Ислом Нури
Жума насиҳатлари
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
الحساب
Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ҳисоб-китоб
(Давоми)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан» (Муслим: №2985).
Риё махфий ширкдир, риё кичик ширкдир, риё амалларни бекорга чиқаради ва вайрон қилади. Шунинг учун ҳам Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»да ҳасан санаган, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
«Биз Масиҳ Дажжол ҳақида гаплашиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Менинг назаримда сизлар учун Дажжолдан кўра ҳам хавфлироқ бўлган нарса ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «У махфий ширкдир, киши намоз ўқиш учун туради-да, бошқа биров уни кўриб тургани учун намозини чиройли қилиб ўқийди», дедилар». (Шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (№27) ҳасан санаб, Ибн Можа ва Байҳақийлар ривоят қилганини айтган).
Имом Аҳмад Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар» деб айтади», деб жавоб бердилар (Аҳмад: №23521, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: №29).
Севикли биродарим! Риё кишининг амалларини ҳабата қилиб юборадиган ўта хатарли иллатдир. Буюк ва Карамли Аллоҳдан сўрайманки, сизу бизни дунёда ҳам, охиратда ҳам Ўз карами билан ўрасин, барчамизга махфию ошкоримизда, сўзу амалимизда ихлос ато этсин, ичимизни ташимиздан покизароқ қилсин, гуноҳларимизни мағфират этсин, ниятларимизни тўғрилаб қўйсин. Зотан, У бунга қодир ва бунинг эгасидир.
Бинобарин, ушбу ёмон иллат ва оғир дард бўлмиш махфий ширк – риёни даволаш учун зарур бўладиган энг муҳим даволарни сиз билан биргаликда кўриб чиқайлик:
Биринчи даво: Аллоҳга дуо қилиб, сўзу амалда, махфию ошкора, кечаю кундуз ихлос ато этишини сўраш. Биз учун муваҳҳидлар имоми ва муҳаққиқлар йўлбошчиси Иброҳим Халилуллоҳда гўзал намуна бордир. У киши Аллоҳ Роббул оламийнга илтижо қилиб, ўзларини ширкдан узоқ қилишини сўрадилар. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35).
Аллоҳдан ихлос сўраш, амални Унинг ўзига холис қилишга муваффақ этишини сўраш зарурдир. Яхши билингки, фақат Угина сизга ихлос ато этишга қодир. Ихлосни Аллоҳ таоло фақат Ўзи суйган бандасининг қалбига жойлайди. Риёнинг дунёю охиратдаги оқибатини асло ёддан чиқармаслик зарур.
Риёкор шахс қиёмат куни келганида унинг амал саҳифаси кўзи етар жойгача очиб қўйилади. Бироқ, у куни Аллоҳ ҳузурида мукофот топмайди.
Ё Аллоҳ! Бундай ёмон оқибатдан Ўзинг асрагайсан. У буткул зиёнкорга айланади. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Ахир у мунофиқ, мунофиқлар эса дўзахнинг қаърида Фиръавн, Ҳомон ва Қорун билан бир жойда бўлади.
У зоҳирида бир хил сўзу амални изҳор қилиб, ботинида бошқа сўз ва амални яширди. Унинг ҳақиқатини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади.
Аллоҳ таоло айтади: «Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» (Бақара: 284).
Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган зотдир» (Аҳзоб: 54).
Аллоҳ таоло айтади: «Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур» (Тоҳа: 7).
Агар риё диннинг асли-асосида бўлса, яъни дилда куфрни яшириб, тилда иймонни изҳор қилиш бўлса, бу риёнинг энг ёмон кўриниши бўлиб, унинг эгаси дўзахда абадий қолади.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!» (Бақара: 204-206).
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур» (Мунофиқун: 1).
Аммо, агар кишининг дилида дин ва иймоннинг асли ўрнашган бўлиб, фақат амалларида одамларга риё қилаётган бўлса, бу кичик ширк бўлади ва эгасининг умри ёмон оқибат билан якунланиши хавфи бордир, Аллоҳ сақласин. Риёкорга охиратда мукофот йўқдир.
Эй одамларни рози қилиш учун амал қиладиганлар! Яхши билиб олингки, ҳеч ким ҳамма одамларни бирдек рози қилолмайди. Оила деб аталмиш кичик бир мамлакат подшоҳи бўлган ота ўзининг ҳамма фарзандларини бирдек рози қилолмайди-ю! Устоз ўзининг илм мажлисига қатнашувчи ҳамма шогирдларини бирдек рози қилолмайди-ю! Қандай қилиб ҳамма одамни бирдек рози қиламан дейсиз?! Бу жуда катта қоидадир, уни билмаган киши жоҳил бўлади.
