Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

إلى الجنة بغير حساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Ҳисоб-китобсиз жаннатга кириш

 

 

(Давоми)

Таваккул қилувчиларнинг пешвоси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам ҳижратга чиққан кунлари сабабларни ушлагандилар. Ўзлари сабабларнинг ёлғиз ўзи фойда ҳам, зарар ҳам беролмаслигини яхши билардилар. Шу боис йўл кўрсатувчиликка бир кишини ёлладилар, сафар учун озуқа ва улов ҳозирладилар. Уҳуд жанги куни урушга чиқарканлар, икки қават совут кийиб чиқдилар. Таваккул қилувчиларнинг саййиди бўлганлари ҳолда қавмларига ва аҳли-оилаларига озиқ-овқат жамғарардилар. Демак, ҳақиқий таваккул сабабларни ушлаш билан бўлар экан. Биз ерга уруғ қадаймиз, экинга ишлов берамиз ва суғорамиз, шундан кейингина қалбларимизни сабабларга эмас, балки сабабларни натижаларга боғловчи Зотга боғлаймиз. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига буюрган таваккул шудир.

«Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, хамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг!» (Фурқон: 58).

«Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккул қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига таваккул қилувчиларни севади» (Оли Имрон: 159).

Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзларни айтган элчилари ва пайғамбарларини мақтади:

«(Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар» (Иброҳим: 12).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини мақтади:

«Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар» (Оли Имрон: 173).

Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзларни айтган дўстларини – валийларини мақтади:

«Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга инобат-тавба қилдик. Ёлғиз Сенгагина қайтишимиз бордир» (Мумтаҳана: 4).

Аллоҳга таваккул қилиш набийлар шиоридир, пайғамбарлар амалидир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» деган сўзларни Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланган пайтда айтганлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у кишига: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар»  (Бухорий: №4563).

Таваккулнинг самарасини кўринг! Аллоҳга таваккул қилишнинг натижаси ва самараси нима?!

Иброҳим алайҳиссалом қўл-оёқлари боғланиб, ўтга ташланган пайтларида «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» дедилар. Натижа ва самара шу бўлдики, Улуғ Подшоҳ жалла жалолуҳу ўтга амр қилди: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!». (Анбиё: 69).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг қудрати билан ўт Иброҳимнинг қўл-оёқларидаги боғловлардан бошқа ҳеч нарсани ёндирмади, Иброҳим ўт ичида соғ-саломат ўтирдилар.

Заиф ривоятга кўра, Иброҳим алайҳиссалом ўтга отилган пайтларида ҳавода у кишига Жибрил алайҳиссалом рўбарў келиб: «Бирон эҳтиёжингиз борми?» деб сўрадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Агар сизга бўлса, йўқ. Агар Аллоҳга бўлса, Унинг Ўзи менинг ҳолимни яхши билади, менинг сўрашимдан беҳожатдир», деб жавоб бердилар.

Мардлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд ғазотида, жароҳатлар ва қонлар ичида туриб: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум мазкур ғазотда жуда оғир имтиҳонларга дучор бўлдилар. Урушнинг эртасига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни душман ортидан чиқиб боришга буюрдилар, улар чиқиб бордилар. Натижа ва самара кутилганидек бўлди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон: 174).

Ҳақиқий таваккулни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганамиз. «Саҳиҳайн»да Жобир ибн Абдуллоҳдан «Зотур-риқоъ» ғазотида бўлиб ўтган бир воқеа ривоят қилинади. У киши айтадилар:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан «Зотур-риқоъ» ғазотига чиққан эдик. Бир сояли дарахт олдига етиб келиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қолдирдик, у зот ўша ерга тушдилар. Одамлар бутазорга тарқалиб, буталар соясига тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличларини дарахт шохига илиб қўйиб, дам олгани ётдилар. Биз ухлаб ётганимизда мушриклардан бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларини (билдирмасдан) суғуриб олиб кейин: «Мендан қўрқасанми?», деб сўрабди. У зот: «Йўқ», деб жавоб берибдилар». «Сени ким мендан ҳимоя қила олади?», деб сўрабди. «Аллоҳ», дебдилар. Бир вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни чақириб қолдилар. Борсак, олдиларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одам мен ухлаётган пайтда келиб, қиличимни суғуриб олибди. Уйғонсам, у қилич яланғочлаб турибди. Шунда у мендан: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», деди. Мен: «Аллоҳ», дедим. Мана, у олдимда ўтирибди», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳеч қандай итоб қилмадилар». Абу Авона ривоятида: «Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўлларига олиб: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», дедилар. У: «Менга шафқат қилинг», деб илтимос қилди. «Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?», дедилар. Аъробий: «Йўқ, бироқ мен сизга қарши урушмасликка ва сиз билан урушадиган қавм билан бирга бўлмасликка аҳд бераман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўйиб юбордилар. У қавмига бориб: «Мен ҳозир одамларнинг энг яхшиси олдидан келдим», деди».

