинг амали Унга кўтарилади. Унинг пардаси нурдир, агар уни очса Юзининг нури Кўзи етган барча халқларини куйдириб юборади» (Муслим: №179).

Бу шу дунёдадир. Чунки, дунё аҳли бунга тайёр бўлган эмасдир. Агар Аллоҳ таоло уларни жаннатда Ўзининг Юзига боқишга ҳозирламаса, уларда ҳам худди У тоққа тажаллий қилган пайтдаги ҳолат юзага келган бўлурди. Бинобарин, Аллоҳ таоло аввал жаннат аҳлини тайёрлаб олиб, кейин уларга Ўз юзидан пардани очади.  Уларга Аллоҳ азза ва жаллага боқишдан кўра севимлироқ нарса берилмаган бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26).

Гўзал оқибат – жаннат ва ундаги неъматлардир. Зиёда неъмат эса Парвардигоримизнинг Юзига боқиш неъматидир.

Парвардигор жалла ва алодан барчаларимизни Ўзининг раҳмати ва карами билан жаннат аҳлидан қилишини сўрайман. Зотан, У Раҳим ва Раҳмондир.

Суҳбатимиз давомида энди жаннатга олиб борувчи йўл билан мухтасар шаклда таништиришга ҳаракат қиламиз.

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар –  деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Бешинчи: Жаннатга йўл

Мен сизнинг олдингизга ушбу улуғ йўлни ёритиб берувчи бир неча белгиларни қўймоқчиман. Жаннатга етказувчи ушбу йўлнинг энг асосий белгилари қуйидагилардир:

 

1) Аллоҳ жалла ва алога бўлган иймон

Жаннатга фақат иймонли покиза зотларгина кира оладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар» (Бақара: 25).

 

2) Солиҳ амал

Солиҳ амал иймоннинг ажралмас қисмидир. Иймон – тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир.

 

3) Масжидлар бино қилиш

«Саҳиҳул Бухорий»да Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда у учун худди шунга ўхшаш (бир уй)ни бино қилади» (Бухорий: №450, Муслим: №532).

Имом Аҳмад ривоятида: «Ким Аллоҳ розилигини истаб, Аллоҳ учун бир каклик инидек бўлса-да, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади».

 

4) Жиҳод

Аллоҳдан унинг байроғини юксалтиришини ва залолат ва фасод аҳлини ер юзидан йўқ қилиб юборишини сўраймиз. Жиҳод ҳеч шубҳасиз, жаннатга бўлган йўлдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган, биз бу ҳақда алоҳида хутба қилганмиз. Мен айтаманки, жиҳод фақат жаннатга йўл бўлиб қолмай, балки жиҳод иймон ва солиҳ амалдан сўнг умматнинг саодати ва умматнинг каромати учун ягона йўлдир. Умматга азизлик фақат ақидасини тузатганидан, Парвардигорига иймон келтирганидан ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини баланд кўтарганидан кейингина келади.

 

5) Аллоҳнинг зикри ва тасбеҳи

Имом Термизий «Сунан»ида келтирган ва Албоний санадини ҳасан санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Исро кечасида Иброҳим алайҳис-саломга йўлиқдим. У деди: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва уларга хабар берингки, жаннатнинг тупроғи (ери) пок ва суви тотлидир, у текис ердир, унинг экини-кўчати «субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»дир».

Жаннатнинг экини шудир, сиз тасбеҳ айтиш билан ўзингиз учун жаннатда экин экиб олинг.

Имом Муслим ва бошқалар Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди» (Муслим: №782, Абу Довуд: №1250, Термизий: №415).

Умму Ҳабибадан ривоят қилинган бошқа бир лафзда: «Ким пешиндан олдин тўрт ракъат ва пешиндан кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат ва бамдоддан олдин икки ракъат намоз ўқиса...».

Севикли биродарим! Аллоҳга иймон келтириш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, шаҳватлар босимига сабр қилиш, ёмонликка буюрувчи нафсга қарши жиҳод қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида юриш.. Мана шу йўлнинг охирида албатта, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавзлари ёнида, сизни ундан ўз қўллари билан суғориш учун кутиб турганларини топасиз.

2012 йил 27-январ

◄◄◄ Бошига қайтиш

 

   Юқорига