Севикли дўстим, дилингизни ёлғиз Аллоҳга боғланг, сўзу ишингиз билан фақат Аллоҳ ризосини кўзланг. Агар бутун ер юзи аҳли йиғилиб, сизни мақтаса, модомики сиз Аллоҳдан узоқ экансиз, уларнинг мақтовлари сизни Аллоҳга заррача ҳам яқин қилолмайди.
Агар бутун ер аҳли йиғилиб, сизни айбласа, модомики сиз Аллоҳга яқин бўлсангиз, уларнинг айблашлари сизни Аллоҳдан узоқ қилолмайди.
Парвардигори олам наздида манфур инсон бўлсангиз, одамларнинг мақтовлари нима наф етказа оларди?!
Парвардигори олам наздида суюкли ва Унга яқин бўлсангиз, одамларнинг айблашлари нима зарар етказа олади?!
Одамларни рози қиламан деб Аллоҳни ғазаблантириб қўйманг! Одамлар хусусида Аллоҳга итоат қилинг, Аллоҳдан тақво қилинг. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким одамларни ғазаблантириб туриб, Аллоҳни рози қилса, Аллоҳ у учун одамларга кифоя қилади. Ким одамларни рози қиламан деб Аллоҳни ғазаблантирса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди». (Шайх Мустафо ал-Адавий гувоҳлик беришича, Абд ибн Ҳумайд «Ал-мунтахаб»да (№1522) келтирган, исноди саҳиҳ).
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96).
Яъни, ўзининг ихлосли мўмин бандалари қалбига муҳаббатни жойлаб қўяди.
Агар бировнинг солиҳ мўмин кишини ёмон кўраётганини кўрсангиз, билингки, унинг дили нопок ва маразли экан. Чунки, мунофиқ кимса мўминни ёмон кўради, фақат ўзига ўхшаган мунофиқларни яхши кўради.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг Исломда яхшилари жоҳилиятда яхши бўлганларидир – агар илм ўргансалар. Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)» (Муслим: 2638).
Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: Яхши одам яхшиларга мойил бўлади, ёмон кимса ёмонларга мойил бўлади.
Мен ўта муҳим бир ишни сизларга эслатиб қўйишни истайманки, Аллоҳ таоло риёкор кимсани дунёда нияти ва мақсадининг зидди билан жазолайди.
Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким (қилаётган ишларини бировларга) эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни эшиттириб (шармандасини чиқаради), ким (амалларини бошқаларга) кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни (шармандали ҳолда) кўрсатиб қўяди» (Бухорий: №6499, Муслим: №2987).
Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да айтади: «Хаттобий дедики, ким бир яхшилик ва тоат амалини қилиб, одамлар уни кўришини ва эшитишини мақсад қилса, Аллоҳ унинг нияти ва қасдининг зидди билан жазолайди, Аллоҳ жалла ва ало уни шарманда қилиб, ботинини кўрсатиб қўяди».
Ё Аллоҳ! Ўзинг бизларни яширгайсан ва шарманда қилмагайсан..
Аммо, агар қадами бирон маъсиятда тойилгач, пушаймон қилиб йиғласа, юраги зириллаб, Аллоҳдан қўрқса, бу инсон тақводор мўминдир. Аллоҳ таолодан барчамизнинг оқибатимизни хайрли қилишини, умримиз хотимасини тавҳид ва иймон устида қилишини сўрайман.
Аллоҳ таоло тақводор зотларни Қуръонда зикр қилиб, уларни баъзан нолойиқ ишларга ҳам тушиб қолишларини айтади. Аллоҳ таоло айтади:
«Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).
Шу ўринда яна бир муҳим ишни эслатиб ўтишни истайман. Агар банда амалида ихлос ато этишини Аллоҳдан илтижо қилган бўлса ва Аллоҳнинг розилигини истаб, бир ишни қилган бўлса-ю, шундай кейин одамлар унинг амалини мақтасалар, Аллоҳ Ўзининг содиқ бандалари тилига у кишининг мақтовини ўрнатиб қўйса, ихлосли бандалари дилида унга нисбатан ҳурмат-эҳтиромни жойлаб қўйса, бу банда хурсанд бўлаверсин.
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, нима дейсиз, бир киши бир яхши амални қилади, кейин одамлар уни мақтайди», дедим. «Бу мўмин киши учун (шу дунёдаги) нақд башоратдир», дедилар (Муслим: №2642).