Таваккул мақомларининг энг юксак ва энг олий кўринишларидан яна бири Ҳожар ва Исмоил алайҳимассаломда содир бўлган ҳодисадир. «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, Байтнинг ўрнига, Замзам устидаги катта дарахт остига, Масжиднинг юқори тарафига қўйиб кетди. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди.

У икковларининг олдиларига хурмо солинган бир халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:

«Эй Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:

«Аллоҳ сизни шунга амр қилдими?» деди.

«Ҳа», деди.

«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди.

Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда Байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди:

«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб айтди...».

Ҳожар Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Таом ва сув тугади.. Лекин Ҳожарнинг қалбида Аллоҳ жалла ва алога нисбатан тоғлар ҳам кўтаролмайдиган улкан ва битмас-туганмас таваккул бор эди.

Бу Аллоҳга бўлган ҳақиқий таваккулдир.. Аллоҳга бўлган чин ишончдир.. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи кифоя қилади. Ким Аллоҳ билан паноҳланса, албатта нажот топади. Ким ўз ишини Аллоҳга топширса, Аллоҳ уни албатта ҳидоят қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишнинг яна бир гўзал кўриниши Мусо алайҳиссалом оналари томонидан кўрилди. Муштипар аёл кишидан содир бўлган бу таваккул эҳтимолки, эрларнинг ҳам қўлидан келмас, тоғлар ҳам унга бардош беролмас эди. Уни сифатлаб беришга тиллар ожиз.. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу воқеани Қуръони каримда шундай баён қилади:

«Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро Биз уни сенга (яъни тирик ҳолида) қайтарувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз» (Қасас: 7).

Боласининг жонига хавф қилган қайси она уни дарёга ташлайди?! Одатда, боласига хавф туғилган пайтда она уни олиб, бағрига босади, эмизади ва бутун меҳрини бериб, уни ҳар қандай бало-қазодан асрашга тиришади.

Лекин, бу ерда сиз билан биз билгандан бутунлай бошқа иш содир бўлмоқда. Аллоҳ таоло Мусонинг онасига, агар у боласининг жонига хавф қилса, уни дарёга ташлашга буюрмоқда. Чунки, ўшанда Фиръавн янги туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни қолдиришга буюрганди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бор­дир» (Бақара: 49).

Бироқ, Аллоҳ жалла жалолуҳ ушбу покиза гўдак Фиръавннинг қасрида ва Фиръавннинг бағрида ўсиб-улғайишини ирода қилди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилувчи бўлдилар» (Қасас: 8).

Субҳаналлоҳ! Субҳаналлоҳ! Фиръавн Мусони тарбияласа?!! Мусо Фиръавн хонадонида ва унинг бағрида ўсиб-улғайса?!! Аллоҳнинг чексиз куч-қудрати ва иродаси намоён бўлмоқда бу сўзларда! Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусони сон-саноқсиз лашкар билан ё танклар ва самолётлар билан эмас, айримлар ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдиган жуда ҳам юпқа парда билан ҳимоя қилмоқда! Аллоҳ таоло Фиръавн аёлининг дилига Мусога нисбатан меҳр-муҳаббат солиб қўйди ва у Мусога чиппа ёпишиб қолди. Аллоҳ таоло Фиръавн аёли ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар)» (Қасас: 9).