Мана бу гўзал ва ажойиб ҳадисга ҳам бир кўз югуртиринг. Баззор ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар қандай банданинг осмонда овозаси бўлади. Агар унинг осмондаги овозаси яхши бўлса, (ўша овозаси) ерга ҳам туширилади. Агар осмондаги овозаси ёмон бўлса, ерга ҳам (ўша овозаси) туширилади» (Саҳиҳ, Албоний: Ас-саҳиҳа: №2275, Саҳиҳул-жомиъ: №5732).
Яъни, унинг осмондаги зикри ва довруғи чиройли бўлса, ерда ҳам шундай бўлади ва аксинча. Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир?!.
Зеро, «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Бухорий (№3209), Муслим (№2637) ривоятлари).
Аллоҳ таолодан ҳар биримизни Ўзининг фазлу марҳамати ва раҳмати билан ўрашини сўрайман. У ҳар ишга қодир Зотдир.
Севикли дўстларим! Юқорида айтиб ўтилганлар қиёмат куни биринчи бўлиб ҳисобга тортиладиган кишилар ҳақидаги сўзлар эди. Хўш, қиёмат куни банда энг биринчи қайси амалидан ҳисоб беради?! Суҳбатимиз давомида мана шу савол жавобига тўхталамиз.
Иккинчи хутба
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд...
Учинчи: Қиёмат куни банда биринчи бўлиб қайси амалидан ҳисоб беради?
Жавобни қуйидаги саҳиҳ ҳадисда топамиз. Абу Довуд, Насоий, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали НАМОЗдир. Агар намози яхши бўлса, нажот топади ва зафарга эришади. Намози ёмон бўлса, ноумид ва зиёнкор бўлади» (Термизий: №413, Насоий: 1/232).
Қасамки, Ислом умматига етган ачинарли ҳолатдан дилларимиз маҳзун, кўзларимиз ёшланган..
Онт ичиб айта оламанки, мусулмон уммати ичида Аллоҳнинг уйига ҳафтада бир бор, фақат жумъа куни кирадиганлар бор!!
Ундан ҳам ёмони, йилда икки мартагина, фақат ҳайит намозларига кирадиганлар бор!!
Энг ёмони ва энг ачинарлиси, бир умр яшаб, Аллоҳнинг уйига фақат бир бор, шунда ҳам намоз ўқиш учун эмас, ўзига жаноза намози ўқилиши учун кирадиганлар бор!!
Намоз... Намоз... Намоз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги васиятлари эди бу.
Уммат намозни зое қилди, Аллоҳ раҳматига олган кишиларгина бундан мустасно. Аксарият намозхонлар намозда хотиржамликни зое қилиш билан намозларини зое қилдилар. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу кўрдиларки, бир киши рукуъ ва сужудини тўла қилмай намоз ўқияпти. Намозини тугатганидан сўнг Ҳузайфа унга: «Сен намоз ўқимадинг, агар ўлсанг, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан бошқа нарса устида ўлган бўлардинг», дедилар. (Бухорий: №808).
Қаранг, бу одам намоз ўқимади эмас, ўқиди. Бироқ, рукуъ, сужуд ва қиёмларни мукаммал қилмади. Шу одамнинг ҳоли шу бўлса, намозини зое қилиб юрган одамнинг аҳволи нима бўларкин?! Умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи нима бўларкин?!
Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни жаҳаннамда ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).
Нима экан оятда айтилган у (الغي) ёмонлик – ёмон жазо? Ибн Аббос ва Оиша розияллоҳу анҳум айтишларича, "ал-ғой" жаҳаннамдаги тубсиз ва таъми жирканч бир дарёдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«32. Дарҳақиқат, Ойга қасам. 33. Ўтиб кетган тунга қасам. 34. Ёришиб келаётган тонгга қасамки, 35-36-37. Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун — сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун — огоҳлантлрувчи» бўлган чўнг (бало)лардан биридир. 38. Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир. 39. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти- дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотлар ёки балоғатга етмай вафот қилган гўдакларгина дўзахдан) нажот топувчидирлар. 40-41. Улар жаннатларда бир-бирлари билаи (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. 42. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) 43. Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик. 44. Мискин-бечорага таом берувчи ҳам бўлмадик. 45. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). 46-47. То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо — Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик». 48. Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас! 49-50-51. Нега улар худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?! 52. Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар! 53. Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар). 54. Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир. 55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур» (Муддассир: 32-55).
Эй намозни зое қилувчи кимса! Нега Аллоҳ ва Расулидан бунчалар юз ўгирасан?!
Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.
2011 йил 22-октябр