Ҳамма гўдакларни бирма-бир тиғдан ўтказаётган Фиръавн Аллоҳнинг чексиз изни-иродаси билан аёлининг сўзини қабул қилади ва Аллоҳнинг қудрати билан Мусо ашаддий душмани қўлида ўсиб-улғаяди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82).

Аллоҳ Фиръавннинг аёли дилига Мусога нисбатан меҳр-муҳаббат солди, шу билан бу муборак гўдак тарбиясига шахсан Фиръавннинг ўзи бош-қош бўлди.

Мусонинг онасидан содир бўлган таваккулнинг самараси шунгагина чекланиб қолмади. Балки, Мусо ўз онасидан бошқанинг сийнасидан сут ҳам эммади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

«Биз аввал (Мусога барча) эмизувчи аёлларни ҳаром килдик (у бирон аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?» деди. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси хақ эканини) билмайдилар» (Қасас: 12-13).

Унинг таваккули жуда катта самара берди, Аллоҳ унга фарзандини қайтарди ва у хавф-хатардан омонда, бемалол боласини эмизадиган бўлди. Ваҳоланки, бунгача у боласини Фиръавндан қўрққанидан фақат яширинча эмизишга мажбур эди.

Аллоҳ қудрати ва чексиз иродасини кўрингки, энди она  боласини Фиръавн қасрида эмизмоқда! Аллоҳ таоло айтмадими ахир: «Зеро Биз уни сенга (яъни тирик ҳолида) қайтарувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз» деб?! (Қасас: 7).

Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир. Аллоҳ Мусони онасига қайтарибгина қўймади, балки унга пайғамбарлик ҳам ато этди.

Севикли дўстларим! Аллоҳга чин таваккул қилиш ҳаловатини тотиш учун бу кўринишлар олдида бироз тафаккур қилиш лозим бўлади.

Ишонаманки, агар таваккул қилувчилар бўстонида сайр этсак, умрнинг ҳаммасини ўтказиб юборган, бироқ ҳар бир гул ва ҳар бир райҳон олдида тўхтаб, унинг хушбўй ҳидларидан тўйиб ҳидлашга фурсатимиз етмаса керак эди. Зотан, ул покиза зотлар замоннинг умри ва ҳаётнинг уриб турган юракларидир, замоннинг нафасларини санашга ва ҳаётнинг юрак уришларини ўлчаб чиқишга эса имкон етмайди.

Бу бахтли уммат, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ўз тарихида Аллоҳга таваккул қилувчи чин эрларни етиштириб чиқардики, улардан ҳар бири хусусида тўхталмоқчи бўлсак, бунга инсон умри кифоя қилмайди.

Бу умматдаги сиддиқлик ўркачининг энг баланд чўққиси Абу Бакр Сиддиқ эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини инфоққа буюрганларида, Абу Бакр ҳамма молларини олиб келдилар. Бу жуда буюк иш ва ғоят улкан жўмардлик эди! Қани, қай биримиз шундай қила олади?! Ичимиздан ким чорак молини бера олади?! Уни қўйинг, қай биримиз молининг салмоқли бир қисмини инфоқ қила олади?!

Умар розияллоҳу анҳу ярим молларини олиб келдилар. Бу ҳам жуда катта жўмардлик эди. Сиддиқ эса ҳамма молларини келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли-оилангизга нима қолдирдингиз, эй Абу Бакр?», деганларида у киши: «Аллоҳ ва Расулини қолдирдим», деб жавоб бердилар.

Аллоҳга қасамки, ер юзининг энг сўзга уста кишиси ҳам сифатлаб беролмайди бу таваккул даражасини!!

Умар розияллоҳу анҳу Яманлик бир қанча кишиларни кўриб: «Сизлар кимсизлар?», деб сўраганларида, улар: «Мутаваккиллар (таваккул қилувчилар)», деб жавоб беришди. Шунда Умар: «Йўқ, сизлар муттакилларсиз (яъни, суяниб қолганларсиз). Чунки, таваккул қилувчи уруғни ерга қадаб, кейин Аллоҳга таваккул қилади», дедилар.

2011-12-02

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига